Ўзбекистон Суперлигаси баҳси давом этаётган бир пайтда учрашув комиссари ички ишлар бўлимига олиб кетилди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига 21-тури доирасида “Локомотив” — “Бунёдкор” учрашувининг иккинчи бўлими кеч бошлангани юзасидан расмий ахборот берди.
“Суперлига 21-туридан ўрин олган “Локомотив” — “Бунёдкор” баҳсининг 2-тайми белгиланган вақтдан 32 дақиқа кеч бошланди. Сабаби учрашув учун жавобгар бўлган Лига комиссарининг телефони Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб қўйилган ва унинг ўзи ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Лигага маълум бўлишича, “Бунёдкор” клуби расмийси ҳамда ИИБ ходими ўртасида баҳсли вазият юзага келган. Оқибатда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг оғзаки кўрсатмасига кўра, Суперлига ўйинида фаолият олиб бораётган ВАР машинаси ҳамда стадион ҳудудида бўлган учрашув расмийларига қарашли автомашиналарни мажбурий равишда стадион автотураргоҳидан олиб чиқиш учун эвакуатор жалб этилган. Шундан кейин Лига комиссари бундай ҳолатда учрашувни давом эттириб бўлмаслигини тушунтиришга уринган вақтида унинг телефони олиб қўйилиб, комиссар гўёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармагани рўкач қилиниб, у стадиондан олиб чиқилган”, дейилади ПФЛ хабарида.
Ассоциация ҳамда Лига раҳбариятининг саъй-ҳаракати эвазига комиссар стадионга етиб келган. Бу вақт давомида учрашув ҳакамлари иккинчи бўлимга чиқмаган.
“Эндиликда Лига комиссар билдиргиси асосида мазкур ишни ўрганиб чиқади. Шунингдек, “Дўстлик” стадиони, “Локомотив” ва “Бунёдкор” клуби расмийлари ҳам бу борада ўз позициясини тақдим этади. Шундан сўнг Лига ички ишлар органи ходимларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб юқори турувчи ташкилотга мурожаат киритади”, - дейилади ПФЛ расмий баёнотида.
Маълумот учун, ушбу учрашувнинг 2-бўлими 30 дақиқалик кечикиш билан бошлангач, TV орқали трансляция қилиш мақсадида “Металлург” — “Андижон” ўйини ҳам 17:15 да эмас, ярим соатлик кечикиш билан бошланди.
Ушбу учрашувда “Бунёдкор” жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.