-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
4-қисм. Замонлар чоғишмаси (ёки Асқар Толибжонов билан хаёлий суҳбат)
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-01-28 14:55
ТАН ОЛДИ НИҲОЯТ, ЛЕКИН.....
Азизларим, хос суҳбатларда журналист қандай савол бермасин доим чучмал, мужмал, лекин, чиройли гапирувчи Асқаржон билан чойхонада унинг яқин одами бўлиб гаплашмоқдамиз, дейлик. У шахсий фикрини хеч қачон очиқ изҳор этмагани учун шундай фараз қилмоқдаман. У чойхонада менга мард эътирозлари билан жавоб бермоқда дейлик. “Ушбу ОЧ-2014 (U-22) жаҳонга йўлланма бермайди, бир ярим ой йиғин ўтказиб нима қиламиз, барибир олимпиадага анча вақт бор. Жамоамиз бу таркиб билан кейинги мусобақаларда қатнашмайди” дейиши мумкин. “Саудия бир ярим ой тайёргарлик кўрди. Бошқалар ҳам шундай қилишди”, десангиз, “уларда молиявий шароит бошқа, ўз мақсадлари бордир. Биз ўйинчиларни яна бир марта кўрикдан ўтказиб олдик. Бугунги ўйин ҳолатимиздан фожеа ясамайлик”, дейиши мумкин. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз, азизларим?Мен бундай фикрдан жуда йироқман. Асқаржон Толибжонов бу йил термамиз учун бешта ўртоқлик учрашувини ташкил қилмоқчимиз деб, фахрланиб гапирди қай бир куни. Эътибор беринг, ўртоқлик ўйинларида ҳам, саккизталаб ўйинчи алмаштириладиган ўйинларда ҳам, рақобат жанговар бўлмайдиган ўйинларда ҳам таркибни ва ўйин тасвирини созлаш учун яхши шароит пайдо бўлишини ниҳоят тан олмоқда. Бразилия Мундиали йўлида ҳали буни тан олмасмиди? Бунга ақли энди етипти-да. Шундай бўлса, нега жанговар турнирни менсимади? 6та ўртоқлик ўйинни эмас, тайёр 6та жанговар ўйинни менсимади. Қанча ваъда бермасин, Миллий термамиз учун қанча уринмасин, бу йил барибир бешта ўртоқлик ўйинини ҳал қилиб бера олмаса керак. Бу енгил иш эмас. Шуни била туриб, нега тайёр турнирни, Маскат-2014ни инкор этди. Йўқ, Маскатни инкор этмади. Ҳамдўстлик кубоги турниридан воз кечган эди, уни инкор этиб. Маскатга келсак, у Маскатни уйқусираб ўтказди.
Бу мусобақа миллий терма жамоамиз учун бўлмагани туфайлими? Ундай бўлса, икки сўзнинг бирида асосий эътиборни ёшларга қаратмоқдамиз деяпган раҳбариятни қандай тушунишим керак? Нега миллий терма жамоамизнинг энг яқин ўринбосарлари олдига Осиё чемпионати турнирида олти ўйинда жанг қилиб, тажриба орттиришни асосий мақсад қилиб қўймадик? Мақсудов ҳам, Евстафеев ҳам сафар олдидан тил учида, одатга мувофиқ йигитлар кўнглини чўктирмаслик учун шундай мақсад қўйганмиз, деб айтишди. Улар ўйин тасвирини созламай туриб, олдинги ўйин даражасига чиқмасдан туриб, эскирган ўйинни янгиламасдан туриб катта мақсад қўйиб бўлмаслигини, албатта, тушунишар эди. Уларда нима айб? Улар нима қилсин? Бундай бўлса-бўларчилик шароитига чидолмасдан ўз ишидан, мураббийликдан бош тортишсинми? Қанча малакали мураббийлар ишсиз юрган бир пайтда-я? Тарихда бўлмаган нарса. Улар Европада танилган чет эллик мураббийлар эмаски, Раҳбарият олдига шарт қўишса. Мураббийлик ишида уларга раҳбар ёт деса ётишади, тур деса туришади.
ДАРВОЗАДА ЎЗИ ТУРСИН
Бу гапларимга ҳам Толибжонов очиқ ойдин мард эътирозларини айтди дейлик. “Ноябрда шуғулланишни бошлаб январь ойида юқори ўйин формасига чиқиб бўлмайди, об-ҳаво шароитимиз тўғри келмайди. Январь ойида футболчининг жисмоний-функционал параметрини энг юқори чўққига чиқарсак, табиий равишда кейин пасайиш бўлади. Марказий ва узоқ шарқ футболи учун январь ноқулай бўлгани учун, ярим финалга учта араб футболининг вакиллари чиқишди”, дейиши мумкин. Бу нима дегани? Баҳона излашдан бошқа нарса эмас. Доҳада бўлиб ўтган ОК-2011да бунга эришган эдик-ку. Ўзи ҳам ўша ерда бор эди. Гувоҳи, иштирокчиси бўлган. Ижодкори бўлганми ё маъмури бўлганмиди, бунисини билмадим. Бир нарса дея олмайман. Ўшанда тарихимизда биринчи марта ярим финалга чиқиб, янги саҳифани очган эдик.Тағин мард эътирозга зорман. Шу айтганимга жавобан “Ёшлар билан Дубайда, ё Туркияда бир ой йиғин ўтказиб қанча пул сарф қилсагу, кейин ОЧ-2014(U-22)дан сўнг бу жамоа тарқаб кетса, ўзи янги турнир бўлса, молиявий томондан хўжасизлик бўлмайдими?”, - деган тутириқсиз гапларни эшитсам, қайнаб кетишим аниқ. Юрт шаъни-чи? Майли Асқаржон “профессионал”, бундай гаплар кетмайди, унга таъсир қилмайди. Яхши, етарли тайёргарлик кўрмасдан майдонга тушган йигитлар ўрнига ўзини қўйсин, йўқ, Акмал Турсунбоев ўрнига дарвозада ўзи турсин эди. Нимани ҳис қиларди? Майли ҳиссиёт гапларимиз ҳам кетмайди. Бундай товушлар унинг қулоғига етмайди.
Европа ёшлари ҳар гал катта акалари ўйинини турнирга кўтариб келишади. Ксерокопиянинг ўзи бўлади. Бизнинг ёшлар учун ксерокопия қилишга катталарда тузукроқ нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун МТЖда йўқ нарсани, акалари ҳали эриша олмаган ўйинни кўрсатишди. Мундиалларга янги ўйин тасвири билан келишди. Бизнинг МТЖда эса, маълум бир ўйин тасвири йўқ. Гол уриш моделлари ҳам ишлаб чиқилмаган. МТЖ футболчилари ўз ўйинлари билан бир нима кўрсатиб қолишса-қолишарди. Қолишмаса ўйин йўқ! Миллий термада хар бир футболчига маълум бир янги нотада футбол ўйнашни тавсия қила билмаймиз. Евстафеев ҳам, Аҳмаджон Мусаев ҳам, Дилшод Нуралиев ҳам ўз ўйин тасвири билан йигитларни майдонга туширишар эди. Кези келганда бу тасвирларни шарҳлаб берарман. Бунда Толибжоновнинг ҳам ҳиссаси бордир, ахир. Буни эътироф этайлик. Катта меҳнат қилиб қўйганмиз. Хўш, шундан кейин нима қиляпмиз? Давоми борми? Давомида мажлислар, олқишларми? Нишон тақишларми? Ундан кейин болалар тақдирига қўл силтаб, уларни клубларга тарқатиб юборишми?
ЗИММАДАГИ ЮКЛАР ТУРЛИЧА
Махсталиев ўсмирлик пайтида Мексикада жаҳон даражасига лойиқ ўйин кўрсатган эди. Ҳозир у Осиё даражасида ҳам ўйин кўрсата олмаяпти. Ўйинида ҳеч қандай ўсиш кузатилмади. Мундиалда Темир Ҳакимов ўйинини кўриб, бизда илгари бўлмаган буюк марказий хужумчи туғиляпти деган эдим. Келгусида унинг ўйинини Белановга ўхшатганлар бўлади, деб ўйлар эдим. Шундай ўйин куртаги ғижимланиб кетди. У ҳатто Ўзбекстон даражасида ҳам ўйин кўрсата олмаяпти. Бошқаларда ҳам шу аҳвол. Ўзбекистон даражасидан нарига ўтишмади. Ёшларга сарф қилинган катта молиявий харажатлар увол эмасми? Буни ҳам эътироф этайлик. Куни кеча қоқилиб қайтган турнирга катта таёргарлик кўриб, финалгача қаттиқ жанг қилганимизда эди, ёшларнинг ўйини янада ўсиб шаклланиб қолар эди-ку.Чемпионатимизда ички ўйинлар даражаси паст бўлгач, нажодкоримиз мана шундай турнирлар эмасми? Бу турнирларда мураббийлар маҳоратида ҳам ўсишни таъминлаш мумкин. Бундан ҳам мосуво бўлдик. Хитойликлар бизга гол уриб олишганидан кейин ҳужум бошлашимизга қаршилик кўрсатишмади. Бизни ўз майдонида кутиб ола бошлади. Темп пасайди. Бундай ҳолатда бизнинг ўйинимиз жонланиб, кучайиб кетди. Ироқликлар бизга қарши бошқача ўйнашди. Тўпни олдириб қўйгач, бутун майдон бўйлаб зич ҳимояланишни йўлга қўйишди. Майдон марказидан нарига бизни ўтказишмади. Биз ўз тарафимизда қанотдан қанотга тўп ўтказиб, олдинга қараб оширишда тезланиш ололмаган ўйинчига, ё тўхтаб қолган, ёки ёпиқ ўйинчига тўп ошириб зарбдор вазиятга чиқа олмай, тўпни олдириб қўярдик. Уни қайтариб олишга яна куч ишлатиб юрардик. Улар тўпни олиб қўйгач, шиддат билан ҳужум бошлашар эди. Чунки бизнинг майдонимизда бўш масофалар кўп бўлар эди. Уларда ҳужум қилиш моделлари олдиндан тайёр эди. Улар бизга урган биринчи голни эсланг. Рақиб марказдан етиб келиб гол урди-я.
Шуҳрат Мақсудов мағлубиятимизга омадсизликни сабаб қилиб кўрсатди. Аксинча, омадимиз бор экан. Бўлмаганида, катта ҳисоб билан ютқазган бўлар эдик. Санаганларимни Шуҳратжон мендан яхшироқ кўриб турибди. Бир ярим ой муҳлат берганимизда машғулот ва назорат ўйинларида футболимизга хос бундай нуқсонларни енгиб, клубларга-ю миллий термамизга намуна бўлар даражада ўйин кўрсата олар эди. Яхши тайёргарлик кўрганимизда биз Ироқниям, Саудияни ҳам юта олар эдик. Мураббийлар маҳорати ҳам ўсар эди. Нега бундай имкониятдан воз кечдик?
ТЖМ раҳбарини ҳеч тушуна олмаётибман. Ёки у ўз зиммасидаги элементар вазифаларни бажариши билан, мажлисларда қатнашиши билан, ойлигини оқлаб юриши билан фаолиятини чеклаб олганми? Хизмати фақат шуми? Орзу ҳаваси-чи? Унинг орзулари фақат шахсий ҳаётига тегишлими? Шундай бўлса, бошқа бир нарсани тан олсин. Маскатда майдонга тушган ҳар бир йигит зиммасига майдонда ўз чизиғида футбол ўйнаш, мураббий топшириғини бажариш каби қатор вазифалардан ташқари ўзининг футболчилик шаъни, терма жамоа шаъни, Ўзбекистон шаъни юклатилган эди. Ҳар кимнинг ўз зиммадаги юки ҳар хил бўлар экан.
САРОБ БЎЛИБ ЧИҚДИМИ?
Мен Асқаржонни тушуна олмаётибман, деб айтдим. Яна бир уриниб кўрай. ТЖМ ёшларимизга, эртанги кунимизга катта эътибор қаратди. Жуда кўп куч, вақт, пул сарф қилди. Сезиларли натижаларга эришди. Ҳозирги ёшлар ўйини Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги ёшларнинг ўйинидан фарқ қилади. Буни кўр ҳам кўриб турибди. Буларнинг ҳаммаси нима учун қилинди? Ҳисобот учун хўжа кўрсинга қилиндими? Мажлислар қуриб, олқишлар олиш учунми? Хулосам туҳмат бўлса, мени тузатинг. Мексикада ўйнаган ўсмирларнинг ёши вояга етгач, ўйин маҳорати Миллий термамиз бўсағасига етиб келгач, нега улардан юз ўгирдик, нега ёшларга қўл силтадик. Тайёр маҳорат турнирини бой бердик. Нега? Нега ўсиш темпини тўхтатдик? Ахир улар клубларга қайтгач, қусурли чемпионатимизнинг мажруҳ ўйинларида терма машғулотларида чарақлаб юзага чиққан, футбол жангларида ўсиб-улғайган ўйин маҳорати ўсишдан тўхтайди-ку. Ўзбекистон даражасида қолиб кетади-ку. Кўпчилиги “Пахтакор”га қайтишади. Ушбу жамоада “режиссёр” ҳамда “сценарист” хизматларидан тежамкорлик мақсадида, қўғирчоқбозлик жонга тегиб, уларни сохта лавозимлар деб воз кечилган. Ҳамма ишларни даромад топишнинг энг катта устаси ҳисобланган “труппа директори” бажаради. “Сценарист” ҳам, “режиссёр” ҳам ўзи бўлади (илгари ҳам шундай бўлиб келган).ЎФФ раҳбарияти Чемпионатимиз савиясига қайғурмаса, унда янгиликларга қўл урмаса, ёки уролмаса, бор эътиборини чемпионатимиз савиясига эмас, ёшлар термасига қаратмоқда экан-да деган эдим. Сиёсий вазият сабаб ҳали ўзининг тузуккина футбол чемпионатига эга бўлмаган Ироқнинг йўлидан, Уларнинг Афина Олимпиадасида совриндор бўлган ёшлар термаси, ҳамда ОЧ-2007да ғолиб бўлган катталар термаси йўлидан бормоқдамиз, деб хулоса чиқарган эдим. Хулосаларим сароб бўлиб чиқди. Футболимиз равнақи учун эмас, балки кимгадир яхши кўриниш учун, кимдир қаердадир савлатлироқ кўриниши учун, хўжа кўрсинга қилинган эканда бу ишлар. Бунай турнирларда довдираб юришимиз, беътасир туришимиз гўрсўхталик бўлмайдими? Мен Асқаржонни тушунолмай қолдим.
ЗОРЛАНИБ ТАНБУР ЧАЛИШ
Майли, мен уни тушунмасам-да, У мени тушунармикан? Мен ҳам отаман, буваман. Кўп ўтмай навара тўйини кўрсам дейман. Мен ҳам оддий одамман. Оила бахти билан яшайман. Лекин у киши шуни билсин-ки, мен ишқибозман. Эллик йилдан бери футболимизга тикиламан. Футболимиз ривожини орзу қиламан. Ҳуррият замонига етиб келдик. Ҳатто мен оддий ишқибоз ҳолимга қарамасдан ҳуррият ва футболимиз равнақига ҳисса қўша олмоқдаман. Оддийгина қурувчи бўла туриб, журналистлар сафига кириб, мақола ёзмоқдаман. Мансабдорлар наздида баландпарвоз гаплар билан ақлдан озмоқдаман.Асқаржон Толибжонов ёзганларимни ўқимайди. Юзлаб сал бошқачароқ Асқаржонлар ўқиб мани изза қилишади. Ақлини еган чол беҳудага ёзиб, беҳудага йиғлаб юрибди деб. Барибир ҳаммаси зое кетади деб. Ёзганлари барибир эшшакнинг қулоғига танбур чертганчалик бўлмайди деб. Унчалик эмас. Минглаб ишқибозлар дардига дармон бўляпман. Ҳамдард сўз айта оляпман. Ошкор айтилган ҳурфикр сўзим билан ҳурриятни, футболимиз манфаатини ҳимоя қиляпман. ТЖМ фаолиятида ҳеч нарса ўзгармаса-да, ўқиган одамлар кўнглида Ҳурриятга, бу деганим футболимизда амал-мансаб қудратига эмас, ҳар бир ишқибознинг ўз қудратига, СЎЗ қудратига ишонч уйғотмоқдаман.
Азизларим, стадионларимиз буржларида, газеталаримиз саҳифаларида, сайтлар экранида бирлашиб футболимиз равнақига хизмат қилайлик. Асқаржон, доим соғ-омон бўлинг, бола-чақангиз роҳатини кўринг, толеъингиз доим баланд бўлсин. Мени тўғри тушунинг, бошқа ҳамма соҳада Сиз каби камтар бўлиб, ҳалол меҳнат қилиб, ойлигини оқлаб юрган кишини ҳурмат қилишади. Фақат футболда эмас. Футбол фитрати шундай. Футболга ҳузур-ҳаловат бегона. Футбол раҳбариятидаги ҳар бир амалдор ҳам шиддат билан, фол чегарасида тажовузкорлик билан, шижоат, важоҳат билан, “ўйин”ни ўзига оғдириб ишлаши керак. Талашиб кўрпани ўзига, ўз ишига тортиши керак. ТЖМ янги йилда футбол “майдони”га тушиб, янги “ўйин” кўрсатишини, кечаги “ўйин”имиз ўзгаришини, янгиланишини тилаб қоламан. Эскиси кетмайди. Яратган олдида тиланишдан бошқа нарса қўлимдан келмагач, қайга борай, азизларим (бандасидан тиланмайман. Асло).
Сизлар билан ўтмишни айланиб чиқдим. Энди эзмалик бўлмасин, ўз кунимга, ўз унимга қайта қолай, азизларим. Мақоламдаги сўнги сўзни айта қолай, азизларим.
Ҳасанали Қодиров. 24.01.2014й. Тошкент.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 06:01:10 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:01:09 01 WRBEIRQX 2024-08-06 05:58:25 01 WRBEIRQX 2024-08-06 05:58:23 01 GOLBOLSIN 2014-01-28 21:24:49 00 OPELL 2014-01-28 19:30:14 00 OPELL 2014-01-28 19:25:35 00 OPELL 2014-01-28 19:24:16 00 ILMDOR 2014-01-28 17:41:31 00 SOBITGERMAN 2014-01-28 15:22:07 00