-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
«Авария» олдини олиш
Баҳо: +2Киритилган сана: 2012-10-12 09:03
Иккинчи тайм
«Айтилган сўз — отилган ўқ» деган мақол бор. Ёзилган сўз-чи? Босилган сўз ҳақида қандай мақол бор? Биринчи «таймда» бир нималарни ёздим-у, ўйланиб қолдим. Босиб чиқарилган сўзнинг масъулияти ҳар қандай одамнинг қаддини букиб қўя қолар экан. Шунинг учун «танаффус» чўзилиб кетиб, ҳеч нарса ёзолмай қолдим. Биринчи тайм мақоласини сайтга юбормай қўя қолдим. Куни кеча «Бунёдкор» «Аделаида»ни қабул қилиб олди. Ўйин «Жар»да бўлиб ўтди. Ҳаммасини бир бошидан ёза қолай.
Хаёлимдаги Руний мен билан ўн биринчи сентябрдан бери бирга юрибди. Ёзганларим, тушунчам, изҳорим, изоҳларим тўғрими, нотўғрими деган саволга жавоб тополмай юрибман. Иложи бўлса, Рунийнинг ўзидан сўраган бўлар эдим. Лекин бунинг иложиси йўқ.
Ўша 11сентябрда Корея термасига қарши Тошкентда бўлиб ўтган ўйин 2:2 ҳисобида тугади, сиз буни биласиз, «Пахтакор»дан уйга кеч қайтдим. Ўша хаёлим, яъни тўғрими ё нотўғрими деган хаёлим мен билан бирга уйга қайтди. Кейин «Бунёдкор» ўзимизда «Олмалиқ»қа ютқазиб аччиғини тишлади-ю, сафарга жўнаб кетди. У ердан кенгурулар билан баравар ташлашиб, дуранглашиб қайтди. Ҳисоб яна 2:2 бўлди. «Пахтакор»чилар мендан ўпкаланишмасин. Мен ярим асрдан бери «Пахтакор» мухлисиман. Бундан қатъи назар, буёғига диққатим марказида доим Қосимовнинг қадамлари, айтган сўзлари, ишлари туради. Бу тушунарли ҳол. Термамиз тақдири бундан буён унинг қўлида. Ҳаммамиз учун Ватанимиз шаъни биринчи ўринда турса керак, шундай эмасми. Шунинг учун, «Бунёдкор» ўйинларига тикилиб кунларим ўтмоқда. Доҳада бизни ҳаёт-мамот жанги кутиб турибди. Шу кунлари Руний ҳам узоқ-узоқларда юриб бўлажак жангни ўйлаяпгандир. У ҳам фақат шу ҳақда ёзган бўлар эди. Мен ҳам, абатта, шу ҳақда ёзишим керак. Нега жимиб қолдим? Қоним хафақон бўлса-да, ўзим ҳеч кимдан хафа эмасман. ЎЗИга шукр, ётган жойимда ҳам ёза оламан. Бир нарсага маҳкум эмасман. Узоқ жойда маҳбус эмасман.
Бир мушт
Куни кеча «Жар»да Қосимов «кенгуру»ларни муносиб кутиб олди. Бутун жамоанинг мақсад, истагини бир нуқтага йиғиб, иродасини бир муштга айлантира олди. Бундай ўйин билан Қосимов футболимизда янги гапни айта олди. Гарчи «Бунёдкор» ярим финалга чиққан бўлса-да, клуб миқёсида «айтилган бундай янги гап»ни ушбу ўйин натижасидан кўра биз учун муҳимроқ деб биламан. Тўғри-да, бутун жамоа бир тан-у бир жон бўлиб, бир муштга айланишини на чемпионатимизда, на термамиз ўйинларида илгари кўрмаганман. Хоугтон раҳбарлигида Кувайт термасига 2:0 ҳисобида ютқаза туриб, рақибни 3:2га ютган ўйинимизда ҳам бундай аҳвол юз бермаган эди. Мазкур жамоа тағин 2та жангда иштирок этиш, унда ғалаба қозониб тажриба орттириш эшигини ўзи учун очиб олди. Қосимов сценарийси бўйича, унинг режиссурасида тағин иккита жангни ОЧЛда кўрамиз. «Пахтакор»нинг мухлиси учун бунинг қандай аҳамияти бор дейсизми? Сабр қилинг.
Иқрорнинг ёқасидан олиш
Абрамов иккита термани бирданига якка ўзи бошқарганида мен бунга қарши бўлиб, бундай ҳолни камида мураббий касбини ерга уриш деб баҳолаган эдим. Бирданига икки термани бир мураббий бошқариши, бир-бирига мос бўлмаган икки хил вазифани бир даврнинг ўзида бир мураббийнинг зиммасига юклаш нотўғри бўлган эди деб биламан. Бундай аҳволда бир жамоа мақсадини иккинчисига бўйсиндириб, ҳар қандай натижани ўша жамоа зиммасидан олиб ташлаш керак эди деб биламан. Биз эса, иккала жамоадан катта натижалар кутиб ақлсизсизлик қилган эдик. Ҳозир Қосимовнинг аҳволи қандай? Унинг ҳам елкасига иккита вазифани юклаб қўйганмиз. У ҳам юкларни индамай тортмоқда. Термани ишсиз юрган Инилеев ё бошқаси тортсин, ёки «Бунёдкор»ни Эргашев вақтинча торта турсин демади. Бу ҳолни ўз бошини ўзи кундага қўйиш деб баҳолаймизми? Бугун Қосимов икки юкдан бирини, яъни икки жамоадан бирининг натижасини четга суриб қўйиши керак эмасми? Биз ё ЖЧ-2014 финалига чиқиш каби масъулиятни унинг елкасидан олиб ташлашимиз кеак, ё «Бунёдкор»дан бу йил катта натижалар талабини четга суришимиз керак, шундайми? Шундайлигини мутасаддилар жуда яхши билиб туришибди, шунга рози бўлиб юришибди. Айтилмаган бу иқрорни Футбол Пешволари тил учида айтиб бўлишган. 16 октябрь куни Доҳада ўйинимиз ўхшаса-да, биз ютқазиб, Бразилия орзусини чиппакка чиқаришимиз мумкин. Бу - футбол. Мабодо шундай бўлса ҳам, мураббий тақдирини кундага қўйишмайди. Овоз чиқармай айтилган бундай иқрорни Қосимов ҳам эшитиб бўлган. Шунинг учун у термада руҳан зўриқмай ишлаяпти. Қўлидан келганича ўйин сифатини оширяпти. Юқори натижа ваъдаси елкани букмаяпти. Ишқибознинг эса иштаҳаси доим карнай: тўрт йўналишда ҳам энг юқори натижани Қосимовдан кутиб яшайди. Ҳақли бўлмаса-да, мазкур Иқрорнинг ёқасидан тутиб яшайди.
Шундай бўлса-да, Қосимовнинг аҳволи касб моҳияти бўйича Абрамовникидан тубдан фарқ қилади. Абрамов турли ёшдаги жамоалар билан бир даврнинг ўзида турли ўйин тасвирини яратиши керак эди. Мураббий бундай мураккаб ишни эплай олмади. Ҳозир бутунлай ўзгача аҳвол. Тўғри, ҳозир Қосимов қўл остида икки жамоа бор. Терма ва клуб жамоалари. Фарқини англадингизми? Сиз биласиз, терма ўйинчилари билан клуб ўйинчилари ёши, маҳорати жиҳатидан тенгдирлар. Бири терма жамоа бўлса, бошқа бири Ўзбекистон миқёсида бўлса-да “Реал”, “Челси” каби йиғма жамоа. Мураббий уларнинг олдига бир хил вазифа, яъни бор ўйинни юқори даражада созлаб олиш вазифасини қўяди. Икки жамоада бир хил ўйин ғоясини яратишга куч, вақт сарфлайди. Абрамов беш кунлик йиғинда бир нарсани яратишга улгурса улгурарди-ю, навбатдаги беш кунлик йиғинни кутиб, унда бошқа ёшдаги жамоа билан бошқача ўйин ғоясини олдинга сураман деб тиришар эди.
Ҳозир бутунлай бошқача аҳвол. Ҳозир Терма жамоамиз бир клуб асосида ташкил топмаган бўлса-да, Қосимовнинг клубдаги фаолияти тарма йиғинларининг давоми бўлиб боряпти. Термада йўл қўйган ўйин нуқсонларини клубда даф қилиш йўлини қидиряпди. Термада беш кунлик йиғинда амалга ошмай қолган ўйиннинг янги ғояларини клуб ўйинларида синаб кўриш имконияти пайдо бўляпти. Терма йиғинлари тугагач, Қосимов у ерда бошлаб қўйган ўз ишини клуб ўйинлари «лаборатория»сида узлуксиз давом эттириши мумкин. Бундай қулай имкониятлардан илгари яхши натижа чиқара олмас эдик. Сўнги бор Непомняшчий ўриндошлик асосида термани бир оз бошқарган эди. Ва тезда клуб юкидан воз кечган эди (кейин термадан ҳам воз кечгани эсимда). Тарихдан биламизки, Лобановский ўриндошлик асосида яхши натижаларга эришган эди. Ўз клуби суперкубок эгаси бўлиб, у бошқарган терма ЖЧда гурухдан чиққан эди. Эсимда, Венгрия термасини биринчи ўйиндаёқ 6:0га ютган эди (ўшандан бери Венгрия футболи ўзининг юқори мавқеини тиклай олмаяпти). Ҳозирги кунда Сёмин истеъфога чиққач, Блохин шундай мақомга эга бўлди. Навбат Қосимовга келди. У бугунги мақомида мавжуд қулайликлардан фойда чиқарадими ёки ноқулай вақт тиғизлигидан жабр кўрадими? Бу ўзига боғлиқ. Мен ғалабалар тарафдориман. Шундай экан, терма ўйинларини «Бунёдкор» ўйинлари билан биргаликда таҳлил қилиб кўрай. Ақлим етармикан?
Эски гаплар
Кечаги «Аделаида»га қарши ўйин қандай ўтди, шунга баҳо берайин. Боя Қосимовнинг футболимизда «айтган янги гапи»ни кўриб, маза қилганимни сизга айтган эдим. Ҳозир эски гапларни кавлаштирай. «Бунёдкор» ушбу ўйинни қандай бошлади? Йигитларга майдонни ўз назоратига олиб, тўпни кўпроқ ушлаш вазифаси топширилган эди, шекилли. Бунинг учун тўпсиз ўйинчилар бетиним ҳаракат қилиши керак. Тўпни доим тезланиш йўлига (на ускарение дейишади) ошириш керак. Қайтарма ошириш пайтида, «перепасовка» дейишади, шериклар янги зоналарда янги ҳужум йўналишларини доим таклиф қилишлари керак. Бундай ўйин тасвири ички чемпионатимизда кам бўлганидан йигитлар уни ўхшата олишмади. Ҳужум билан ҳимоя орасида узилиш пайдо бўла бошлади. Бу ҳол «Аделаида» ўйинчиларига ёқиб тушди. Марказдан ёриб кириб, бизга гол уришди. Кейин бизникилар ўйинда «галстукни ечиб қўйиб», «установка»ни четга суриб, «чапани» бўлиб, ўзбекчасига жанг бошлаб юборишди, чамамда. Шунда майдон назорати бизнинг қўлимизга ўтди. Уларнинг «ақлли» голларига қурувчилар чапани голлар билан жавоб қайтаришди. Бундай ёпирилиб ўйнашни бизнинг шарҳловчилар «ҳужумкор ўйин» деб аташади. «Бунёдкор» важоҳат билан рақибни босиб ташлади. Гап келганда айтиб ўтай, бундай ўйин тасвири билан Қатарни юта олмаймиз. Важоҳатга урғу бериб ўйнасак, 16-санада у бизга ҳеч нарса бермайди.
Тағин эски битта гап бор. Рақиб ҳужумини бошланишидаёқ, уни майдон марказидаёқ бўғиб ташлашни билмаймиз. Бизда марказ ўйинчилари рақиб ҳужумини орқадаги ўз шеригига курашмасдан топширишади-ю, ортда қолиб кетишади. Бизга урилган тезкор гол худди шу сабабдан киритилди. Бизнинг футболда, яъни чемпионатимизда марказдан силсила билан ёриб кириб гол уриш кам учрайди. Шунинг учун марказдан кириб бизга гол уриш рақибга онсон бўляпти. Бизнинг футболда ўртакашлар, олдиндагилар орқага қайтиб ҳужумбузарлик қилишмайди. Бундай ўйинни тушунмаганлар, биз «ҳимоявий футбол» ўйнамаймиз дейишади. Чемпионат ўйинларимизда бизнинг яққол ҳужумчиларимиз Руни, Мессиларга ўхшаб вақти-вақти билан орқага, ҳимояга қайтиб ўткир ҳужумни ичкаридан бошламайдилар. Рақибнинг жарима майдонида қолиб кетиб пассив ҳолатда «сигир боқиб» юришни маъқул кўришади.
11 сентябрда Корея футболчилари бор қудратини ишга солмасдан бизга қарши ўйнашди. Ғалабага чоғланиш уларда паст эди. Мо-ти-ва-ци-я дейсизларми бу сўзни. Бу муҳим ва қийин масала. «Динамо» Киев мураббийи ўз уйида йигитларни «Боруссия»га қарши ғалабага чоғлантира олмади. Меҳмонда уларни 3:1га ютиб келган эди-да. Кейин Сёминга жавоб берилди. Биз Кореяга қарши ҳаёт-мамот жангини қилдик. Улар бизга қарши «тўқ қорин» билан, ғалабага, очкога «тўйган қорин» билан ўйнашди. Жамоани ғалабага чоғлантириш жуда қийин иш. Мураббий ўйинчи чаккасига шапалоқ тортиб юборадими, пешонасига бутса отадими, ёки энг охирги ахлат сўзлари билан сўкадими, бу ўзининг иши. Ғалабага эришса бўлгани. Сёмин Киевда, Қосимов Олмалиқда ва ТТЗда, Чой Кан Хи Тошкентда бу ишни эплолмадилар. Агар ҳар бир йигит ичидан жангчига хос ғазаб ғалаён кўтариб турмаса, кўзлари мана-менман деб чақнаб турмаса, бутун жамоа бир мақсадга ишониб бирлашмаса, ҳар бир ўйинчи шахсий ҳаёти билан, қай бир ўйинчи маишат хаёли билан бўлса, захирадагилар ғалабага ишониб ҳайқириш ўрнига алам билан михланиб ўтирса, мураббий учун жамоани чоғлантириш вазифаси қийин бўлади. Тарихимизда суперкубокни ютган жамоани ғалабага чоғлантиролмай Тошкентга келган Лобановский бизга 0:5 ҳисобида ютқазган эди. Шу ўйин қатнашчиси Тўлаган Исоқов ҳалигача буни эслаб юради. «Динамо» Киев мураббийи Блохин, Демяненко, Буряклар ўрнига курашга чанқоқ ўринбосарларни майдонга туширганида эди, бошқа ҳисобни кўрар эдикми, дейман. Бу ерда бошқа бир гап бор. Дам олиб, одам сарф бўлиб кетган жисмоний энергиясини тиклаб олиши мумкин, сарф бўлган руҳий энергияни тиклаб бўлмайди. Кетма-кет икки ўйинда энг юқори руҳий зўриқишда йигитларни ушлаб бўлмайди. Иккинчи ўйинда улар руҳан зўриқмай ўйнашади. Қурувчиларнинг «Локомотив»даги мағлубияти ҳам гапимга изоҳ бўлади.
Демак, ўз кунимизга, ўз унимизга қайтсак, бизга нисбатан карисларнинг ўйиндаги сифат захираси катта бўлса-да, чоғланиш паст бўлди. Бизда ғалабага интилиш, истак, важоҳат баланд бўлди. Шунинг учун биз улар билан тенг ўйнадик.
Яна Роналдуми?
Доҳада бизни бошқа жамоа, бошқа ҳолат кутиб турибди. Улар ҳам ғалабага қонсираб туришибди. Уларнинг важоҳати бизникидан паст бўлмайди. Уларга ҳам уч очко сув ва ҳаводек зарур. Физикада улар биздан устунроқ. Осиё кубоги-2011да Кувайтни 3:0га ютган ўйинлари эсимда. Ўша ўйинда Юсуф Аҳмад Али урган голни сиз ҳам эсласангиз керак. У бир уринишда тиззаси билан тўпни ўзига мослаб, кейинги уринишда тўпни дарвозага сўқиб қўйган эди. Биз эса Осиё кубогида тўқнашиб уларга дарс бериб қайтган эдик. Ўша очилиш ўйини футбол тарихимизда қолди. Улар ҳозир биздан ўша жамоани, ўша ўйинни кутишмоқда. Бу гал термани Абрамов эмас, Қосимов бошлаб бормоқда. У, табиийки, янги ўйин олиб кетмоқда. Бу ўйин ҳам тўқнашувлар тарихида қолади деган умид билан ёзмоқдаман.
Ўша ўйин қандай ўтган эди, шуни эслаб кўрайлик. Абрамов Доҳага йиғинларда бир ойдан зиёдроқ тайёргарлик кўриб борди. Бир ўйин тасвирини яхшилаб чизиб, ясаб олишга улгурган эди. Қосимовда бундай шароит бўлмаяпти. Қосимов имкониятида беш кунлик йиғинлар бор, холос. Голландия, Англия ўйинларини эсланг, уларнинг клублари термадан юқори ўйин кўрсатишади. Уларга 5 кун кифоя. Баъзида уларда ҳам суперюлдузларга беш кунлик йиғинлар камлик қилгани учун, терма ўйинчилари бир бутун жамоа бўлиб ўйнаши учун уларга ҳам вақт етишмай қоляпти. Бу йилги ЕВРОда Роналдунинг Португалия термасидаги ўйини қовушмай, фақат учинчи ўйинда биринчи голини ура олганини эсланг. Бизга йўл бўлсин. Бизнинг термамиз клубларимиздан бир калла юқори ўйин кўрсатиши шарт. Бизга, албатта, беш кунлик йиғинлар озлик қиляпти. Шунинг учун доим гуруҳ ўйинларида қоқиляпмизми, дейман. Бундай ноҳуш анъанани Қосимов синдириб ташлармикан?
Тезкор гол
Доҳани хотирлашдан олдин ўсмирларимизнинг кечаги финалдаги ғалаба ўйинини таҳлил қилайин. Нуралиев шогирдлари тезкор гол уриб олиш ниятида майдонга тушишди. Ва ҳужумни бошлаб юборишди. Японлар жиддий ҳимояланиб майдон назоратини қўлдан беришмади. Ҳужум қилиш биздан эди. Ўйин японларники эди. Улар ишончли ҳимоялана туриб бунга эришдилар ва бизга гол уришдилар. Буни «ҳимоявий футбол» деймизми? Пишиқ, пуҳта ҳужум қилишни жуда яхши билган жамоа ҳимоялана туриб ҳам рақибни енгади. «Челси» «Барса»ни шундай енгган эди. Бу йил Кейруш Абрамовни шундай қулатди. Кейин Нуралиев шогирдлари майдон ва ўйин назоратини қўлга олгунча анча вақт сарфлашди. Кейин жавоб тўпини киритишди. Ҳар бири ўз жамоасига ва ортидаги мураббийига тўлиқ ишонч билан ўйнади ва охир-оқибат пенальтилар бўйича рақибни ютишди. Айтмоқчиманки, майдон назоратини қолга олмай, ўйинни ўзига бўйсундирмай туриб тезкор гол уриб бўл-май-ди.
Қосимов бир суҳбатда Доҳада бўлажак ўйинда тезкор гол уриб олсак, марра бизники деб айтди. Илойим шундай бўлсин. Фақат бу гол жиддий ҳимояланиш ва ўткир ҳужум қилиш натижаси, рақибни буклаб қўйиш натижаси, ўйинни ўзига бўйсундириш натижаси бўлсин. Осиё кубоги-2011 очилиш ўйинига қайтайлик. Биз тезкор гол урмадик. Бизнинг ҳаракатларимиз ярим сонияга бўлса-да рақибдан устунлиги туфайли майдоннинг ҳар бир қарич ерида ўйин жиловини маҳкам ушлаб ўйнадик. Рақибнинг оширмасигаям, зарбасигаям тўсма ташлаб улгурардик. Бу сўзни «блокировка» дейсизлар. Шацких орқароқда, чапда ўйнади. У тезкор ўйинчи бўлмаса-да, у бор жойда шериклари мазмунли ўйин кўрсатарди. Тўпсиз ҳаракатланиш бизда баланд даражада бўлди. Жасур чап қанотни тилкалаб турди. Одил туфайли ҳужум билан ҳимоя ўзаро киришимли бўлиб, ўйинимиз эгилувчанроқ, қайишувчанроқ бўлди. Бундан буён ҳам ўртакашларни ҳимоя марказига, ҳимоячиларни ҳужум бошига бир-икки ойга «хизмат сафарига» жўнатиб турсак фойдадан ҳоли бўлмайдими, дейман. Одилнинг голини ҳамма эслаб юрса керак. Куманнинг кўп бор урган қайсар, баджаҳл голларидай эмас, марказий ҳимоячи Муртаз Хурцилаванинг пурвиқор голларидан бўлди бу гол. Одилжон, ўша биргина зарбангиз туфайли Сиздан барча ишқибозлар ҳам, ўзбек футболи ҳам миннатдор бўлиб қолган. Шундай сонияларнинг садағаси кетсанг арзийди. 50 йиллаб футболга тикилиб яшасанг арзийди.
ОК-2011нинг очилиш ўйинини «Халифа стедиум»да Абдураҳмон бошчилигида йигитларимизни қўллаб, бақириб, чақириб томоша қилганимиз кўз олдимга келди. Эсимдадир ўша дамлар... Кўзларим нам... Бошқа ёзолмай қолдим.
Алаҳсимоқ
Тонгда набирам билан саҳар ошига бордик. Қудам янги туғилган набирасига атаб шукронасига ақиқа эҳсон дастурхонини ёзган эканлар. Бу эҳсон мўъжазгина «Чуқурсой» тўйхонасида бўлиб ўтди. Ош танаввул қилингач, дастурхонга фотиҳа қилишни мендан сўрашди. Мен йигирма вароқ бир нима ёзишим мумкин-у, 20та одам олдида бир калима сўз айтолмай қоламан. Қудаман, наилож, гапирдим... Оллоҳга илтижо қилиб, мурғакка узоқ умр, баҳтли, сермазмун ҳаёт йўлини тилаб жуда узоқ гапирибман. Созандалар ҳам ашула айтишни тўхтатиб тинглаганмишлар. Кўзларимдан ёш сел бўлиб оқармиш. Футбол тўғрисида ҳеч ким айтмаган илиқ гапларни айтган эмушман. Ўзим ҳеч нарса билмайман. Алаҳсий бошладим, шекилли. Ўсиб, улғайиб Олим бўлишини тилагач, умрини футболга бахшида айлагувчи инсон бўлишини тилабман. Акмал Азизхўжаев ва яна алла-кимлар ҳақида яхши гапирибман. Узоқ гапирибман. Ўзим билмайман. Хафақонлик дарди, ё жуда кам ухлаганим бунга сабаб бўлдими, дейман. Яна бир сабаб шу бўлди-ки, янги туғилган чақалоққа Хайруллоҳ деб исм қўйишганини эшитиб, кўз ёшимни тўхтатолмай қолдим. Хайрулло исмини жуда кўп тилга олибман...
Сизлар мендан ўтиб ишқибозчилик қиласизлар, мендан ўтиб шу ойнинг 16-кунини ҳаяжон босиб кутмоқдасизлар. Қосимовга ҳозир осонми? Айтингчи, қайси касбдаги одамга ҳозир бутун Ўзбекистон бундай тикилиб қолган? Юртимизда бирон бир бошқа одам бундай қалтис аҳволда эмас. Шу дамда биронта ТЕЦда авария олди олиниб, унинг раҳбари бутун туман аҳолиси олдида қалтис аҳволда қолгандир, балким. Ҳозир бутун Ўзбекистон аҳолиси Қосимовнинг термани «авария»дан эсон-омон ўтказиб олиш ҳаракатини кузатяпти. Худо хохласа, албатта Қатарни ютиб, ҳозирги хатардан эсон-омон ўтиб оламиз. Абдураҳмон издошлари Худо хоҳласа, ғалабамиздан сўнг Тошкент кўчаларида байроғимизни баланд кўтариб машиналарда бутун шаҳарни кезиб тантана қиладилар. Худди шу пайт Абдураҳмоннинг ўзи дўстлари билан Доҳада ғалабамизни байрам қиляпган бўлади.
Ҳисобчилар офсайдда қолди
Бу қуруқ гап эмас, асосли ишонч бу. Биз Қатар термаси билан тенг кучлимиз. Кечаги кенгуруларга қарши ўйнаганимиздек бутун жамоа бир муштга айланиб сўнгги сониягача жанг қилса, албатта ютамиз. Ҳозирги 18та Қатар мураббийи Пауло Аутори Бруно Метсю жамоасини бутунлай янгилади десам бўлади. Таркибда янги ўйинчи номини ўқидим. Биз билган Ҳалфан Иброҳим, Себастьян Сорияларнинг ўйин даражасини биламиз. Бу гал ЖЧ йўлида турли вариантлар ҳисобчилари ишсиз қолди. Бизга фақат ютиш керак. Футболнинг мазмуни ҳам шунда. Майдонга ҳар хил ҳисоб-китоб учун эмас, ғалаба учун тушади ўйинчи. Ҳар бир ўйинимиз финалга тенг. Фақат ғалаба керак. Ҳар бир ўйинда биттадан ёпиқ эшикни Бразилия томон очиб борамиз. Бошқа чорамиз йўқ. Бу жанг. Зўр бўлсанг, майдонга туш. Бу эркаклар ўйнайдиган футбол ўйини. Олға, йигитлар.
Азизларим, бундай шиорнамо сўзлар менга хос эмас, биламан. Лекин на қилай, қўл билан ёзган биргина Сўзни ортга қайтариб бўлмайди. Набирам Умматали бир талай ҳисоб-китоб рақамларини менга кўрсатди. Биз дуранг ўйнасак, бошқаси шунда бундай ўйнаса, яна бошқаси ундай ўйнаса нима бўлади ? Ва ҳоказо, ва ҳоказоларни санаб чиқибди.
Менинг эса бошқа саноғим бор. Бирон бир терма ўйинчимиз олдида мен ҳам бир ҳисоб-китоб қилай: Эй, фалон футболчи, шу кунга қандай етиб келдинг? Эсла. 11 ёшингдан бери футболчи бўламан деб то 16 ёшингача қанча югурдинг, минглаб сафдошларинг қани? Кейин Олий лига жамоасининг асосий таркибига кираман деб қанча тиришдинг, ўша пайтдаги юзлаб сафдошларинг қани? Кейин Терма аъзоси бўламан деб қанча интилдинг, ўша кунлардаги ўнлаб сафдошларинг қани? Игнатий ва Сашалар билан бирга Амирликда елкама-елка ЖЧда жанг қилган сафдошлари қани? Бу қандай бахтки, шу кунга етиб келдинг. Бу кунга етганлар бор, етмаганлар бор. Майдонга содиқ қол. Қолган ҳаммаси бу ўйин олдида «капейка». Бундай жанговор ўйинни кейин то-пол-май-сан. Балким, келгусида катта пул сарф қилиб, Бразилия билан ўртоқлашиб ўйнашимиз мумкин бўлар. Ўша ўйин ҳам сенинг ҳаётингда Доҳачалик муҳим бўлмайди.
Майдонга тушиб ўйна. Роҳатланиб, спортча ғазабланиб ўйна. Фақат ЎЙНА. Ҳаётингдаги ушбу саҳифани ҳозир ёз. Ҳеч нарсани ҳаётда қайта ёзиб бўлмайди. Биз эса Ғалабани бизга ато эт деб, ОЛЛОҲга илтижо қилиб қоламиз.Ҳурмат билан Ҳасанали Қодиров
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 08:23:45 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:23:44 01 WRBEIRQX 2024-08-06 03:19:07 01 WRBEIRQX 2024-08-06 03:19:05 01 WRBEIRQX 2024-08-06 03:17:39 01 WRBEIRQX 2024-08-06 03:17:36 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:26:17 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:26:15 01 SHERZODCHIK 2012-10-23 18:19:03 00 BEKXEM 2012-10-12 16:24:54 00 BEKXEM 2012-10-12 16:24:13 00 UZBEKFAN 2012-10-12 16:05:15 00 FARKHODFAYZ 2012-10-12 14:19:20 00 FARKHODFAYZ 2012-10-12 14:19:14 00 ATSTEYKA 2012-10-12 14:15:24 00 ATSTEYKA 2012-10-12 14:14:51 00 SOBIRUZ 2012-10-12 13:42:19 00 ATSTEYKA 2012-10-12 11:11:23 00 ATSTEYKA 2012-10-12 11:11:07 00 XUMOYUNBEK 2012-10-12 09:48:08 +10 XUMOYUNBEK 2012-10-12 09:47:58 00