-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Шукрона гапларим. 4.
Баҳо: +1Киритилган сана: 2018-01-31 21:42
Учинчи мақоламни uff.uz сайти ҳам босиб чиқармади. Ҳеч ким уни ўқимади. Ичимни шубҳа кемирди. Дилим ғаш бўлди. Ҳар куни беш соатлаб чойхонада шаҳмат ўйнаб тўймайдиган, шаҳмат соҳасида ҳеч нарсага эриша олмаса-да, умрини шаҳматга бағишлаб вақтини зое ўтказиб юрган, чойхона “гросмейстерига” ўхшаб қолмоқдаман, шекилли. Ўхшатмасдан гапирсам, ўзим нетбукнинг тугмакачини тақиллатиб, сирноғини суриб уззу-кун вақтимни зое ўтказиб юрмоқдаман, шекилли. Ёки қариганда шоир бўламан деб, ҳамма учун тўй таклифномасига тўрт қатор сўзни қофиялаб шиғир ёзиб берувчи, ўқувчи тополмай, ёзган янги шиғирларини улфатларига ўзи ўқиб берувчи, тоқатини синовчи, қолган умрини шундай шиғирлар ёзиб ўтказувчи чала шоирга ўхшаб қолмоқдаман, шекилли. Касбикомил журналистлар ёзганларимга бефарқ бўлишса, ман бир ҳаваскор публицист бўлсам, ёзишмаларим билан масҳара бўлиб қолишим аниқ гап бўлмайдими? Ёзиб нима қилдим?
Қадрли вақтимни фарзандларимга, набираларимга бағишласам бўлмайдими? Ота топиб келади. Бува топиб гапиради. Ота ҳалол луқма беради. Бува халил лаҳжа беради. Ота ақлу баданни парваришлайди, бува бола қалбини. Бувасини суймаган бола борми. Набираларимга жуда керакман. Қолган кунларимни набираларимга бағишласам бўлмайдими. Мен бўлсам, футболдан бўшамаяпман. Шундай фикрлар билан ўзимни, ишимни, танлаган маслагимни койидим. Ёзмай қўйдим. Икки ҳафта эмас, икки ойча чамаси жимиб қолгандайман.
БИЛГАН БИЛАДИ. БИЛМАГАН...
Йўқ, футболсиз куним ўтмас экан. Куни кеча “Реал”ни кўриб, кейин Хайрулланинг 7:1 ҳақидаги киноя гапини эшитиб, тилим қичиди. Бу йил Кевин де Брюйне, Раҳим Стерлинг Англияда ғолиб бўла олишармикан? Ғолиб бўлишсин, майли. Кейинги йил ҳам бўлишсин. “Реал”га ўхшаб бу йил ҳам, келаси йил ҳам Европа чемпиони бўлишсин, майли. Икки йил кетма-кет клублар орасида “Реал”га ўхшаб Жаҳоннинг чемпиони бўлишсин, майли. Ундан кейин-чи? Ундан кейин ҳозирги Раҳимларнинг ўйини, албатта, пасаяди. Эскиради. Бу турган гап. “Реал”нинг ўйини ҳозир пасайиш даврида. Пасайиш давом этмоқда. Мавсум давомида атиги 5та гол уриб, олтинчисини ҳам урайин деб, зарба беришда рақибнинг оёғига калла билан чиққан Роналдунинг юзи қонаб кетди. “Реал” жамоаси ҳам Роналдуга ўхшаб жон-жаҳд билан, аламзадалик билан ўйнамоқда. Гол уриб ё уролмай юрган “Реал”нинг юзи ҳам худди шундай қонаб ётибди. Шундай экан, голга ташналиги билиниб турибди. Хайрулла буни билмайдими?
Ўз футболимизда нима гап? “Пахтакор” “Насаф”ни ечинтириб ташлади. Шунинг эвазига “Ал-Ғарафа” тўсиғидан ўта олармикан? Арвеладзе нима учун вақтдан ўзиб кетмоқчи? Ўзидан баланд сакрамоқчи? Бердиевга ўхшаб ҳотиржам ишлаш шароити унда йўқми? Равшан Ҳайдаров терманинг ёш йигитлари билан эришган бугунги ўйин тасвири эртага ушбу ёшдаги терма билан бирга йўқ бўлиб кетадими? Шунча меҳнат, кўриниб қолган жамоавий ўйиннинг янги тасвири йўқ бўлиб кетадими? Нима қилмоқ керак? Миллий терма жамоамиздан ташқари, унинг бир келиб, бир кетар чет эллик бош мураббийи ишидан қатьи назар, унга параллел равишда клублар терма жамоасини тузиб чиқсак бўлмайдими? Термада бирон нарсага эришиш қийинлигини, жиддий ютуқлар учун йиллар ва узлуксиз изланишлар кераклигини билишмайдими? Буни тушунган одам куйинишларим сабабини билиб турибди. Финалдаги ғалабадан завқланамизу эртага нима бўлиши билан ишимиз йўқ. Барчамиз эйфориядамиз. Бу жамоавий ўйин ҳам, Равшан Ҳайдаров ҳам, у билан бирга ушбу жамоанинг эртаси ҳам мавҳумлигини билган билиб турибди. Билмаган йўқ.
Тағин футбол ҳаёти билан яшай бошладим. Футболсиз яшай олмас эканман. Футболдан роҳатланишим, қайғуришим, завқ олишим билан бирга футболимизга бир нима беришим керак эмасми? Ҳаваскор бўлсам-да, ёза олар эканман, қаламим ожиз бўлса-да, ўқувчиларим оз бўлса-да, ёзишда давом этишим керак эмасми? Футболга бўлган бундай садоқатим набираларим учун ўрнак бўлар, балким. Футболга садоқат юртга садоқат эмасми. Буни билган билади.
ШАҲМАТ ДОНАСИ ВА ЗИДАН
Азизхон саволига тўлиқ жавоб бера олмаган эдим. Иккинчи жиҳат бор эди. “Миллий терма жамоамиз учун... кутилаётган чет эллик мураббийни олиб келиш етарли бўладими? Умуман, футболимиз муаммоси бу мураббийми, ёки футболчиларнинг ўзи бундай қониқарсиз натижага масъулми?”, деган саволнинг масъулият ҳақидаги қисми жавобсиз қолган эди.
Сеулда ўтган йилги 1:2 ҳисобида ютқазган ўйинимизда футболчилар айбдорми? Ютқазаётган рақиб ҳужум қила туриб чапга, ҳимоячи ортига тўп оширди. У ерда бўшлиқ бор эди. Ҳошимов тез югуришда рақибга ютқазиб қўйди. Рақиб қанотдан ёриб кириб нариги устун олдига осма узатди. Даврон Ҳошимов оширмага тўсма қўя олмади. Марказда Кримец жой танлашда адашди. Лобанов ўртада қолиб кетган эди. Осма тўпга сакраши бефойда, бемаъни, ақлсиз кўриниш олди. Зарба, гол. 1:1. Бу эпизод хотирамда михланиб қолган. Голга бир қарашда мана шу учта ўйинчимиз айбдордай гўё. Иккита бўйдор ҳимоячиларимиз ҳамжиҳат ўйнай олишмади. Ўнг қанот ярим ҳимоячимиз ҳам орқадаги бўшлиқ учун айбдормикан? Анзур Исмоилов ҳам айбдормикан? Мағлубиятга футболчилар масъулми?
Бу таркибни ким тайёрлаган? Бош мураббий. Бу ўйинни ким яратган? Бош мураббий. Футболчилар бош мураббий кўрсатмасини бажармаслиги мумкинми? Йўқ? Мабодо бажаришмаса, бунга тағин мураббий айбдор бўлади. Футболчилар қандай қилиб мағлубиятга масъул бўлади, тушунмадим, Азизхон? Даврон Ҳошимов Бабаянга қарата, менинг тезлигим паст, тезкор карисларга қарши мени таркибга қўйманг дейиши керакмиди? Ёки, карисларга қарши ҳимояда сиқма ўйин қилишимиз керак, Сардор Рашидов орқароқда ўйнасин, дейиши керакмиди? Футболчилар майдонда бош мураббий кўрсатмасини сўзсиз бажариши керак. Бажариши шарт. Йўқса, хаос бўлади. 2010-йилги ЖАРда ўтган мундиалда француз ўйинчилари бош мураббий Доменек кўрсатмасига қарши чиқишиб гуруҳда қолиб кетиб, шарманда бўлишган эди. ЖЧ-2006да бутун жамоани Зидан ушлаб турган эди. Кўрсатмаларни мураббийнинг обрўсини сақлаган ҳолда Зидан берган эди. Лекин Зидан наинки Францияда битта, жаҳонда битта, тарихда ҳам биттадир. Бошқа ҳеч ким бундай футболчи бўла олмайди. Мураббийга қарши чиқиб бўлмайди. Зидан бундан истисно эди.
Бу мисол билан нима демоқчиман? Бош мураббийнинг ўзи драматург, ўзи режиссёр бўлади. Ўзи ижрочи танлайди. Шаҳматда от ё фарзин мағлубиятга масъул бўла олмайди. Улар доналар холос. Футболда ҳам шундай гап.
ЯНГИ КУН ҒАЙРАТИ ВА ЭСКИЧА ТИЗИМ
Азизхон менимча, натижага айнан футболчилардан бошқа барчамиз масъулмиз, барчамиз айбдормиз. Барчамиз! Аввало ЎФФ президенти Мираброр Усмонов масъул эди. Сеулдан кейин, Бабаянни ишдан олиб ташлаш керак эди. Президентнинг яккахон бошқарув тизими, абсолютизмга асосланган, демократизмни инкор этувчи бошқарув тизими айбдор эди. Сиртидан ҳайбатлигу, ичидан абгор эди бу тизим. Раҳбар мутахассис эмас экан, масъул, билимдон одамни маслаҳатчи қилиб ёки кучли мутахассисни вице-президент қилиб тайинламайдими? Ёки қарор чиқаришдан олдин аноним сўровнома анкеталарини тарқатиб мутахассислар фикрини ўрганмайдими? Чиккани пуккадан, мағзини пўчоғидан ажратиб матбуот фикрини ўрганиб бормайдими?Нега Федерация ходимларидан бирон бир киши президент қарорларига қарши фикр билдирмай юрди. Улар Ватан шаънига бефарқ эдиларми? Бундай эмас. Бошқарув тизими бунга йўл қўймас эди. Ҳозир ҳам шундай бошқарув услуби сақланиб қолган. Қарши сўзни ҳеч ким айта олмайди. Олдинги турғунлик даврида ҳеч қандай ҳаракат йўқ эди. Ҳамма нарса жойида қотган, уйқуга ботган эди. Федерация ходимларининг, бошқа барча мутахассисларнинг инертлиги, танбаллиги, жимлиги, итоаткорлиги, бесамарлиги шунга муносиб эди. Танқиднинг ўчиқлиги ҳам, эътирознинг йўқлиги ҳам шунга муносиб эди. Ҳозир бошқа гап. Турғунлик тугаб ҳозирги ўзгаришлар, янгиланишлар даврида ҳар бир қадамнинг салмоғи баланд бўлиб кетган. Бундай пайтда содир бўлиши муқаррар бўлган кичик хатонинг ҳам юки оғирлашиб кетади. Танқиднинг, таҳлилнинг, таҳсилнинг аҳамияти жуда ошиб кетади. Бугунги ислоҳотнинг кучи, шиддати танқиднинг кучи ва шиддатини талаб қилмоқда. Шундай экан, нима учун Федерациямиз президенти эътирозни, танқид товушини ўчириб турди, тушунмайман. Навбатдаги янгиланиш туфайли, яъни биринчи шахснинг ўзгариши туфайли танқид кўзгусига муносабат ўзгарармикан?
ШУҲРАТУ, БАХТИЁРЛАР НАВБАТИ
Азизхон, бугундан мисол келтириб мавзудан четга чиққаним йўқ. Бўляпган ишларга Сизу биз, барчамиз масъулмиз. Бултурги термамизнинг қулашига бутун мурабийлар штаби сабабчи бўлган. Абрамов пайтида мураббийлар штабида иккинчи шахс бўлган Шуҳрат Мақсудов, Қосимов пайтидаги Бахтиёр Ашурматов қандай таъсир кучига эга бўлганларини билмайман. Ишга уларнинг муносабати қандай бўлганлигини, уларнинг мураббийликдаги маҳорат даражаси қандайлигини билмайман. Ҳайдаровни биламан. Равшан Ҳайдаров ҳам термамиз ўйинига масъул эди. Бу йилги U-23 жангларидан маълум бўлиб турибдики, Равшан ўз дунё қарашига, ўз футбол тушунчасига, мураббийликда ўз услубига эга экан. Бабаян “ўз фалсафасидан”, ўз ғаразидан бошқа ҳеч нарсага эга эмас эди-ку. Нега Равшан ўйинга таъсир кўрсата олмади. Бабаяннинг қарорларига, ишларига, қилмишларига у ҳам масъул эди-ку.
Масалан, терма штабига ёппасига барча пахтакорчилар кўчиб ўтишган эди. Дарвозабонлар мураббийи бўлган Анвар Рашидовнинг чет элдаги йиғинларда гаровланиб кўрсатган масҳарабозликларини кўра туриб, била туриб бунга чидаб юрганми, ё ўзини четга олиб меровланиб юрганми? Ё бош кўтармай, олдинга ўтмай, ўз жойини билиб юрганми? Ҳайдаров ҳам ҳар ҳолда термага масъул эди. Нега таъсир кўрсата олмаган. Бирон бир ташаббус билан чиқа олмаган. Ҳозир Федерациямизда нима гап, қандай аҳвол? Аҳмаджонов қўл остидагилар ишга таъсир ўтказа олишдими, ё бирон бир янги ташаббус билан чиқа олишдими? Нега биринчи шахс якка ўзи “ўйин” қилди. “жамоа” қайда эди. Нега улар қарорларда адолатсизликка йўл қўйиб беришди. Улар фақат топшириқни бажарувчи “доналар” эдими? Уларда масъулият бўлмаганми? Улар оддий маъмуриятми? Бугун президент ўзгаргач, маъмурият таркибидаги топшириқни бажарувчи “доналар” масъулиятли, билимли, ижодкор шахсларга айланармикан? Билмадим.
ҚАФАСНИ КЎРМАСЛАР МАДҲИ
Кўзгуга муносабат ўзгариши керак дедим. Кўзгунинг ўзи-чи? Бултурги термамизнинг қулашига, орзулар барбод бўлишига журналистикамиз ҳам масъул эди. Тўртта газетамиз бор. Футболга бағишланган бир нечта сайтларимиз бор. Радио, телеканалларимиз бор. Журналистикада кимлар ишламоқда? Асосан хабарчилар, интернетчилар ишламоқда. Ислоҳотлар ҳақида таҳлилий, танқидий бирорта мақолани ўқимайсиз. Ҳамма қолипга тушиб олган. Ўткири ҳам, ўтмаси ҳам қолипда. Ҳамманинг ўз қолипи бор. Қолип қафаслигини, олтин ё жез, тор ё кенг қафаслигини билишмайдими? Илгари бизлар термадаги, мураббийлар штабидаги ҳолатни ёритар, омманинг фикрини муаммоларга қаратар биронта мақолани ўқимас эдик. Фақат мақтайдиган, олқишловчи мақолалар босилар эди. Бабаян бир марта ҳам чиқиш қилмаган. Фақат бир марта иккинчи давра бошланишидан олдин Бабаяннинг интервьюсини INTER FUTBOLда босиб чиқаришди. Хос суҳбатни Камолиддин Алимов ёзиб олган эди. Каловланиб, алдовланиб айтилган гапларини билинтирмай ёзди. Уни қилмоқдамиз, буни қилмоқдамиз деган, фалсафам ундай, бундай деган гапларини чиройли либосга ўраб ёзди. Журналистларимиз ҳақиқатни кўра олмас эди. Ҳақиқатни ёза олмас эди, ёза билмас эди ҳам. Ҳозирчи? ... Ҳозир ҳам фақат мақтаймиз. “Муҳтарам президентимиз амалга ошираётган ислоҳотлар... футболимизни мудроқ уйқудан уйғотиш ниятида.... Суперлига қатнашчилар сонини ўн иккитага қисқартиришдай оламшумул революцион воқеа...” деган гапларни ўқиймиз. Қораласак фақат ўтмишни қоралаймиз. Бугунни, Аҳмаджоновни мақтаймиз. Аҳмаджоновга мақтовларингиз керакми? Йўқ. Бизга ҳам керак эмас. Ислоҳотда муаммолар жуда кўп. Нега улар ёритилмайди? Журналистикада олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай аҳвол. Азизхон, мавзуга, масъулият мавзусига қайтаман?
Журналистлар телефондаги тасвирий ёзувларда Анвар Рашидовни фош қилувчи қилиқларини бир бирига кўрсатиб, пичирлаб кулиб юришар эди. Ҳеч ким муаммони омма олдига олиб чиқиб, термадаги аҳволни танқид қилиб бирон бир мақола ёзмади. Санжар Ризаев термадаги ҳақиқий аҳволни етти парда ортига яшириб қўйган эди. Ҳақиқат ҳибсда асир эди. Виждоннинг кўзи юмилган мудроқ ё басир эди, омманинг орзуси осмонда ҳавои қаср эди. Ошкора ёзишга ҳеч кимга руҳсат йўқ эди. Ҳозир ҳам йўқ. Ошкора гап еврофутболда бор. Шунинг учун Заркат тоғларидаги ё Жар Қишлоқ даштидаги, Талоқ Тепа чўлидаги барча ишқибозлар “МЮ”нинг ё “Барса”нинг мухлиси бўлиб юришибди. “Насаф” ё “Нефтчи”нинг эмас. Ишқибозлар ўз футболимиз ҳақида жонли сўз ўрнига мақтовларни ўқиб ўқимай, энсаси қотиб журналистикамиздан эмас, футболимиздан узоқлашиб юришибди.
ИҚБОЛГА ИНТИЛГАН ИҚРОР
Шундай муҳим ислоҳотлар пайтида яшамоқда бўлсак-да, ҳеч кимнинг ислоҳот муаммолари билан иши бўлмаяпти. Фақат маъмурият масъулми? Нима учун? Конференцияда қатнашган клубларнинг 76 нафар делегати фақат буйруқни бажарувчиларми? Лаббай тақсирчиларми? ЎФФ клублар манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилотдир. Ислоҳотлар улар учун қилинмоқда. Нега уларнинг манфаатини поймол қилишимиз мумкин экан? Футболимиз ичидаги иллату нуқсонларни делегатлардан яхшироқ биладиган одам йўқку. Уларни қаёққа бошласангиз, шу ёққа кета беришадими? Уларга сарбон ё қўйчивон доим керак бўладими? Қорани қора деб фақат Аҳмаджонов айтиши мумкинми? Бошқалар айтса, футболдан бадарға қилиниши керакми? Бошқалар ташаббускор бўла олмайдими? Клуб мутасаддилари ҳаммасига кўниб юришлари керакми? Илгари шундай бўлган. Лоқайдликка рози бўлиб юришган. Масалан, “Бабаян мураббий эмас, у бир ташкилотчи раҳбар холос” деб ўзаро суҳбатда Иноятов айтганига гувоҳ бўлганман. Мутахассислар президент хатоларини кўриб туришса-да, четроқда пичирлашиб юришар, ҳеч нарсани ўзгартирмас эдилар. Бу ҳолат қачон ўзгаради? Футболимизга ҳар биримиз масъул бўлишимиз шарт эмасми? Ислоҳотларга фақат ЎФФ президенти масъулми?
Қайта савол бераман. Мутасаддилар, матахассислар қатори журналист ҳам футболимиз ҳаётига масъул эмасми? Еврофутболга масъулми? Еврофутболни маҳоратланиб қанчалар кўп тарғиб қилмасинлар, барибир унинг ҳаётига таъсир ўтказа олмайдилар. Журналистнинг вазифаси жараённи ёритиб, унда иштирок этиш, унга ўз таъсирини ўтказиш эмасми? Таъсирга акстаъсир кўрсатиш эмасми? Бошқалардан олдинда туриш эмасми? Бултурги терманинг қулашига, орзунинг, яъни мундиалнинг биз учун барбод бўлишига журналистика ҳам масъул бўлган, айбдор бўлган. Буни тан олайлик.
Мен ҳам айбдор бўлганман. Нега Мираброр-акамнинг олдига кирмадим? Ичимдаги гапларимни тўкиб солмадим? Олдига кириш қийин эди, тўғри. Қийинчиликлардан қочдим. Таклифларим ёзилган иккита мақоламни яқинда Федерацияга олиб бориб Ёқибжонга бердим. Натижаси бўлмади. Жаъфар Ирисметов олдига бориб ишқибозчилик ҳаракати бўйича фикрларимни баён этиб келдим. Натижа бўлмади. Сайтлар мақоламни босмай қўйишди. Маслакдошлар мендан четлаб кетишди. Қаршиликка учраб, бетаъсирлардан, ожизлигимдан, чарчаганимдан тушкун ҳолда футболдан воз кечай деб қолдим. Уялмай-нетмай набираларимни баҳона қилдим-а. Оғир иқрор...Азизхон, кўряпсиз, масъулият ҳақида гапираман деб, қанча изтироб чекдим. Қанчалар дилсўзлик, жонсўзлик, саркашлик қилдим. Айтганларим маъниси шуки, Сизу-биз, барчамиз атрофимизда бўлаётган воқеаларга масъулмиз. Барчасига масъулмиз. Ҳаммасига бефарқ бўлиб чойхонада соатлаб шаХмат ўйнаб ўтирмайлик. Жараёндан четга чиқиб қарсак чалиб турмайлик.
28.01.2017й. Сизларга ҳурмат билан,
Ҳасанали-отангиз ёздим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: