-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Сафарали Сиддиқов Футбол — спорт қироли!
Бизга ҳозирча «0+3» кўринишидаги квота керак
Баҳо: +1Киритилган сана: 2014-02-13 12:46
Балки янглишаётгандирман, балки вазиятни холисона бахолай олмаётгандирман, лекин ОЧЛ саралаш босқичида клубларимиз ўтказган 2 та ўйин хоҳлаймизми-йўқми кўпгина камчиликларимизни очиқ-ойдин очиб ташлади.
Чемпионимиз асосий босқичдан қатнашгани билан нима ўзгарарди? Ундан кўра плей- офф машаққатини татиб кўриб, ундан кейин гуруҳ босқичида иштирок этсак, ғалабанинг қадри нечоғлик эканини тушуниб етармидик. Машҳур сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг велосипед олмоқчи бўлган бола ҳақидаги аскиясини эслаймиз шу дамда. Америкалик бир бола кун бўйи ишлаб пул топади-ю, велосипед олишга бир доллар етмайди. Отасидан пул сўрайди. Отаси катта бир заводнинг директори. Аммо у ўғлининг илтимосига рад жавобини беради. Ўзинг ишлаб пул топ дейди. Эртаси куни ҳам ишлаган пули велосипед олишга етмайди. Яна отасининг олдига келади. Бу сафар ҳам отаси ўғлини қувиб солади. Ана шундай машаққатлар билан велосипед олган бола кейин уни авайлашини кўринг. Ўйдим-чуқур жойлар тўғри келиб қолса, велосипедини елкасида кўтариб ўтиб, чанг-ғубор теккани қўймайди. Чунки меҳнат қилган-да!
Мен бу ҳангомани нима учун мисол келтирдим? Машаққат чекилмай қўлга киритилган, текинга келган роҳат барибир лаззатли кўринмайди. "Бунёдкор" олдинги мавсумлари ярим финалларгача борди-ку дерсиз. Тўғри ярим финалгача етиб борди, лекин биз бунинг учун аввалги мавсумларда барча имтиёзлардан фойдаланиб бўлдик. Натижаларимиз йилдан-йилга пастлаяпти. Ўтган йили 2та жамоамиз тўғридан-тўғри қатнашди. Бу йил эса битта. Плей-оффда эса омадимиз юришмади (худди айни мавсумдагидек). Бу ҳам етмагандек, "Бунёдкор" нимчорак финал босқичида Таиланднинг аллақандай жамоаси қаршилигини синдира олмади. Айниқса, Тошкентдаги ўйинда 90 ҳужум уюштириб, рақиб дарвозасига йўл топа олмади. Бу кетишда ОФК клубларимизни ОФК Кубоги мусобақаси томон "бадарға" қилиб юбормаса яхшийди.
Бизнинг ҳозир ҳамма жамоамиз ОЧЛда иштирок этади. ОФК Кубогида эса бирорта ҳам жамоамиз йўқ. У ерда ҳам ҳеч бўлмаса битта клубимиз иштирок этганда бунинг зарари тегмаса керак. Ахир 2011 йилда "Насаф" бу мусобақани ютганда бутун Ўзбекистон хурсанд бўлди-ку.
Бу ёқда эса "Ал- Жаиш" ва "Кувайт"СК каби жамоаларга қарши ўйинлардаги ўтказиб юборилган мактаб болаларига хос бўлган голларни кўриб, қайси турнирга муносиб эканимизни ҳам билмай қолдим. Камчиликлар тўлиб ётибди. Оддий вазиятларда тўпни йўқотиш, стандарт вазиятлардан унумли фойдалана олмаслик, қулай вазиятлардан унумли фойдалана оладиган ҳужумчилар йўқлиги... Бундан бошқа камчиликлар ҳам тулиб ётибди.
Биринчидан, бизнинг жамоаларда ғалабага бўлган ирода деган нарса умуман йўқ деса ҳам бўлади. Биринчи бўлиб гол ўтказиб юбордикми, тамоман "шок" ҳолатига тўшамиз- қоламиз. Ҳали олдинда дақиқалар борлиги, вазиятни ўнглашга қурбимиз етишини умуман ўйлаб кўрмаймиз. Биринчи бўлиб гол ўтказиш бизга муддатидан олдин мағлубият дегани.
Иккинчидан, турнирда бош совринни қўлга киритиш ёки ўша мусобақада узоқроқ манзилга бориш учун хориждан катта суммага легионер сотиб олиб келиш умуман шарт эмас. Энг биринчи қиладиган иш жамоанинг асосий ўзагини шакллантириш зарур. Чунки футбол жамоавий ўйин. Унда бир-бирини тушуниб ўйнаш жуда муҳим рол ўйнайди. Бир хил таркиб бир неча муддат бир-бирини тушуниб ўйнагандан кейин 2-3 йил ичида яхлит жамоа бўлиб шаклланади. Бу орада қайси жойда камчилик кузатилса, ўз вақтида тузатиб ҳам борилади. Масалан, бирор чизиқдаги камчиликни жамоанинг янги тарбияланувчиси ёпиб юбориши мумкин. Ўз-ўзидан юрт футболи учун ҳам янги юлдуз кашф этилиши мумкин. Ахир ҳеч ким ҳам футболчи бўлиб туғилмайди. Инсон ўз қобилиятини яшаш, ижод қилиш жараёнида тоблаб боради. Кейин эса ўша тажрибали легионерларни жалб этиб, жамоада мустаҳкам муҳит яратиш мумкин. Бу бир мавсумда бўладиган иш эмас, 2-3 йил талаб қилади. Кейин эса мамлакат терма жамоаси ҳам бундан жуда катта фойда кўради.
Кейинги муҳим масалалардан бири — чемпионат савияси. Албатта, барча муаммонинг боши маблағга бориб такалади. Олий лигада ўйнаётган ҳар бир жамоада деярли молиявий томондан муаммолар бўлмаслиги зарур. Чемпионатда ҳақиқий интрига авж олиб, жамоалар ҳар бир ўйинга ҳаёт-мамот жангига киргандек майдонда тўп тепсин. "Бунёдкор" ҳам, "Пахтакор" ҳам, "Насаф" ҳам, "Локомотив" ҳам ҳар бир очкони қийин курашда топсин. Ҳакамларимиз ўйинларни одилона ва холисона бошқарсин. Келишилган ўйинлар тўғрисида-ку гап-сўз ҳам бўлмасин. Қани, ўшандан кейин Осиёда биз билан ким ҳисоблаша оларкин? Стадионларимиз мухлислар билан тўлиб-тошади. Чемпионатимизга бўлган қизиқиш ҳам ортади. Ўзбекистон ҳақиқий футбол мамлакатига айланади кейин. Турфа хаёлларга берилиб кетдим, шекилли. Хуллас, унгача қилинадиган ишлар кўп ҳали. Ҳаммасини "нол"дан бошласак ҳам бўлади.
Халқимиз футболни севади. Осиё Кубоги-2011да иштирок этган терма жамоамиз ҳаммани футболга қизиқтириб қўйди. Футбол деса афтини буриштирадиган айрим кимсалар ҳам футболни қандай суйиб қолганини билмай қолгандилар ўшанда. Ҳамма мендан бот-бот сурайди: "Ўзбекистон қачон ўйнайди?"
Ярим финалгача етиб борган жамоамиз барчанинг суюклисига айланди. Ҳатто Австралияга 0:6 ҳисобида ютказилган ўйиндан кейин каравотда ўтириб йиғлаган холамни биламан. Аёллар, кексалар, болалар, катта-ю кичикнинг оғзида биргина сўз: ЎЗБЕКИСТОН. Қойил қолгандим ўшанда.
Ёки ўша йили кузда Қаршининг "Насаф" жамоаси ОФК Кубогида ғолиб бўлди. Ўша ғалаба ҳам осонликча қўлга киритилгани йўқ. Айниқса, 1/4 финалдаги Таиланднинг "Чонбури" жамоасига қарши кечган драматик ўйин бутун мавсумни безаб берди, деса ҳам муболаға бўлмайди. Сафарда уларни 1:0 ҳисоби билан енгдик. Кейин ўз майдонимизда меҳмонлар футболчиси бразилиялик Фабаяно икки ўйин натижасига кўра ҳисобни тенглаштирди. Таиланд жамоаси кўп вазиятларда биздан ҳам фаол ҳаракат қилганини таъкидлаш жоиз. Жамоалар ўша куни майдоннинг ҳар бир қарич ери учун жон олиб-жон беришди. Ўйинда ғолиб "лотореяда"да аниқланди. Пенальтилар сериясида "Насаф"нинг ишонган футболчиларидан бири Артур Геворкян хатога йўл қўйди. Аммо дарвозабонимиз Мурод Зуҳуров иккита пенальтини қайтарди ва жамоасини ярим финалга олиб чиқди. Ана шундай қилиб қаршиликлар катта машаққат эвазига "Чонбури" тўсиғидан ўтишди.
Ярим финал ўйинлари ҳам "Насаф" учун осон кечмади. Чунки бундан бу ёғига кучсиз рақибнинг ўзи бўлмасди. Иорданиянинг "Ал-Файсалий" жамоаси қийинчилик билан мағлуб этилди - 1:0, 1:1. Финал ўйини 2011 йилнинг 29 октябрь куни Қаршидаги "Марказий" стадионда ташкил этилди. Шунинг учун ҳам "Насаф" қандай бўлмасин бу турнирни ютиши шарт эди. Бунинг устига бутун Ўзбекистон "Насаф"дан фақат ва фақат ғалаба кутарди. Ниҳоят, ушбу тарихий ўйинда "Насаф" оғзидаги ошини олдирмади. Украиналик мутахассис ва машҳур футболчи Анатолий Демьяненко бош мураббийлигидаги жамоа ўша куни майдонда ўз кучига ишонган ҳолда ўйнади. Энг муҳими, кечаги "Ал-Жаиш" жамоасига қарши ўйиндаги хатолар бу ерда кузатилмади. "Аждарлар" кечагина "Локомотив"ни енгиб кетган Кувайтнинг "Кувайт" СК клубини 2:1 ҳисоби билан ютиб, мамлакатимиз футболи тарихидан янги бир сахифа оча олди.
Эртаси куни ишдан кайтаётган эдим. Йўл четида бир-бирларига гап бермай баҳслашиб утирган 2 та аёлга кўзим тушди. Нима ҳақида масала талашаяптилар десам, футбол ҳақида гаплашаётган эканлар.
— Кеча "Насаф" зур ўйнади-я?
— Э, агар Геворкян тўпни ўзи тепмай шеригига, Бошковичга узатгандами, у дарвозабон билан яккама-якка чиқиб гол урарди.
Уларнинг гапига мийиғида кулиб қўйдим. Ана сизга футбол, ана сизга мухлислик. ОЧЛми, ОФК Кубогими қайсисида бўлса ҳам юрт шарафини муносиб ҳимоя қилган жамоани мухлислар суяди. Кейинги мавсумда "Насаф" нисбатан нуфузлироқ бўлган ОЧЛда иштирок этди. Аммо бу пайтга келиб бош мураббий Анаталой Демьяненко ва бир қанча етакчилар жамоани тарк этишгани боис бу турнирда кўнгилдагидек иштирок этиш анча оғир кечди.
Бу мавсум ҳам жамоаларимиз учун яхши бошланмади. Барчасига ўзимиз сабабчимиз. Хатоларни ўз вақтида тузатмасак, ҳал қилувчи ўйинга қандай тайёрланишни билмасак, биз ҳали кўп имкониятларни қўлдан чиқаришимиз ҳеч гап эмас. Шунинг учун тузатиш ишларини ҳозирдан бошлайлик.
2002 йилдаги Осиё Чемпионлари Лигасида иштирок этган "Насаф"ни биламан. Ўшанда мамлакатимиз чемпиони "Дўстлик" молиявий муаммоларга дуч келиб турнирга иштирок этишни рад этганда, унинг ўрнига "Насаф" қатнашди. Қаршиликлар дастлабки босқичда Туркманистоннинг "Копетдоғ" жамоасини 2 ўйинда ҳам мағлуб этиб ( 3:0, 1:0), чорак финал гуруҳи босқичига йўлланма олди. Бу босқичда улар "Истиклол" (Эрон), "Ал- Ваҳда" (БАА) ва "Кувайт" СК (Кувайт) каби кучли жамоалар билан ярим финал йўлланмаси учун курашди. Ўшанда ҳам ўйинлар Қаршида кечмаганди. Айниқса, майдон эгалари БААнинг "Ал-Ваҳда" жамоасига қарши гуруҳдаги сўнгги ҳал қилувчи ўйинда ҳақиқий матонат кўрсатишди. Ўйиннинг 1-дақиқасидаёқ "Ал-Ваҳда"нинг катарлик легионери Муҳаммад ал-Эназий ҳисобни очди. Ўйинда мезбонлар бугун йирик ҳисобда ғалаба козонадигандек кўринди гуё. Аммо 41-дақиқада араблар ҳимоячиси Абдулазиз Аҳмад ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Ниҳоят, биринчи бўлим якунланиши арафасида "Насаф"нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Нўъмон Ҳасанов узоқ масофадан шундай зарба бердики, футболимиз тарихидаги энг чиройли голлардан бири бўлди десам, ошириб юбормаган бўламан. Иккинчи бўлимда ҳимояда анча тартибли ўйнаган "аждарлар" кучли рақибни мухлислари кўз унгида мусобақадан чиқариб юборишди.
Осиё Чемпионлари Кубоги-2001/2002 й. 1/4 финал гуруҳ босқичи
"Ал-Ваҳда" (БАА) - "Насаф" (Қарши, Ўзбекистон) - 1:2
Абу-Даби. "Ал-Нахён" стадиони. 50000 томошабин. 10.02.2002 й.
"Ал-Ваҳда": Рамазон Жума, Абдулазиз Аҳмад, Алхай Жумаа, Муҳаммад ал-Эназий, Фаҳад Масъуд, Фаузи Ҳассан, Зияд Муборак, Ломин Контех (Исмоил Матар, 46), Рашид Али (Ёсир Салим, 55), Аъло Али, Абдулраҳим Жума.
"Насаф": Гизимчук, Номозов, Қамбаралиев, Н.Ҳасанов, Б.Ҳайдаров (Ҳамроев, 88), Раҳмонқулов, Холмуродов (Усмонхўжаев, 70), Р.Ҳакимов, Қораев, Жўнашев, А.Бозоров.
Голлар: Ал-Эназий (1), Абдулазиз Аҳмад (41-автогол), Н.Ҳасанов (45).
Шундай қилиб футболимиздаги ҳозирги ҳолатдан келиб чиқкан ҳолда курашни иложи борича пастроқ босқичдан бошламоқ керак деб ҳисоблайман. "Насаф" бир ҳамладаёк курашни бой берди. "Локомотив" эса 2 йилдан бери плей- оффдан нарига ўтолмайди.
Савол туғилади: "Бунёдкор" ҳам плей-оффдан курашни бошлаганда қандай натижа кўрсатарди? Ахир бу натижалар келгуси мавсумдаги рейтингимизга салбий таъсир этмайдими? ОФК Кубогида нима учун ҳеч бўлмаса 4-ўриндаги клубимиз иштирок этмайди? Ахир у ҳам савиясиз мусобақа эмас-ку!
Нима бўлганда ҳам бу йил Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини биргина жамоа ҳимоя қиладиган бўлди. Бу машаққатли курашда "Бунёдкор"га омад тилаймиз. Улар ниҳоят азалий орзуларига эришиб, ОЧЛ ғолиби бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришларини Яратгандан тилаб қоламиз!
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:55:53 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:55:50 01 WRBEIRQX 2024-08-06 02:43:18 01 WRBEIRQX 2024-08-06 02:43:16 01 WRBEIRQX 2024-08-06 02:40:19 01 WRBEIRQX 2024-08-06 02:40:18 01 ARISTOKRAT 2014-02-18 08:36:58 00 REALBENZEMA 2014-02-16 16:49:35 00 TURDIBAY 2014-02-14 17:10:23 +20 BEGZOD 2014-02-14 13:25:00 00 BEGZOD 2014-02-14 13:22:25 00 BEGZOD 2014-02-14 13:21:56 00 BOTIRZ 2014-02-13 18:22:23 00 ZUFAROVADHAM 2014-02-13 17:57:56 00 ZUFAROVADHAM 2014-02-13 17:57:30 00 SAIDAXMAD 2014-02-13 17:38:38 +10 FUTBOLVATANI 2014-02-13 13:38:29 00 SHAVKATFCB 2014-02-13 13:35:55 00 SHAVKATFCB 2014-02-13 13:35:34 00 SHAVKATFCB 2014-02-13 13:35:13 00 SHAVKATFCB 2014-02-13 13:34:49 00 SHAMSHER 2014-02-13 13:30:29 00 XPORTLANDX 2014-02-13 13:18:26 00 XPORTLANDX 2014-02-13 13:13:33 00