-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Икки ўйин достони
Баҳо: 0Киритилган сана: 2016-08-02 15:04
Бугун “Жар”да ўйин бор. “Обод” “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Ўша куни “Локомотив” “Машъал”дан мағлуб бўлганидан кейин туни билан кўздан уйқу қочиб, бир нималар ёзган эканман. Ҳозир бир ўқиб қарасам, мастона гаплар кўп экан. Ўқимасангиз ҳам бўлар, бировнинг қулоғига ҳам пичирлаб айтиб бўлмас, юракдан чиққан, ичга ютиб ҳам бўлмас гаплар бор экан. Мақоламни биров ўқиб, биров ўқимаслиги мумкин. Бировга ёқиб, бировга ёқмаслиги турган гап. Гап келганда “Локомотив” ўйинчилари бўлган Жасур Ҳасанов билан Иван Нагаевнинг футбол тақдиридан ташвишланиб ёзган эканман. Жасур “Қизилқум”га, Иван Эрон клубига ўйин амалиётини излаб кетиб қолишибди. Омадларини берсин. Уларнинг ўйин маҳорати ўсишдан тўхтамасин.
УЙДА ШЕР БЎЛИБ, КЎЧАДА СИЧҚОН БЎЛИШ
Кубок чорак финалининг жавоб ўйини кеч саккизда бошланиб, кеч тугади. Соат ўнда матбуот анжумани бошланди. Транспорт стадионига 154та томошабин келган экан. Анжуманга фақат икки журналист кирди. Мен ва СПОРТ.УЗдан Зоҳир бор эдик. Кейин “Машъал” котиби ҳам кириб келди. Кеча Терма ўйинидан сўнг анжуман залидагилар 20га яқин эдик. Бу икки ўйинга нисбатан икки хил эътибор, икки хил қизиқиш майдондагиларнинг ва журналистларнинг ўйинга бўлган икки хил муносабатига сабаб бўлди. Икки хил натижа билан тугаган икки хил ўйинни кўрдик. Ва натижада Зоҳир билан мен иссиқ, дим кечада “ЛОКО”нинг салқин хонасида ёлғиз салқинландик, салқингина вақт ўтказдик. Кеча Чилонзорда термамизнинг силлиққина ўйини бўлиб, ўйиндан сўнг силлиққина суҳбат бўлиб ўтган эди. Бугун бундай бўлмади. Андрей Микляев оқланишга тушиб кетди. Биз уни очиқ ойдин қоралашга тушдик. Кеча Самвел Бабаян баланд курсида ўтириб пастдаги журналистларга дашном берган эди. Бугун тор хонада биз Микляев билан яқин танишлардек гап талашиб, тортишиб ўтирдик. Бабаян тўғри қилган эди. Биз ҳам, мураббийлар ҳам термамизнинг бундай ўйини учун ҳар қандай дашномга лойиқмиз. Майдондаги оширмалар билан анжумандаги саволлар гапимни тасдиқлашди. Улар бир хилда бетайин бўлди. Андрей ҳам, Самвел ҳам тўғри жавоблардан қочишди. Турли муаммолардан келиб чиқувчи турли саволларни олдиндан умумий гаплар билан ёпиб қўйишди. Бу муаммолар футболчиларимиз савиясига ҳам, журналистларимиз савиясига ҳам бирдай боғлиқ эди. Ўзингиз баҳо беринг. Бир хил жавоб олишса-да журналистларни бир хил савол, яъни жамоа таркибида “Пахтакор”дан чақирилгани 7 ўйинчи ўйнагани қизиқтирар эди, холос. Ўйин тасвири билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Таҳлилчилардан Попов ҳам жим ўтирди. У ҳам “Пахтакор”нинг хос журналисти-да. Бабаянга ҳеч қачон ўткир савол бермайди. Бабаян тўғри айтди. Қайта-қайта айтишга мажбур бўлди. Фақат саволдан қочиб силлиқ гапирди. Очиқчасига, жамоа таркибини бош мураббий белгилайди. Эшмат ё Тошмат талаби билан таркиб эълон қилинмайди, деса бўлмасмиди. Йўқ. Саволни силаб жавобни сийпалаб гапни айлантирди. Ўйин таҳлили бўйича ҳеч ким савол бермади. Кимдур бир йилдан бери бериб келаётган саволини такрорлаб, таркибда Темурхўжа йўқлигидан зорланди. Менга савол ҳам, жавоб ҳам ёқмади. Хайрулла ёзганидек бир кун келиб Самвел кескин жавоб беришни, тўғри гапиришни ўрганар. Лекин журналистлар қачон ўзгараркин, билмадим. Залда мен ҳам жим ўтирдим. Кўчада сичқондай бекиниб юраману, уйга келиб оқ қоғоз олдида ўзимни шердай тутаман. Муҳим билган саволларимни куни кеча ўртага ташласам бўлмасмиди? Бундай қилмадим. Энди журналист болалардан шикоят қилмоқдаман.
БЕРИЛМАГАН САВОЛЛАРГА АЙТИЛМАГАН ЖАВОБЛАР
Ироқ термаси ҳам, “Машъал” ҳам марказни бўш қолдириб ҳимояланиб ўйнашди. “Машъал” жиддий ҳимояланиб ўйнаган бўлса, араблар жиддий ҳимояни ўйин бошида ташкил қила олишмади. Араблар бош мураббийи Шинейшил айтганидек, 9 футболчи дебют ўйинини ўтказган экан. Бугунгидай тиришқоқ ўйини билан “Машъал” ҳам бундай арабларни юта олар эди. Бабаян ҳам ютдик деб, ортиқча хурсанд бўлгани йўқ. Ўйиндаги муаммоларни-да дастурхон қилмади ҳам. Андрей Микляев ҳам анжуманда ички муоммоларни биздан яширди.
Ёзғувчилар Бабаянни нега Тожиев билан Аҳмедовларни марказий ҳимояга қўйдингиз деб, сўроққа тутишди. Мураббийнинг айтган жавоби умумий гап эмасмиди? Эшитинг, “Бизнинг футболда марказий ҳимоячи муаммоси бор. Юртимизда бу амплуада яхши ўйинчилар кам. Ашурматовни ўйнатган эдик, ишончни оқламади”, деган ўртача гаплари умумий бўлиб, жавобдан қочиш эмасмиди? “Нега, қайси маҳорати учун, ҳимоядаги қайси қобилияти учун, қайси жабҳаларда бошқалардан устунлиги учун, хуллас нима сабабдан уларни асосий таркибда майдонга туширдингиз”, деган сўроқларга жавоб эмас эди. Ҳеч ким бундай лўнда саволларни бермади ҳам. Ҳар бир журналист ўзига ёққан футболчини терма сафида кўришни хоҳлар эди, холос. Ўйин борасида ҳеч ким савол бермади. Шундай экан, Самвелдан лўнда жавобни кутманг. Унинг айтган жавоби бир ҳисобдан тўғри эди. Қандайдир мақсадни кўзлаб тўғри қилгандур. Лекин мураббийнинг мақсади, нияти нималигини билолмай қолдим.
А). Бабаян юртга энди келган арабларнинг бош мураббийи Шинейшил айтганидек, янги ўйинчилар имкониятлари билан танишиб олмоқчи бўлгандур деб айтсам, қип-қизил ёлғон гапирган бўламан. Ушбу ўйинчиларни Бабаян минг йилдан бери жуда яхши билади.
Б). Имкон борида, ФИФА кунларидан ташқаридаги кучсиз ўйинларда терманинг келгусини кимлар ташкил қилишини кўрмоқчи эди десам, бу ҳам ғирт ёлғон бўлади. Ҳали маълум бир жамоа шаклига кирмаган бугунги Ироқ термаси Қирғизистон термаси билан ё Ачавот, ё Аллон термаси билан ўйин ўтказиши мумкин эди. Бош мураббийга бунинг фарқи йўқ эди. Ўзи айтганидек, ўйинчиларни кўздан ўтказмоқчи эди, холос. Рақиб учун ўйин фарқсиз экан, бўлғуси терманинг таркибини синаб кўрса, Бабаянни тушунса бўларди. Бундай бўлмадику. Тожиев терма тугул “Пахтакор”да ҳам келгуси йўқ ўйинчи-ку. “Бунёдкор” юртимизда яхши марказий ҳимоячи деб тан олинган Хайрулла Каримовдан қандай ажралган бўлса, “Пахтакор” ҳам Тожиевдан шундай ажралиб кетиши керак эмасми? Самвел эса, Камолиддинни термада ўйнатмоқда. Камолиддин зонани ёпишда, шериклари билан якдил ўйнашда, ҳужумни бошлаб беришда қўпол хатоларга йўл қўйиб берса-да, бош мураббий буни кўрмаганга олса, микротравмаси бор эди деб мураббий уни, кучсиз ўйнаган ҳимоячини ҳимоялаб турса, Бабаян ҳақида фикрингиз қандай бўлади. Микротравма ҳар бир футболчининг қисмати. Бошқа гап айтаман. Тожиев ўз тезлигини йўқотганига нима дейсиз? Буни кўриб турган Бабаян уни қандай қилиб оқламоқда? Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яқин захираси мана шу Камолиддин эмиш.
Азимжон Аҳмедовни нега жойини ўзгартириб майдонга туширдингиз, деб ҳеч ким сўрамади. Мен ҳам сўрамадим. Бабаян қандай мақсадни кўзлаб бу ишни қилди? Унинг ўйинида универсалликни пайдо қилиш учунми? Бунинг учун терма жамоанинг ўртоқлик ўйинидан фойдаланиб қолмоқчи бўлдими? Бу саволга жавоб тополмайман. Бошқа шунга ўхшаш параллел савол бор. Нега Еличич очко керак бўлмаган жойда, натижа ҳал бўлган пайтда марказий ярим ҳимоячи бўлган Махарадзени орқада ўйнатди? Мақсад тушунарсиз. Бундай ўйинларда ҳамма чизиқларда ёшларни ўйнатса, бўлмасмиди? Масалан, марказий ҳимояда Прохоровни ўйнатса, бўлардику? Ўнг қанот ярим ҳимоясига Еличич ёшлардан кимни тайёрламоқда? Ҳеч кимни. Айтмоқчи, ёшлар жамоасига унинг сўзи ўтмайдику. Ёшлар жамоаси учун у ҳеч ким эмаску. Бу ҳол хаёлимдан кўтарилибди.
ҚАРЗ УЗИШМИ БУ?
Ироқ термаси бош мураббийи Шинейшилнинг уч йиллик шартномаси бор экан. У уч йиллик мухлат ичида янгитдан яратаётган Ироқ терма жамоасини Осиё грандлари қаторига олиб чиқмоқчи экан. Ушбу мақсадга элтувчи ўз режаси асосида ишламоқда экан. Омадини берсин. Бабаянни ёки Еличични жамоа билан неча йиллик шартнома боғлаб турибди? Билмаймиз. Уларнинг олдига уч йиллик, ё бир йилик қандайдир вазифа қўйилганми? Билмаймиз. “Локомотив” раҳбарияти Еличичга бу йил олтин медалларни олиб берасан, олиб беролмасанг, Абрамов ёнига борасан дегандир. Бабаянга ЎФФ раҳбарияти, шунчаки ўйнатиб тур, Мундиалга олиб чиқсанг яхши бўлади, олиб чиқолмасанг “Пахтакор”га қайтасан демоқдами? Ёки бир гап бўлар, ишлай берасан, демоқдами? Қандайдир бир стратегик режа асосида маълум бир ўйин сифатига эришгин ҳам демайди раҳбарлар. Чунки ўйин сифати ҳақида раҳбарларнинг ўз тушунчаси йўқ. Буни ЎФФ Бабаянга ташлаб қўйган бўлса, “Локомотив” президенти Еличичга ташлаб қўйган.
Ёки терма жамоа “Пахтакор” олдидаги ўз қарзини узиши керакми? Буни Бабаян хоҳламоқдами? Ажабланманг. Қандай қарз демоқдамисиз? Ахир неча замонлардан бери “Пахтакор” футболчилари терма ўйинини ўстириб беришган. Гал термага келди. Энди терма жамоа ўзининг ўртоқлик ўйини билан “Пахтакор” ўйинчиларининг савиясини ўстириб бермоқчими? “Пахтакор” иккинчи даврада кучлироқ ўйнаб кетиши керак. Шунинг учун терма жамоа таркибида 7 “Пахтакор”чи ўйнадими? Тахминим тўғри бўлса, марказий ҳимояда Аҳмедов ўрнига истеъдодли ёш ҳимоячи Аббос Отахоновни майдонга туширса бўлмасмиди? Ўйин амалиётини термада ошириб унинг ўйинини ўстирса бўлмасмиди?
Ёки Терма жамоамиз Одил Аҳмедов олдидаги ўз қарзини узмоқдами? Тўғри, Одил термамиз олдида кўп хизмат қилди. Бундан кейин ҳам қилади. Шунинг учун термада унинг укасини бирор чизиқда легионерлар йўғида ўйнатиб кўриш қарз узиш бўладими? Бу тахминим ҳам нотўғри. Биласизми нима учун? Одил Краснодардан туриб акаси бўлган Ёқуб Аҳмедов учун кино олиш, унга режиссёрлик қилиш шароитини яратиб бермоқда. Бу билан ўзбек киноси равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Салбий натижа ҳам натижа ҳисобланиб, хирмонга қўшилган улуш бўлади-да. Лекин Ёқубни ўзбек киноматографлари ичида энг яхшиси деб оламга танитингиз, деб талаб қилмаяптику? Демак, укасини термада ўйнатинглар демайди. Бу тусмолим ҳам нотўғри экан. Одилнинг укаси буюк истеъдод эгаси бўлмаса-да, “Пахтакор” таркибида юриб ўйин сайин маҳорати ўсиб бормоқда. Юртимизда Азимжон ўз ўрнида 20тадан бири бўлади. Энг кучлиси эмас. Кучсизи ҳам эмас. Ўйнаб турса, ўйини бундан кейин ҳам маълум чегарада ўсиб боради. Қанча истеъдодли ўйинчиларга ўйин амалиёти етишмаётибди. Акаси Одил бўлгани учун Азимжон Аҳмедов учун ўйин амалиёти бор. Бор бўлсин. Бой бўлсин. (Масалан, ҳужумчимиз Иван Нагаев истеъдоди ўйин амалиёти бўлмагани учун сўлиб бормоқда. Қовжираб қолмоқда. Иван ёшлар таркибида ўзи устида ишлаб, маҳоратимни зимдан ўстириб олай деса, ёшлар жамоаси подахона бўлиб ётибди. У нима қилсин?). Мавзуга қайтсам, Азимжон Аҳмедовни термада ўйнаши шарт деб ким айтмоқда? Одилми? Бўлмаган гап.
НЕГА “СИТИ”НИ ТАНЛАДИ?
Араблар бош мураббийи Шинейшил берган саволимга жавоб берар экан, олдимдаги вазифа керакли ижрочиларни таниб, билиб, ажратиб олиш, кейин улар ижросига мослаб янги ўйин ғоясини ишлаб чиқишдир деган эди. Гапингиз тўғри, ҳозирданоқ янги ўйин ғоясини ўйлашни бошлаб юборганман. Лекин бу кейинги вазифам, деб қўшиб қўйган эди. Бу гапларни нега эсга олдим, нега айтдим? Янги тусмолимни эшитинг. Бабаян легионерлар йўғида, улар учун муҳим бўлмаган ўйинда янги ўйин ғоясини ўзи яхши билган ижрочилар ёрдамида синовдан ўтказиб олмоқчи бўлдими? Йўқ ва йўқ. Мутлақо бундай эмас.
Бабаян “Пахтакор” ўйин услубини термада қўллаб, легионер ижрочиларимиз ёрдамида натижага эришиб келмоқда. Легионерларимиз вазиятни ўқиб, унга кўра жамоавий ўйинда “Пахтакор” қолипидан четга чиқиб, вазият талабига кўра ўйин ташкил қилишади ва керакли натижага эришиб олишади. Бунда Бабаяннинг ва “Пахтакор” услубининг роли хаминқадар ҳисобланади. Ироқ термасига қарши Бабаян ўзи билган ўйинни “Пахтакор”чилар билан ташкил қилмоқчи бўлди. Бу ўйин услуби аллақачон эскириб кетганини, “Пахтакор”да ҳам иш бермаяпганини Бабаян тан олмаяпти. “Металлург”да, “Машъал”да янги прогрессив ғоя бор ва уни ўйин услубига айлантиришмоқда. Уларга омад тилайман. “Нефтчи”да ҳам изланиш бор. “Бунёдкор”ни гапирмай қўя қолай. “Пахтакор” услуби эскириб бўлган. Буни кўр ҳам кўрмоқда. Бабаян кўрмаяпти. Ўз нуқсонини кўра олиш учун Гвардиола бўлиш шартми? Гвардиола олдинги “Барса” даврида унга ютуқ олиб келган ўз ўйин услубини озгина ўзгартирган ҳолда “Бавария”га тадбиқ қилмоқчи бўлди. Натижа чиқмади. Буни биров кўра олмасада, ўзи кўра олди. “Барса”да қўллаган, футболда давр ясай олган ўйин ғоясидан буткул воз кечиши кераклигини тушуниб етди. Энди у янги муҳитда, янги ижрочилар билан, янги ғояни амалда қўллаб, янги ўйин услубини ишлаб чиқмоқчи бўлмоқда. Бунинг учун у “Сити”ни танлади.
БИР НИМАДАН ЙИРОҚ БЎЛИШ
Бабаян “Пахтакор”да иш бермай қўйган, эскирган услубни кечаги ўйинда қўллаб кўрди. Услубнинг бошқа вариацияларини ишлаб чиқмоқда, холос. Айтганим қуруқ гап бўлиб қолмасин деб бир оз эзмаланмоқчиман. “Пахтакор” ҳимоячилари бир-бирига тўп оширишади. Прессингдан қочиб тўпни қанотга узатишади. Марказдан ҳужум бошлай олишмайди. Бу ерда “Бунёдкор”нинг Сатоси йўқ. “Локомотив”нинг Копадзеси йўқ. Марказда барча якка курашларни бой берадиган, ўйин тафаккури секинлашиб кетган Жамшид Искандаров бор. Демак, тўпни олган Ҳошимов Каримов билан ўйнаб қанотдан ҳужумни бошлаб бера бошлайди. Улар тезланиш олган қанотдаги шеригига, яъни ҳимоячи ортига тўпни узатишади. У эса, чапда Андреев бўладими, ўнгда Каримов бўладими, ўша футболчи марказга югуриб чиқаётган Сергеевга тўпни ҳаволатиб етказиб беради. Ҳужум услуби мана шундан иборат. Айтиш керакки, Андреев ҳам, Ҳошимов ҳам ҳимоячи ортига югуриб ўтишни қойил қилишмоқда. “Локомотив”дагилар, яъни Мустафоев ё Зотеев бундай ўйнашолмайди. Майдон бурчагигача югуриб тўпни ё олдириб қўйишмоқда ё бир амаллаб бирор томонга тепиб қолишмоқда. “Машъал”га қарши шундай ўйнашди.
Кечаги ўйинга келсак, “Бунёдкор”ча ўйин кетди. Элдор Шомуродов катта тезликда қўш девор усулида ўйнаб чапдан ёриб ўтиб марказга юггуриб келаётган Бикмаевга тўпни узатди. Гол. Бу услубни Самвел тушунмадими, дейман? Нега Шомуродов билан Бикмаев ўрнини алмаштирди. Ўйин бузилди. Бикмаев ён чизиқ ёнида сиқилиб яхши ўйин кўрсата олмайдику. Илҳом каби шериги билан тезкор ўйнаб, тор масофада ҳимояни ёриб ўтишни эплолмайдику. Еличич кетидан Бабаян ҳам Бикмаев ҳаракатини ён чизиқ билан чеклаб қўйди. Бикмаевни ҳеч ким ҳужумчилар ортида ўйнатиб кўрмаяпти. У комбинацияни яхши ҳис қилади. У “распасовшик” ролини жуда яхши бажаради. Майли бу бир гап-да. Мураббийга ақл ўргатишдан йироқман.
УНИНГ ДАСТИДАН ДОД, ДОД
Айтмоқчиманки, Бабаян билган услубини яхши биладиган мураббийдир. Ўзбекистон даражасидаги 10та мураббийнинг биридир. Ундан ортиғи эмас. Лекин у ўз ишлаган жамоасида иккинчи ё учинчи даражали бўлиб юрмайди. “Локомотив”да Еличич шу аҳволда ишлайди. Бабаян ҳар доим ҳал қилувчи овозга эга бўлиб келган. Ташкилий ишларда Еличичдан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамайди. Бабаян ишлаяпган жамоада руҳий иқлим яхши бўлиб келган. “Локомотив”да ундай эмас экан. Кеча Бабаян саволга жавоб берар экан, Жасур Ҳасанов билан жамоада қандайдир муаммолар содир бўлаётган бўлса-да, терма таркибида жуда яхши машғулот ўтказгани ҳақидаги гапни секингина қистириб ўтди. Жасур Ҳасанов анчадан бери “Локомотив”нинг асосий таркибида ўйнамаётибди. Буни биламан. Тағин нимани биламан? Бир хулосамни эшитинг. Еличич ҳам, Бабаян ҳам футболчи маҳоратини ўзгартира олмайди, унинг ўйинини янги сифат билан бойита олмайди. Улар бунга ҳаракат ҳам қилишмайди. Масалан, Шерзод Каримов 10 йил олдин Ахмад Убайдуллаев қўл остида қандай ўйнаган бўлса, ҳозир ҳам шу типда, шу йўналишда ўйнайди. Аҳмаддан олган багажига бирор нарса қўшмаган. Кучли ўсиш йўқ. 5 йилдан бери бир хил ўйин кўрсатади. Фақат ижро этишда ўсиш бор.
Жасур Ҳасанов ҳам “Бунёдкор”да Қосимов қўл остида қандай ўйнаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ўйин кўрсатиб келмоқда. Жасур юртимизда энг тезкор футболчи. Энергетикаси жуда баланд. Унинг ўйинига янги ритм, янги йўналиш бағишлайдиган мард мураббий топилмаётибди. Еличич ўйин услубига Жасур тушмаса, уни бошқа амплуада ўйнатиб кўрсин. Унга бошқача ўйин тафаккурини сингдирсин. Бундай иш билан Мирко шуғулланмайди. Тайёр Артур Геворкянни олиб келиш мумкин бўлгач, ундан бундай ишни талаб қилишмайди. Рўзиқул Бердиев барча гранд жамоалар, жумладан “Пахтакор” ҳам аллақачон қўл силтаган Шаҳбоз Эркиновни жамоага таклиф қилди. Бир ё икки йил давомида унинг маҳоратини ўстириб, янгича ярқиратиб ўйнатиб олса борми, унга ҳам “Локомотив” кўз тикадими? Бу аҳволда барча клубларимиз ишқибозлари “Локомотив” дастидан, ҳамма нарсани пул кучи билан ҳал қиладиган “Локомотив” дастидан дод дейишмайдими?
Анжуманда Андрейдан нега Иван Нагаев таркибда ҳам, захирада ҳам йўқ, деб сўраганимда Микляев ички муаммоларни яшириб соғлиги яхшимас деб, тўғри жавобдан қочди. Бир нимани яшира беришсин. Шуниси маълумки, Иван Нагаевнинг футболчилик тақдири “Локомотив”да анчадан бери ўхшамаяпти?
КЎРГАННИ ЭШИТГАН ЕНГАМАН ДЕЙДИ
Бу икки ўйин икки кунда ҳамманинг эсидан чиқиб кетади. Журналистлар кейинги ўйинларни гапиришади. Уларни терма жамоамиз кўпроқ, “Машъал”га ўхшаганлар камроқ қизиқтиради. “Металлург”дан кўра “МЮ” тақдири ҳақида кўпроқ ёзишади. Сайтлар еврофутбол маълумотларига тўла. Еврофутболни тарғиб қилиш ўз футболимизни тарғиб қилишдан осонроқ ва қулайроқ. Ўз футболимизни билиш учун камида стадионга тушиш керак. Кеч соат 11ларда Транспорт олийгоҳи атрофида такси қидириб юриш керак. Девонхона журналистлари деган ном, атама пайдо бўлган. Улар стадионга келишмайди. Ўйинга келиб анжуманга кирганлари ҳам, залда ўтириб, бир-бири билан гаплашиб, ҳамкасблари берган саволларини эшитишмайди ҳам. Бабаян жавобларини диктофондан кўчириб ёзишади. Ёзганда ҳам андавалаб ёзишади. Эшитолмаган саволларни ўзлари тўқиб сайтларга бериб юборишади. Анжуманларда мураббийнинг ҳолатиям, журналистларнинг савияси ҳам очиқ ойдин намоён бўлмоқда. Менинг Бабаянга берган саволимни ҳам ўзлари тўқиб ташлашибди. “Бикмаев қўл остингизда янгича ўйнай бошлади, ортга, ҳужумчилар ортига қайтиб ҳужум ташкил қилишни бошлаб бермоқда. Жасур Ҳасанов ҳалигача майдон четига боғлаб қўйилгандай ўйнайди. Унинг ўйинини ҳам ўзгартира оласизми?”, деган саволим билан ҳамманинг эътиборини Жасурнинг қашшоқ ўйинига қаратмоқчи бўлган эдим. Хабар тарқатувчи дўстим, сенга саволим ёқмаган бўлса, ичингдан тўқиб ёзишга хаққинг борми? Сайтдаги бундай “хабарларни” ўқиб чиққан Хайрулла бир бет мақола ёзди. Нега мураббийларнинг хатосини очамизу, ёзғувчиларнинг нуқсонларини ёпамиз. Футболимизнинг бундай “тарғибини” адашиб бир ўқиб қолган ишқибоз стадионга келадими? Ўзбекистон кубогининг чорак финал ўйинига 145та мухлис келдия. 145та. Майдонга келган иккита журналист “узукка кўз қўйгандай” ўйинга муносиб бўлишди. Улардан бири мен эдим. Бошқаси Зоҳир эди. Девонхона журналистлари бир нима дейишсин.
СЎНГИ СЎЗ ЎРНИДА
Мен бир неча кундан бери мазкур икки ўйин ва мураббийлар билан бўлиб ўтган икки суҳбат таъсирида юрибман. Топган гапим шуки, бизда футбол ҳомийлар пулига раҳбарлар учун ўйналади. Шунинг учун ишқибозлардан ҳамма нарса яширин тутилади. Ишқибозлар ўз навбатида шунга яраша, шунга жавобан, жамоаларимизни ҳомий-помийларига қўшиб, раҳбарларига қўшиб Учқўрғондан нарида кўрмоқдалар. Стадионларга келмаяптилар. Биз ўз футболимиз тақдирига бегона бўлиб қолмоқдамиз. ТВ кўриб, сайт кўриб, газета ўқиб ўз футболимиздан эмас, еврофутболдан яқиндан ҳабардор бўлиб юрибмиз. Ўз футболимиздан бехабармиз. Шунинг учун таҳминлаб, тусмоллаб мақола ёздим. Яқинда “Локомотив”нинг “Қизилқум”га қарши бўлган биринчи даврадан қолиб кетган ўйинини кўрдим. Темирйўлчилар 2:0га ютишди. Куни кеча “Бунёдкор” билан Металлург чорак финалнинг биринчи жангини ўтказишди. “Қалдирғочлар” 3:1 ҳисобида ютишди. Насиб қилса, Бекободга бориб жавоб ўйинини ҳам кўраман. У ҳам жанговор ўтади, албатта. Бугун “Обод” билан “Қўқон-1912” орасидаги ўйин ҳам жанговор ўтади. “Обод” яшайман деса, ғалаба қозонишдан бошқа чораси қолмаган.
Қачонгача Еврофутболнинг шиша сиртида нозланган суратига тикиламиз. Қизиқарли ўйинни кўрайлик деб, тиригини, жонлисини кўрайлик деб “Жар” стадионига борайлик бугун. Биргаликда кўрайлик бугун. Ҳамдардлашайлик бугун. Бизга жайдари бўлишсада, ўз футболимиз, ўз футболчиларимиз азиз эмасми, қадрдонларим.
02.08.2016й. Ҳасанали-отангиз ёздим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 09:00:38 01 WRBEIRQX 2024-08-06 09:00:37 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:57:30 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:57:28 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:53:05 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:53:02 01 BULMXK 2016-08-02 16:01:37 00