-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Шуҳрат Шокиржонов Келажак футболи
«Тома тома бўлган кўл»
Баҳо: 0Киритилган сана: 2017-03-29 21:28
Олтинчи бор Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари циклида қатнашаётган миллий терма жамоамиз олтинчи бор ушбу нуфузли турнирга чиқишдан мосуво бўлишга яқин турибди. Атиги бир кунгина аввал ҳаммаси бошқача эди-я...
Аммо кеча Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга мағлуб бўлди. Миллионлаб футбол мухлисларининг эса фиғони фалакда. Бу муваффақиятсизликда ким ёки нима айбдор? Ким айбдор бўлса жазоланиши, нимадир сабабчи бўлса — ўзгартирилишини исташмоқда.
КЕЧАГИ ЎЙИН
Ўйиндан кейинги статистикаларга кўра, ватанида 5 йилдан буён қирғинбарот уруш тўхтамаётган суриялик футболчилар барча жабҳаларда — тўпга эгалик қилиш, аниқ пас ошириш, ҳужум чизиғига тўп ошириш, дарвоза томон аниқ зарба бериш — футболчиларимиздан сезиларли устунлик қилган ва улар албатта ғалабага ҳақли равишда эришдилар. Ҳакамга осилайлик, десак, ҳакам ҳам ўйинни ёмон бошқармади. Ана шундай ҳолатда, айтилажак баҳоналарнинг кейингилари бўй кўрсата бошлади ва у мураббий оғзидан янгради: ноқулай об-ҳаво ва майдоннинг ночор ҳолати. Фақат, сурияликлар ҳам худди шу майдон ва осмон остида тўп сурганини унутиб қўйди, шекилли, жаноб Бабаян.
Лекин майдондан ташқаридаги ҳаракатлари ҳам кўнгилдагидек бўлмаган кўринади. Умуман, ўйинга тайёргарлик қандай олиб борилиши, унинг тўлиқ икир-чикирларидан шахсан ўзим бехабарман. Лекин узоқ давлатда, экватор зонасида ўйналадиган ўйинга тайёргарлик қандай олиб борилган бўлиши мумкин? Иқлимга, соатга мослашиш учун мутахассисларнинг маслаҳати олиндими, шу йўлда изланиш олиб борилдими?
Ҳамкасбим Ж.Бобожонов бир ҳафта муқаддам ўзга давлатда иқлимга мослашишнинг тўртинчи кунида инсон организмида оғир ўзгаришлар бўлишини айтиб ўтган эди. Бизникилар айнан тўртинчи куни майдонга тушишди... Бундай шароитда ўйиндан бир кун олдин, ёки иқлимга тўлиқ мослашиш учун ўйиндан бир ҳафта олдин борилади. Бу менинг фикрим эмас. Ўзи футболчилигида шу майдонларда тўп тепган собиқ мураббийимиз М.Қосимовга "Нега Баҳрайнга футболчиларни ўйинга 2-3 кун эмас, бир кун қолганда олиб кетдингиз?" деган саволга "Ҳали иқлим футболчиларни ҳолдан тойдирмасидан аввал майдонга тушиб, ўйнаб олиш керак", деган эди.
НОҚУЛАЙ АРАБ ФУТБОЛИ ҚАЙТМОҚДА
Умуман, Вадим Абрамов даврида араб терма жамоаларининг ҳар қандайи устидан осонгина ғалаба қозониш иммунитети яратилган эди. Бу ҳозирга келиб йўққа чиққани. Араб футболчиларидан яна қўрқа бошлаганимиз кишини хавотирга солмай қўймайди.
Ҳали кейинги ўйинда Қатар терма жамоаси ҳам футболчиларимизга етарли бош оғриғи туғдириши турган гап. Тошкентдаги 4:0, 2:0, 5:1 ҳисобларини унутамиз...
ҚАРИЯЛАР ТЕРМА ЖАМОАСИ
Айни пайтда гуруҳимиз етакчиси Эрон терма жамоаси 13 очко тўплаган. Ҳали бирорта ўйинда мағлубиятга учраш у ёқда турсин, форслар дарвозасидан тўп ҳам олиб чиққани йўқ. Жамоанинг ўртача ёши эса — 23да. Карлуш Кейруш икки саралаш цикли ўртасида жамоани ларзаларсиз кескин яшартириб олишга муваффақ бўлди. Эрон Осиё терма жамоалари ичида ўйиндаям, ФИФА рейтингидаям ҳақли равишда энг кучлиси бўлиб турибди. Сўнгги марта улар 4 йил аввал Ўзбекистон терма жамоасига Теҳронда ютқазишган.
Бизнинг терма жамоа-чи? Кеча Сурияга қарши ўйинда тушган таркибдаги футболчиларимизнинг ёшига эътибор беринг-а:Александр Лобанов — 31 ёш;
Анзур Исмоилов — 31 ёш;
Ислом Тўхтахўжаев — 28 ёш;
Егор Кримец — 25 ёш;
Даврон Ҳошимов — 25 ёш;
Марат Бикмаев — 31 ёш;
(Александр Гейнрих — 33 ёш)
Азиз Ҳайдаров — 31 ёш;
Сервер Жепаров — 35 ёш;
Одил Аҳмедов — 30 ёш;
Жалолиддин Машарипов — 24 ёш;
(Элдор Шомуродов — 22 ёш)
Темурхўжа Абдухолиқов — 26 ёш;
(Игорь Сергеев — 24 ёш)
Қўрқинчли-я?! 30 ёшдан ошган 7 нафар футболчи тушяпти асосий таркибда. Нима бу, ветеранлар учрашувими ёки Футбол бўйича ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ саралаш учрашуви? Сурия таркибида тўп сурган футболчиларнинг ёшига эътибор беринг:
Сурия: 25-27-24-23-24-28-24-24-29-23-25. Захирадан тушганлар: 23-26-33
Энди Хитой - Ж.Корея ва Қатар - Эрон ўйинларида майдонга тушган асосий таркиб ўйинчиларининг ёшига эътибор беринг:
Хитой: 30-31-27-28-27-36-30-30-25-26-28. Захирадан тушганлар: 28-27-20
Ж.Корея: 32-27-24-30-25-29-28-25-28-25-25. Захирадан тушганлар: 28-21-24
Қатар: 27-23-26-36-27-20-26-26-26-28-33. Захирадан тушганлар: 24-20-29
Эрон: 23-23-27-20-24-26-33-24-23-22-29. Захирадан тушганлар: 28-29-32
Ҳа, бир қараганда Хитойда ҳам "қариялар" кўпроқдек. Лекин уларнинг турнир жадвалида эгаллаган ўрниям шунга яраша-да. Ҳа-я, Хитой Жанубий Кореяни ютди, дерсиз. Лекин энди уларнинг мураббийи кимсан — Марчело Липпи! (Шу жойини эслаб қолинг).
Эронда эса қариялар асосан захирадан майдонга туширилмоқда. Кўриб турибсизки, гуруҳимиз фаворитларида ёшларга кенг ўрин берилган. Бизда 20 ёшли футболчи МТЖда сўнгги марта қачон ўйнаганини эслолмайман. Сиз эслайсизми?
БАБАЯН
Бабаян нима қилаяпти? У Вадим Абрамов 2011-12 йилларда ўйнатган юлдузли таркибга бир-икки нафар "пахтакорчи" ёшларни қўшиб, натижа қилмоқчими? Ёдингизда бўлса, Бабаян қўл остидаги терма жамоасини "Ўзбекистон тарихидаги энг кучли терма жамоа", деб таърифлаган эди. ЖЧ-2018 сўнгги саралаш босқичида учта ўйинда бой бериб бўлган жамоани. Қўрқаманки, бу бизни ютган терма жамоалар якунда турнир жадвалида биздан юқорида бўлади.
Бабаян ниманики баҳона қилмасин, футболчиларни майдондаги ўйинга мутлақо тайёрлай олмагани аниқ. Буни ҳамма кўрди. У "Осиёда ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган", деб такрорлайди. Лекин кўриниб турибдики, кўпроқ унинг бир хил ўйин услубини ўрганиб олишган. Унинг ўйин чизгилари, йиғинларидан бирор наф чиқмагани ҳақида алоҳида, батафсилроқ мақола ёзиш мумкин.
Кечаги ўйинда майдонга тушмаган Виталий Денисов ва Сардор Рашидовларнинг ўрни тўлдирилмади. Майдонга, барибир, Бабаян томонидан синалган ўйинчилар тушишди. Мана шундай паллаларда таркибга янги футболчи қўшилмаса — йиғинларнинг нима кераги бор?
Келинг, 6 февраль куни эълон қилинган ва Туркия йиғинида иштирок этган футболчилар рўйхатини ёдга оламиз:
Дарвозабонлар: Александр Лобанов ("Пахтакор"), Игнатий Нестеров ("Локомотив"), Элдор Суюнов ("Насаф").
Ҳимоячилар: Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив"), Даврон Ҳошимов ("Пахтакор"), Рустам Ашурматов ("Бунёдкор"), Азим Аҳмедов ("Пахтакор"), Бобур Йўлдошев ("Локомотив"), Станислав Андреев ("Пахтакор"), Владимир Козак ("Пахтакор"), Акрам Комилов ("Бунёдкор"), Одил Ҳамробеков ("Насаф").
Ярим ҳимоячилар: Жавоҳир Соҳибов ("Пахтакор"), Отабек Шукуров ("Бунёдкор"), Саламат Қуттибоев ("Локомотив"), Марат Бикмаев ("Локомотив"), Элдор Шомуродов ("Бунёдкор"), Жалолиддин Машарипов ("Локомотив"), Жамшид Искандеров ("Пахтакор"), Икром Алибоев ("Локомотив"), Азизжон Ғаниев ("Насаф"), Достон Ҳамдамов ("Бунёдкор").
Ҳужумчилар: Игорь Сергеев ("Пахтакор"), Шоҳруз Норхонов ("Обод").
Кўриб турганингиздек, асосий таркибда ушбу йиғинда иштирок этганлардан фақат 4 нафари туширилган. Йиғинларда синаб кўрилганларнинг бирортасидан наф бўлмабди. Барибир ўша биз ва рақиблар пухта ўрганиб олган, ўтган йилги таркиб. Уларнинг жисмоний формаси яхшими-йўқми, фарқи йўқ. Унда нега кераги бор бундай йиғинларнинг?
Масалан, Сардор Рашидов, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ёки Егор Кримецнинг спорт формаси йўқолиб қолган бўлиши мумкин-ку? Кримец Хитойда деярли ўйнамаяпти. Буни қандай аниқлаш мумкин? Албатта, ўйиндан аввал ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари орқали! (Масалан, рақибларимиз вақт топиб, Эрон Ироқ билан, Қатар Озарбойжон билан ўйнашди).
Нега ёшларни синаб кўриш учун, терма жамоа муҳитига мослаштириш учун кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ўтказилмайди? Бу борада терма жамоалар маркази нима иш билан шуғулланаётгани қизиқ. Масалан, 23 март куни Малайзияда Сурияга қарши ўйнашимиз анча йил аввал аниқ бўлиб улгурган эди. Шу ҳудудга яқинроқ Таиланд терма жамоаси шу куни Саудияни қабул қилди. Терма жамоа йиғини доирасида масалан ўйиндан 4-5 кун аввал — 18-19 мартда Таиландда уларга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушсак, ёшларни синаб, тобласак бўлар эди-ку? (Шу мақсадда "Пахтакор"нинг ўйини олдинга сурилган, "Бунёдкор" ва "Локомотив"нинг учрашувлари қолдирилган эмасмиди?)
БЎЗ ЁШЛАР УЧУН КЎЗ ЁШЛАР
Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2014 саралашида сўнгги гуруҳ босқичида муваффақиятсизликка эришганимиздан сўнг ЎФФ президенти М.Усмонов очиқчасига "мураббий олдига ЖЧга чиқиш вазифаси қўйилмаган", демаган бўлса-да, "ёшларни таркибга жалб қилишни асосий вазифа қилиб белгилаган эдик", деган эди.
Қани ўша ёшлар? Қани, ўша бизнинг U17, U20, U23 терма жамоамизда тўп сурувчи умидли ёшларимиз? Уларни МТЖ сафида кўрмаяпмиз. Уларга ҳам ишонч билдирсак бўлмайдими? Ёки умидли, иқтидорли ёшлар чиқмаяптимикан футболимиздан? Шахсан мен ишонмайман. Гап тизимда, чемпионатимизда бўлса, келинглар, фойда берадиган қилиб ислоҳ қилайлик уни ҳам. (Бу ҳам алоҳида ва ўта чуқур мавзу, албатта).
Тан олиш керак, юқорида санаб ўтилган қария футболчиларимиз аллақачон футболга берарини бериб, йиғиб олиши мумкин бўлган даромадларини йиғиб олиб, мотивацияси ўлиб бўлган футболчилар. Уларнинг ўйини юксалиш ўрнига кундан кунга таназзулга юз тутаверади буёғига. Ишонганимиз Одил Аҳмедовнинг аҳволини ҳаммангиз кўрдингиз. Бу футболчиларга ватан шаъни, мухлислар қувончи, деган тушунчалар менимча энди ёт.
Токи бош жамоамиз — терма жамоа рулига ўзимиздан чиққан, танбал, ўқиб ўрганишни истамайдиган, билимсиз, ташаббуссиз, гуруҳвоз, бунинг устига ўлгудек иримчи ва қайсар мураббийлар тайинланаверар экан мухлислар учун Мундиал орзуси армонлигича қолаверади.
БУ УЧУН НИМАЛАР ҚИЛИШ КЕРАК?
Майдалашиб ўтириш шарт эмас:
1). Ўзбекистон футбол федерацияси тизимини мутлақо қайта ислоҳ қилиб чиқиш керак. Федерация матбуот учун очиқ бўлиши, раҳбар-мутасаддилар, шунингдек, мураббийлар олдига қўйилаётган вазифалар, улар билан тузилаётган шартномалар муддати ва шартлари, уларга тўланаётган маошлар ошкор этилиши лозим.
2). Ушбу саралаш цикли тугагач, миллий терма жамоа рулига хориждан профессионал мураббий жалб этилиши керак. Албатта, профессионал шартнома имзоланган ҳолда. У ўз гуруҳи билан келиб, юртимиздаги бутун футбол мусобақалари ичидан иқтидорларни аниқлайди, ўйинларини кузатади, таркибни ёшартиради. Керак бўлса, "пичоққа илинадиган" ёшларни ўз усулига мослаб, тарбиялайди.
Таъкидлаганимдек, буларнинг барчаси ушбу саралаш цикли якунланганидан кейин амалга оширилиши керак. ЖЧ-2022 га Кейруш, Липпи, Раньери, Клинсманн даражасидаги етакчи хорижий мураббий қўл остида, маълум ва аниқ бир дастур бўйича тайёргарлик кўришимиз керак. Ўзимиздан чиққан мутахассисларга шунча ишондик, аломатиям, валломатиям эплолмас экан. Бас қилсак ҳам бўлади энди бу тажрибани.
Ҳозиргисини эса Самвел Бабаяннинг ўзи охиригача етказиб қўйиши лозим. Шу цикл учун тўлиқ жавобгарликни ўз бўйнига олган ҳолда. Акс ҳолда, агар у зудтар ишдан олинса ва бой берилган имкониятдан сўнг янги мураббий ҳам вазифани уддалай олмаса, "Менга охиригача имконият берилганида, ЖЧ-2018га олиб чиққан бўлар эдим", дейиши турган гап.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: