-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
V. Замонлар чоғишмаси («Консультатив» таҳлил). 1-қисм
Баҳо: +4Киритилган сана: 2014-04-12 15:01
Ҳар қандай ҳолда ғалабага ишониб тўла иштиёқ билан ўйнаш футболнинг асосидир. “Локомотив” билан “Бунёдкор” ўртасидаги куни кеча бўлиб ўтган ўйинда темир йўлчиларнинг иштиёқи баланд эди. Чизиқлар орасидаги боғлам пишиқ-пуҳта бўлганида борми, бундай иштиёқ билан албатта ютган бўлар эди. Иштиёқ йўқолгач, хатто “Бавария”ни ҳам таниб бўлмай қолди. Мюнхенда бўлиб ўтган “Боруссия”га қарши ўтказган ўйинини айтмоқдаман. 0:3 рақамлари ЕЧЛнинг ярим финалини барбод қилиши мумкин. Мавзуга қайтайлик. Майдон атрофидаги пул ўйинлари майдон ичидаги иштиёқни ҳароб қилиши мумкин, ғалабани сароб. Пул муносабатлари Бобур нола билан куйлаб ўтган яхшиликниям, дастидан ҳамма абгор бўлган ёмонликниям бирдай суғориб озуқлантириши мумкин. Ёмонликни яшнатиб, яхшиликни қақшатиб қўйиши мумкин демоқчиман. Бу ҳолатда ҳеч ким ўйинда иштиёқни ярата олмайди. Қишдан бери нимани ёзмайин замонларни чоғиштириб бормоқдаман. Янги замон кунларига етиб келдик. Етмаганлар бор. Бу кунларни Сизлар билан бирга англаб етиш дардидаман.
«КОНСУЛЬТАТИВ» ТАҲЛИЛ
ОЧЛ баҳслари футболимиз устидаги сохта либосни олиб ташлаб, пулсираган ҳақиқий футбол баданимизни ҳаммага кўрсатиб қўйди. Натижада, грандларимиз ОЧЛни бой бергач, “энди эътиборни ички ўйинларга қаратамиз” деб бизни овутишди. Алам-андуҳга тўла эътирозларни совутишди. Бу нима дегани? Бу дегани ҳар бир жамоа ўйинчиси шалтоқ чемпионатимизда шилта ўйини билан олдиндан белгиланган ўз ўрнига эришиб, яна бир йил янги гап айтмайин, бултурги футболимиз турқини кўз-кўз қилиб юра берайин дегани. Эронга бориб ўйинни бой бергач, “Бунёдкор” ҳам “эътиборни фақат ички ўйинларга қаратамиз” дегувчилар сафига қўшилди. Бу дегани футболимиз чархпалаги айланишда давом этади дегани. Бизга пуллар ажратишса бўлгани деймиз. Ҳомийлар катта пулдан ажралишмоқда. Бу пуллар “ўзлаштирилмоқда”. Футболимиз қўқон араваси ғирчиллаб олға силжимоқда. Ислом Аҳмедов фикрига кўра, мана шундай футбол манзарасини кўриб турган ЎФФ консультатив четга чиқиб, консультатив жим туриб, бу ҳолни консультатив кузатиб туриши керак экан-да. ЎФФни консультатив ташкилот демоқда-ку. Демак, унинг ходимлари замон талабига кўра даромадни ошириш мақсадида “маҳсулот”ни экспорт қилиб, қирғиз, қозоқ, тожик ФКларига ҳам қимматли “маслаҳат” бериб юришсинми, шундайми ҳурматли “консультант” раҳбарлар?
ЭДГАР ГЕССНИНГ ТАРИХИЙ ВАТАНИ
ЎФФ “маслаҳат” беришдан уялиб, ниҳоят ислоҳотларни бошлаб, футболимиз аҳволини тузатсинлар, деб яна бир манзарани чизиб берайин. Бизнинг футболчимиз, масалан, 40 ёшдан ошганига қарамасдан инглиз футболидаги Скоулз ё Гиггз каби ўз ўйинини ўстириб, уни янги кун талабига мослаб, янгича жанг қила оладиган ҳолатга келтириб юрмайди. Бизнинг “жангчимиз” 10 йил олдинги ўйинини орқасидан судраб юрган Зайниддин Тожиевга ўхшаб жамоадан жамоага сакраб юради. Ҳар бир кўчиб ўтгани учун кўтарма пулларни ўзлаштиради. “Подёмный” пуллари нима дегани ўзи? Бир мисол келтираман. 15-асрдан бошлаб олмон халқи вакиллари Россиянинг Волга бўйи шаҳарларига кўчиб кела бошлашди. Иккинчи жаҳон уриши бошланганида улар мажбуран фронтдан нарига Ўрта Осиёга кўчирилган эдилар. Тўқсонинчи йилларда Олмония ҳукумати барча олмон миллатига мансуб собиқ Иттифоқ ерларида яшаётган кишиларни тарихий ватанига қайтишлари учун уларга “еб кетарга” кўтарма пуллар берган эди (Тожикистонда туғилган Эдгар Гэсс ҳам ўша йиллари олмон фуқаролигини олиб, тарихий ватанига кетган эди). Тушунарли ҳол, кўтарма пуллар янги жойга кўчиб келиш пайтида оила қийналмасин деб, биринчи йиллари яшаб кетиш пайтида янги жойга мослашиши оғир кечмасин деб берилади. Тожиевларнинг каттаси “Локомотив”дан “Нефтчи”га, ярим йилдан кейин у ердан Жафар Ирисметов жамоаси “НБУ-Осиё”га кўчиб ўтди. У ердан яқинда “Динамо”га ўтиб кетди. Тағин ярим йилдан кейин қайси жамоага кўчиб ўтар экан, билмадим. Футболчи ҳар бир кўчиб ўтишида ўн млн. сўм кўтарма пулларини “еб кетарга” олишини ҳамма билади. Мен Зайниддин пулларини санаётганим йўқ. Асло. Оилада ҳам, футболда ҳам пул топиш муҳим. Пулни сарфлаш унданда муҳимроқ. Оила бюджетига аралаша олмасакда, футбол бюджети диққат марказимизда бўлиши керак эмасми? Сарф қилинажак пуллар футболимиз ривожига хизмат қилиши керак эмасми? Тўғри, Футболчиларимиз тўкин, бой-бадавлат ҳаёт кечиришсин дейман. “Кимса кийган кийимига, минган уловига қараб ҳурматга лойиқ бўлади” дегувчилар бизда ҳалигача кўп топилади. Кўча-кўйда футболчимиз қашшоқликда хўрланиб, одамлар орасида ҳурматини, обрўсини йўқотиб юрса, ҳамманинг ачинишига, ёрдам қўлини чўзишига қараб қолса, футбол ўйинининг ҳам ҳурмат-эътибори бир пақир бўлмайдими? Ҳаммамиз футболни жуда яхши кўрамиз. Биз севган ўйиннинг беобрў бўлишини истамаймиз. Футболчиларимизни эса...
Раҳбарият кўз олдига мана шу манзарани тасвирлаб қўймоқчи эдим. Картинанинг иккинчи планидаги кичкина бир детални, пул сарфлаш деталини чизиб беролмадим. Бир нарсани тушунмаганим учун эплолмадим. Футболимизда тушунмайдиган “детал”ларим кўп бўлсада, менга биргина мана шу “детал”ни тушунтириб беринг. Футболчилар олаётган “подёмный” пуллари нима дегани, ўзи? Маъносини тушунтириб беринг.
�
ЎТГАН КУНЛАР
Йигирма яшар ишқибозлар Советлар тузумини мутлоқ билмайди. Қирқ яшарлар бир нимани эслашади-ю, у кунларга баҳо бера олишмайди. Тўғри, улар Совет мактабида ўқиб, пионер бўлиб галстук тақиб юришган. У кунлар ҳақида шахсий фикрга эга эмаслар.
Олтмиш яшарлар Совет тузумининг иссиғиниям, совуғиниям роса кўп тотиб кўришган. Одам кийим кечаги-ю, битта енгил мошинасидан бошқа ҳеч нарсага эгалик қила олмас эди. Яшаяпган уй давлатники, дачаси кооперативники эди. Мол-мулк, ер, сув, завод, фабрика давлатники эди (ҳозир ҳам бизда ер давлат мулки ҳисобланади). Ишлаб чиқарилган барча маҳсулот давлатга топширилар эди. Бу манзаранинг бир томони. Бошқа томонига ўтайлик. Давлат халқни турар жой билан текинга навбати бўйича таъминлар эди. Текинга даволар, текинга ўрта ва олий маълумот берар эди. Ҳаммани иш билан таъминлар эди. Пулнинг қудрати кесилган, чекланган эди. Бой бўлиш, асосий мақсад бўлолмас эди. Пулга интилиш, пул билан фахрланиш маънисиз ва хунук нарса хисобланар эди. Илм, маҳорат, тажриба, тарбия, маданият билан фахрланиш одат бўлган эди. Ҳамма ягона мақсад атрофида бирлашар эди. Фашизм устидан ғалаба қозониш, кейин вайроналарни тугатиш, кейин космосни забд этиш ва ҳоказо мақсадлар билан бирлашиб, эришган ютуқлар билан, масалан, давлатга топширилган пахта тоннаси билан фахрланиб яшар эди (бу пахталар Москва ихтиёрига ўтиб кетиши билан ишимиз бўлмас эди).
ФУТБОЛЧИ ҲАМ ОДАМ
Ҳозир ҳамма бир-биридан ажралган ҳолда яшайди. Ҳозир ҳамма ўзи учун пул топиш билан овора. Ҳамма учун ягона бир мақсад йўқ. Ҳозир пул билан, мол-мулк билан фахрланиш оддий, одатий ҳол бўлмоқда. Олимларнинг ихтиролари, инженер конструкторларнинг иқтидорлари эмас, қаёқдаги Дерипаска берипаскаларнинг қаёқдаги пуллари газеталарда босилиб чиқарилмоқда. Уларнинг даражалари эълон қилинмоқда. Пулинг бўлса, олий маълумот оласан, даволанасан. Пулинг бўлса, мулкинг ошади, ҳурматинг, қудратинг ошади. Пул топиш ҳамманинг мақсади бўлиб қолди. Пулинг бўлмаса, ҳеч ким эмассан.
Футболчи ҳам одам. Бугунги куннинг одами. Унинг ҳам оиласи бор. Ёрдамга муҳтож жигари, қўни-қўшниси бор. Фуқаро ғамини давлат есин деган замон ўтиб кетди. Ҳозир имкон топган одам атрофидаги ўзига яқин одамларнинг ғамини еб, уларни қўллаб туриши керак. Замон ўзгарди. Ўзгаришга мажбур эди. Одамлар ўша-ўша. Инсон қадри ўзгармаган. Имконият пайдо бўлиб, кутилмаганда жуда бойиб кетганлар ҳам, четга сурилиб хор-зор бўлиб қолганлар ҳам ўзининг одамий юз чеҳрасини сақлаб қолиши муҳим бўлиб қолмоқда. Шу жумладан футболчиларимиз ҳам. Киссадаги ёки кассадаги пул миқдори майдон ичи ва ташидагиларнинг ўзаро муносабатига таъсир ўтказиб қўймасин. Аксинча бўлса, бу жуда ёмон ҳолатга олиб келади. Футбол ўйини қуриб қовжираб, пул ўйини авжга минади. Ҳаётда пулнинг устуворлиги беҳад даражада ошиб кетди. Инсонни бу аҳволда ташқи муҳитга қаршилик қилишини номуси, орияти тиламоқда. Шунинг учун Ишқибоз суюкли футболини пул кирдикоридан тоза сақлашни хоҳлайди. Яшил майдон пул қудрати билан эмас, куч, тезлик, ақл ва бирдамлик қудрати билан ҳаммани ўзига мавтун этиб келмоқда. Ишқибоз Яшил майдонни ғирром ишлардан озод, мусаффо кўрсам дейди. Ушбу замонда биз бургага аччиқ қилиб кўрпани ҳам куйдириб юбордик.
Ўтган ҳаётда одам ҳаётини ҳимоялаш, яъни ижтимоий ҳимоя баланд даражада эди. Ҳозирда эса... Ҳозир янги “кўрпа”ни қавиш пайтидамиз. Футболимизнинг янги “кўрпа”си қандай бўлиши сиз-у бизга боғлиқ. Бу ҳақда вақти келиб батафсил гаплашамиз. Бугунги кунда ЎФФнинг ўрни беқиёс. Бизнинг ЎФФ консультатив ташкилот эмиш. Бекор гап. Футболимиз ҳаётини белгилаш, равнақ йўналишини аниқлаш унинг қўлида. Ҳақиқат ва ҳаракат унинг қўлларига қараб қолган. ЎФФнинг таъсир ўтказиш ричаглари кучли ва турли-тумандир. Шуларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
БОШ МУРАББИЙ - БОШ МУАММО, БОШ ИФТИХОР
Ҳар бир давлат футболининг даражасини биринчи навбатда Миллий Терма Жамоа ўйини белгилаб беради. МТЖ ўша давлатнинг юзи ҳисобланади. Кичик давлат бўлгани учун бор-йўғи ўнта клуби бор бўлган юртнинг МТЖси ҳам юқори даражадаги ўйин кўрсатиши мумкин. Айтмоқчиманки, ҳамма эътибор биринчи навбатда МТЖга қаратилиши керак. Шунинг учун МТЖ заминидаги “таянч нуқтани” излаб топайлик.
Жамоанинг юраги, ақли, жони унинг бош мураббийидир. Бу аксиома. Мураббийни тўғри танлаб, уни қийнамасдан, қўлга ўргатмасдан, шу билан бирга уни авайлаб, қулай шароитда ишлатиб, олдига қаттиқ талаб қўйиш керак. Тўғри танлаш бўйича бир мисол келтирай. Карлос Кейруш “Реал” юлдузларидан бўтқа ясаб кетди. Унинг ўрнига келган Лушембурго жаҳоннинг юқори даражадаги ўйинчилари билан бирор нарсани эплолмади. Олмон мураббийи Шустер ҳам олтин олган бўлса-да, ўйинда бирор муҳим ўзгаришлар қила олмади. Фигу, Зидан, Бекхэм, Роналдоларнинг ҳар бири бир жаҳон эди. Фабио Капелло келгач, “Реал” ўйинида янги кўриниш пайдо бўлиб, чемпион бўлган эди. Эсингиздами? Ўйинчилар ўша-ўша бўлгани билан, жамоа ўйинини таниб бўлмас эди. Мураббий ўзгарган эди, халос.
Миржалол Қосимовни лиллипуд ҳолатига тушиб қолган деб ёзган эдим. Ўқиб мендан хафа бўлибди. Шунчаки ўнта йиғин ўтказиб, ўн марта шунчаки ўртоқлашиб ўйнасак, шунчаки Австралияга бориб, шунчаки мусобақада қатнашиб қайтсак, ҳаммамиз кимнингдир қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаймизми? Ишқибозлар шунчаки бақириб-бақириб уйга қайтишадими? Ҳа-я, ишқибозларимиз Австралияга бориб, у ердан қуруқ қайтишмайди. У-бу латта-путта, майда-чуйда буюмларни харид қилиб келишади. Бу аччиқ киноя ҳаммамизга қаратилган. Энди Миржалол Қосимов ҳамма эътиборни терма жамоага қаратади дегани, нима маънони билдиради?
Ҳа-я, фараз қилайликчи. 2002 йил Кореяни бошқариб, ЖЧда яхши натижаларга эришган, 2006 йил Ироқни Осиё чемпиони қилган Миржалол Қосимов эдими? Буюк мураббий бултур термамизни мундиалга олиб чиқа олмаганининг сабаби, ўриндошлик асосида ишлагани бўлдими? Жиддий шуғулланишга қўли тегмаган эди, деймизми. Энди раҳбарият бултур йўл қўйган хатосини тузатиб, атоқли мураббийимизга яхши шароит яратиб берди, деймизми. Қарорни эшитиб, энди ҳамма нарса ўзгаради, олам гулистон бўлади, деган маънони тушунайликми?
Йўқ. Хом калла бўлмайлик. Бу кетишда ҳеч нарса ўзгармайди. Кўзни каттароқ очайлик.
Олдинда сал кам бир йил вақт бор. Бу вақт ичида миллий термамиз ўйин даражасини бир поғона юқорига кўтариб, Австралияда соврин учун жанг қилиб қайтишимиз мумкин. Миржалол Қосимов бу ишни қила билмайди. Ҳозирги ўйин кўринишига у-бу ишлов бериши мумкин, масалан, стандарт зарбаларни чархлаб бериши мумкин. Бўлди, бошқа ҳеч нарса қила олмайди. Янги ўйин тасвирини ярата олмайди.Давоми бор.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 06:42:36 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:42:33 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:39:07 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:39:06 01 GULNURXAN 2014-04-14 12:16:13 +10 MARSEL 2014-04-14 09:14:46 00 MARSEL 2014-04-14 09:04:32 00 AFSHORMAHALA 2014-04-12 23:50:38 00 BARCAMUXLISI 2014-04-12 23:23:13 -10 KINGISBACK 2014-04-12 23:04:27 00 KUYMAZORLIK 2014-04-12 22:50:48 +10 XURRAMLIK 2014-04-12 22:36:07 00 XURRAMLIK 2014-04-12 22:32:07 00 KINGISBACK 2014-04-12 21:58:49 00 KUYMAZORLIK 2014-04-12 21:57:21 +10 KUYMAZORLIK 2014-04-12 21:39:32 +10 BAXTIREAL 2014-04-12 20:58:29 00 TOLEDO 2014-04-12 20:33:29 00 ALMUNIYA 2014-04-12 18:33:30 +10 KINGISBACK 2014-04-12 17:40:44 00 MUXLISUZB 2014-04-12 17:06:57 00 BERSELIUS 2014-04-12 15:23:49 00 BERSELIUS 2014-04-12 15:10:16 +10