-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Эски гапни судраш
Баҳо: 0Киритилган сана: 2017-06-24 14:18
Қаерга бормай, ким билан учрашмай менга ҳамма бир хил савол бермоқда. “Энди нима бўлади? Жаҳонга чиқа оламизми? Бабаян кетадими?” Менинг ишқибозлигимни билганлар, билмаганлар футболни назарга илганлар, илмаганлар, оғзида шу савол. Биргина савол. Ҳамманинг кўнглида ватан туйғуси бор-да. Буни инкор этиб бўлмайди. Ҳамма жаҳонга чиқишимизни хоҳламоқда. Мени футбол жинниси деб, менга паст назар бўлиб, ҳаётимни алҳазар, пастёзар қилиб юрган танишларим ҳам шу кунлари менга ҳамдардлик билдириб термамизга жонкуярлик қилишмоқда. Қайғу барчамизни бирлаштириб юборган.
ТВ орқали Зафар Қосимов, Норбек Ниёзов “ГОЛ” кўрсатувида чиқиш қилишди. ФИФА кўрсатувида ҳам шу нарса бош мавзу. Термамизнинг ҳозирги ҳолатини ҳар томондан ёритишмоқда. Фақат термамизга масъул одамлар халқ билан мулоқот қилишмайди, ҳеч ким билан нечундир ҳамдард бўлишмайди. Толқон чайнагандай жим туришибди. Қаердадир юришибди. Юртимизда бу йил урф бўлган, мажбурий бўлган, одат тусини олган халқ билан мулоқот қилиш ЎФФ раҳбариятига тегишли эмас экан. Бутун юртимизнинг бу йилги ҳаётини шу ном билан атасакда, йил бўйи бир марта ҳам футбол раҳбариятидан ҳеч ким халқ билан мулоқот уюштирмади. Ҳамманинг улардан ҳафсаласи пир бўлган. Мутасаддилар Бабаян ёшлар ўйинини барбод қилганидан кейин ҳам жим туришган эди. Ҳозир улар нега жим?
Шундай ҳолатда ЎФФ расмий баёнот билан чиқди. Ниҳоят ҳамма кутган воқеа содир бўлди. ЎФФ раҳбарияти халқ билан жонли мулоқат уюштиришини эълон қилди.
ЎФФнинг расмий баёнотини қизиқиб ўқиб чиқдим. Унинг матнини Санжар Ризаев ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев топшириғи бўйича ёзиб чиққандир, балким. Кимдир, қайсидир журналист ёзиб берган, албатта. Баёнотда раҳбарият термамиз ҳолатига ҳеч қандай баҳо бермаган. Терма атрофидаги вазиятни шарҳлаб чиқмаган. Термамизнинг бугунги оғир ҳолатидан келиб чиқиб, қолган икки ўйинда ғалаба қозониш учун қандайдир қатъий чора кўришини айтмаган ҳам. Воқеликни хаспўшлаш учун, хўжа кўрсинга, хўжа ўқиши учун қўл учида ёзилган баёнот бўлди. Эртаси куни жонли мулоқот худди шундай хўжа кўрсинга хўжалар, аслзодалар билан фақир кирмас даргоҳда ўтказилди.
Вазиятни андавалаш бўлди. Йўқ, расмий баёнот устидан чаплама сувоқ бўлди. Ғадир-будирларни силлиқлаб кўрсатиш саҳнаси бўлди. Аҳрол Иноятов мулоқотга келишини тушунаман. Оқ қорани келиштириш ролини яхши бажариб юрибди. Бу саҳнада Рўзиқул Бердиевга нима бор эди, билмадим. Баёнотга қайтаман. Раҳбарият “Миллий термамиз кейинги тақдири ҳақидаги баҳс ва мунозараларни... жуда яхши тушуниб турибди” экан. (гапда маъно йўқ). Матн муаллифи мени кечирсин, ишқибозлар ушбу кунлар, масалан, жаҳон конфедерациялар кубоги мусобақаси ҳақида “баҳс ва мунозаралар” қилишмоқда. Миллий термамиз ҳақида эса, Ўзбекистоннинг бутун футбол оммаси, юртимизнинг барча халқи қай-ғур-моқ-да. “Баҳс” эмиш. Федерациямиз қароргоҳидагилар балким, термамиз ҳақида салқин хоналарга кириб олиб бир-бири билан “баҳс” бойлашиб юришгандир. Термамизнинг ҳозирги ҳолати, бугунги ҳаёти улар учун оддий бир ишхона ҳаётидир, ЎФФ, ТЖМ улар учун ойлик олиб ишлайдиган жойдир. Биз учун Миллий терма жамоамиз Ватан рамзидир. Юрт шаънидир.
“Хавотирли фикрларга ҳурмат сақлаган ҳолда” Бабаянга яна икки ой мухлат беришибди. Фоссатти ва Штилике каби мураббийлик маҳорати бўйича пойгада замонавий русмдаги автомобилга қиёслаш мумкин бўлганлар кучлироғига алмаштирилди. 2 ой етарли мухлат-да. Бизга келган Хоугтон бир ҳафта ичида янги ўйин яратгани эсимда. 2 ойлик пойгада бизнинг Раҳбарият маҳорат бобида қиёсан запорожецга тенг келадиган Бабаянга ўз ишини “охирига етказиб қўйиш учун имконият беради.” Яна 2 ой тариллаши керакми бизнинг “шалоғи чиққан мошина”?! Раҳбарият мулоқот пайтида ушбу “Запорожец” учун зўр шароитли “гараж” қуриб бердик деб мақтанишдан нега уялишмади.
Коса синиб бўлгач, 5 сентябрда чора кўрилар эмиш. ТЖМ ишига чега қўйилар эмиш. ЎФФнинг узлуксиз фаолият юргазиб келаётган ижроия қўмитаси бор эканми, азизларим? Улар кимлар? Ушбу қўмитанинг Бюроси бор эканми? Улар кимлар? Хонам тўрига уларнинг суратини осиб қўяй. Ўша Бюронинг қарори экан-да сентябрда кўриб чиқилар қатъий “чоралар”.
Муҳтарам жаноби Бюро, Сизни шундай деб аташга ижозат беринг, Липпи Хитой Миллий Термаси ўйини даражасини янги поғонага кўтариш учун, давлат режасини тузиб чиқиб уни амалга ошира бошлаганига қанча бўлди? Валақлаб ичиб-чекиб юришни 5 сентябрда ташлайман, деб аҳд қилган бетаъсир, бетарбия боланинг ваъдавозлигига ўхшаб қолди-ку бу гапларингиз. Ахир мундиал йўлида ҳал қилувчи иккита расмий жанговор ўйин даражаси кейин қачондир ўтказилажак 20та ўртоқлик ўйинидан баланд-ку. Жаҳонга чиқсак-чиқмасак, янги бош мураббий учун бўлажак 2та жанглар-жанги жуда фойдали бўлар эди-ку. Шунга аминманки, сентябрда ҳам Миллий термамиз ўйинини ўстирар чорасини, футболимизни равнақ йўлига олиб чиқар чорасини кўрмайсиз. Буни истамайсиз ҳам. Жаҳонга чиқиб узоқ давомли қарсаклар эшитишни истайсизлар. Ўйинимиз даражасини ўстириш йўлидаги машаққатлар эмас, мақтовлар сизлар учун муҳим. Ўйинимиз ўхшамай қолса, айбдор қидирасиз. Муайян шахси, юзи, номи, шаъни, номуси бўлмаган қандайдир эски Бюро-акамиз айбдор топилади. Ва у янгиланади. Оғзи шалоқ фанатлар Бабаянни ҳақоратга кўмиб ташлашади.
Мўжиза содир бўлармикан деб умид қилган Бабаян Эрон ўйинидан олдин жаҳон чемпиони бўлган спортчиларимизнинг дуосини олган эди. Фойда бермади. Сиз, Бюро-ака, ҳеч нарса қилмасдан, жон куйдирмасдан, ақл ишлатмасдан, ҳатто баёнот матнини ҳам қўл учида ёзиб икки ой ичида Бабаяндан нимани кутмоқдасиз? Бюро-ака, Сизнинг борингиз шу бўлса, икки ойдан кейин Бабаян борим шу демайди. “Боримиз шу” дейди. Ёшлар билан айтган шундай гапи Сизга камлик қилган экан. Сизга ёқиб қолган экан. Ёки Сиз ҳам мўжиза истаб қолдингизми? Олма пиш, оғзимга тушми? Мўжизани чол ибн Ҳаттоб соқолидан кутинг.
Эртаси куни Бабаян халқ билан бўлган жонли мулоқотга келмади. Унинг ҳолати оғир. Кейруш зарбасидан оғзи-бурни қонаб кетган бўлса-да, ўзига тўғри баҳо бера олмаяпти, чоғи. Қачон, қанча тошни елкасига олишни Руслан Нуриддинов яхши билади. Самвел Бабаян-чи? Москвадан келиб ўзининг имкониятларини тўғри баҳолаб истеъфо берармикан? Билмайман?
Аҳволининг драматик зирқираши менга номаълум. Унинг ҳозирга бир кунлик ҳаёти ҳақида ёзар бўлсам, юзта бадиҳага сиғмайди.
Шу пайт оддий матбуот котибининг апрелда бўлиб ўтган бир неча кунлик ҳаётига, воқеаларнинг драматизмига мен шоҳид бўлган эдим. Энг муҳими бу воқеада журналистнинг ўз ҳолатига, бўлиб ўтган воқеликка таҳлилий баҳо бера олганидан хурсанд бўлган эдим. Бабаян-чи? Унинг руҳий кечинмалари қандай бўлмоқда? Ўз аҳволига объектив баҳо бера олмоқдами? Буни ҳеч ким билмайди. Бабаяннинг ички руҳий ҳаёти мен учун ноаён. Бўлажак икки ойлик кечинмалари ўз олдида нопаён. Буларнинг ҳаммаси ишқибозлар олдида нобаён бўлиб қолмоқда. Нобаён. ЎЗИ билгувчи.
Шундай экан билган, гувоҳи бўлган баёнимни, илгари ёзган “баёзимни” Сизга, азизларим, етказмоқдаман. Қизиқарли бўлса ўқиб чиқарсиз, балким. Балким, термамиз оғриқларидан бир оз чалғирсиз.
Азизларим, Жаҳонга чиқолмасак, кимнидир айблашга, ҳақоратга кўмиб ташлашга олғирсиз, олғир. Чиқиб қолсак, бир-бирингизни мақтовга кўмиб ташлайсиз. Ҳозирги ҳолатга Сиз ҳам, мен ҳам айбдормиз. Шу ҳолатга йўл қўйиб берганимиз учун айбдормиз. Мутасаддилар, раҳбарият ходимлари сентябрда иш жойини ёппасига алмаштиришмоқчи. Бошқа шинам хоналарга кўчишмоқчи. Сизу биз эса, термамиз билан тешик тоғора олдида қолиб кета берамиз. Ҳаммаси эски ҳаммом-эски тослигича қола беради. Энг ачинарлиси шу.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: