29 феврал! Анқонинг уруғидек камёб кун. 4 йилда бир бор дуч келамиз бу кунга. Баъзан ҳатто унинг тақвимда борлигини унутиб қўямиз. Шадриннинг биргина зарбаси ўзбек мухлиси учун бу куннинг қийматини ошириб юборди. Нега шундай кун календар “асосий таркиби”да эмас, 4 “ўйин”да бир “заҳирадан майдонга тушиши” керак. Унақаси кетмайди. Қани, Март ойи оғайни, сал сурил! 31 март, қани жойни бўшат!
Ҳакам ҳуштаги янграганда япон мухлислари юзидаги мағлублик ҳолатини кўришни қанча кутдик-а?! 12 йил олдинги ўйинни эсласак, ҳалиям юзимиз қизаради, баданимиз жимирлаб кетади. Энди японлар қуюшқондан чиқиб кетиб, бир ўйинда 8 та голни Тожикистон термаси дарвозасига йўллайверсин, бу эрмаги энди бизга ўтмайди, ўтмасин ҳам. 8 та бурчак тўпи тепишса хурсанд бўлишсин.
Энг ширин хотираларимиз Хиросима билан боғлиқ эди, бу мақомни Хиросима Япониянинг бошқа шаҳри Токиога бўшатиб берди. Токио нима бўлибди, галдаги мақсад — Рио қалъасини забт этиш.
“Закуска”сига кеча азалий рақибимиз — Баҳрайн термаси ўз гуруҳига “дафн қилинди”. Ҳал қилувчи босқичда “қутурадиган” саудиялик футболчилар ҳам асосий эътиборни клублари равнақи учун қаратишга мажбур энди.
Ўзбек футболининг 90 йиллик тантаналари ўтказилган 2002 йилда Япония олимпия терма жамоаси Тошкентда мағлуб этилганди. Эҳтимол 10 йил олдинги терма жамоа учун бу ғалаба катта ютуқдир. Аммо энди бундан анча залворли ғалабалар ярашади. Қисқаси, бошланиши чакки эмас. Хўш, “следуюший...”