-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Футболимиз афсонаси (3-қисм)
Баҳо: 0Киритилган сана: 2016-12-19 21:26
САФГА ТУРИШ ТАРИХИ
“Тўп” гоҳида Қосимовдан сулола вакилларига узатилиб “ўйин” кўрсатилган, гоҳ аксинча бўлган тағин бир неча воқеаларга баҳо бериб ўтайлик. “Бунёдкор”ни йўқдан бор қилган Бой-акамлар бир зумда касод бўлганларини ёзган эдим. Бу воқеа нима учун, қай тарзда содир бўлганини, яъни “сарой ҳаёти” тафсилотини оммадан сир сақлаб келишди. Тўғри қилишган. Сариқ матбуотнинг бизга кераги йўқ. Лекин нима учун “кучли журналистларимиз” воқеани таҳлил қилиш у ёқда турсин, ишқибозларга воқеа ҳақида оддий ҳабар ё тавсилотни етказишмади. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда ғийбат қайнагандан қайнаб кетди. Қай бир йили Бобомурод ўз мақоласида бойакамиз Миродил Жалоловнинг футбол йўлида кўрсатган хизматларини санаб, четга чиққиб қолган номга тахсинлар ўқиб ёзди. Бу воқеага ундан бошқа ҳеч ким ҳеч қандай маълумот билан муносабат билдирмади. Хўш, иш бошидан Жалолов билан бирга бўлган Миржалол Қосимов ишлари усиз қандай кечди?
Бир кунда катта пулларга “хизмат” кўрсатаётган қатор чет эллик гастролёр футболчилар кетишди. Бир кунда. ОК-2011 йилдаги ўйинларда ярим финалгача борган, у ерда чиройли ўйин кўрсатган футболчиларга легионерлик эшиклари очилгани туфайли “Бунёдкор” бир нечта асосий футболчиларидан ҳам ажралди. Жепаров, Ҳайдаров, Кападзе, Ҳасанов шулар жумласидан эдилар. Қосимов уларнинг ўрнига юртимизда кўзга кўринган, нисбатан кучли бўлган, бошқалар қаторида озгина ажралиб турган футболчиларни “Бунёдкор”га олиб келди. Бир кунда гегемон жамоа оддий жамоалар сафига келиб қўшилди. Лекин юқори ташкилий савиясини йўқотмаган ҳолда сафга турди.
ГЕГЕМОНИЗМ ПОПУГИНИНГ ПАСАЙИШИ
Шу ерда гап келганда бошқа бир воқеага муносабат билдириб ўтайин. “Қурувчи” туфайли асосий футболчиларидан айрилган “Пахтакор” ўз мавқеини йўқотмади. Қандай қилиб? Ўз стратегиясини ўзгартириб ўз мавқеини сақлаб қолди. Янги стратегия самараси билан “Бунёдкор”га оппонент бўлиб юрди. Ўзи етиштириб чиққан ёш футболчиларга таяниб, таркиб тузишни бошлади. “Бунёдкор”нинг ҳомийлари ўзгариб, йиллик буджети бошқалар қаторига тушиб қолгач, у ҳам бор эътиборини ёшларни тайёрлаб чиқаришга қаратди. Уларнинг ўйинини кучайтиришга қаратди. “Бунёдкор” мураббийларига ҳақиқий ижод билан, оддий футболчиларимизга таянган ҳолда янги ўйин яратиш билан шуғулланишга тўғри келди. Пул қудратига эмас, маҳорат қудратига таянишга тўғри келди. Қатор ўйинларда Қосимовнинг мураббийлик даражаси қандайлиги яққол кўриниб қолди. Масалан Сатога жой топиб бера олмаган эди. Ҳозир Сато “Бунёдкор”да асосий плеймекер ҳисобланади.
Қосимов иккинчи бор термада ишлаши озгина бошқачароқ бўлди. Буни биласиз. Клубдаги бош мураббийлик лавозимини заҳирада ушлаган ҳолда термага ўриндошлик асосида бошчилик қилмади. Терманинг бош мураббийи омманинг тинимсиз, бетўхтов талабига кўра икки эмас бир отни минадиган бўлди. Қосимов клубдан бўшаб термага бошчилик қилди. Унинг ўрнига жамоага Лушчан бош мураббий этиб тайинланди. Шу тайинловдан кейин, жамоа учун янги йўл танловидан кейин янгича иш қайнаб кетди. Лушчан юртимизда юлдузнамо бўлиб юрган ўйинчилардан воз кечди. Бердиев, Пишчурлар жамоани тарк этишди. Бу пайт “Бунёдкор”дан қолиб кетган қолқинди йўлга, “Бунёдкор”га довруқдан бошқа ҳеч нарса бермаган хато йўлга, бошқа клублардан олиб келинган тайёр ўйинчиларга катта пуллар бериб ўйнатиш йўлига “Локомотив” кириб келган эди.
“Бунёдкор” ўсиш чўққисига чиқиб бўлган, ўйини пасайишга юз тутган Лутфулла Тўраев, Игнатий Нестеров, Карпенко, Саҳоб Жўраевни ўша пулдор жамоага узатди. Ўзи ёш ўйинчилар билан янги ўйин моделини тезда яратиб олди. “Бунёдкор” янгича нафас ола бошлади. Ҳақиқий футбол ижоди бошланди. “Бунёдкор”нинг ёш ўйинчилар ансамбли гегемонлик даъвосини қилаётган “Локомотив”ни ТТЗга бориб 2:1га ютиб, “гегемон” попугини пасайтириб қўйганини эслайсизми? Оммага нотаниш Забиҳилло Ўринбоев урган голиничи? “Бунёдкор”нинг ёш ўйинчилари бизларни анқайтириб, Абрамовни манқайтириб қўйишган эди ўша ўйинда.
МАРД БЎЛИШ ОСОН ЭМАС
Нега мен ҳаммага маълум бўлган ушбу воқеаларга қайтмоқдаман? Гап тагида гап бор. Лушчан деган ном қайдан пайдо бўлди? Майдондаги ўйин ташкилотчиси, янги футболчини етиштириб чиқаришда узвий бир тизим яратган ташкилотчи, “Бунёдкор”да янги ҳаёт, янги йўл яратган ташкилотчи қандай пайдо бўлди? Россияда ўйнаб юрган Лушчанни юртимизга қайтариб “Бунёдкор”да ўйнатган Қосимов эди. Сўнгра, ёши ўтиб бутсаларини михга илганда ёши катта футболчи тақдирига қўл силтамасдан академияга бош қилиб қўйган ҳам Қосимовмиди? Лушчаннинг устози бўлмаса-да, унинг раҳнамоси бўлган Қосимов эмасмиди? Унинг ютуқларидан энг кўп қувонган Қосимов бўлиши керакмиди? Бош мураббийнинг майдонда ўйнатган футболчиси устозидан ўзиб кетиши қувонарли ҳолат эмасми? Устознинг бахти эмасми? Ўзганинг ютуғини эътироф этиш марднинг иши. Лушчаннинг ёнида унга ёрдам бериб раҳнамоси Қосимов енг шимариб ишлаши керак эмасмиди? Йўқ, бундай бўлмади.
Қосимовнинг тарафкаш журналистлари Лушчаннинг ҳар бир қадамидан айб қидириб, қоқилишини кутиб унга қарши курашни бошлаб юбордилар. Ўша кезда “Луччан ботир” деган эртагимда бу ҳақда ёзган эдим. Улар ўз ниятларига етишди. Бултур “Бунёдкор”ни кубогимиз финалигача олиб чиққан Лушчан ишдан олиб ташланди. Хатто Финални ўтказишга имкон беришмади. Финални ютиб қўйса, Лушчанни ишдан олиш қийин бўлар эди-да. Бундан қаттиқ эзилиб “Луччан ботир” деган эртагим давомини ёзгим келиб қолди. Лекин воқеалар давомини кутдим. Давоми эртакдан аъло бўлди. Бу ёғини эшитинг. “Бунёдкор”да бошланган иш тўхтаб қолдими? Йўқ. Лушчан акдемияга қайтиб келиб бошлаган ишини у ерда давом эттирди. Демак, уни ишдан олиш “Бунёдкор” раҳбариятининг ташаббуси бўлмаган. Тепадаги катта қудрат эгасининг иродаси бўйича бўлган. ОК-2015дан кейин Қосимов “Бунёдкор”га бош мураббий бўлиб қайтиб келиши аниқ бўлиб қолди. Бундай силлиқ сценарийни кутилмаганда ОФКнинг 2015-йил якунига бағишланган танлови бузиб юборди. Лушчаннинг бирданига учта боласи Осиёда энг умидли ёш ўйинчилар танлови ғолибига айланишди. Лушчан меҳнатининг бундан бошқа кучли эътирофи бўлиши мумкинми?
Лушчан “Бунёдкор”га бош мураббий этиб қайтиб қўйилди. “Бунёдкор” танлаган янгича ривожланиш йўли тантана қилди. Қосимов термадаги ишини давом эттира турди. Кейин, Пхеньяндаги аянчли мағлубиятдан кейин ЎФФ раҳбарияти Миллий терма жамоамиздаги аҳволга ҳар галдагидек бош мураббийни бош айбдор санаб уни ишдан олиб ташлади. Айбдор аниқланди, айбдор жазоланди. Энди ТЖМда ишларимиз “гуркираб” кетадими? Йўқ. Бу бошқа мавзу. Қосимов ўшандан бери ишсиз юрибди. Нима учун?
ПИЁМ БОЗОРНИ ҚУМСАБ
Мавзудан чекиниб архитектурамиз тарихидан бир мисол келтираман. Ўзбеклардан чиққан Обид-ака Зайниддинов Москвалик архитекторлар билан биргаликда ўзбек таъмиршунослик мактабини яратган эдилар. Йиллар ўтиб янги авлод вакиллари етишиб чиққач, мансабдан бўшаб оддий бўлим бошлиғи бўлиб ишладилар. Кейин оддий таъмирчи архитектор бўлдилар. Кейин... Кейин, 70-йиллар эди, ўзбек таъмиршунослик мактабига тамал тошини қўйган биринчи таъмирчи архитекторимизни кўриш учун Ўрта Осиёда ягона саналган таъмиршунослик институга Пиём бозордан Туркман бозорга ўтиб бориб Лопатин кўчасини қидирган эдим. У киши ҳозир қаердалар, ким бўлиб ишламоқдалар деган саволларимга жавоб топайин деб, у киши билан танишиб, кўришиб келай деб борган эдим. Биласизми у киши қаерда, ким бўлиб ишлар эканлар? Бу даргоҳни яратганлардан биринчиси бўлган Обид-ака шу ерда ҳаммани кутиб олгувчи эшикбон бўлиб ишлар эканлар. Вахтёр дейсизларми бундай касбни. Дарвоза қўриқчиси. Қора “волга”да келгувчи ёш раҳбарга дарвозани очиб ёпгувчи бўлиб ишлар эканлар. У пайтларда раҳбарларга шундай мошиналарда хизмат кўрсатилар эди. Бу даргоҳнинг ўзи, рамзи, бори-йўғи бу инсоннинг умр мазмуни бўлган эди-да. Танлаган касбга, таъмиршуносликка фидойи бўлиш мана шундай бўлади-да. Бундай садоқат бугунги кунда барчамизга афсона ё эртакдай туюлади.
Мавзугу қайтаман. Нега Қосимов ишсиз юрибди? “Бунёдкор” раҳбарияти масалан, клубга унча-мунча хизмати синган, аслида собиқ ўйинчилари бўлган Карпенко, Каримовларни клубга қайтариб, мураббий курсларида ўқиш ҳаражатларини тўлаб келмоқда. Уларни шунчали қадрламоқда. Қосимов ахир, “Бунёдкор”нинг биринчи кунидан клубга бош-қош бўлиб келган инсонку. Клубнинг тамал тошини қўйган инсон наҳотки, бугунга келиб бу клубга бегона бўлиб қолган бўлса? Қадр-қимматга сазовор бўлмаса? Наҳотки, унинг хизмати клубга ортиқча бўлса, наҳотки, клубда содир бўлаётган янги прогрессив ишлардан четда турса? Наҳотки, клуб ҳаётига ўзи бефарқ бўлса? Бу саволларимга жавоб топа олмайман. Биласиз, клубнинг ички ҳаёти оммадан сир сақланади. Шунинг учун кўп нарсани тушуна олмай таажжубланиб қолмоқда эдим. Газетада босилган мақолани ўқигунимга қадар, Қосимов ҳеч қаерда ишламай юришини бир оз тушунгандай, оқлагандай эдим. Янглишган эканман.
Гвардиола Барселонадан шон-шуҳратга тўлган бир пайтда, буюк клуб билан барча соврунларни ютиб юрган бир пайтда фаолиятини тўхтатиб, бир мунча вақт ҳеч қаерда ишлашни хоҳламади. Унумли, долғали ўтган фаолиятига ўзи баҳо бериб олишни хоҳлади. Қосимов сўнги йиллари шунчалик кўп нарсаларни бошидан ўтказдики, ўзи бу воқеа, ҳодиса, ютуқ ва хатоларига баҳо бериб олишни ўйлаб, танаффусга чиқиб, ўзини ОАВдан четга олиб юрибди деб тушунар эдим. Бундай эмас экан. Бунга иккита сабаб бор.
“РАЗБОРКА” ЭДИМИ, Ё...
Биринчи сабабни тушунтириб беришим учун бир мудҳиш воқеани гапириб беришим керак. Бу воқеани ман мудҳиш деб баҳолашимга хаққим бор. Тушунтириб берсам, Сиз нима дейсиз. Бултур қаердадир, нимадир содир бўлиб, Зафархўжа, Аброр ва унинг ўғли Диёр Имомхўжаевларни журналистикадан бадарға қилишди. Бу ҳабарни эшитиб ҳеч ким бефарқ қолмаган бўлса-да, бунга ҳеч ким муносабат билдиришмади. Мен ҳам. Чунки мендаям бу ҳақда ҳеч қандай маълумот, ҳабар йўқ эди. Кимга, нимага муносабат билдирай? Олди-қочди гапларгами? Ҳозиргача мазкур журналистлар ОАВда йўқлар. Аввало ТВда улар йўқ. Бу ҳодисага нисбатан менда иккита савол, тахмин пайдо бўлди. Бундай бадарға қилишга кимнинг ҳаққи бор эди? Нима учун бундай бўлди? Бу бедодлик эмасми? Мудҳиш воқеа эмасми бу? Ҳамма жим. Тахминим, фаразим бўйича катта арбоблар ичида Қосимов тарафкашлари билан унга қаршиларнинг “разборкаси” бўлгану қосимовчилар ютқазганлар. Натижада Имомхўжаевлар сазойи қилинишган. Бундай бўлса, футболда доим бўлиб турадиган мажбурий танаффусдан норози бўлиб юрган Қосимов ўз тарафкашларини ишга солган экан-да. “Бунёдкор”да ўзининг бош мураббийлик лавозимини тиклай олмагач, қандай иш, хизмат бўлмасин, ўз жамоаси билан бирга бўлишни истамаган экан-да. Бош мураббий бўлиш учун барча ишларни қилишга тайёр экан-да. Ёки...Ёки бутунлай бошқа сабаблар борми, билмадим. Бошим қотиб кетди. Турли тахминлар, фаразлар ичида қолиб кетдим. Бу биринчи сабаб. Гвардиола сингари бир оз танаффусни ўзи ихтиёр қилмаганига биринчи сабаби шу. Газетада ўқиганим Зафаржоннинг Қосимовдан олган интервьюси иккинчи сабаб бўлди.
УМИДВОРЛИК
Бир йил қизиқарли воқеаларга тўлиб ўтди. Бу йил ҳамманинг диққат марказида бугунги терма жамоамиз ва унинг бош мураббийи Бабаян бўлди. Терма жамоамиз устида булутлар қуюқлашиб бормоқда. Бу йилги чемпионатимизда рақобат ошиб бир нималарга умидвор бўлмоқдамиз. Бу муддат ичида хаёлимизнинг бир чеккасида доим ўз жойи бўлган Қосимов ҳақида бирон бир ҳабар тарқалгани йўқ эди.
Узоқ кутилган бир маълумот, барча саволларга жавоб берувчи интевью “Ўзбекистон футболи” газетасида босилиб чиқса-да, паймоним тўлмади. Ҳаётда ҳақиқат бор экан-да деб, ҳамма маълумотни ўзидан эшитамиз экан-да деб, газетани қўлга олган эдим. Олдиму.... Зафаржоннинг ёзган нарсасидан эмас, бутун журналистикамиздан норози бўлиб, жуда афсусланиб юрдим-да, ҳис-туйғуларимга эрк бериб, ущбу мақолани ёзаман деб, олдингизда роса эзмаланибман. Ёзганларим чўзилиб кетганидан хотимани ёзмасимданоқ мақолам узилиб қола ёзди. Қосимов ҳам ёзар “мақоласини” вақтинча узиб қўйган деб умид қиламан. Унинг футболда айтадиган гаплари ҳали жуда кўп. Айтар “гапи” оғзида. Эски қоғозни йиртиб ташлаб, янги “мақоласини” бошидан бошлаб янги, тоза, оқ қоғозга ёзишни бошлайди деб умид қиламан. Ҳар галгидан кўпроқ вақтингизни олганим учун қарияни кечиринг. Сиз ҳам мен каби Миржалол Қосимовнинг футболдаги тақдирига бефарқ бўла олмасангиз керак. Бефарқ четда турувчилар юртимизда бўлмаса керак.
Тонг отмоқда. Ҳаммамизга янги кун муборак бўлсин.
14.12.2016й.
Ҳасанали-отангиз ёздим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: