“Динамо” Загреб “Бунёдкор”нинг ёш футболчиларига қизиқиб қолди
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, 10-19 август кунлари оралиғида “Бунёдкор” футбол академиясининг 5 нафар истеъдодли ёш футболчилари кўрикка, 5 нафар мураббийлари эса амалиёт ўташга Хорватияга сафар уюштиришган эди.
Загребдаги воқеаларни етказишга ўтишдан олдин “Динамо” ФКга йўл олган футболчи ва мураббийлар таркибини мухлисларга яна бир бор эслатиб ўтсак.
Футболчилар:
1. Оллаберган Каримов, 2006 йил, ҳужумкор ярим ҳимоячи.
2. Абдулҳамид Икромов, 2006 йил, ҳужумкор ярим ҳимоячи.
3. Зикриллохон Мухторов, 2006 йил, ўнг/чап қанот ярим ҳимоячиси.
4. Шоҳруҳхон Қаҳҳоров, 2006 йил, чап қанот ҳимоячиси.
5. Азизбек Тўлқинбеков, 2007 йил, таянч ярим ҳимоячиси.
Мураббийлар:
1. Жамолиддин Раҳматуллаев, “Бунёдкор” U-19 жамоаси ҳамда Ўзбекистон U-16ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.
2. Улуғбек Боқиев, академия 2006 йиллар жамоаси мураббийи.
3. Миркамол Қосимов, “Бунёдкор-2” жамоаси ёрдамчи мураббийи.
4. Азиз Ҳошимов, академиянинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи.
5. Алексей Рошин, академия дарвозабонлар бўйича мураббийларининг катта мураббийи.
Дастлаб, мураббийларнинг стажировкасига оид мавзуга тўхталсак. Барча мураббийларимиз 11 августдан бошлаб, бир ҳафта давомида “Динамо” клуби академияси, унинг тузилмаси, инфраструктураси, фаолияти, стратегия ва тактикаси, моддий-техника базаси, машғулотлар жараёни билан яқиндан танишишди. Улар ҳар куни “Динамо” Загреб академиясининг турли ёш тоифаларидаги (U-9, U-11, U-12, U-13, U-14, U-15, U-16, U-17, U-18, U-19) жамоалари машғулотларини кетма-кет кузатиб боришди. Шунингдек, “Динамо”нинг U-12, U-15, U-17 ва U-19 жамоалари ўтказган ўртоқлик ўйинлари гувоҳи бўлишди. Мисол учун, U-19 жамоаси шу ёшдаги Хитой терма жамоаси билан куч синашди. Хитойликлар узоқ вақтдан буён Загребда истиқомат қилиб, шу ерда ўз тайёргарликларини олиб боришаётгани маълум бўлди. “Бунёдкор” делегацияси сафар мобайнида айнан хитойликлар билан битта меҳмонхонада – 4 юлдузли Garden Hill Hotelда яшади.
Мураббийларимиз “динамо”чиларнинг ёшлар жамоалари ўйинлари моделини назорат беллашувларида кўришган бўлса, 13 август куни “кўк ранглилар” асосий таркибининг ҳақиқий ўйин услубини бевосита стадиондан кузатишди. Шу куни бутун делегациямиз “Максимир” стадионида Хорватия олий дивизионидаги энг тарихий ва энг кескин қарама-қаршиликка шоҳид бўлди. “Динамо” меҳмонларни аяб ўтирмади. Азалий ва принципиал рақиб “Хайдук” Сплит йирик – 4:1 ҳисобида тор-мор этилди.
Шубҳасиз, бу стажировкадан мураббийларимиз ўзларига катта тажриба олишди. Ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан.
- “Динамо” академияси, ундаги шароитлар билан танишдик. Турли ёшлардаги жамоалар машғулотларини кузатдик. Назарий семинар ҳам ташкил этилди. Дунёда футбол академиялари ичида олтинчи, Европада бежизга учинчи ўринда эмаслигига амин бўлдик. “Динамо”нинг барча жамоаларида асосий урғу жисмоний тайёргарликка қаратилган экан. Берилаётган машқлар ҳам шунга яраша. Техника, яъни тўпни қабул қилиш, узатиш бўйича ишлаш ҳам аъло даражада. Машғулотлардаги тезлик юқори, машқларни тезлик билан бажариш қатъий талаб қилинади. Диққат-эътиборимни ўзига тортган хусусиятлардан бири – улар машғулотлар вақтида ҳудди ўйиндаги каби вазиятларга тенглаштирилган ҳолатлар устида жуда кўп ишлашар экан, - дейди “Бунёдкор” академиясининг дарвозабонлар мураббийи Алексей Рошин.
Кўрикка борган ёш иқтидорларга келадиган бўлсак, улар “Динамо” U-17 жамоаси таркибида кунига икки маҳалдан машғулотларда қатнашишди. Ҳозирда ёшлар учун Хорватияда янги чемпионат ҳали бошланмаган. Мавсумолди тайёргарлик йиғинлари ўтмоқда.
13 август куни бешовлонни мезбонлар скаутлари ва мураббийлари “Динамо” U-17 - “Хрватски Драговоляц” U-19 ўртоқлик учрашувида текширувдан ўтказишди. Оллаберган Каримовдан бошқа барча ўйинчилар ўйинни бошланғич таркибда бошлашди. Оллаберган баҳсга иккинчи бўлимдан қўшилди. Беллашувда икки ёш катта бўлган меҳмонлар минимал ҳисобда зафар қучишди (1:0).
Футболчилардануларнинг сафардан олган таассуротлари қандайлиги бўйича қизиқдик.
Абдулҳамид Икромов:
- “Динамо” жамоаси бизни жуда яхши кутиб олди. Бу ерда футбол атмосфераси жудаям юқори даражада экан. Машғулотларда иштирок этдик. 13 август куни ўртоқлик учрашувида тўп сурдик. Мен икки тайм ўйнадим. Ўйин жуда тез ва баланд темпда ўтди. Кўплаб вазиятлар яратган бўлсакда, бизга гол уриш насиб этмади. Умуман айтганда, Загреб академияси менга роса ёқди. Худо хоҳласа, мен келгусида шу ерда тўп суришга ҳаракат қиламан.
Азизбек Тўлқинбеков:
- Авваламбор, бизга Европа футболи билан нафас олиш учун барча шароитларни яратиб берган “Бунёдкор” ФК раҳбариятига, шахсан, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси, клубимиз президенти Меҳриддин Абдуллаевга ўзимнинг номимдан, дўстларим, мураббийларим, ота-оналаримиз номидан чуқур миннатдорчилик билдираман. Мен бу ерга келганимдан хурсандман. Машғулотлар ғоятда қизиқарли, суръат эса анчайин юқори. Мураббийларнинг талаблари жуда ҳам баланд. Ўзим учун кўп янгиликларни ўргандим.
Хорватия миллий терма жамоасининг собиқ дарвозабони, ЖЧ-2002 ва 2006, ЕЧ-2004 иштирокчиси, “Динамо” сафида Хорватия чемпионатларида 100дан ортиқ ўйинлар ўтказган, бугунги кунда клуб академияси директори лавозимида ишлаб келаётган Томислав Бутина ёш футболчиларимизга яхши баҳо берди: “Техник тарафдан йигитларингиз савияси етарлича экан. Бешала футболчи ўзларини яхши томондан намоён этишди. Таҳлилчиларимиз фикрларига таяниб гапирадиган бўлсам, икки футболчи бизга кўпроқ маъқул бўлди. Аммо улардан биттаси бизга жудаям ёқиб турибди. Айнан у ва унинг ҳаракатлари “Динамо”нинг тактикасига росаям мос тушаркан.
Футболчилар ҳали ёш. Улар энди 16 ёшда. ФИФА қоидаларига кўра, халқаро ўтишларга футболчи 18га кирганидан сўнг рухсат берилади. Бизга манзур бўлган футболчи борасида биз “Бунёдкор” раҳбариятига албатта алоқага чиқамиз. Ёш футболчилар ўтишида ҳужжатлаштириш ишлари ҳам кўп вақт олади. Биз бу жараённи “Бунёдкор” билан қачон ва қай тарзда бошлаймиз, буни яқин вақт ичидаги режаларимиз орқали билиб оламиз”.
Айтганча, “Динамо” U-21 жамоаси сафида икки нафар саудиялик футболчилар бор экан. Ҳимоячилар Мане Ал-Муайяд ва Басил Ал-Хедаиф. Улар Хорватияга махсус лойиҳа орқали боришган. Яъни Саудия Арабистони спорт вазирлиги мамлакатнинг иқтидорли футболчиларини Европанинг кучли бир қатор академияларига ўз ҳисобидан юборган. Яъни барча харажатлар арабларнинг ўзларидан кетади. Мақсад – ўз футболчиларини Европа муҳити орқали имкон қадар тез вақт ичида юқори савияга олиб чиқиш. Шундай лойиҳа бўйича Кўҳна қитъада тўп сураётган саудиялик ўйинчилар Чехия, Испания каби юртларда ҳам бор.
...“Бунёдкор” аъзоларининг Хорватияга навбатдаги сафари мана шундай воқеликлар билан муҳрланди. Буёғига воқеалар ривожи қандай кечишини, биргаликда кузатамиз.