-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Бир жумла гап таҳлили
Баҳо: 0Киритилган сана: 2018-12-19 08:34
Осиё кубоги-2019 ўйинлари бошланишига 19 кун қолди. Ҳар бир ўзбек ишқибози, футболчиси, мутасаддиси, мураббийи ушбу кунни ўзича ўзгача ҳаяжон билан кутмоқда. Анчадан бери жаҳон даражасидаги бош мураббий келишини орзу қилиб, талаб қилиб, илтижо қилиб келар эдик. Шундай мутахассис келишига эришдик. Орзу ушалган кундан буён ярим йил бир пасда ўтиб кетибди.
МЕСХИ ВА МЕТРЕВЕЛИНИ ЭСЛАБ
Илгари ҳам чет эл мутахассислари келишган, юртимизда ишлашган. Иттифоқ даврида. Ўзбекистон тушунчаси Совет давлати учун эътиборсиз нарса эди. Бутун ўзбек футболига эмас, Тошкент футболига алоҳида эътибор қаратилар эди. Чунки Тошкентга собиқ Совет давлатининг шарқ дарвозаси деб алоҳида баҳо берилган эди. “Қайрат”да, “Помир”да, “Колхозчи”да, “Олға”да эмас, “Пахтакор”да Гавриил Качалин, Михаил Якушин каби ўз даврининг таниқли мураббийлари ишлашган. Ўз терма жамоамиз бўлмаган. Советлар терма жамоаси Грузия, Россия, Украина футболчиларидан шаклланар эди. Арманистонлик Андриасян, Иштоян, Озарбайжондан Туаеву Банишевакий, белоруссиялик Малофеев, Бишовец терма жамоада қатнашиб, дунёга танилган эдилар. Юртимиздан чиққан Абдураимов, Красницкий, Пшеничников СССР терма жамоасида эпизод ҳам бўла олишмаган. Бизнинг йигитларимиз Месхи, Метревели, Хурцилава каби терма таркибида ўйнаб жаҳонга чиқа олишмаганидан зорланар эдим. Бир кун келиб ўз терма жамоамиз бўлади деб орзу ҳам қила олмас эдим. Энди бошқа гап. Мустақилмиз. Ўз терма жамоамиз бор.
19 кундан кейин терма жамоамиз ОК финал ўйинларида ўз жангларини бошлаб юборади. Футболчиларимизни майдонга аргентиналик Эктор Купер бошлаб тушади. Яратган Эгам, ўзинга шукр.
ЧОРАК АСР БАЁНИ
Терма жамоамизга бир келиб кетган Садирин, Сальковлар футболимизда эпизод ҳам бўла олишмади. Непомняший келиб бир мунча вақт ишлаб, бирор бир нарсага интилмай Россияга қайтиб кетди. У Одил Аҳмедов иқтидорига доялик қилгани билан эсимизда қолди. 2002 йил Амирликда ўтган ёшлар ўртасидаги ЖЧда Ўзбекистон термаси қатнашиб мазмунли ўйинлари билан эсда қолди. Ўша ёшларнинг, ўша авлоднинг ҳар бири футболимиз тарихида билинарли из қолдирди. Ҳатто “Тико” (Мансур Саидов) ҳам Фарғона футболида давр ярата олди. Фақат бир футболчи Илёс Зейтуллаев бундан мустасно. У чет элда қолиб кетди, шекилли. Ўша терманинг бош мураббийи германиялик Гёде бўлган. Англиялик Хоугтон термада бир эпизод бўлди холос. Қосимов билан Абрамовлар бир-бирига нисбатан ўринбосарлик, обрўбосарлик қилиб термани бошқаришди. Уларнинг ижросида бирорта дурдона асар эсимда қолмади. ОК-2011нинг очилиш ўйини бундан мустасно (Қатар-Ўзбекистон 0:2). Фалокатда бевақт кўз юмган Раҳимовнинг ғалабали сериалини кўра олмаганман.
Нега орқага бир назар ташладим? Терма жамоамиз нимага эришди? Чорак асрлик футбол давримизда Осиёнинг ўрта ҳол жамоасига айландик деб баҳо берсам бўлади. Непал, Афғонистон даражасига ҳам тушиб кетмаймиз. Япония, Корея даражасига ҳам чиқа олмайдиган жамоа бўлиб қотиб қолганмиз.
БИР ЖИЛМАЙИБ, БИР ҒЎДДАЙГАН РАҚАМЛАР
Ана шундай жамоани Купер қабул қилиб олди. Купергача барча бош мураббийларни бир тарафга қўйсам бўлади. Куперни бошқа тарафга қўяман. Уларнинг ҳар бири ўзидан олдинги мутахассис қолдириб кетган ўйинни олиб, унга ўз ишловини берар эди. Бири тузукроқ, бошқаси бундайроқ ишлов беришган. Фақат Бабаян ҳеч қандай ишлов беролмаган. У мураббий эмас эди-да. Купер бундай қилмади. Олдинги ўйин структурасини бутунлай ечиб ташлади, сочиб ташлади. Биринчи иккита ўртоқлик ўйинимизда ҳамма нарса сочилиб ётганини кўр ҳам кўрди, сўқир ҳам. Иккинчи йиғинда янги ўйин куртакларини кўра бошладим. Ўйинни иморат десам, пойдевори ҳимоя бўлади-да. Ишни янгича ҳимояни яратишдан бошлагани мен учун табиий ҳол бўлди. Бу ишини барча журналистлар ҳимоявий футбол бизга керак эмас, бизга ҳужумкор ўйин керак деб қарши олишди. Ҳар бир гапни, ҳар қандай ишни, ҳужумкор футболни ҳам, аввало ҳимоялаб қўйиш керак-ку.
Иккинчи йиғинда ҳам ҳали ўйин шаклланмаганини кўрдим. Ҳали кўп ишлаш керак эканлигини кўрдим. Ҳисоб рақамлари бизнинг фойдамизга жилмайгани учун футбол оммаси Купер бошлаган ишни тушуна олишмаса-да, уни мақтаб қолишди. Австралияда ўтган учинчи йиғин ўйинларини кўрмадим. Ўйинлар ҳақида бир нима дейишим қийин. Бош мураббий ва йигитлар янги ўйинни яратаман деб, роса тер тўкишгандир. Ўйиндаги нуқсонлар лўнда кўрингандир. Мазкур ўйинларда ҳисоб рақамлари хунук ғўддайгани учун футбол оммаси яна ўйингамас, ҳисобга баҳо беришди. Шундай бир пайтда ҳали маълум бир ўйинни ярата олмаган Купер Туркияга кетишдан олдин ОКни ютамиз демоқда... Нима учун?
АЖОЙИБ СПОРТ ТУРИ
Қўл остидаги футболчилар унга, қилмоқчи бўлган унинг ишига тўлиқ ишониб бўлишган, дейлик. Энди Купер омманинг термага, унинг ўзига бўлган ишончини орттириши керак экан-да. Шунинг учун ушбу кўтаринки гапни биз ишқибозлар учун айтдими? Терма жамоа даражасини чемпионат ўйинлари белгилаб беради деган тушунча бор. Шундай экан, боқимандалик ва коррупция хукм сурган футболдан терманинг яхши ўйинини кутиш мумкин эмас, дейсизми. Мумкин. Мустисно тариқасида мумкин (кейин айтсам, биз коррупцияга қарши курашни бошлаб юбордик). ЖЧ-1966да жанубий кореяликларнинг дунёни лол қолдирган фантастик ўйинини, тузуккина чемпионати бўлмаган Ироқ термасининг ОК-2007да чемпион бўлганини эсга олиш қийин эмас. Лекин мазкур жамоаларнинг бош мураббийлари терма жамоа билан камида бир йилдан ортиқ ишлашган эди. Купер ярим йил ўтгач натижа кўрсатаман демоқда. ОКни ютамиз демоқда. Нима учун бундай демоқда?
Ярим йил ишлаб клубда катта ўзгариш қилиб, натижа кўрсатиш мумкин. Лекин терма жамоада тўрт марта беш кунлик йиғин ўтказиб, туб ўзгаришлар қилмай туриб ижобий натижа кўрсатиб бўлмайди десам, гапимга қўшиласиз. Бу аксиомадек гап. Шундай экан мураббийнинг гапини қандай тушунишим керак? Туркияда ўтажак охирги йиғиндан унинг умиди шунчалар каттами? Ёки биз тушунмайдиган бошқа гап борми? Жамоа ва ҳар бир ўйинчи рақиби ким бўлишидан қатъий назар майдонга фақат ғалаба қозониш учун тушади. Бу ҳам аксиома. Футбол шундай ажойиб ўйинки, бу спорт турида бир эмас, икки калла паст жамоа рақибини енга олиши мумкин. Мураббий қандай йўл билан мақсадга етиш кераклигини ўргатади. Жамоа мураббий атрофида бир жону-бир тан бўлиб ишонч билан жанг қилади ва ютади. ЖЧ-2006да Греция ўзидан кучли бўлган Франция термаси устидан ғалаба қозонган эди. Қандай қилиб? Бош мураббий Отто Рекхагель ўргатган услубга, ғалабага тўлиқ ишониб ютишган эди. Лекин Отто-ота биз кичикмиз, биз камтарин натижани кутяпмиз деб, бирин-кетин ҳаммани юиб кеттан эди. Олдиндан ютамиз демаган эди. Купер эса, олдиндан ютамиз деб айтмоқда.
ЭЪТИРОФ ЗАМИРИНИ ОЧАЙЛИК
Энди ишонч камроқ бўлган ўйиндан бир мисол келтираман. ОК-2011да гуруҳнинг биринчи ўйинида Иордания 1:0га Японияни ўйин бўйичаям, ҳисоб бўйичаям ютаётган эди. Араблар шу ҳисобдаям ғалабага тўлиқ ишонмай, кучли жамоадан бироз ҳайиқиб ўйнашганидан, ҳисобни сақлаш учун ўйнашганидан 100 фоизли иккита вазиятни бой беришди. 2-голни ура олишмаган эди ўшанда. Ўйин охирида Хонда жавоб тўпини киритиб Японияни мағлубиятдан қутқариб қолган эди. Японлар тур сайин ўйинига ўйин қўшиб чемпион бўлишгани эсимда. Демак, жамоа ўзига, бош мураббийга, ғалабага тўлиқ ишонч билан ўйнаши керак экан-да.
Ишонч катта бўлса-ю асоссиз бўлса-чи, нима бўлади? Ёмон бўларкан. Ярим финал ўйинидан олдинги матбуот анжуманида Абрамов “кенгурулар” бразил эмас, уларни юта оламиз деган эди. Бизлардан анча кучли бўлган Австралияни ютиш учун алоҳида ишлаб чиқилган ўйин услуби хато бўлган. Балким умуман бўлмаган. Ишонч асоссис бўлган. Иккинчи голни ўтказиб юборганимиздан кейин, ўйинимиз бутунлай сочилиб кетган эди ўшанда. 0:6. Даҳшат. Эсласам, ҳозир ҳам эзиламан.
Бугунги кунга келайлик. Купернинг чемпион бўламиз деб берган ваъдаси остида қандай асос бор? Купер жиддий одам ва катта мутахассис. Енгил-елпи гапирмайди. Ундай бўлса, нима учун бундай деди? ОК-2011 олдидан Абрамов терма билан бир ярим ой араб юртларида индамай-нетмай ишлаб, 4та назорат ўйини ўтказиб очилиш ўйинида ғалаба қозона оладиган ўйин тайёрлаб қўйган эди. Купер Туркиядаги икки ҳафталик йиғинда ишлаб, битта ўйин ўтказиб нимани тайёрлашга улгурар экан? Нимага ишониб шундай деди. Куперни тушунишга ҳаракат қилайлик. Ишончини асосли деб билайлик. Бунинг учун Исландиянинг ҳаваскор футболчилари ЕЧда Голландияни саралашдан чиқариб ташлашганини эсланг. Мўъжиза кўрсатишдими? Бундай “мўжизалар” футболда бўлиб туради. Бир ой муқаддам Ла Лига доирасида “Эйбар” “Реал”ни 3:0га ютган ўйинини олайлик. Йўқ, бу ўйин айтмоқчи бўлган фикримга мисол бўла олмайди. Чунки жамоалар тенгдош жамоалар бўлиб, рақобат оддий бўлган эди. Фақат “Реал”нинг ўйини сочилиб ётар эди. Сантьяго Солари бир ой ичида “Реал” ўйинини бироз йиғиштириб олди. Мени яқинда бўлиб ўтган “Реал”нинг “Уэска”га қарши ўйини қизиқтиради. 1:0. Ушбу ўйин бизга бир нарсани тушунтириб қўяди.
Уэска шаҳарчасининг олти минг эмас, уч минг кишилик стадиони бор экан. Бу жамоа уч йил олдин шакл топган. Бу йил Сегундадан Ла Лигага чиққан. Қайтиб тушиб кетиши турган гап. Шу жамоа ўйинчиларини алоҳида олиб қарасак, футболчилари бизникилардан кучли эмас экан. Лекин улар “Реал”га муносиб қаршилик кўрсатишди. Уларнинг ўйин структураси бошқача шаклланган эди. “Уэска”нинг ўрнида бизнинг “Локомотив”ни бир зумга тасаввур қила оласизми? Бизникилар “Реал”га қарши пароканда ўйин кўрсатишган бўларди. Бугунги ўйинимиз билан шарманда бўлишар эди. Нима учун шундай? Ўйинчиларда деярли фарқ йўқ. Ўйинда катта фарқ бор. Жамоавий ўйинда. Купернинг гапини унутмай туринг шу пайт.
“ОШПАЗЛАР” ВА ГАППАЗЛАР
Бизнинг футболда ҳамма нарса бор. Лекин у футбол эмас. “Пахтакор” ёки “Локомотив”чилар улар билан техник, физик томондан тенгма-тенг бўлишса-да “Уэска” олдида тасқара футбол кўрсатишади. Шуни тан олайлик. Бу фикрнинг мағзини мен ҳам тўлиқ тушунмайман. Кўзга яққол кўриниб турган бир кичик ўйин ушоғига эътиборингизни қаратишим мумкин. Бизда 5 метр наридаги тўпни аутга чиқиб кетишини кузатишади. “Уэска” ўйинчилари 15 метр наридаги тўпни аутга чиқиб кетишига йўл қўймай, вазиятни узмай, уни сақлаб қолиб ҳужумни ривожлантириш пайида бўлишади. Ўйинимизда ҳали мендек 60 йилги ишқибоз ҳам кўра билмайдиган нозик томонлар жуда кўп. Бошқа соҳадан бир мисол, ўхшатиш келтираман. Ростов шаҳрида 73-йил яшаганман. Ҳар бир ресторанда “плов узбекский” деб бир хил таом пиширишар эди. Масаллиқ ўша-ўша, қайланинг қайнаши ўша-ўша, дамлаш ҳам биздақа, лекин ош эмас эди. Шунга ўхшаб бизнинг футбол нимаси биландир ҳақиқий футбол эмас. “Шовла”.
Ҳозир шу кунда термамиз билан ҳақиқий “ошпаз” ишламоқда. У “ош дамлашни” билади. Биз билмаган ўша кичик бир нарсани у киши яхши билади. Бизнинг масаллиқдан ҳақиқий футбол “ошини” дамлаб бера олишига ўзи ишонмоқда. Энг муҳими футболчиларимиз унга ишонишмоқда. Унинг атрофида у билан бир жону-бир тан бўла олишди. Зотеевнинг гапларидан (“ФЭ”, №99, 8-бет) ушбу ижобий ҳол билиниб турибди. Термамиздаги фаолияти бошида мен сеҳргар эмасман деган Купер бугун сафар олдидан биз чемпион бўламиз демоқда. Қаердан бундай ишонч пайдо бўлди? У футболчиларимизни кўриб, таниб олгач, сеҳр-жодуга эмас, бизни йигитларимизга ишонтириб, шундай демоқда. Баъзи қўштирноқ ичидаги журналистларнинг танқиди нима деган нарса. Купер аллақачон футбол оламида ўзига ҳайкал қўйиб бўлган одамдир. Унинг даражасига чиқа олмаган бўлишса-да, илгари ҳам футбол “ошпазлари” юртимизга келиб ишлашган. Даркович, Гёде, Демьяненкони тилга олсак, арзийди. Даркович келиши билан биринчи турдаёқ “Пахтакор”нинг йигитларини янгича футбол ўйната бошлаган эди. Гёде ҳақида гапириб ўтдим. Демяненько бир йилдаёқ “Насаф”ни Осиё чемпиони қилган эди. Лекин ҳар гал уларнинг пайини кимдир қирқиб турган. Ўз “шовлапазларимиз” уларни ёқтирмагандир-да. Бу гал будай бўлмайди деб ўйлайман. Қўштирноқ ичидагиларнинг ёзишларини тунда ҳайкал пойига келиб, итнинг бир оёғини кўтариб ёзилиб кетишига ўхшатаман. Ит итлигини қилади. Бундан ҳайкалга зарар етмайди. Футболимизга ҳам.
ЯШИЛ МАЙДОН ИЧРА ҲАММА ТЕНГ
Демак, Купер йигитларимизни янги тизимда ўйната олади. Лекин бу билан, масалан, Бикмаевнинг ўйин арсеналида 15 кунда қарши ҳужумнинг асосий қуроли бўлган дриблинг пайдо бўлади дегани эмас. Ёки жарима марказида комбинацион ўйинга унинг мойиллиги 15 кунда ўсиб қолмайди. Ёки 15 кунда ассистентликка унинг иштаҳаси очилиб қолмайди. Ҳар бир ўйинчимиз ҳақида шунга ўхшаш фикр билдиришимиз мумкин. 15 кун давомида ҳар бир футболчимизнинг ўйин маҳорати бир даражага ўсиб қолмайди. Бу айни ҳақиқатдир. Янги жамоавий ўйинни яратишимиз мумкиндир 15 кунда. Бу ҳам катта гап. Нима учун Купер турнирда ғалаба қозонамиз деб айтди. Янги жамоавий ўйинни ишлаб чиқишимиз етарли бўлмайдику. Буни ўзи ҳам биладику. Бўш, асоссиз гап бўлмадими? Айтишдан мақсадини билгим келади. Бунинг учун бир таққослашни келтираман.
Яқинда бўлиб ўтган “Челси” – “Манчестер Сити” (2:0) ўйинини боя айтиб ўтганим Иордания-Япония (1:1) ўйинига солиштириб фикр юритайлик. Араблар битта гол уриб олиб ўзининг устунлигини эмас, Япония авторитетини тан олиб, ҳимояланди. “Челси” рақибидан ўзини устун санаб, “Манчестер Сити”ни ғажийман дея ҳимояланди. “Челси” футболчилари 2-голни уриб олишди. Араблар эса, ўшанда жавоб тўпини ўтказиб юборишган эдилар. Майдонда авторитет йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Олдиндан таслим бўлиб майдонга тушиб бўлмайди. Тағин бир мисол. Фергюсон давридаги “Манчестер Юнайтед”ни таниб бўлмаяпти. “МЮ”ман, ман зўрман дегувчи ғолиблик руҳияти қани? Мағлубиятга кўниб қўя қолиб ўйнашди (“Ливерпуль” – “МЮ” 3:1). Ютқазаётган бўлишса-да рақибини йиртиб ташлайман деб олдинга ташланишмайдими? Демак, Купер ғолиблик руҳиятини йигитларга сингдирмоқчи бўлмоқда. Шунинг учун шундай деди. Шундайми?
Шундайку-я, лекин барибир бундай дейишга одамга юрак керак. Айтилган гапнинг жавоби ҳам бор-ку. Купер катта гапириб юбормадими? Хос-суҳбатни қайтадан яна бир бор ўқиб чиқайлик. Гап тагидаги гапни топиб олармиз. Савол: “Ҳозирги таркибдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида қандай натижа қайд этса, бундан қониқасиз?” Эътибор беринг, термамиз қандай натижага эришади деб сўралмаган. Қандай натижа сизни қониқтиради деб сўралган. Бундай саволга бош мураббий нима деб жавоб бериши керак эди? Сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз? Ярим финалми ё финалга чиқсак рози бўлардим деб жавоб берармидингизми? Купер қисқагина жавоб берди. “Осиё чемпиони бўлсак, (қониқаман)“ деб, айтган экан.
Бу жавобда умуман катта гапириш йўқ экан. Ундан паст натижа кўрсатсак, қониқмай ортга қайтаман дегани экан. Бор гап шу. Мен эса гапнинг тагидаги гапни қидириб юрибман. Гапни синчиклаб ўқимасдан, каловланиб уч кундан бери тугмакачни тақиллатиб, минг хил гапга бориб ўтирибман. Уни ўпоқ, буни сўпоқ деб гап тагини кавлаб ўтирибман. Шу биргина савол-жавобни деб сизларнинг қадрли вақтингизни олибман. Шу уч кун ичида терма жамоамиз йигитлари Туркияда машғулотни бошлаб юборишган, чоғи. Купернинг гапи оддийгина бўлиб, ҳозиржавоблик намунаси экан. Анча эзмалик қилдим. Мендек қарияни кечиринг. Термамиз синовларига атиги 18 кун қолди.
Узр сўраб, Ҳасанали-отангиз ёздим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: