Кириш Регистрация

STD.UZ/BARSA

Барселона

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Лутфулло Турсунов блогида: Иммунитет. “Барселона”ни энди тўхтатиб бўладими?

Луис Энрикенинг ҳаёти билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? У ўз жисми ва иродасини шунчалар аёвсиз синовдан ўтказганки, ёқа ушлайсиз. Бир қарашда футбол мутахассиси учун умуман кераксиз синовлар. Юзлаб километрга саҳро бўйлаб марафонча югуриш, километрлаб масофага сувдан сузиб ўтиш, веломарафон...

У футболдаги фаолиятида муваффақиятга эришиш учун бу синовларга юзланмагани аниқ. Аммо айнан шу тобланган характери ва иродаси “Барса”даги ютуқларида акс берди. Тактик даҳо бўлмаслиги мумкин, аммо даҳо етакчи у! Ўзини ва жамоасини қийин синовга тушириб, шу синовни енгиш орқали улкан энергия оладиган ва ёнидагиларга юқтира оладиган инсон у. Мураббийлигининг дастлабки мавсумида вазиятни жамоадан ҳайдалиш даражасигача “тупик”ка олиб борган, аммо футболчиларни шу орқали “уйғотиб”, якунда барча совринни ютиб кетган мутахассис у!

Кеча яна ўша манзара такрорини кўрмадикми? Аслида, ПСЖдан биринчи ўйинда дуранг ёки кичик ҳисобдаги мағлубият билан қайтилиши ва жавоб ўйинида “дежурний” ғалаба қозониб кейинги босқичга чиқилиши мумкин эди. Лекин мавсум бошидан аримаётган “жамоавий пасайиш” бир кун панд берарди барибир. Албатта, 4-0 атай қилинмади, шунчаки, Энрике одатдагидек ўзини ўта мушкул ҳолатга тушириб қўйди. Ва ўша ерда тақдирга тан берганича қолиб кетмади, курашди, жамоани ҳам курашишга ундади. Ва якунда қозонилган ақлбовар қилмас ғалаба мавсумнинг муҳим палласида бутунлай бошқа кайфият ва иммунитетдаги “Барселона”ни дунёга келтириб қўйди. Ана энди уларни тўхтатиш осон бўладими? Даргумон.

PS. "Чемпион+" газетасининг 2016 йил 11 феврал сонида Луис Энрике ҳақида “Темир одам” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Назаримда, қайтадан эътиборингизга ҳавола этиладиган фурсат ҳозир.

 

Темир одам

Унинг ҳаёти ўзига хос мураккаб марафондан, давомли синовлардан иборат. У ҳар доим шундай синовларга бардош берган, иродали бўлган ва охир-оқибат уни енгиб ўтган.

«Спортинг Хихон»да ўзини кўрсатгани-ю, сўнг «Реал»га таклиф этилиб, эгнида Мадрид либоси бўлса-да, «Барселона» унинг севимли клуби эканини яширмаган Луис Энрике фаолияти давомида қатор машаққатларни енгиб, ўз мақсадига эришганини кўпчилик яхши эсласа керак. «Спортинг»да ҳужумчи, «Реал»да ҳимоячи, «Барселона»да ярим ҳимоячи. Асл ғалабага эришиш учун шундай узоқ ва синовли йўл...

Лучо ўз фалсафасини, ҳаёт йўлини шундан қургани кейинчалик маълум бўлди. Футболни тарк этгач, ўзининг темир иродасини янада тоблаш мақсадидами ёки мукаммаллик йўлидами, аввалига Австралия­да сёрфинг билан (Энрикенинг кўпинча қора кўзойнакда юришининг сабаби ҳам шунда — у «сёрфингчи кўзи», яъни птеригий касаллигини орттириб олган), кейинчалик дунёнинг турли бурчакларида марафонча югуриш ва бошқа мураккаб спорт турлари билан шуғулланади. Нью-Йоркда бўлиб ўтган дастлабки мусобақасида 42 километр масофани 3 соату 14 дақиқаю 9 сонияда босиб ўтади. Луис Энрике фақатгина марафон билан кифояланмайди. Параллел равишда триатлон билан ҳам шуғулланади. Франкфуртда ўтказилган IronMan мусобақасида Лучо 3,8 километр масофани сувда сузиб, 180 километрни велосипедда босиб ўтиб ва 42 километрни югуриб, финишга 10 соат ичида етиб келади. Бу ҳали ҳаммаси эмасди. 2008 йили Энрике саҳро марафонида иштирок этишни мақсад қилади. Мусобақа иштирокчилари олти кун давомида Саҳрои Кабир қумликларида 250 километр масофани, ўзи билан барча зарур нарсалар — овқат, сув, буюмларни елкасига кўтарганича босиб ўтишлари керак. Лучо ақлбовар қилмас шарт ва шароитдаги мусобақада финишгача етиб боради.

Курашувчанлик, мағлубиятлардан руҳан синмасдан, қаддини тутиб, фақат ва фақат олға интилишни ўзида тоблаган Энрике, ниҳоят футболга қайтди. Мураббий бўлиб қайт­ди. Унинг мураббийлик фаолияти ҳам худди футболчилик пайтидагидек, марафонча услубда кечмоқда. Аввалига «Барса Б»да тажриба орттирди, сўнг «Рома» ва «Сельта»да ўз стратегияларини такомиллаштириб олди. Интилиши ва танлаган йўли орқали асосий мақсадига — «Барселона» бош мураббийлигига эришди. «Барса»нинг ҳозирги ўйинларини кўрган мухлис ва мутахассисларнинг кўпчилиги бундай ҳужум триоси билан исталган мутахассис натижа кўрсатган бўларди, деб ҳисоблайди. Четдан қараганда шундай осон. Лекин бу юлдузларни майдонда бирлаштириш, ўзаро жипс­лигини таъминлашнинг ўзи мураббийдан жуда кўп нарсани талаб этади. Юлдузли «Барселона» Гвардиола ва Энрике оралиғида қандай ҳолатда қолганини кўрдик. Юлдузлар ҳам қатъиятли мураббийга муҳтож эканига гувоҳ бўлдик.

Лучонинг «Барса»си ҳам марафонча услубда курашадиган жамоага айланди. Мавсум стартида куч сақланади, стратегиялар аниқ белгиланади, финиш яқинлашгач, рақиблар бирин-кетин ортда қолдирилади. Бу режа Энрикега биринчи мавсумдаёқ имкониятдаги олти совриндан бештасини қўлга киритиш имконини берди. Бу курашда Лучо нафақат рақибларни, бироз бетартиблашган ички муҳитни, ФИФАнинг тақиқи ва ташқи босимларни енгган ҳолда ғолиб бўлганини алоҳида таъкидлаш керак. Энрике ўзи ишлашни истаган, бошқаришни орзу қилган жамоаси билан бугун дунёнинг энг кучли мураббийи бўлиб турибди.

Футболда ибтидо ва интиҳо доимо ёнма-ён юради. Асосийси, ўз ортингдан қандай ном қолдиришинг. Луис Энрике «Барселона» учун қандай футболчи бўлганини яхши биламиз. Бунинг учун статистикаларни титкилашимиз ҳам шарт эмас. Унинг сўнгги учрашувини ёдга олсак, ҳаммасини тушуниб етамиз. Лучо 2004 йилнинг 16 майида «Барса» сардори сифатида футбол билан хайрлашди. Учрашувнинг 54-дақиқасида у алмаштирилаётганда, сардорлик боғичини ечишга уринган чоғи «Камп Ноу» ларзага келади, мухлислар унинг исмини баралла куйлай бошлайдилар. Шу пайтда боғичини ечиб, майдонни тарк этишига вазият йўл қўймайди — тўп аутга чиқмас, ўйинда ҳа деганда тўхталиш бўлавермасди — худдики ҳеч ким, ҳатто тақдир ҳам унинг футболни тарк этишини истамаётгандек эди, гўё. Унинг ўрнига тушиши керак бўлган Марк Овермарс ҳам майдон четида узоқ кутиб қолади. Бу вақт оралиғида стадионда «Луис Энрике! Луис Энрике!» дея янграган олқишлар кучайгандан кучаярди. Ниҳоят, ўйинда танаффус юзага келди ва Лучо захира ўриндиғи томон йўл олар экан, бутун «Камп Ноу» ўрнидан қўзғалди, мухлислар тик турганича уни давомли олқишлашди. Рақиб жамоа ҳам олқишларга қўшилди. «Барса» футболчилари бирин-кетин унинг олдига югуриб келиб, сардорга ўз ҳурмати ва миннатдорчиликларини билдиришди. Қатъиятли Энрике бундай бахтдан ўзини йўқотиб қўймасликка ҳарчанд уринмасин, барибир ўзини кўз ёшдан тия олмаганди.

…Учрашув тугаб, улкан стадионни мухлислар тарк этиб бўлишган. Трибуналарда эса жамоа сардори учун турли тилаклар битилган баннерлар, плакатлар осиғлиғича турарди. Улардан бирида шундай оддий жумла бор эди: «Ҳаммаси учун раҳмат!»

Энрикенинг футболчилик даврида узоқ кутган энг катта ғалабаси шу эди. У мураббийлик фаолиятида ҳам деярли шу йўлдан кетяпти. Бу «марафон»­да ҳам финишни яна худди шундай босиб ўтишига, шахсан мен ишонаман.

Лутфулло ТУРСУНОВ

Киритилди: 11.03.2017 22:49. Ўқилди: 12276 марта. Фикрлар: 3 та.

Ла-лига

ЕЧЛ

Европа лигаси

ЕЧЛ - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Аякс 0 0
2 Байер 0 0
3 Барселона 0 0
4 Зальцбург 0 0
5 Севилья 0 0
6 Спортинг 0 0
7 Шахтёр 0 0
8 Ювентус 0 0

Клублар ўртасида ЖЧ

Нимчорак финал
12.12.2023
23:00 Ал-Иттиҳод
3:0
Окленд Сити
Чорак финал
15.12.2023
19:30 Леон
0:1
Урава Редс
23:00 Ал-Аҳли
1:3
Ал-Иттиҳод
Ярим финал
18.12.2023
23:00 Флуминенсе
2:0
Ал-Аҳли
19.12.2023
23:00 Манчестер Сити
3:0
Урава Редс
3-урин учун
22.12.2023
19:30 Ал-Аҳли
-:-
Урава Редс
Финал
22.12.2023
23:00 Флуминенсе
-:-
Манчестер Сити

Испания кубоги

Чорак финал
26.01.2023
01:00 Барселона
1:0
Реал Сосьедад
02:00 Осасуна
2:1
Севилья
23:59 Валенсия
1:3
Атлетик Бильбао
27.01.2023
01:00 Реал Мадрид
3:1
Атлетико
Ярим финал
02.03.2023
01:00 Осасуна
1:0
Атлетик Бильбао
03.03.2023
01:00 Реал Мадрид
0:1
Барселона
04.04.2023
23:59 Атлетик Бильбао
-:-
Осасуна
05.04.2023
23:59 Барселона
0:4
Реал Мадрид

International Champions Cup

Испания суперкубоги

Ярим финал
10.01.2024
23:59 Реал Мадрид
5:3
Атлетико
23:59 Барселона
2:0
Осасуна
Финал
14.01.2024
23:59 Реал Мадрид
4:1
Барселона

Сўнгги учрашув

01.10.2024. ЕЧЛ. 2-тур.
23:59
Барселона
5-0
Янг Бойз

Навбатдаги учрашув

06.10.2024. Ла-лига. 9-тур.
19:15
Алавес
-:-
Барселона

ЖАМОА ТАРКИБИ

© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.