Эътиборлиси, у шу хурсандчилик вақти жамоанинг амалдаги кипери Мануэль Нойер билан бирга ўтириб, кеча, бугун ва эртанги кун ҳақида роса чақчақлашди. «Бавария» расмий сайти журналисти эса бундай қулай фурсатдан фойдаланиб, ўтмиш ва бугунги кун қаҳрамонларини синхрон равишда суҳбатга тортди.
- Зепп, Зебенерштрасседаги ҳозирги шарт-шароитларни кўрганингизда, бироз ҳасад қиласизми?
Зепп Майер: - О, вақтида дарвоза ҳудудини ўзим белкурак билан қордан тозалардим, мароқли машғулот... Қишда баъзан ер музлаб, ўта қаттиқ бўлиб қоларди. Ўша пайт «Бавария» тизимида хоккей жамоаси ҳам бор эди. Эсимда, хоккей дарвозабони жиҳозлари билан машғулот ўташимга ҳам тўғри келарди. Менга энг ёқмагани - тизза ва тирсак ёстиқчалари. Ниҳоятда дағал матоҳдан ишланган шу ҳимоя воситаларини бутун ҳафта давомидаги машғулотларда тақиб олишга мажбур бўлардим. Ёқимли томони, ўйин вақти ёстиқчаларсиз ўзимни худди пат каби енгил ҳис этардим.
- Мануэль, Зепп Майернинг ўйинлари билан нечоғли танишсиз?
Нойер: - Табиийки, ўйинларини кўрмаганман, лекин кўплаб классик чиқишларини видеотўпламлардан яхши биламан. Шунинг баробарида Зеппнинг дарвозабонлар мураббийи сифатидаги услублари мен учун иккинчи манбага айланди кейинчалик. Яъни болалигимда Майер ёзган китобни кўп марта ўқиб чиққанман. Унда турли машқлар кўрсатилган. Хуллас, ўша китобни ҳамиша ёнимда олиб юрардим. Отам ҳам мени кўпинча шу китобда кўрсатилган машқлар асосида шуғуллантирарди. Айниқса, ёш киперлар учун жуда керакли манба, унга қараб, дарвозабонликнинг биринчи сирларини ўрганасиз, мисол учун, тўпга қандай ташланиш ва тўғри йиқилишни.
Майер: - Дарвозабонлар мураббийи ролида ҳамиша машғулотларда хилма-хилликни имкон қадар оширишга интилардим. Зеро, ўзим вақтида бундай тарзда шуғулланиш имкониятига эга бўлмаганман. Ўша вақт бош мураббий шунчаки, навбатдаги машғулотдан ярим соатча олдин келишим кераклигини айтарди. Баъзан эса жамоавий машғулотдан кейин яна ярим соат қолишимизни сўрарди. Кейин оддий дастур бўйича ишлардим - 100 метрга спринт, фитнес-машғулотлар... Тамом.
Нойер: - Йўқ, бунақаси бизнинг замонга умуман тўғри келмайди.
Майер: - Шундай. Чорак соат давомида фақат ўнг тарафга ташлан, кейин чап томонга, сўнгра 20 марта қарсак чалган ҳолда юқори ва пастга сакра. Албатта, бунақаси ҳозир асло ёрдам бермайди. 1984 йили «Бавария»да, 1988 йилдан терма жамоада дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаганимда, ҳаммаси қизиқарли тус олишини таъминлашга чоғландим. Ахир битта оддий машқни 30 марта бепарво бажаришдан кўра, 5-6 марта диққат билан қайтариш яхшироқ. Дейлик, муайян ўйин давомида дарвозангга 30 марта бир хил зарба беришмайди. Мураббийлик фаолиятимнинг хотимасига келиб, шахсий дастуримда 146 хил машқ бор эди. Оливер Кан ҳатто 90 дақиқалик машғулотдан сўнг елка қисарди: «Нега бунча эрта якунладик?» Ўзи ҳеч қачон спорт залида ишлаш ихлосманди бўлмаганман. Тринажёр фақат жисмоний тикланиш пайти ёки жароҳат даврида фойдали. Дарвозабон учун эса энг муҳими - сакровчанлик ва мослашувчанлик.
- Ману, Зеппнинг инновацион услублари қанчалик муҳим?
Нойер: - Бир умрга татигулик ютуқ, бунга шубҳа йўқ. Зепп ҳаммамиз учун ажойиб намуна, албатта. Хоҳ Оливер Кан ёки мени шуғуллантирган дарвозабонлар мураббийларига, хоҳ бошқа амплуадошларимга. Унинг дастури тизимли ва барчаси аниқ кўрсатилган. Тан олиш керак, бунақаси илгари мавжуд эмасди.
- Зепп, кўпчилик Мануэль замонавий дарвозабонлар ўйинида инқилоб яратганини айтади. Бунга нима дейсиз?
Майер: - Ҳа, Мануэль - олдинга кўтарилиш ва оёқ билан ўйнашни одатий ҳолга айлантирган биринчи кипер. Асосийси, у ҳар доим ҳаракатда ва бу ишни яхши бажаради. Ишончим комил, Нойер бундай техник салоҳияти билан «Бавария» ҳужумида ҳам бемалол тўп суриши мумкин. Бугунги кунда дарвозабонлар худди майдон футболчилари каби ҳар икки оёқда бирдек ўйнашлари керак, акс ҳолда, юқори даражага чиқолмайдилар. Бизнинг даврда эса оёқ билан ўйнашга ҳожат йўқ эди, чунки орқага узатмадан кейин ҳам тўпни бемалол қўлга олардик. Шахсий фикримча, шу қоиданинг бекор қилингани дарвозабон ўйинини тубдан ўзгартирди. Яъни киперлар олдида бутунлай бошқача вазифалар пайдо бўлди.
- Дарвозабонликда ўзига ишонч ва жасоратнинг ўрни қандай?
Нойер: - Харизма ҳал қилувчи омил, албатта. Ахир кипер охирги нуқта эгаси, у ҳамиша жамоани суғурталашга мажбур. Шундай экан, рақибни дадил қарши олиш керак: «Тўхта, мендан ўтиб кетишинг мумкин эмас!» Дарвозабон ўзини охирги нажоткордек ҳис этиши шарт, акс ҳолда, бу позиция унинг учун эмас.
Майер: - Аввало, майдонда рақибни сенга ҳурмат билан қарашини таъминлашинг керак. Агар у сенга қарши 20 метрдан ҳаракат қилишга ҳожат йўқлигини билса, унда ҳар бир ҳужум хавфли тус олади. Шунингдек, дарвозабон учун қўрқув ҳисси мутлақо ортиқча. Эсимда, қайси ҳужумчидан чўчишимни сўрашса, бунақаси йўқлигини айтардим. Чунки қўрқув уйғотадиган ягона ҳужумчи - Герд Мюллер бизда ўйнарди.
- Зепп, Бундеслигада қаторасига 442та ўйин ўтказгансиз - қойилмақом серия. Майдоннинг бир нуқтасида туравериш зериктирмаганми?
Майер: - Очиғи, серия ҳақида ҳеч нима билмаганман. Фақат журналист кетма-кет 400та ўйин шарофати билан «Олимпия» стадионида интервью беришим ва суратга тушишим кераклигини айтганида, сериядан хабар топгандим. Битта ҳолатни жуда яхши эслайман, 1979 йили содир бўлган автоҳалокатдан сўнг «Тез ёрдам» машинасида тиббиёт ходимларига дарҳол бор гапни айтгандим: «Шу дам олиш кунлари сафга қайтишим шарт, акс ҳолда, сериям узилади».
- Қаторасига 13 йил тинимсиз ўйнаш! Ману, бу қандай эшитилади?
Нойер: - Очиғи, Зепп буни қандай уддалаганини тасаввур қилиш ҳам иложсиз. Мюнхен клубига 2011 йили қўшилганман. Демак, 13 йил бўлибди. Йўқ, шунча вақт тинимсиз равишда майдонга тушиш ақлга сиғмайди...
Майер: - Фаолиятим давомида фақат бир марта жароҳатланганман: 1965 йили Уве Зеелер Гамбургдаги ўйин пайти тиззаси билан қовурғамни синдирганди. Ўша пайт футболчи алмаштириш қоидаси йўқ эди ва дарвозада ўрнимни Герд Мюллер эгаллаган. Мен эса дарвоза ортида муолажа олиш баробарида унга кўрсатма бериб тургандим: «Қара, у ерга чоп, ташлан...». Гамбургликлар имкон туғилганини ҳис қилишди, айниқса, Шарли Дёрфель бирин-кетин замбарак отди. Герд эса ҳужумчи сифатида зарбалардан кейин тўп қандай йўналиш олишини биларди ва уни муштлари билан қайтарди. Шифокоримиз бу орада менга бир нечта укол урди, тишларимни ғижирлатдим ва кейин давом эттирдик...
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади