-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Билмадим... Билолмадим... (Сўнгги туғён). 4-қисм
Баҳо: 0Киритилган сана: 2013-08-19 11:26
Кубогимизнинг ярим финалида ҳамда бошқа бир ўйинда, яъни ярим йўлида қайта давом эта бошлаган чемпионатимизнинг 14-турида, бир ҳафтада икки бора тўқнашган “Бунёдкор” ва “Локомотив” ўртасидаги ўйинларни кўрдик. Хаёлимда термамизнинг бўлажак ўйинлари бир чеккада тургани ҳолда бу ўйинларни кузатдим. Кимнинг ҳизмати экан билмадим, уч йил ичида “Локомотив”га янги ҳаёт бағишлаб, футболимизда янги, тоза, кучли рақобатни юзага келтирибди. Отасига раҳмат. Тез орада бу икки жамоалар орасидаги жангларда янги авлод тобланиб боради. Ҳозир эса, мен термамизнинг навбатдаги ўйинлари қандай ўтади, терма мураббийига нима билан ёрдам бера оламиз ёки ғалабамиз учун нима қилмоқ керак, деган саволларга жавоб изламоқдаман. Кўнгил совғалар, эҳсонлар, эзгуликлар қилишга, меҳр-эътибор кўрсатишга интилган бир дамдир бу дам. Мен эса...
СУФЛЁР ЎРНИ ОМОН БЎЛСИН.
Бу ой давомида футболимизда бўлиб ўтган муҳум воқеалар ҳикматини англаб эмас, онглаб олиш ниятида, оралиқ дамда бўлиб ўтган воқеаларни эзгуликка йўйиш ниятида юрибман. Воқеаларни баҳолашда икки тараф бўлиб қолган футбол ичи ва ташидаги одамлар орасини бирлаштирувчи нуқталарни топаман деб ушбуларни ёзмоқдаман.
Кимса бир нима демасин, ё ёзмасин, ё бир нимани қилмасин, у доим ”буюртма” бажаради, деб эдим. Шу пайт инсоннинг шахсий ҳаёти, шахсий фикри четга чиқиб туради, деб эдим. Масалан, тиббиётда шахсий фикрга кўра ташхис қўйиш ёки даволаш ман этилади. Тиббий кўрик натижасига кўра ташхис қўйилади, тиббиёт илми тан олган усулда даволанади. Тиббиётда мутахассисдан бўлак ҳеч бир кимсанинг фикр билдиришга хаққи йўқ. Корхонада ҳам шу аҳволни кўрамиз. У ерда раҳбар фикри, талаби устувор. Ҳарбий хизматда ҳамма ўз қўмондонининг буюртмасини эмас, буйруғини бажариши шарт. Рухсатсиз фикр билдириш мутлақ тақиқланган.
Айтганларимга бошқа томондан қиё боқайлик. Яратган эгам фақат инсонга фикрлаш қобилиятини берган экан, одам ўз лавозими чегарасида, ўз ишида, ўз шахсий ҳаётида, касби- корида фикр юритишдан, ижод қилиб бир нимани яратишдан бахтиёрдир. Фикрлай олиш бахти инсоннинг бир зумлик ҳаётига боқий мазмун баҳш этади. Бу гапимга ер юзида инсон қўли билан яратилган барча обидалар далил бўла олади.
Шу нуқтаи назардан футболни кўриб чиқайлик. Футбол ташига ва ичига баҳо берайлик. Футболчи майдонда мураббий кўрсатмасини бажарган тақдирда ҳам, ўз фикрига эга бўлиши шарт. Чунки у тез ўзгариб турган вазиятларда ўзи фикрлаши, сониянинг улушида ўзи тўғри қарор қабул қилиши керак. Чунки бу пайт мураббий “суфлёр” ҳолатида қолиб кетган бўлади. Мураббийи ва жўралари билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиши шарт. Мураббий ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Мураббий ўз фикрига эга бўлмаса, уни бир томондан футболчилар олдида, бошқа томондан раҳбарлар олдида кескин ҳимоя қила олмаса, яшил майдонни тарк этгани маъқул...
КИМ ДЕВОНА?
Футболчилар ишқибоз учун майдонга тушадилар. У ерда ишқибозлар учун жанг қиладилар. Агар Ўзбекистонда ўн миллион ишқибоз бор бўлса, ўн миллион шахсий фикр бўлади. (З.Қосимов бу рақамни 30 миллион бўлишини орзу қиляпти. Мен ҳам. “Интер Футбол”. 60-сон, 23-бет.) Бу табиий ҳол. Ўз ишида, ўз раҳбари олдида, ўз шахсий фикрини айта олмаган ишқибоз стадионга келиб футбол ҳақида шахсий фикрини ҳамманинг олдида ошкора ҳимоя қила олади. Унинг фикри ижобий бўлсин, ё салбий бўлсин, барибир уни баралла бақириб айта олиши ишқибознинг ғурури ҳисобланади. Стадионда қирқ минг одам бирлашиб, “тўлқин” ҳосил қилиб бақириши ишқибознинг сурури ҳисобланади. Ҳар бир одам ўз ташвишига кўмилиб, ўз дарди билан, ўз уйида, ўз ҳаётини бошидан кечиради. Фақат футбол дарди уларни бирлаштиради. Ҳаётимизда одамлар бир-биридан шунчалар узоқлашиб кетган-ки, кимдир кўча-кўйда ё транспортда ўз фикрини ҳимоя қилиб кетса, ё нотаниш ўзга одамга ҳамдард бўлиб у билан қучоқлашиб кетса, уни эси паст, девона дейишади. Стадионда бошқа гап. У ерда қирқ минг одам бир-бирига ҳамдард бўлиб, биргаликда ўйиндан қувонса ё қайғурса уларга биз ҳавас қиламиз.
“ЭСКИ ЖЎВАГА” ЙЎЛ БЎЛСИН
Бизнинг ишқибозларда фикрлаш қобилияти, ўз фикрини изҳор этиш маданияти энди-энди шаклланиб бормоқда. Бу борада жон куйдириш футбол журналистикаси зиммасидаги вазифадир. Газеталаримиз қанча кўп бўлса, қанчалар турли-туман бўлса, шунча яхшидир. Ҳар бир ишқибоз ўз футболқарашига яраша ўзининг газетасига эга бўлиши керак. Масалан, бир газета воҳа футболига кўпроқ қайғуриб, испан футболини батафсил ёритиб борса, бошқаси водий футболига саҳифаларини бағишлаб инглиз футболини тарғиб қилиши мумкин. Турли журналистлар турли мақолаларида ўз фикрини изҳор этиб, унга изоҳ бериб, ўзга фикрни ҳурмат қилган ҳолда, ўз фикрини далиллар билан ошкора ҳимоя қилса, ишқибозларнинг футбол билимини оширган бўлади, уларнинг изҳор маданиятини ўстирган бўлади. Бу бир кунлик иш эмас.
Ҳозирги кунда кўп ишқибозлар футболни “югурди, қочди, тепди, урди, ютди, ютқазди”лардан иборат деб билишади. Масалан, менинг ушбу мақоламни аксарият ишқибозлар ўқимайдилар. Ўқисалар-да, тўлиқ тушунмайдилар. Шундай бўлса-да мени тушкун ҳолда кўрмайсиз.
Мураббий ҳам ўз футбол қарашидан келиб чиқиб, ўз жамоасининг ўйинига кичик бир янгилик олиб кирмагунича ўз йўлида давом эта беради. Футбол ҳам журналистика каби тақлид, такрор, қолибни ёмон кўради. Футболда ҳар бир мураббий ўз йўлида юриб ўз гапини айта бериши керак. Шундай экан, мен ўз услубимда қолиб, ишқибозларни фикрлашга ундаб ёза бераман.
Чунки футболни нафақат бир ўйин деб, балки ижтимоий ҳодиса деб биламан. Инсон доим ўзининг ватанпарварлик туйғусини улуғлаб яшайди. Масалан, “Эски жува” бозорида кимдир “Ўзбекистон” деб бақирса борми, ҳамма уни жинни дейди. “Пахтакор”да бор кучи билан эллик минг ишқибоз бирлашиб жўровозликда ҳитоб билан “Ўз-бе-кис-тон “ деб бақирса борми, ҳамма уларга қўшилгиси келади. Ҳар бир ишқибоз Қосимовни кўриш учунгина эмас, ёки футболни яхши тушуниб роҳат олиш учунгина эмас, балки аввало, ўзининг ватанпарварлик туйғусини улуғлаш учун, ўз миллат вакилларининг ютуғини кўриш учун стадионга келишган бўлади.
ЭШИКЛАРНИНГ ЁПИЛИШИ
Баъзи ишқибозлар миллий терма жамоамиз Мундиалга шунчалар яқин келиб, кейин ундан узоқлашиб кетишини ўзлари олдида, ватан туйғуси олдида ҳурматсизлик деб билишди. “Футбол шунчаки бир ўйин, холос, шунчалар қайғуришинг нимаси”, деганлар ёки “ҳаммасига рози бўл, Яратганнинг иродаси бу”, ёки ”кўрпангга қараб оёқ узат, бугунги даражамиз шунга лойиқ” деганлар кам бўлди. Ҳам миллий термани, ҳам “Бунёдкор”ни бир мураббий бирйўла бир пайтда бошқаришини миллий терма олдида ҳурматсизлик деб қабул қилганлар кўп бўлди. Ҳамманинг фикри ҳар хил бўлгани ҳолда, норозилик устувор бўлди.
Бу аҳволда, гуруҳ ўйинларидан сўнг пешонамизга урилгандай бўлиб эшиклар, мундиалга тўғридан-тўғри элтувчи очиқ эшиклар қарсиллаб ёпилгач, раҳбарлардан ҳеч ким барча аҳоли, яъни футбол оммаси олдида чиқиш қилиб, қийинчиликларга, ўйиндаги муаммоларга, термадаги вазиятга, олдимиздаги плей-офф ўйинларига, унга тайёргарлик борасида қилиняпган ишларга объектив, ошкора баҳо бериб, терма атрофида жипслашишни сўрамади. Бу ҳам ишқибозларни менсимасликдай бўлди. Бунинг ўрнига саҳифаларда оқланишга, юпатишга уринган мақолалар кўп бўлди.
Ўша “эшикнинг” ёпилиши ҳаммага, жумладан Миржалол Қосимовга ҳам “руҳан зарба” бўлди (“Ф.Экспресс”. 60-сон, 4-бет). Назаримда бу “зарбани” бутун ишқибозлар билан биргаликда фақат Қосимов қабул қилган эканми, дейман. Омон қолган бизнинг икки газетамиз бу зарбадан ларзага тушмаган эканлар-ки, ҳеч нарса бўлмагандай сонма-сон “тинч” чиқа беришди. Гўё М.Қосимов бизнинг эмас қўшниларнинг мураббийи бўлганидай, гўё бизнинг эмас, Тожикистон термаси қаршисида эшиклар қарсиллаб ёпилганидай, газеталаримиз ўзларининг осойишта мақолаларига ороиш сўзларини жамлаб, фактларни ямлаб бир текис чиқа беришди. Бошқалар-чи? Толибжоновга ўхшаганлар “тўғри йўлдан кетяпмиз” деб, кўнглимизни кўтариб юришди. Эфирларни гапирмай.
СЕВГИ ИЗҲОРИ
Шундай бир ҳолатда Стадион.Уз сайти журналистлар билан ўтказган самимий, очиқ ва аччиқ, долзарб ва дардкаш, эҳтиросли ва эътирозли сўровномасига ишқибозларнинг муносабати жуда фаол бўлди. Кутилгандек, қайнаб турган норозилик қозонидан сайт сатрларига ҳароратли, ҳақоратли гаплар шақиллаб тўкилгандай бўлди. Тушунарли ҳол, уларнинг фикр билдириши маданиятдан узоқ бўлди. Инилеев тили билан айтсак, ишқибозчилик маданиятида “боримиз шу” бўлди. Аянч, алам, тахқир, танқидга тўла бўлди. Тушунарли ҳол, ишқибоз олдида ҳамма нарсага мураббий балогардон, мураббий ҳаммасига айбдор. Бош мураббий қисмати илгаридан шундай бўлиб келган. Ишқибознинг бош мураббийга “севги изҳор қилиш” усули шу. Бошқасини билмайди. Ютса, кўкка кўтаради. Ютқазса, ерга уради. Ваҳоланки, баъзида мағлубият футбол ривожига ғалабадан кўра кўпроқ хизмат қилиб келгани билан уларнинг иши йўқ.
ҚУВОНИБ ҚАЙҒУРИШ
Нима қилмоқ керак? Олдимизда бизни Иордания билан муҳум ўйинлар кутиб турган бўлса. Тушунарли ҳол. Бош мураббий ҳар тарафдан танқид ўқлари остида қолиб кетган ушбу дамда, муҳим ўйинлар олдидан, Миржалол Қосимов атрофида бутун ўзбек футбол оммасини бирлаштириш мақсадида, раҳбаримиз шахсан ўзлари ТВ орқали чиқиш қилдилар. Бундан ҳаммангизнинг хабарингиз бор. Футболимизда биринчи шахс деб саналган атоқли инсоннинг ТВ орқали бутун омма олдига чиқиб бундай мурожаат қилиши, адашмасам, футбол тарихимизда биринчи бора бўлиши эди... Бўлиб ўтган бу воқеадан қувонишниям, қайғуришниям билмадим. Билолмадим...
35-БУРЖИМ, ҚАЙДАСАН?
Беш йилдан бери ўзбек футболи деб ёзувкашлик қилиб келяпман. Мен ҳам кимнингдир эътиборига, оғзига тушибман. Менга ҳам сим қоқишяпти. Бу жуда яхши. Кимдир ёзганларимга норозилигини билдирса, ким айбимни кўрсатяпти, ким ҳақорат қиляпти. Бу ҳолат ёмон эмас. Ахир улар ўзбек футболига бефарқ эмас эканлар. Улар ўз футболқарашини менинг олдимда ҳимоя қилишяпти. Бунинг нимаси ёмон? Ўз норозилигини ҳақорат билан изҳор қилганларга келсак, бу ҳолат уларнинг сўз бойлиги қашшоқлигини ошкор қилиб, тарбияда муаммо борлигини кўрсатяпти. Лекин энг муҳими бу эмас. Улар менинг шахсиятимдан кўра футболни устун қўядилар экан. Бунинг нимаси ёмон? Лекин улар футболни ўз дардидан, ўз фикридан, ўз билимидан (баъзида билимсизлигидан) устун қўйсалар яхши бўлармиди, дегим келади.
Мени ўйлантириб қўйган бошқа бир қўнғироқ бўлди. Бир кимса, далиллар билан, нуқсонларимни кўрсатиб бошқа ёзмаслигимни маслаҳат берди. Тўғри гап, ёзганларим эзгуликка сабабчи бўлмас экан, ўзбек футболининг ривожига ҳисса қўшмас экан, улар барибир тарафкашликка ҳисса қўшар экан, ёзишимдан кимга, нима наф тегади. Ёлғон орзуларга ишониб на қилдим. Ўзига, касбига, тарафкашига футболдан фойда қидириб юрганлар журналистикада менсиз ҳам жуда кўп. Бирламчи ҳолатимга, “Пахтакор”нинг 35-буржида бақириб ўтиришимга қайтганим маъқулми. Баъзида сукут сақлаш тўғри иш бўладими. Аҳмад Убайдуллаев термани-ю, “Пахтакор”ни бразиллик Вега да Сильва билан биргаликда бошқаргандан сўнг етти йил, чамаси сукут сақлаган эди. Мен ҳам сукут сақлаганим маъқулми? Бу айтганларимга аксил эътирозли фикрлар юрагим тубида бесадо ётса-да, ҳаётимда менга жимгина “бош мураббий”лик қила беради. Мени ёзишга ундаб, эзгуликка бошлаб юра беради. Яшил майдон эмас, матбуотнинг умидвор оловли майдонига ташлаб, ўзи бир четда жилмайиб, хайрихоҳ тура беради. Ёз дейди.
БЕДОР ТУНЛАР ЭЗМАЛИГИ
Ёзишда давом этаман. Миржалол Қосимов “виждоним олдида тозаман” (“ИФ”. 60-сон, 6-бет.) деяпти. Бахтли одам экан. Тоза инсон экан. Бунга ишончим комил (масалан, Кореяда мағлубиятга учрагач, матбуот анжуманида ишқибозлардан кечирим сўраб, айб ўзимда деган эди. Доҳадаги ўша мағлубиятдан сўнг Абрамов айбни ҳимоячиларга тўнкагани эсимда). Акрамов ҳам, Толибжонову бошқалар ҳам бош мураббий айтган ушбу эътироф сўзларини унинг ортидан такрорлаб, шундай дейишлари мумкин. Чунки улар ҳам жуда кўп меҳнат қилишяпти. Улар ҳам тунлари тинч ухлашади. Уларни виждон азоби қийнамайди Нима учун? Демак, улар ўйиндаги нуқсонларни кўра олишмаяптими? Ёки улар ҳақ бўлиб, бизнинг ўйинларимиз бенуқсон бўлиб, ҳаммасига ҳакамларнинг хатолари айбдор бўлиб чиқяптими? Билмадим... Билолмадим...
Йўқса, виждони пок одам нуқсонларни кўра била туриб, уларни йўқотмаса ёки йўқотишга вақти етишмай қолса, виждони қийналиб тинч ухлай олмас эди. Мен эса тинч ухлаш нималигини билмай қолдим. Виждоним қийналяпти. Чунки мен нуқсонларни кўра билганим билан, уларни йўқотиш учун мақолалар ёзиб ҳамманинг диққатини уларга қарата олмаётибман (ажабланманг, ўлкамизда З.Қосимов ёзганидек, 10 миллион бош мураббий бор, мен уларнинг бириман). Демак, ёзишни яхши билмайман. Шунинг учун ёзганларимни ҳеч ким ўқимайди. “Кўпроқ ёзишим керак, яхши ёзишим керак” деган дашном мени қийнайди, яшашга ундайди.
Шу пайт кимдир “сенга нима, сен оддий ишқибозсан. Журналист ҳам эмассан. Раҳбарлар, масъул одамлар, футбол амалдорлари, мутахассислар сендан кўра футболни яхши тушуниб, имконият даражасида ҳамма нарсани қилиб, тинч ухлаб ётган бир пайтда, сен тинч ухлаш ўрнига бир нима ёзиб ўтирибсан. Ёшингга яраша иш қилсангчи, наҳотки улардан ўтиб футболни таҳлил қила оламан деб ўйласанг...”, дегувчи “ақлли” одам секин пичирлагандай бўлади. Ҳамиятим бундай гаплардан жунбушга келиб, бўғилади, тўлғонади, тиғланади. “Футбол Қосимов, Акромов ёки Усмоновларники эмас. Футбол Сиз-у бизники, ҳаммамизники. Ҳар биримиз масъулмиз. Унинг ривожланиши учун Сиз-у бизнинг меҳнатимиз билан яралган бутун Ўзбекистоннинг моддий бойлиги сарф қилиняпти-ку. Бетаъсир, бефарқ бўлма. Ёз. Яхши ЁЗ. Суйиб ёз, ўйиб ёз, билиб ёз, илиб ёз. Уйғоқлар билан тиллашгин, диллашгин. Юрган йўлда “ухлоқларни” уйғотгин, “мудроқларни” қўзғотгин, бугунги ҳолдан мамнунларни тўзғатгин. Бу сенинг бурчинг”, дейди бошқа бир овоз.
Шунда ёшимга яраша яшайин демай, чойхоналарда нарда ўйнайин демай, ё ёшларга эргашиб биримни икки қилайин деб уззу-кун кўча кезмасдан, кунларни тунларга улаб, тунларни бедор ўтказиб, бир нима ёзиб ўтиришимни оқлайман. Кўзи очиқ, ўзи уйғоқлар, бизнинг футболга бефарқ бўлмаганлар борку, улар учун ёзмоқ керак дейман. Майли, Қосимов мени ўзига нисбатан “қарши томонга”, (“ФЭ”. 60-сон, 2- бет.) Санжарлар ёнига ўтказиб қўя қолсин. Мен тўғри сўзимни ёза бераман.
БИР МИСҚОЛ ЎЙИН МАҲОРАТИ ҚАНИ?
Шундай экан, мени эшитинг. Зафаржон Қосимов эътиборини тортган лавҳани келтирай. Унинг фикрига кўра Ёшларимиз мундиалга лойиқ ўйин кўрсатолмай Туркияга йўлланма олган эканлар. Гуруҳдан чиқиб, нимчорак финалга муносиб ўйин кўрсата олмай, Греция термасини ютган эканмиз. Буни Уругвай термаси чорак финалда исбот қилган экан. Жуда тўғри гап. Қўшиламан. Мусаев бирор ўйин ёки турнир давомида бизга етишмаётган ўша бир мисқол (ундан ортиғини эмас) маҳоратни кўра олди ва уни ўйинимизга қўша олди. Шунга қарамай, кўрсатган ўйинимиз даражаси мундиалга муносиб бўлмаса-да, қурби етган натижани кўрсата олди-ку. Офарин. Қурби етмаганига узр сўраймиз. Энди термамиз ҳақида гапирайлик. Терма ўйини даражасига етишмаётган ўша бир мисқол маҳоратни машғулотларда қўшиб қўя қолмасдан биз Сеулга борган эканмиз, аслида. Карисларни ютишга қурбимиз етар эди-ку. Қурбимиз баланд эди-ку. Терма ҳаракатларида бизга етишмаяпган ўша бир мисқол ўйин даражасини нега ҳеч ким кўра олмади? Кўрса-да, уни ўйинга нега қўша олмади? Рақибимизга тенг шиддат билан ўйнасак-да ҳужумларимиз лойқа эди-ку. Тиниқ, тезкор, ҳамжиҳат ҳаракатлар бизга етишмади (клубларимиз ўйини ҳам худди шундай нуқсонлар ичида ивирсиб ётибди). Нуқсонларни кўра била турган бўлсам, нега мен бонг урмадим, занг чалмадим? Қачонгача ақлим етган жойга ўзим кеч қолиб юраман? Қачонгача кимдандир қўрқиб тураман?
УМУРТҚАНИ СИНДИРИШ КЕЧИКДИ
Тошкентда Қатарга қарши тўқнашувда ўйин стратегиясини олдиндан тузиб қўймаган эдик. Тузилган бўлса агар, у хато бўлган эди. Қосимов футболда “олдиндан сценарий ёзиб майдонга тушиб уни амалга ошириб бўлмайди” (“ФЭ”. 60-сон, 2-бет) деб билади. Тўғри гапирди. Лекин сценарий бошқа, стратегия бошқа, тактика бошқа-бошқа нарсалар. Биз Қатарга қарши ўйинда очиқ футбол намойиш қилиб, ўз ўйинимизни кўрсатган ҳолда рақибни иккита гол фарқи билан юта олар эдик. Лекин биздан 6та гол фарқи билан ютиш талаб этилар эди. Чунки шундагина Мундиал бизники бўлар эди. Шу вазифага яраша стратегияни ишлаб чиқиш керак эмасмиди? Бунга фақат рақибнинг ўйин струкрурасини биринчи бўлимдаёқ синдириб эришиш мумкин эди. Бунинг учун ҳакам ҳуштак чалиши билан ўйин ва майдон назорати бизнинг қўлимизга батамом ўтиши керак эди. Бошқа йўл йўқ эди. Шунинг эвазига биринчи бўлимдаёқ иккита гол уришимиз шарт эди. Қолган голлар ўзлари учиб кирар эди. Иккита гол уриш учун 6та юз фоизли голни тайёрлаб қўйишимиз керак эди. Бунинг учун ўйиндан олдин 12 хил “сценарий қоғозга эмас, вужудимизга ёзилган” бўлиши керак эди.
Буни қилмаган эканмиз, тағин бошқа бир гап бор. Ҳимоя тизимини қайта қуришимиз кераклигини анчадан бери ҳаммамиз билар эдик. Буни ҳеч ким ҳалигача қилмаяпти. Иброҳим Матар эмас, адашмайин, Ҳалфан Иброҳим биз учун балои-баттар бўлди. Бизга Қатар марказдан кириб осонгина, оддийгина гол уриб қўйди. Ва ҳимоявий ўйинга ўтиб олди. 0:1. Фақат иккинчи бўлимга келиб рақиб ўйинида пала-партиш ҳаракатлар пайдо бўлганидан кейин унинг умуртқасини синдира олдик. Лекин вақт кеч бўлган эди... Эшиклар олдимизда қарсиллаб ёпилди... Ундан кейин бошқа бир ёпиқ эшикларга юзланиб уларни очиш орзусида оралиқ дам бошланди. Унда содир бўлган воқеалар сизларга, азизларим, маълум...
“ТИРИК ДЕВОР” ҚУРИШ ОСОНМАС
Ҳозирги ушбу дамда ўзбегим, Ўзбекистоним футболи деган ҳамма соф виждонли кишилар, хоҳ у ЎФФ ҳодими, ё раҳбари бўлсин, ё Марказ раҳбарияти, ё терма аъзоси, ё унинг мураббийлар штабидан бўлсин, ё ишқибоз, ё журналист бўлсин, ҳар бир кимса термамиз атрофида бирлашиши керак. Уларни миллат футболига садоқат, ғалабага умид, ўзаро ишонч бирлаштиради. Ҳамма футболимизга фидойи бўлсин. Ҳамма ўз шахсиятини футболдан пастки пояга тушуриб турсин. Ушбу оралиқ дамда жарима пайтида “тирик деворда” бўшлиқ ё тирқиш қолмаганидай, сафимизда “девор” бўлиб яқин турганларнинг орасида биронта “бўш масофа”, яъни орамизни узоқ қилувчи бир-биримизга айтмаган, айтолмаган биронта сўз қолмасин. Орамизни яқин қилиш ниятида бугунги кун ўзбек футболидаги биринчи шахсдан, Миржалол Қосимовдан бошлаймиз.
ТИРИК АФСОНАЛАР
Жаноби бош мураббий, “нима учундир ҳамма фақат Сизни кўришидан”, (“ФЭ”. 60-сон, 4-бет) сиздан камчилик излашидан ҳайрон бўлманг. Шквирин, Абрамов, Инилеев ёки Ашурматов эмас, Сиз футбол афсонаси бўлгансиз. Абрамов билан Инилеев ўйинини умуман кўрмаганман. Агар Б.Абдураимов йилма-йил маҳоратини ошириб, Италия термасини чемпион қилган Липпига ўхшаб етмиш ёшида ёшариб, яшнаб термамизга мураббийлик қиляпганида эди, биз уни севиб, ҳамма нарсада уни айблаётган бўлар эдик, Сизни эмас. Чунки у ҳам ўзбек футболининг тирик афсонасидир. Ҳайрон бўлманг, Сизни бундай “яхши кўришимизга” яна бир сабаб бор.
ҲИМОЯ ҚЎРҒОНИ
Бир гап бор. Бу бугунга кунга келиб авж олиб кетган тарафкашликдир. Тарафкашлик. Футболимизга бу ҳолат жуда катта зиён келтиряпти. Миржалол, гапим ёқмаса, олдиндан Сиздан узр сўрайман. Бугун сиз-у биз ўзингиз ёки атрофингиздаги одамларларингиз бошлаб берган тарафкашликнинг акс садосини кўряпмиз. Қарс икки қўлдан чиқади. Сиз буни истаганмисиз ёки йўқми, билмадим, термага биринчи келишингиздан олдинроқ Аброрхўжа Имомхўжаев Сизни мақташлар билан тарафкашликни бошлаб юборган эди. Бу тарафкашлик ҳалигача давом этмоқда, авж олмоқда. “Ҳовлимизнинг” ташқарисида ҳам тарафкашларингиз борми, дейман. Ҳимоя қўрғоними дейман. Ваҳоланки, Сизнинг иқтидорингиз ҳар қандай тарафкашликдан устун, ҳеч қандай мақтовларга муҳтож эмас. Олтин лой ичида ҳам ялтираб туради-ку.
Сколари кетгач, бир муддат “Бунёдкор” ўйинида пасайиш кутилмоқда эди. Йўқ, Сиз келгач, ўйин кучайса кучайди-ю, ҳеч пасаймади. Шунда мураббийлик маҳоратингизни ҳаммамиз тан олган эдик. Термадаги дебютингиз Японияда бўлган эди. Адашмасам, Сиз ўша ўйинда бизнинг Саркисян “Нефтчи” дублёрига лойиқ кўрмаган Тўхтахўжаевга терманинг асосий таркибидан жой берган эдингиз. Мақтай десак гап кўп. Лекин бунинг кимга кераги бор. Зафархўжа Имомхўжаев ҳар бир кўрсатувида Сизга дўст бўлгани учун хатоларингизни бирма-бир кўрсатиб, айбингизни очаман деса (ёки Сиз беайбмисиз?), Қаҳрамон Асланов ютуқларингизни ҳимоя қилган бўлар эди-да. Бу зарарсиз, фойдали, самимий танқид ва таҳлил бўлар эди. Ҳозир ҳамма икки томон ажралиб қолган. Нега Инилеевда тарафкашлар бўлмаган (шунинг учун Унинг бугунги ҳоли ҳароб, дегувчилари борми? Бекор гап. Ўсишдан тўхтагани учун шундай аҳволда. Унинг бугунги аҳволига Убайдуллаев тушгач, Чиғатойда ёшларга мураббийлик қилиб, зимдан маҳоратини ошириб борган эди. Мавзудан четга чиқиб кетибман). Миржалол тарафкашга эмас, маҳоратингизга, меҳнатингизга таянинг. Ўзингизни футбол манфаатидан устун қўйманг. Шунда биз икки тарафга ажралиб қолмаймиз. Шунда биз тарафкашлар эмас, ҳаммамиз футболимиз ривожи йўлида елкама-елка турган равнақ тарафдорлари бўламиз.
КИМ КИМГА ЁҚАДИ, КИМ...
Сеулдан сўнг Сиз учун оғир кечган кунларда “кимлар сизга қандай (ёмон) муносабатта эканлигини” билиб олибсиз. “Ўшандайлар” нима учун футболдаги ютуқларимизни кўра олмаслигидан ҳайрон экансиз. Бундай гапларингиз “дарвозаси томон позицион ҳужум” уюштирмоқчиман. Эшитинг. Футбол ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб кетган. Футбол ҳаётга устозлик қилиши мумкин. Айтган гапларингизга қарата Футболдан мисол келтираман. Футболдан ҳикмат қидираман. Юпп Хайкенс ўтган мавсумда “Бавария” билан бирга ютиш мумкин бўлган ҳамма ютуқларни қўлга киритди. Ва раҳбарият уни “жазолаб” ишдан бўшатди. Ана халос, пишди гилос.
Кимдир адолатсизлик бўлди, ҳақиқат шуми дейиши мумкин. Тушунсангизчи, футболда (ҳаётда ҳам) бугунги ғалабани эртагаёқ унутиш керак бўлади. Бугунги унвонга, номга, совринга ўрганиб, таяниб яшаб бўлмайди. Хайкенс ўтган мавсумда эришган соврунларини кўп йиллар ўтса-да, ҳеч унутмай, ғурур билан юрса арзийди. Кетма-кет икки мавсумда мураббий ўзини ўзи катта ғалабаларга чоғлантира олмайди. Бу табиий ҳол. Отто Рекхагел Португалиядаги ғалабасидан сўнг Греция термасини тарк этиши керак эди. “Барселона” ҳам шундай ҳолатда жамоани ғалабага олиб келган Райкаардни “жазолаб ишдан ҳайдаган” эди. Иккала ҳолатда ҳам саҳнага Гвардиола чиқди. Биринчи гал у ўзининг келишини ”Барселона”да оқлади. Иккинчи гал нима бўлишини яратганнинг ЎЗИ билади.
Нима учун футбол ҳаётидан бу мисолларни келтирдим. Бунга бир сабаб бор. Миржалол, Сиз боя санаб ўтган ўша одамларни, мағлубият туфайли асли “кимлигини” яхши билиб олган одамларингизни, футболда охирги йилларда кўп ютуқларга эришган бўлсак-да, доим “камчилик излаб юрувчи” одамларни мен яхши тушунаман. Сайт безориларини, ўзини, сўзини устун қўювчиларни ҳисобга олмаганда, улар ичида софдил одамлар бор. Улар асосан, олдинга интилувчилардир. Улар ортга қараб яшаб билмайдилар. Совринни “миниб” юрмайдилар. Улар Сизга ё бошқасига ёқувчилар эмас, олға боқувчилардир. Ёки Сизга “ Нефтчи” воқеаси ёқадими? Фанатларга бир оғиз айтсангиз бас. Бажо келтиришади. Ҳар бир ўйиндан олдин “Жалол-Жалол” деб бутун стадион бир овоздан бақириб, футбол четда қолиб, шахсингизгамас, соянгизга сиғинувчилар дарров кўплаб топилади. Тарафкашларингиз шуни исташадими? Имоним комил-ки, Сиз учун ҳам, футбол учун ҳам ҳозирги ҳолатингиз аъло. “Дўст”ларингизнинг ширин сўзидан, “душман”ларингизнинг аччиқ дашномлари Сиз учун ҳам маъқулдир.
РАҲБАР ГАПИРСИН
Энди термадаги бугунги ҳолатга муносабатингизни таҳлил қилайлик. Шунда бир-биримиз томон кўпроқ яқинлашарми эдик. Баъзида терма таркиби бир клуб асосида шаклланса, иккала жамоани бир мураббий бошқариши мақсадга мувофиқ бўлади. Бизнинг ҳолатимизда, терма ўзагини асосан легионерлар ташкил қилган ҳолатда клуб манфаати терма манфаатига зиён етказиши мумкинлигини катта-ю кичик билиб турибди. Терма манфаати клубга зиён етказа олмаслигини Қосимовнинг ўзи бир суҳбатда айтиб қўйган эди. “Йил давомида бармоқ билан санарли йиғинлар” клубга зиён етказа олмайди деб. Футболчилик даврида терма манфаатини ўз клуби манфаатидан доим устун қўйиб келган Қосимов, Сеулдаги муҳим ўйин олдидан 26 мартда Ливан билан бўлиб ўтган жангдан то 12 июнда Сеулда бўлиб ўтган жангга қадар ораликда сал кам 3 ой давомида терма билан бирор марта йиғин ўтказа олмаган Қосимов, бундай аҳволга қандай қилиб рози бўлди? “Клуб ва ЎФФ раҳбариятига маъқул бўлса” бўлганими? Раҳбарият бугунги ўйинимиз билан термамиз Мундиалга йўл ола билади, деб ўйлаганмиди? Ўйлаб хотиржам бўлганмиди. Наҳотки? Ўйлаш бошқа, мақсадга етиш йўлида тинмай ишлаш бошқа нарса. Йигитларни ғалабага чорлаб, майдонга тикилиб турсагу, ўзимиз, яъни раҳбарият ва мураббийлар штаби Марказ билан биргаликда ғалаба учун қўлдан келган ҳамма ишларни қилмасак, биз ким деган одам бўламиз? Акси бўлиб, барча чораларни кўриб, ҳамма ишларни қилган бўлсак-чи? Ундай бўлса, ўзимиз ношуд, кучсиз бўлиб, малакамиз паст эканлигини тан олган бўламизми? Футбол мутасаддиларини қандай тушунишим керак? Билмадим. Билолмадим...
Ҳозирги дамда, олдимиздаги плей-офф ўйинлари олдида Мундиал йўлланмаси учун қўлдан келган ҳамма ишларни қиляпмизми? Ёки муҳим чораларга қўл урмай, ўзимиз ишонмаган ғалабалаларга ҳаммани ишонтириб, Иорданияни ҳам, Уругвайни ҳам ютиб, мундиалга борамиз деб, ишқибозларни футболчиларга қўшиб алдаб юрибмизми? Бу футболимизга, юрт ишқибозларига хиёнат саналмайдими? Йўқ, бунинг бўлиши мумкин эмас. Ундай бўлса, гап нимада? Савиямизни баланд деб, мундиалга шундоғам чиқа оламиз деб, гўл одамлардек бир нимага ишониб, ўзимиз чиндан алданиб юрибмизми? Бошим қотди. Ҳеч нарсани билолмай қолдим. Қандай қилиб бундай шароитда термамиз атрофида бир бутун девор бўлиб бирлаша оламиз? Жавобсиз қолган саволлар бўшлиғи оралиқда кўпайиб кетди. Нима қилмоқ керак?
Бош мураббий доим раҳбариятга маъқул гапни гапирган, раҳбариятга маъқул ишни қилган. У йўл бошловчи эмас, бажарувчи бўлган. Шундай экан раҳбарият, фақат сизлардан мардликни кутяпман. Бош мураббий ҳеч нарса дея олмайди. Юртга содиқ қолиб, ишкибозларига ҳамдард бўлиб, айтган мард сўзингизни, ҳақ сўзингизни кутяпман.
(давоми бор).
Ҳасанали Қодиров. 10 август.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 04:43:06 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:43:03 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:41:23 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:41:22 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:39:52 01 WRBEIRQX 2024-08-06 04:39:50 01 WRBEIRQX 2024-07-23 10:03:41 01 WRBEIRQX 2024-07-23 10:03:36 01 VINGER 2013-08-20 08:43:12 00 ADVOKAT 2013-08-19 20:19:00 00 KKTAXTAKUPIR 2013-08-19 16:46:21 00 ABOMUSLIM 2013-08-19 15:18:48 00 TOLEDO 2013-08-19 15:01:12 00 DOMULLO 2013-08-19 14:50:06 00 DOMULLO 2013-08-19 14:46:52 00 TILLA 2013-08-19 12:41:36 00 KKTAXTAKUPIR 2013-08-19 12:14:47 00