-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Ҳасанали ота Ўзингни англа
Қурама гаплар (3-қисм)
Баҳо: 0Киритилган сана: 2019-09-12 12:03
3.СТАЛИН ВА ЧЕРЧИЛЬ
Ажабланманг. Ҳа, шундай, деб атайин номладим. Икки шахс номини, авторитар ва демократик бошқарув намояндаларини сарлавҳада ёнма-ён келтирдим. Бунда рамзий маъно бор. Бошқарувнинг икки услубига баҳо бериб кўрайлик-чи. Демократия қачону, автократия қачон иш беришини биламизми? Зорланганим ўринли эдими ёки ноўрин?
2-ЖАҲОН УРУШИ ВА 1-UEFA ҒОЛИБИ БЕРГАН ДАРС
Сталин давлатни-да, партияни якка ўзи бошқарган. Неча ўн йиллаб партия съездини чақирмасдан, кўпчиликнинг тасдиғини кутмасдан Советларни юқори индустриал давлатга айлантирган. Бунга қизил террор, қаттиққўллик ва халқнинг ишончи орқали эришган. Шунинг учун у Уруш даврида бошқа бир диктаторни енгиб, башариятни фашизм балосидан қутқарган. Масалан, Англия премьер министри Черчиль парламент тасдиғисиз ҳеч қандай қарор қабул қила олмас эди. Парламентда кўпчиликнинг овозини оғдириб уруш эълон қилгунча қўнғиз мўйлов малъун Европанинг ярмисини босиб олган эди.
Олмония давлати Урушдан кейин вайронада қолиб кетди. Ундан чиқиш учун Конрад Аденауэр лойиҳасига кўра барча иқтисодиёт тармоқларини Давлат вақтинча ўз назоратига олган эди. Йўқса, ҳар бир иқтисодиёт иштирокчиси даромад топиш илинжида кўрпани ўзига тортиб, вайронадан чиқишни неча ўн йилларга чўзиб юборган бўларди. Спортда ҳам, хусусан футболда давлат бошқаруви, агар у тўғри йўлга қўйилган бўлса, яхши натижаларга олиб келган. Ҳамма нарса давлат назоратида бўлган социалистик давлатларда футбол ривожи Европа элита даражасига чиқиб олган эди. Ҳеч қайси клуб кўрпани ўзига торта олмас эди. Европанинг биринчи чемпиони ким бўлган, биласизми? Лев Яшин, Валентин Иванов, Игорь Численколар ўйнаган пайтда Советларнинг терма жамоаси биринчи чемпион бўлган эди. Венгрияда Пушкаш, Польшада Шармахлар даврида ушбу давлатлар термаси кўҳна қитьада грандлар ҳисобида эдилар. Ҳозир-чи? Нима учун Венгрия, Польша давлатларининг футболи олдинги мавқеини йўқотган? Чунки, уларнинг иқтисодиёти инқирозга учраб, давлат назоратидан бутунлай воз кечишган. Чунки, футбол ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Чунки уларда футбол бизнеси яхши шаклланмаган.
ХИДДИНК МАҲСУЛОТИ
Бутун дунёда авторитар иқтисодиёт тизими ўз ўрнини либерал иқтисодиётга бўшатиб бераётган даврда яшамоқдамиз. Нима учун шундай бўлди? Тинчлик даври учун иқтисодиётнинг якка хокимга бўйсиниши, иқтисодиёт субъектлари мустақил бўла олмай кимнингдир назорати остида бўлиши давлатни инқирозга олиб келар экан. Инқироз бозор муносабатига ўтишни кун тартибига олиб келди. Бу жараён дунёда иқтисодий муносабатларни глобаллашувига тўғри келди. Глобаллашув дунё бўйлаб масалан, футболда ҳамма нарсани бизнесга бўйсиндириб қўйди. Футбол бизнеси шаклланмаган давлатларда футбол ўсмай қолди. Давлат инвестицияси фақат қисқа муддат ичида натижа бериши мумкин. Узоқ муддат барқарор юқори натижа бера олмайди. Иқтисодиётда бозор муносабатларига ўтиш жараёни бизда давлат раҳбарлиги остида бўлмоқда. Футболда авторитар бошқарув тизими ўз ўрнини футбол бизнесига, яъни либерал бошқарув тизимига бўшатиб бериш даврига етиб келди. Бу ўзгарув кимнинг қўл остида содир бўлади, ким бизнес структурасини яратади? Бизда футбол бозорини ким ва қачон яратади? Ким “маҳсулот” яратади-ю, ким уни истеъмолчига етказиб беради?
Бу нарса, яъни футбол бизнесини яратиш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Урушдан кейинги Олмония ҳолатини эсланг. Давлат назорати катта бўлган. Бозорни футболга олиб кираман деб клубларни ушбу кунлари ҳусусийлаштириш тескари натижа беради. Эгаси туфайли “Анжи” касод бўлганини эсланг. Хиддинкнинг икки йиллик меҳнати ҳавога учиб кетган эди. Бугун ҳар ким “кўрпани ўзига тортқилашига” йўл қўйиб бўлмайди. Керимовлар ёки Шодиевлар футболда бозор муносабатларини яратиб бера олишмайди. Бу иш фақат давлатнинг қўлидан келади. Лекин бу жараён бизда ҳали бошланмади ҳам. Футбол иқтисодиётимиз учун юклама бўлиб қолмоқда. Футбол Россия, Қатар ё Хитойда ҳам кон саноатига юклама ҳолатида. Уларнинг футболи саноат капитали елкасида бозорга кириб бормоқчи. Биз уларга тенг кела олмаймиз. Биз футбол бизнесини, футбол маҳсулоти бозорини ҳозироқ яратишимиз керак. Бизда футбол бизнесини яратиш ҳалигача ҳеч кимнинг хаёлига келаётгани йўқ.
МАТМУСА ВА НАВОИЙ ТЕАТРИ
Ҳар бир вилоят хокимини вилоят футболига биринчи шахс этиб тайинланиши билан бир нима пайдо бўлиб қолар эканми? Хоким қўл остидаги ўз ҳудудида футболга маблағ етказиб бериши яхши нарса, лекин бу нимани ўзгартириб қўяркан? Ҳеч нимани. Йиллар давомида футболимизга пуллар оқа беради, клубларимиз уларни “ўзлаштира” беради. Бунга устамиз. Лекин футболимиз мана шу жойида қола беради. Бу тайинловлар давлат муҳим жараённи ўз қўлига олди дегани эмас. Боқимандаликни тугатиб футболни бизнесга бўйсиндириш жараёнини ким қилади? Матмусами ёки Бабаянми? Равшан Эрматов ҳақ гапни айтди. ЎФА давлат ташкилоти эмас, футбол ташкилотидир. У клубларга хизмат кўрсатувчи координатор ташкилот бўлиши керак. Давлат арбоби ЎФА ишига аралашмасдан, унинг эгарига минмасдан муҳим жараённи атоқли арбоб ўз зиммасига олиши мумкин. Давлат катта куч. Давлат қилмаса, Шодиевлар қила олишмайди. Ҳамма ўзи учун ўлиб тирилади. Шодиевлар ҳам шундай қилади. Бозор қонуни шундай. Конрад Аденауэр буни исботлаб берган. Давлат истаса, футбол бизнес структурасини ярата олади. ЎФА эмас.
Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бор. Футболники йўқ. Ваҳоланки, барча спорт турларига барча манбалардан келаётган молияни қўшиб ҳисоблаганда сарфланаётган маблағни 5 фоиз десак, қолган 95 фоиз маблағ фақат биргина футболга сарфланаётгани ҳақида эшитганим бор. Аниқ маълумотни Сиз билсангиз, Сиз айтинг. Биргина клубнинг йиллик бюджети ўртача 25 млрд. сўмни ташкил қилади. Бу миқдор пулни тушуниб олиш керак (масалан, давлатимиз Навоий номли Катта Давлат Театрини таъмирлаш учун 27млрд сўмни беш йилда топиб берган эди. “Пахтакор” бундай пулнинг учтасини бир йилда еб кетади. Том маънода еб кетади. Томоғига тиқилиб ҳам қолмайди. Таққослаб кўрдингизми?)
Энди айтинг, шу адолатданми? Европага таққосламанг. У ерда ҳам “Реал”у, “Барса”лар жуда бой бўлиб, “Эйбар”лар жуда ҳароб дейсизми? Кечирасиз, ундай эмас. Очиқ ва тенг курашда, грандлар ҳалол бозор шароитида енгиб чиқиб, даромадларини ошириб бойиганлар. “Пахтакор” бир сўм пулини ишлаб тополмайди. Турмушдан мисол. Ўхшатиш қиламан. Фарзандлари вояга етмагунча ота болаларини боқади. Клублар бозор шароитига кириб, ўз кунини ўзи кўрмагунча давлат уларни таъминлайди. Ота фарзандларини тенг кўрганидек, давлат клубларни тенг кўриши керак. Бирини паст, бошқасини юқори кўрмайди, юқори қўймайди. Вояга етиб хўжалиги бўлак бўлиб, хўжалигини ўзи юрита олганда ўғил аравасини ўзи тортади. Битта клуб алоҳида бир ўзи ҳусусий бўла олмайди. Ҳаммани “вояга етказиш” керак. Футбол бозорини қуриб бериш керак. Шундаям, масалан, акасининг ризқини Худоим бойиб кетган укаси орқали етказиб туриши мумкин. “Пахтакор”ни давлат эмас, Шодиевлар таъминлаб туришибди дейсизми? Кечирасиз, кон ва металлургия халқ бойлиги эмасми? Адолат бўлмаган жойда футбол кучаядими? Йўқ, кучаймайди, ўсмайди. Куч адолатда.
ФУРЖАМ НИМА ДЕГАНИ?
Шундай экан, бундай катта маблағни ўзлаштирар эканмиз, биздан нега Манелар етишиб чиқмаяпти? Демак, адолат йўқ. Пулни ноўрин, нотўғри сарфлаяпмиз. Сенегалда давлат футбол ривожи йўлида бунча пул сарфламайди. Лекин жаҳон даражасидаги футболчилар етишиб чиқмоқда. Тўғри йўналишда сарфлаш учун ҳам, Вазирлар маҳкамаси қошида футболни ривожлантириш қўмитасини ташкил қилсак, бўлмасми? Бундай қўмитага вазирлик мавқеини берсак бўлмасми? Давлат арбоблари, экспертлар, мутаҳассислар у ерда фаолият юритса, бўлмасми? Бу қўмитани Футболни Ривожлантириш Жамғармаси деб атайлик, майлига. Футбол бизнесини яратиш стратегиясини ишлаб чиқишсин.
Биринчи навбатда барча манбалардан келаётган маблағлар бир жойга йиғилсин. Футболимиз бизнес оёғига туриб олгунча мен ҳам ўз ногиронлик нафақамдан бу жамғармага пул ажратиб туришга тайёрман. Биргина қарор билан боқимандаликни, яъни криминоген ҳолатни йўқотайлик. Футболчиларга ойликни бир хил қилиб, АҚШ ва Канада футбол ҳолатига ўхшатиб, киссамизга қараб, ўртача қилиб белгилайлик. Масалан, Қатарда футболчиларга клуб эмас, футбол федерацияси ойликни беради. Уларда ҳам футбол ўзини ўзи маблағ билан таъминлай олмайди. Жамғарма ойликни ўртача қилиб тақсимласин. Ғолиб ва совриндорлар ким бўлишидан қатъий назар, катта пул мукофотини олсин-у, ўз бюджетини баланд даражага кўтариб қўйишсин, майлига. Майдонда жангу-жадални ўшанда кўрасиз. Чемпион бўлиш ниятида, катта ойлик ниятида ҳеч ким “Пахтакор”га ўтайин демайди. Ўзимиз ғолиб бўлиб шундай пулларни ишлаб топамиз дейишади.
Ўшанда Абрамов ё Бердиев йигитлари ҳам ғолиб бўлишиб катта ойлик, ишлаб топа олишади. Шунда клублар ойликни ишлаб топишади. Ялиниб эмас. Майдон ташқарисида “ўйин”лар қилиб эмас. Шунда клублар Бердиевларни, Кумикову, Демьяненколарни, Канчельскис ва ё Радуловичларни қидириб қолишади. Бабаяну, Журжевичларни эмас. Шунда ҳеч бир клуб “кўчманчиларга” кўз тикмайди. Шунда клублар ёш истеъдодларни етиштирайин дейди, улар билан чемпион бўлайин дейди. Шунда кўтарма-қайтармачиларнинг бурни олдида имконияту-шароит эшиги қарс этиб ёпилади. Клуб президентини ҳомий тайинламайди. У ҳомийнинг “одами” бўлмайди. У бир неча номзодлар ичидан сайлаб қўйилади. Жамғарма олдида ҳисоботдор бўлади. Ҳомий олдида эмас.Биринчи галдаги вазифаларни санаб чиқдим. Жамғарманинг асосий вазифаси футбол бизнесини яратиш бўлиб қолсин. Биз футбол бизнесига Хитой ё Россия йўлидан эмас, ўз йўлимиздан кириб бора оламиз. Бу факт. Ўз йўлимизни аниқлаб олайлик. У қандай бўлиши керак? Мана шу асосий савол. Мана шунга жавоб топайлик. Сизу-биз шу ҳақда ўйлаб кўрайлик. Қадрли юртдошим, азиз ишқибоз ҳамдардим, бефарқ бўлмайлик. Ожиз фикрларимни жамлаб, мақола ёзиб Сизга юбормоқдаман. Сиз ҳам фикрланг. Бир нима қилайлик, ахир. Сизу-бизнинг ўғилларимиз умрини футболга бағишлаяпти. Уларнинг Санедан ё Манедан қаери кам? Футбол уйимизни тузатайлик. Қачонгача унинг сирти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қола беради?
Оддий ишқибоз ҳолимга ёзган оддий таклифим қизиқиш уйғотсин деб фуржам сўзларини топганим бор гап. Гап қандай номлашдамас. Гапларим Сизга ёқмаслиги мумкин. Лекин жиддий таклиф бу. Футболдагилар фақат ўз ойлигини ишлаб бермоқда-ку. Бундан ортиғини функционердан кутмайман. ЎФА ходимлари ишдан кейин футбол кўргани беш қадам ташлаб стадионга киришмайди. Ишқибоз ўйин кўргани Мирободдан, Хонободдан, Назарбекдан келиб кўриб кетади. Футбол халқники. Халқ катта куч. Шу юрт бизники. Майдондаги ўғлонларимиз Сизу-бизники. Сизу-биз четда жим турмайлик. Азизларим, албатта, ёзганларимга муносабат билдиринг, Сиздан ўтиниб илтимос қиламан. Стадионда кўришгунча омон бўлайлик. Мустақил давлатнинг мустақил фикр юрита оладиган мустақил инсонлари бўлинг. Сизларни ҳуррият куни билан чин дилдан табриклайман. Эрк қадрига етайлик.
Ҳурмат билан Ҳасанали-отангиз ёздим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: