-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Сафарали Сиддиқов Футбол — спорт қироли!
Капелло ва «Милан»нинг мўжизалари
Баҳо: +1Киритилган сана: 2013-08-18 11:30
Дунё футболидаги энг кўзга кўринган жамоалардан бири бўлмиш Италиянинг «Милан» жамоаси ҳақида ҳамма билади. Бу жамоа ўз тарихида 7 марта Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган. Бундан ташқари Скудетто, Қитъалараро кубок, Кубок эгалари кубоги, Европа суперкубоги каби совринлар ҳам бу жамоанинг музейидан жой олган. Умуман, бу клуб жаҳон футболининг байроқдорларидан. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида бу жамоа сафида ҳаракат қилган машҳур голланд триоси — Ван Бастен, Гуллит, Райкаард, 50-йиллардаги швед триоси Гре-Но-Ли (Гуннар Грен, Гуннар Нордаль, Нильс Лидхольм), ҳимоя майдони қироли Паоло Мальдини, шунингдек, Андрей Шевченко, Жорж Веа, Жанни Ривера, Жозе Альтафини, Чезаре Мальдини (Паоло Мальдинининг отаси), Франко Барези, Роберто Донадони, Алессандро Неста каби жаҳон футболи юлдузларини ҳаммамиз яхши таниймиз. Фабио Капелло ҳам футбол оламидаги энг етук мутахассислардан.
Айни вақтда Россия терма жамоасида фаолият олиб бораётган дон Фабионинг ҳам ҳисобида ҳам совринлар коллекцияси анча. Ўз вақтида «Милан», «Ювентус», «Рома», «Реал» клублари билан улкан ютуқларни қўлга киритган бу ажойиб мураббий бир муддат Англия терма жамоасида ҳам ишлади. Умуман олганда, «Милан» ва Капеллонинг футбол оламида тўтган ўрни ҳақида истаганча фикр билдириш мумкин. Айниқса, 1993/1994 йиллардаги футбол мавсуми Капелло учун ҳам, «Милан» учун ҳам анча ҳаяжонли кечди.
Чемпионлар лигасида навбатдаги мавсумнинг асосий босқичи бошланишига ҳам оз вақт қолди. Ҳаммамиз ўша чинакам футбол юлдузлари иштирокидаги ўйинларни катта қизиқиш билан томоша қиламиз. Мана мен ҳам неча йилдирки ана шу клублар уртасидаги энг нуфузли мусобақанинг шайдосиман. Ярмимиз «Реал» тараф бўлсак, ярмимиз «Барселона»га мухлислик қиламиз. Шунингдек, кимлардир «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Бавария», «Милан» каби жамоаларга мухлислик қилади. Кимдир айтганди: «мамлакатим бошқа бўлса, нима қиламан уларга мухлислик қилиб», деб. Йўқ! Биз, футбол мухлислари «Реал»ни ҳам, «Барселона»ни ҳам худди Ўзбекистон жамоаларидай ардоклаймиз, севамиз, уларга мухлислик қиламиз. Ғалаба қозонса, буни ўз ғалабамиздай қабул қиламиз. ЧЛнинг ҳар бир мавсуми биз учун олам-олам таассуротларни ҳадя этади. Худди шундай муросасиз курашларга бой ўтган ЧЛ мавсумларидан бири 1993-1994-йиллардаги мавсум бўлди. Ўша мавумдаги мусобақада ўтган йилги ғолиб Марселнинг «Олимпик» клуби иштирок этмади. Дастлаб, марселликлар ўз миллий чемпионатларидаги «Валансьен»га қарши ўйинни сотиб олганликда айбланишди. Қолаверса, ЧЛ гуруҳ босқичидаги Москванинг ЦСКА жамоасига қарши ўйиндаги 6:0 ҳисобидаги ғалабани ҳам УЕФА сохта деб бахолади. Эмишки, овқатланиш пайтида улар москваликларга қандайдир ҳолдан тойдирадиган дорини ичимликка қўшиб беришган. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин билмадиму, лекин ўша ўйинни кузатганимда ЦСКА футболчиларининг ҳақиқатан ҳам дармонсиз ҳаракат қилганлигини аниқ сездим. Улар андак вазиятларда ҳам хато қилиб рақибларга имконият яратиб беришарди. Шунинг учун ҳам ҳисоб ана шунақа шармандали кўринишга келиб қолди.
Кейинчалик, финал ўйинида улар Италиянинг «Милан» жамоасига қарши ўйнашди. Ўйинда 1:0 ҳисобида ғалабага эришган «Марсель» ўз тарихидаги энг йирик совринни ютиб олди. Лекин ўша кунги ўйинда майдонга тушган жамоа ярим ҳимоячиси Жан-Жак Эйделининг қонидан таъқиқланган модда топилди. Эндигина 26 ёшга тўлган Эйдeли бутун умрга футболдан четлатилди. «Олимпик» жамоасини эса УЕФА бир йилга барча мусобақадан четлатди. Қолаверса, ички чемпионатда ҳам келгуси мавсумни пастки лигадан бошлайдиган бўлди. Жамоани мавсум бошида етакчилардан бири ганалик Абеди Пеле тарк этди. Африка қитъасининг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси ўша йили бошқа бир «Олимпик», Лион шаҳрининг шу номли жамоасига ўтиб кетди. Кейинчалик Марсель Десайи «Милан»га, Ален Бокшич «Лацио»га, португалиялик Паулу Футре «Реджина»га томон йўл олиб, Италия «А» сериясида тўп суришни афзал билишди. Жамоа молиявий муаммолар сабаб тарқалиб, ўртамиёналар қаторига тушиб қолди. Ҳатто тарқалиб кетиш даражасига етди. Бу келтирган маълумотларим қанчалик ҳақиқатга яқин билмадиму, лекин ўша мавсумда «Марсель» учун бунча жазо жудаям кўплик қиларди. Жамоа 1993 йилдаги мавсумда ажойиб ва ҳужумкор ўйинлар кўрсатган эди. Чемпионлар лигасини ҳам қийин курашда ютган эди. Менимча, буларни кимдир атайлаб қилгандай. Ахир футбол оламидан бундан ҳам кўп баҳсли ҳолатларга дуч келганмиз-ку (ЖЧ-1986даги Диего Марадонанинг «илоҳий қўли»ни эсланг). Назаримда, «Олимпик»нинг ғалабасига кимдир ҳасад билан қарагану, арзимаган жойдан камчилик топиб бу жамоанинг барча меҳнатини зое кетказишга жазм этган. Нима бўлганда ҳам қанчадан-қанча сир ошкор этилмай ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолмокда.
Марселнинг «Олимпик» клуби мусобақадан четлаштирилгач, унинг ўрнига Франция номидан «Монако» жамоаси ЧЛда иштирок этди. Монте-карлоликлар 1/16 финалда Греция чемпиони АЕК (1:0, 1:1) ва 1/8 финалда Руминиянинг «Стяуа» жамоаларини мағлуб этишиб, гуруҳ босқичига йўлланма олишди. Италиянинг «Милан» клуби Даниянинг «Копенгаген» жамоасини батамом янчиб ташлашди - 1:0, 6:0. Москва «спартак»чилари ҳам гуруҳ босқичигача бўлган йўлни осонгина босиб ўтишди. Улар дастлаб Латвиянинг «Сконто» жамоасини (4:0, 5:0), кейин эса Польшанинг «Лех» жамоасини (2:1, 5:1) осонлик билан тор-мор келтиришди. Саралаш босқичининг энг кутилмаган натижаси Манчестерда кайд этилди. Алекс Фергюсон шогирдлари 26 йиллик танаффусдан сўнг премьер-лига ғолиблигини қўлга киритиб, шунча йиллик танаффусдан сўнг ЧЛда ҳам иштирок этаётган эдилар. Уларнинг таркиби яхши шаклланган бўлиб, кўпчилик уларни ҳам фаворитлар сафига кўшаётган эдилар. «Олд Траффорд» стадионида кечган баҳсда «МЮ» дастлаб турклар дарвозасига 2 та тўп киритди ва бу нарса уларга бироз хотиржамлик бахш этди. Бундан фойдаланган истанбулликлар бунга 3 та тўп билан жавоб беришди. Ўша вазиятларда, айниқса, «Галатасарай»нинг 22 ёшли ҳужумчиси Ҳоқон Шукур ва Швейцария терма жамоаси плеймейкери Кубилай Тюркилмаз ўзларини кўрсатишди. Ўйин якунланиши арафасида «қизил иблислар» ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан аранг қутулиб қолишди - 3:3. Истанбулдаги ўйинда эса ҳисоб очилмади. Боз устига ўша куни «МЮ» етакчиси Эрик Кантона майдондан четлатилди. Бу эса сафарда киритилган гол қоидасига кўра Туркия клуби гуруҳ босқичида иштирок этади дегани эди. Қолган жуфтликларда муваффақият қозонган «Барселона» (Испания), «Вердер» (Германия), «Порту» (Португалия) ва «Андерлехт» (Бельгия) курашни давом эттирадиган бўлишди.
Гуруҳ босқичида «В» гуруҳидан жой олган Москва «спартак»чилари саралаш босқичини анча қийналмай босиб ўтишганидан хабарингиз бор. Аммо гуруҳ босқичи оқ-қизиллар учун осон кечмади. Улар «Барселона», «Монако» ва «Галатасарой»га қарши баҳсларда ҳақиқий рақиблар ким эканлигини англашди. Биринчи ўйиндаёқ москваликлар қақшаткич зарбага дуч келишди. Таркибида бир қанча таниқли футболчилар йиғилган «Монако» «Спартак»ни янчиб ташлади - 4:1. Шунингдек, нимчорак финалда «Манчестер Юнайтед»ни ярим йўлда қолдириб кетган «Галатасарой» учун ҳам гуруҳ босқичи осон кечгани йўқ. Туркияликлар ўтказилган 6 учрашувда бор-йуғи 2 очко жамғаришди. Бу гуруҳда қизиқарли ўйинлар кўп бўлди. Айниқса, Москвада кечган «Спартак» - «Барселона» ўйини анча муросасиз кечди. Каталонияликлар бундан 2 йил муқаддам мазкур мусобақанинг ғолиби бўлишган, ўша таркибнинг деярли 90 фоизи сақланиб қолганди. Майдон эгалари таркибида эса ўзбек футбол мактаби тарбияланувчиси, аммо кейинчалик Ўзбекистон терма жамоаси сафида ўйнашдан кўра Россия терма жамоасида ўйнашни афзал билган Андрей Пятницкий тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Ўйиннинг 11-дақиқасида «Барса»нинг болгариялик форварди Христо Сточков ҳисобни очди. 67-дақиқага кeлиб эса бразилиялик Ромарио ҳисобдаги фарқни 2тага оширди. Аммо ана шундан сўнг «Барселона» футболчилари ғалaба қозонишга сал эртароқ ишониб юборишди. Бундан фойдаланган москваликлар қария ҳужумчи Сергей Родионовнинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобдаги фарқни биттага қисқартиришди. Ўйин якунланиши арафасида Валерий Карпин ҳисобни тенглаштирди - 2:2. Икки хафтадан кейин «Камп Ноу»да кечган ўйин эса батамом бошқача сценарий остида кечди. Дастлаб, Москвадаги ўйинда ҳисобни тенглаштирган Валерий Карпин 3-дақиқадаёк «Спартак»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ана шундан сўнг бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олган «Спартак»нинг ҳолига ҳавас қилиб бўлмади. 38-дақиқада Христо Стоичков ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймда ҳам «Барса» ҳужумлар ёмгирини ёғдиришдан бўшашмади. «Спартак»нинг бардоши 76-дақиқагача чидаб берди. Қанотдан тўпни эгаллаб олган Христо Стоичков ҳамюртимиз Андрей Пятницкийнинг оёқларидан осонгина олиб қўйиб катта тезликда олдинга интилди. Дарвоза қаршисида қулай вазиятда турган Гильермо Аморга тўпни аниқ етказиб берди. Амор эса вазиятни кўкка совурмади. Ана шундан сўнг «Спартак» дарвозасига бирин-кетин голлар ёмғири ёғишини кўринг. Дастлаб голландиялик Рональд Куман жаримадан 2 та супер гол киритди. Ўйиннинг 86-дақиқасида «Барса»нинг бразилиялик юлдузи Ромарио якуний ҳисобни ўрнатди - 5:1.
Гуруҳ ғолиблиги учун кураш «Барселона» ва «Монако» жамоалари ўртасида кечди. Бу курашда нисбатан тажрибалироқ бўлган «Барса»нинг қўли баланд келди.
«А» гуруҳидаги вазият тамоман бошқача кўриниш олди. Бу гуруҳдаги фаворит, албатта, «Милан» эди. Аммо улар «Порто», «Вердер», «Андерлехт» жамоаларига қарши баҳсда қийинчилик билан очко йиғишди. Масалан, «Андерлехт»га қарши 2 ўйин ҳам 0:0 ҳисоби билан тугади. Бременда «Вердер»га қарши баҳсда ўйиннинг сўнгги дақиқаларида аранг мағлубиятдан қутулиб қолишди - 1:1. «Сан-Сиро»да кечган баҳсда ҳам «Милан» «Вердер»ни қийинчилик билан мағлуб этди - 2:1. Фақат «Порто»ни «Милан» 3:0 ҳисобида енга олди холос. Қисқасини айтганда, бу ўтган мавсумдаги финалгача бирорта ҳам очко йўқотмай борган «Милан» эмасди. Гуруҳдаги 6 ўйинда 2 ғалаба ва 4 дуранг, жами 8 очко (у пайтлар ғалаба учун 2 очко бериларди). Аммо бу натижа «Милан»га гуруҳда биринчи уринни қўлга киритиши учун етиб ортди. Гуруҳда кутилмаган натижалар кўплаб қайд этилди. Айниқса, «Вердер» - «Андерлехт» ўйинини ҳалигача катта ёшдаги футбол мухлислари завқ билан эслашади. Биринчи таймда 3:0 ҳисоби билан танаффусга чиққан «Андерлехт» кутилмаганда иккинчи бўлимда ўз дарвозасидан 5 та тўп олиб чиқди. Ўйинда 5:3 ҳисобида ғалаба қозонган «Вердер»нинг иродасига бутун дунё қойил қолганди. Аммо яна бир ўйинда «Порту»ни қабул қилган «Вердер» рақибига 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу унданам ажабланарли натижа бўлиб бутун дунё футбол жамоатчилигини ҳайрат кўчасига етаклаганди. Эх, ўша ўйинлар. Қанчалик катта қизиқиш билан томоша қилардик.
Гуруҳ босқичи баҳслари якунига етгач, «Милан», «Барселона», «Монако» ва «Порту» жамоалари ярим финал босқичига йўл олишди.
Ўтган йилги мусобақадан фарқли ўлароқ бу йил мусобақа формати бир оз ўзгарди. Яъни бу мусобақага ярим финал босқичи ҳам киритилди. Ярим финал ягона ўйиндан иборат бўлиб, ўйин гуруҳ ғолиблари майдонида ўтказиларди. Унга кўра дастлабки ярим финалда «Милан» «Монако»ни «Сан-Сиро» стадионида қабул қилди. «Милан» сафини ўтган йилги таркибдан Гуллит ва Райкаард тарк этишди. Марко ван Бастен эса жароҳатини даволаш билан банд эди. Папеннинг ўйини чиқмай, Капелло охирги ўйинларда уни асосий таркибда майдонга туширмай куйганди. Шундай бўлса ҳам Фабио Капелло қолган футболчилардан кучли жамоа тузган эди. Ўтган йили «Марсель» билан ЧЛ ғолиблигини қўлга киритган франциялик Марсель Десайи жамоада Франк Райкаарднинг ўрнини муносиб босди. «Милан»да Ван Бастен ва Гуллитдан кейин ҳужум чизиғида ўз навбатини кутиб яшаган 1982 йилги жаҳон чемпиони 33 ёшли Даниэле Массаро ўша мавсумда жамоанинг энг асосий бомбардирига айланди. Унга ҳужум чизиғида сербиялик Деян Савичевич ҳамкорлик қилди. Шунингдек, Мальдини, Пануччи, Костакурта, Донадони, Альбертини, хорват Бобан, дарвозабон Себастьяно Росси «Милан»нинг ўша мавумдаги олтин жамоасини шакллантиришди. «Милан»нинг ярим финалдаги рақиби «Монако»да ҳам ажойиб таркиб мавжуд эди. 1990 йилги жаҳон чемпиони Юрген Клинсманн, бельгиялик Энцо Шифо, нигериялик Виктор Икпеба, французлар — Лилиан Тюрам, Юрий Жоркаефф, Жан-Люк Эттори, Эммануэль Пети каби футболчилар катта футболда кандай ишларни амалга оширганликларини барчамиз яхши биламиз. Ўйинга кайтадиган бўлсак, «Милан» рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади — 3:0. Голларга Марсель Десайи, Деметрио Альбертини ва Даниэле Массаро муаллифлик қилишди. Бу голлар орасида менга Альбертинининг жаримадан киритган голи, айниқса, манзур бўлди. Учрашувда «Милан»нинг етакчи ҳимоячилари — жамоа сардори Франко Барези ва Алессандро Костакурта карточкаларни кўпайтириб олишди ва финал баҳсини ўтказиб юборадиган бўлишди. Иккинчи ярим финалда «Барселона» «Порто»ни тор-мор келтирди — 3:0. Голларга Христо Стоичков (2 та) ва Рональд Куман муаллифлик қилишди. Бу голлар орасида эса Куманнинг 35-40 метрлардан урган голи анча чиройли чиқди. Биз эса Греция пойтахти Афинада ўтадиган финал ўйини («Милан»-»Барселона»)ни интизорлик билан кутардик.
«Милан» 1989 ва 1990 йилларда мазкур мусобақа ғолиби бўлганди. 1992 йилда жамоада мураббий алмашинуви юз берди. Машҳур Арриго Сакки ўрнига машҳурликда ундан қолишмайдиган Фабио Капелло келди. Биринчи мавсумдаёқ Капелло жамоани буюк ғалабаларга олиб келиш мумкинлигини исботлади. Чемпионатнинг биринчи туридан охиригача турнир жадвалида карвонбошилик қилган «Милан» бирорта ҳам ўйинда мағлубиятга учрамади. Мағлубиятсиз серия 1992/1993 мавсумда ҳам давом этди. Нақ 58(!) ўйинга етган бу серияни Италия чемпионатидек кучли мусобақада бошқа жамоалар кўрсата олишмаган. Бу даврда «Милан» ўзи қатнашган барча мусобақаларни ютиб келарди. Шунингдек, «россонерлар» Чемпионлар лигаси рекордини янгилашди. Кетма-кет 10 та ўйинда ғалаба. Бироқ финалда «қизил-қоралар» Бернар Тапи қўл остида кучли жамоага айланган Марселнинг «Олимпик» клубига имкониятни бой беришди. Бу мағлубият «Милан»нинг юлдузли таркибининг вақти ўтиб қолганини англатарди. Шунинг учун 1993/1994 мaвсумда жамоага бир қанча ёш футболчилар таклиф этилди. Голландлар триоси эса клубни тарк этишди. Аммо ҳимоя ва ярим ҳимоядаги асосий футболчилар сақланиб қолинганди. Футбол тарихидаги энг кучли қанот ҳимоячиси деб тан олинган Паоло Мальдини ва Франко Барези бошлик ҳимоя ҳозиргача футбол тарихидаги энг кучли ҳимоя чизиғи деб тан олинади. Бу каби темирбетон ҳимоя чизиғи ёрдамида дарвозабон Себастьяно Росси 929 дақиқа давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олди. Италияда Скудетто расмийлаштирилди. Энди навбат Eвропа футболи тахти учун курашда «Барселона» билан беллашишлари керак эди. Каталонияликлар таркибидаги Ромарио-Стоичков дуэтини ўша даврдаги энг кучли ҳужум жуфтлиги деб номлашарди. Шунингдек, Куман, Амор, Бегиристайн, Бакеро, Субисаррета, Гвардиола, Серхи каби номлардан унча-мунча жамоа чўчирди. Рақибидан фарқли ўлароқ «Милан»да йўқотиш бор эди. Финал ўйинида икки етакчи ҳимоячи — Барези ва Костакурта жамоага ёрдам беролмасди. Букмекерлик контораларида ғалаба қозониш учун кўпроқ «Барселона»нинг имконияти юқори баҳоланарди. Аммо майдонда етти ўхлаб ҳеч кимнинг тушига кирмаган воқеалар содир бўлди.
1994 йилнинг 18 май куни икки буюк жамоа тўқнашди. Жамоаларнинг таркибларидаги номлардан фақат ҳайратга тушиш мумкин эди. Аммо, Капелло жамоасида Барези ва Костакуртанинг ўйинда иштирок этмасликлари туфайли «бетон ҳимоя»да муаммолар пайдо бўлди. Бироқ майдонда юз беражак воқеаларга ўйин олдидан «Милан»нинг энг ашаддий мухлислари ҳам ишонмасликлари табиий эди. «Барса»га бирор бир имконият қолдирмаган «Милан» 4:0 (!) ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ўйин «россонерлар» таркибидаги энг машҳур ўйинлардан бири бўлиб қолди. Жамоа ҳужум чизиғидаги Савичевич-Массаро жуфтлиги «Барса» ҳимоясини парчалаб ташлади. Асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланмаган Филиппо Галли эса бирор вазиятда Ромариога имконият бермади. 21 ёшли ҳимоячи Кристиан Пануччи яна бир «Барса» юлдузи Христо Стоичковни ўйнатгани қўймади. Майдон марказида эса Деметрио Альбертини тўлиқ ҳукмронлик ўрнатди. Савичевичнинг чамаси 35 метрлардан киритган голини ва бир йил аввал «Олимпик» (Марсель) билан ушбу мусобақа ғолиблигини қўлга киритган Марсель Десайининг голини ҳалигача «Милан» мухлислари завқ билан эслашади. Бунгача «Милан» қитъалараро кубокда Бразилиянинг «Сан-Паулу» клубига, Eвропа Суперкубогида ҳамюртлари «Парма»га имкниятни берганди. Ана шу мағлубиятлар аламини битта қилиб «Милан» «Барселона»дан олди. Европанинг энг кучли жамоасига аталган кубокни Барези йўқлигида сардорлик боғичини таққан Мауро Тассотти боши узра баланд кўтарди. «Милан» ўз тарихида 5-марта қитъанинг энг кучли жамоаси деб топилди.
ЕЧЛ. ФИНАЛ
«МИЛАН» - «БАРСЕЛОНА» - 4:0
Афина. «Олимпия». 76000 томошабин. 18.05.1994й.
Ҳакам Филипп Дон (Англия).
«Милан»: Росси, Тассотти (с), Ф.Галли, Мальдини (Нава, 83), Пануччи, Донадони, Десайи, Альбертини, Бобан, Савичевич, Массаро.
Мураббий: Фабио Капелло.
«Барселона»: Субисаррета (с), Феррер, Надаль, Р.Куман, Серхи (Кике Эстебарранс, 72), Гвардиола, Бакеро, Амор, Сточков, Ромарио, Бегиристайн (Эусебио, 51).
Мураббий: Йоханн Кройф.
Голлар: Массаро (22, 45), Савичевич (47), Десайи (58).
ЧЛ-1993/1994 мавсуми ҳақидаги таассуротларимни баён этиб бўлдим. Бу мусобақа ҳақида истаганча сўзлаш мумкин. Биз янги мавсумдаги ЧЛнинг тезроқ бошланишини кутяпмиз. Ўйинлардан ана шундай олам-олам таассурот олишни хоҳлаймиз. Кўришгунча хайр!
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 04:57:15 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:53:46 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:53:45 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:10:20 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:10:18 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:07:21 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:07:19 01 UZBARSA 2013-11-26 21:56:28 00 YAHYOHON 2013-08-19 09:23:59 00 ILHOMBEKT 2013-08-19 07:44:16 00 ILHOMBEKT 2013-08-19 07:44:05 00 TURDIBAY 2013-08-18 17:10:48 +10