-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Салом алик билан тўкис
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-03-22 11:54
Ёзганларимга муносабат билдирганларга раҳмат. Эшакнинг қулоғига танбур чертиш бефойда дейишади. Лекин унга ҳам бир соат дардингизни айтсангиз, у ҳам муносабат билдиради. Хонанинг деворларидан ҳам акс садо қайтади. Муносабат билдириб, менга ҳамдард бўлганларга раҳмат. Ўқиб муносабат билдирмаганларга ҳам раҳмат. Девордан акс садо қайтиши учун хона бўм-бўш бўлиши керак. Ҳаммамизнинг дилхонамиз ҳаёт ташвишлари билан лиқ тўла. Бундай тирбандликда Юракнинг “деворларидан” акс садо чиқмайди. Шундай бўлсада, вақт топиб футболга ишқибоз бўлиб, сайтимизга кириб турганингиз учун Сизга раҳмат.
Atsteka ном-ниқоби остидаги ўқувчим "йўқ бўлиб кетманг, тез-тез сайтда чиқиб туринг", деб ёзибди. Сайтда кам чиқишимнинг икки сабаби бор. Мен учун Сайт мўъжизадек гап. Ўттиз йил олдин буни фантаст ёзувчи ҳам тасаввур қила олмас эди. Бир зумда сайтга эмас, Оламга чиқасиз. Ҳар куни Олам билан юзланиб туролмайман. Олам олдида заррадек одам бўлсам. Иккинчи сабаби бор. Илгари “Чемпион” сафида юрганимда Муҳрим, Олимхўжа ё Зафар айтганларимни ёзиб олишар эди. Баъзида сардоримиз Маҳмуд Асрор қалам билан ёзиб тўлдирган қоғозларимни уйимдан олиб кетар эди. Қайтмас дамлар экан.
Ҳозирги ҳаётда кўчаларимиз тирбанд, ҳаёт тирбанд, умр йўлимиз ташвиш, юмуш билан тўла. Ҳеч кимни ҳеч кимга қарам қилмасин. Ҳеч ким ўзга одамга қараб қолмасин. Икки йил бўлди нетбук олганман. Ҳалигача тугма тақиллатишни тўлиқ ўргана олмадим. Билмаган нарсам кўп. Сайтга киришни билмайман. Икки ой бўлди ЮСБ-модем олган эдим. Мутлақ ишлата олмадим. Бузуқ экан. Алдандим. Пулимга куйиб зорланиб ёзмаяпман, сизларга замонларни чоғиштирмоқчиман. “Билайн”нинг марказий идорасига кириб бордим. Ҳайратланиб қолдим. Идора биноси, ички кўриниши жуда муҳташам. Одамга лиқ тўла. Ҳамма ходимлар бир хил кийинган. Ҳамма сариқ қора ола-була галстук тақиб олган. Ҳамма бир хилда мулойим. Эшикдан киришим билан бир ёш йигит қарши олди. Мақсадимни билгач, четдаги бир стол ёнига бошлаб борди. Хушмуомалали экан. Кейин эшиккача кузатиб қўйди. Иттифоқ даврида идора десангиз одам тушида чўчиб кетар эди. Идора деганда одамни савол билан эзиш, буйруқ билан кузатиш, сарсон қилиш, соатлаб куттириш, одамларнинг хўмрайиши, безбетлиги кўз олдингизга келар эди. Ҳозир ҳамма кўриниш ўзгариб кетган. Ҳамма идора кўринишига чирой беряпти. Ҳозир муҳит бошқа, моҳият ўша-ўша. Бузуқ модемни чиройли ўраб, ичига сохта чек солиб чиройли кузатиб қўйишибди. Четдаги стол атрофида ўтирганлар сотишга ҳаққилари йўқ экан. Бир ойдан кейин ўргатувчи топиб очиб қарасам, билиб қолдим. Шаҳарда чиройли иморатлар жуда ҳам кўпаймоқда. Ичидаги ҳаёт қандайлигини билмаймиз. Эндиликда нафақат одамларнинг қўйган қадамлари, балки ниятлари чиройли ва олийжаноб бўлиши керак. Азизим, Atsteka, биз яшил майдонга ташқаридан тикиламиз. Ўйинга баҳо берамиз. ФУТБОЛ иморати ичидаги ҳаётни билмаймиз. Била олмаймиз. Билганлар беғам, беписанд, футболга, сиз-у бизга бефарқ қолмоқдалар. Афсус.
”Ник”, “юзер” деган сўзлар ҳечам тилимга қулай тушмаяпти. “Olmaliq” номпардали ўқувчим душанба куни ТВда кўрсатилган “Футбол шарҳи”дан зорланиб ёзибди. Зафархўжадан хафа бўлманг. У одми одам. Ўзига, ТВдаги фаолиятига танқидий назар билан қарай олмайди. Лекин “Спорт” канали директори бор-ку, ТВ раҳбарияти бор-ку, дейишимиз мумкин. Улар ҳам айтганларимизга бетаъсир қолмоқдалар: Ишқибозлар нима дейишса, ёзишса, ёза беришсин, гапира беришсин, бизга барибир дейишмоқда. Ишқибозларга улар ҳам қўл силтаб қўйишган. Давлат каналида ўзбек тилидаги кўрсатувни чет тилида, масалан, рус, ё инглиз, ё араб тилида олиб бориш мумкинми? Кўрсатувга таклиф қилинган Ислом Аҳмедов билан рус тилида суҳбат олиб борилди. Ислом Аҳмедов ўзбек тилини билмас экан, билишни истамас экан, шунинг учун Зафархўжа рус тилида суҳбат қуришга мажбур бўлган экан, ёзувлар билан, ёки кадр ортидаги овоз билан ўзбек тилига таржима қилиб туришса, бўлмасмиди. Давлат тилига муносабат шуми? Ахир, юртимиздаги қанчадан-қанча зафарлар, исломлар, футболчи бўлишни орзу қилиб юрган ёш кенжалар суҳбатни тушунишмади-ку. Ўзбек халқи юз фоиз рус тилини билган тақдирда ҳам ушбу ҳол давлат тилидаги кўрсатувда давлат тилини камситиш деб саналмайдими? Испания ёки Франция ТВда ҳеч ким форс ё рус тилида таржимасиз кўрсатув олиб боришини тасаввур қила олмаймиз. Ўзбек давлати ва унинг давлат тили Франция олдида иккинчи “сорт” саналадими? Ўзимизни шунчалар ерга урамизми? Булар мустақиллигимизни оёқ ости қилишмаётибдими? Мен бундайлар билан ватандош бўлганимдан уяламан.
Кўрсатув номини ўзгартириш керак. “Футбол шарҳи” эмас, “Мураббийларнинг кадрлар бўлими” деб номлаб қўйсак тўғри бўлади. Исломжон, мураббийликни чидаганга чиқарган. Рафаэль Бенитес икки йилча ишсиз юрди. Арсланов “Динамо”дан кетгач, Чиғатойда ёшларга сабоқ бермоқда. Сиз атоқли замондошимиз, ўзбек халқининг навоийшунос академик олими Лазиз Қаюмовни танимайсиз. Ўзбек тилини, ўзбек халқининг ҳаётини, унинг тарихини билмайсиз. Билишни истамайсиз. Мутахассис бўлганингиз учун Лазиз Мақсудовни бисангиз керак. Албатта, биласиз. Раҳматли Лазиз-акамиз Мақсудов “Пахтакор”нинг биринчи таркибида футбол ўйнаган. У киши ТВ орқали Рем Турпишев ёки Ахбор-акалар ёрдамида бутун Ўзбекистон олдига чиқиб, жамоасиз юрганидан зорланмаган. 143-ўрта мактабда физкультурадан дарс берганлар. Ўқувчиларнинг энг севимли ўқитувчиси бўлганлар. Кейин уларни “Пахтакор”га мураббийлик қилиш учун чақиришган эди.
Суҳбат мавзусига қайтамиз. Терма жамоамиз ва “Бунёдкор” ўйин тактикасини ўзгартирмаса, аҳволи ёмон бўлар эмиш. Иккинчи “номер”га ўтиб ўйнаши керак эмуш. Қайсидир журналист, қачондир биринчи бўлиб майдондагиларни “номерлаб” қўйди. Энди ҳамма шуни такрорламоқда. Куни кеча бўлиб ўтган “Реал” билан “Шальке” ўйинини кўрдик. Бэйл голвар оширмаларни қойил қилди-я. Катталар билан ёшлар, юлдузлар билан ёшлар мана шундай жўровоз бўлиб ўйин кўрсатиши керак. Моратанинг ўйини ва голини айтяпман. Шу ўйинда ким биринчи номер билан ўйнади-ю, ким иккинчи номерда ўйнади? “Номер” танлаш эмас, футбол ўйнаш керак, футбол. Ўз вақтида ҳимояланиб, керак пайтда ўткир ҳужум қилишни билмайдиганлар номер танламоқдалар. Айбни номерга юкламоқдалар.
Исломжон, Сизга қайси бир танишингиз, “система”га тушмаётганингиз учун чет элда ишлашингиз керак”, деганидан хафа бўлманг. Улар мураббийнинг ўз маҳоратини ўстирмасдан, майдонда ўйин кўрсатмасдан бошқа йўллар билан ғалаба қозонишни системага айлантирмоқчи бўлишмоқда?. Бекор гап. Уларнинг куни битган. Футболимизга улар эмас, Сиз кераксиз. Сизнинг замонингиз келди. Тоза футбол замони, жанг замони келди. Фақат ўзбек тилини яхши ўрганинг. Мураббий ўйинни тузатиш масадида баъзида топиб айтадиган бир оғиз ўткир сўзи футболчининг суягидан ўтиб кетиб, жамоани қалқитиб юбориши керак. Бунинг учун мураббий ўзбек тилини яхши билиш керак. Рус тилида айтилган сўз билан ғафлатта қолган ўйинчининг оғзидан ичагини суғуриб, бошига салла қилиб ўраб қўёлмайсиз. Рус тилида айтилган сўз билан ўзбек ўғлони суяггигача етиб бўлмайди. Етиб бориши учун Сиз ҳам, футболчи ҳам Рязанда туғилган бўлишингиз керак бўлади. На ўзбексиз, на ўрис. Шундай экан, мураббий тил билмас экан, натижада руҳшунос каби сўз кучи билан таъсир қила олмас экан, унинг куни сўкинишга қолмоқда. Ёшлигидан бошлаб сўкиниш эшита бериб бети қотиб кетган йигитларни Инилеев каби юмшоқ сўз билан бошқариб бўлмайди. Демак, тил билиш керак.
Gulnurxan айтган гапларни тушунаман. Кўпчилик футболни чарчаган пайт томоша қилиб роҳат олиш учун кўради. Ундайлар ўзбек футболига бутунлай бефарқ. Танқид, таҳлил уларга ортиқча нарса. Еврофутболга тикилиб яшайдилар. Худди ўзбек киносини ёктирмай ўчириб қўйиб, жаҳон классик киносини кўргани каби. Лекин футбол кино эмас. Ҳамма бир-биридан ажралиб, ўзининг ташвишини ўзи тортадиган замон бўлиб қолди. Одам мол эмас-ку, одам бошқа бир киши билан бирдамликда, ҳамдардликда яшашни соғинади. Одам ватанпарварлик туйғусини изҳор этишга доим ташна. Одам ҳар хил “сиёсат”парастларнинг яшил, қизил, қора, жигарранг ё “голубой” рангли байроғи остида кўча-кўйда бирлашганидан кўра, стадионларда тоза футболнинг ватанпарварлик байроғи остида бирлашгани маъқул эмасми. Бундайлар футболимиз аҳволидан қайғуриб, бир-бирига ҳамдард бўлайин деб тинмай ўз жамоаси ўйинини таҳлил қилади, танқид қилади. Биламан бундай мулохазаларим Гулнурга ёқмайди. Ҳар кимга ёқиш мақсади билан мақола ёзмайман. Марҳамат, баъзилар Ўзбек футболига қўл силтаб Еврофутболни кўра беришсин.
RMCFEXPERTга ҳам қўшилмайман. Тўғри, футболимиз катта, равон йўлга чиқиб бир ҳолатда қотиб қолганга ўхшайди. Пулпарастлар, манфаатпарастлар футболимиз равнақини бўғиб қўймоқда. Лекин Ислом Аҳмедовнинг ўша “ошнолари” тантана қилмасинлар. Улар “система”га айланишгани йўқ. Бирма-бир ҳамма иллатларни енгамиз. Сиз-у биз бормиз. “Стадион” бор. Футболчи ғалабага ишониб яшил майдонга тушади-ку. Тўғри, ҳозир биз - ишқибозлар жамоаси 0:6 ҳисоби билан ислоҳот душманларига ютқазмоқдамиз. Лекин эртага, албатта, битта жавоб тўпини киритамиз.
ZurIshqiboz ёзганларимни қайта ўқиб чиқсин. Энди термамиз ОК-2015га боради. Нима учун боради, нима каромат кўрсатади? Бир нима кўрсатаман деб борувчилар сафида шунчаки боради. Чунки ҳозирги ўйин савиясини ўстириш вазифаси мақсад қилиб белгиланманган. Янги ўйинни эмас ўзини, турқини кўрсатгани боради. Футболимиз ҳам, термамиз ҳам, сиз-у биз ҳам аренага чиқиб олган Лиллипуд аҳволидамиз. Австралиядан янгиланган Ўйинни эмас, ўзимизни кўрсатиб қайтамиз. ЎФФ ҳаммамизни “лиллипуд” қилиб қўйган. Миржалол Қосимов учун клубнинг масъулияти камлик қилмоқдами? Бу йил тағин 2 марта бўш вақт топиб, 5 кунлаб термада “ишлаб” бериши керакми? МТЖни бошқаришда масъулият йўқми? Миржалол Қосимов ё ўзини, демакки, касбини ҳурмат қилмайди. Ёки Миллий Терма Жамоа Мураббийи деган номни ҳурмат қилмайди. Клуб масъулиятини Эргашевга, ё Саркисянга топшириб, ўзи фақат терма жамоамиз билан шуғулланмайдими? Ўзбекистон шаъни бунга арзимайдими? ЎФФ терма жамоамизга қўл силтаб қўйган бўлса, терма олдига бир йиллик, беш йиллик мақсад қўймаган бўлса, қандайдир аниқ мақсадларга эришиш учун қайсидир шарт-шароитларни яратиб берай демаса, Қосимов нима қилсин дейсизми? Ундай бўлса, бу йил икки марта йигитларни майдонга шунчаки олиб тушиб, ўзини, бўй-бастини ҳаммага кўрсатсин, шундайми. Бу лилипудлик эмасми? Қосимовнинг ақл-заковати, орияти, мутаҳассислик ғурури “лиллипуд” эмасми? Миржалол Қосимов ўзига, ишига шунчалар беътибор бўладими? Сизчи?
Сизга жўнроқ қилиб тушунтираман. Клуб ҳам, терма жамоа ҳам алоҳида оила. Алоҳида ташвиш. Алоҳида масъулият. Бир пайтнинг ўзида бир эркак икки оилага бош бўлиши мумкинми? Буни қўш хотинлик демаймизми? Ҳозир бундай қўш хотинлик қиляпган эркаклар бор. Лекин аксарият ҳолларда ундайлар учун биринчи оила ҳақиқий оила бўлиб, иккинчиси кўнгилхушлик қиладиган жой бўлиб қолмоқда. Уч ойда бир марта Қосимов терма жамоамизга келиб клуб ташвишларини унутиб юрт олдида, ишқибозлар кўз ўнгида “кўнгилхушлик” қилмоқдами?
Бошқа мисол келтираман. Чавандоз бир пайтнинг ўзида икки отни миниши мумкинми? Йўқ! Бир отни миниб иккинчи отни етаклаши мумкин. Лекин бу аҳволда пойгада қатнаша олмайди-ку. Бир от билан бир пойгада, кейин ўша отни миниб иккинчи пойгада қатнашиши мумкин. Бунинг учун ё термани клубга айлантиришимиз керак, ё клубни термага. Энди бунинг иложиси йўқ. Хулоса чиқаринг.
Муҳтарам ўқувчим, юзерим, ёзганларимни ўқиб, дардимга бефарқ бўлмаганингиз учун Сизга раҳмат айтаман. Стадионда кўришгунча омон бўлайлик.
Ҳурмат билан футболга ва ишқибозларга содиқ қолиб,
Ҳасанали отангиз. 22.03. 2014йил.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 06:25:32 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:25:31 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:22:34 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:22:33 01 SHAMSHER 2014-04-08 17:43:44 00 IBRAHIMOVICH 2014-03-23 10:07:58 00 GOLBOLSIN 2014-03-22 20:48:36 00