-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
«InterFutbol» газетаси InterFutbol газетаси блоги
Тақдир: ДАҲО «САМУРАЙ»
Баҳо: 0Киритилган сана: 2019-01-01 10:35
Европа, анироғи, Шотландия майдонларида жавлон урган техникаси юқори бу футболчи ёдингиздами? Кўплаб ютуқларга эришганига қарамай, Гордон Страчан бошчилигидаги «Селтик»ни ижобий таассуротлар билан эсга оладиган фанатлар кам. Улар учун асосан беш йил мобайнида кельтларни шотланд футбол чўққисига олиб чиқиб, «Рейнжерс» гегемонлигига барҳам берган Мартин О~Нил қадрлироқ. Ушбу мутахассисни «кўҳна қитъа»да кўпчилик ҳурмат қилади - «Ювентус», «Лион» ва «Порту» гигантларини айнан шу мураббий тўхтатганди. 2003 йили «Селтик» УЕФА кубоги финалигача етиб борган.
Страчан афсонавий клуб билан 2005 йили - Хенрик Ларссон кетганидан бир йил ўтгач шартнома имзолади. Барча яхши футболчиларнинг ёши ўтиб қолган, жамоа рамзига айланган етакчининг кетиши эса мухлисларни хавотирга солиб қўйганди. Дарҳол янги авлодни муваффақият сари руҳлантира оладиган савияли футболчи керак эди. Молиявий аҳвол мақташга арзигулик бўлмагани сабаб ушбу вазифани уддалаш янада қийинлашди.
Дебют ҳам шармандали чиқди - Словакиянинг «Петржела» клубидан 0:5 ҳисобида аламли мағлубият қабул қилинди. Гарчи жамоа ўз уйида 4:0 ҳисобида зафар қучган бўлсада, Европа дарвозаси кельтлар учун ёпилганди. Кўп ўтмай, «Мотеруэлл» билан тушунарсиз равишда 4:4 кўринишида дуранг ўйнашди. Пол Телфер ва Мо Камара сингари янги ҳимоячилар ишончни оқлашмади, Крис Саттон эса жароҳат олди. Айнан шундай мураккаб паллада «Селтик»да барча ниятларни оқлайдиган ажойиб футболчи пайдо бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.
Япониялик плеймейкер Шунсуке Накамура Италиянинг «Режина»сидан 2,5 млн. фунтга сотиб олинди. Ҳам молиявий, ҳам ном жиҳатидан бу мўъжизавий трансфер бўлди - гарчи японлар Британия ўлкасига ҳадеганда ташриф буюришмасада, Накамуранинг мақтовга лойиқ натижалари бор эди - 2000 йили у Япония лигасининг энг яхши футболчиси, 2004 йилда эса Осиё кубогининг энг ноёб ўйинчиси деб тан олинганди. «Режина» Шунсукенинг услубига мос эмасди, шотландлар эса ҳужумкорликни хуш кўришарди. Бу салоҳиятни намоён этиш учун энг мақбул жой эди.
Мураббийнинг дебюти ўхшамади, Накамураники эса - ажойиб ўтди. «Данди Юнайтед»га қарши уй учрашувида 2:0 ҳисобидаги ғалаба, япониялик ярим ҳимоячи эса жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, дарвозани ишғол қилишига бир баҳя қолди. Гарчи танқидчилар мазкур трансфер фақатгина даромадли япон бозорига чиқиш мақсадида қилинганини таъкидлашсада, вақт ўтгани сари бундайлар сони камайиб бораверди. Накамуранинг ўйини кўзни қувнатарди.
Афсуски, Шотландия лигасида Шунсукени қанчалик қўллаб-қувватлашмасин, ОАВ томонидан салбий фикрлар янгради. «Самурай»нинг кичик жуссали экани Шотландия футболига мос эмаслиги таъкидланди, «Рейнжерс»га 1:3 ҳисобида имконият бой берилгач, ўша учрашувнинг 54-дақиқасида алмаштирилган Накамура бош айбдор сифатида кўрсатилди. Ўта нозик, маҳаллий талабларга жавоб бермайдигандек кўринган япониялик футболчи ҳазил-мутойиба усталари нишонига айланди. Аммо қаҳрамонимиз жамоадаги фаолиятини энди бошлагани сабабли ишонч билдирмаётганларга эътибор бермади. Унинг «Селтик»даги дастлабки голи «Данфермлин» 4:0 ҳисобида тор-мор этилган баҳсга тўғри келди. Лига кубогида «Рейнжерс» мағлубиятга учратилди, лигада эса биринчи ўринни эгаллашга «Хартс» тўсқинлик қилди, холос.
Тез орада япониялик ярим ҳимоячи ўзининг дастлабки совринини қўлга киритди - Лига кубогида «Данфермлин» устидан ғалаба қозонилди. Миллий биринчиликдаги муваффақият ҳам ўзини узоқ куттирмади - «Хартс» барибир, шоҳсупани бўшатишга мажбур бўлди. Захирадаги олтита ўйин билан эришилган чемпионлик - мураббий ва Накамуранинг ишлари юришганидан дарак эди. Охирги паллада «кўк самурайлар»нинг юлдуз вакили «Килмарнок»ка қарши баҳсда (4:1) «дубль» қайд этди. Голлардан бири жарима зарбасидан урилди.
Глазгода ўтган бир мавсум давомида Шунсуке асосий футболчилардан бирига айланиб, совринлар эгасига айланди. Аммо айнан кейинги йил унга афсона мақомини тақдим этди. Навбатдаги чемпионатда янги мураббий - Поль Ле Гуэн бошчилигида тараддуд кўрган «Рейнжерс» билан азалий рақобат қайтиши кутилганди. «Селтик» таркиби эса «Реал» аъзоси Томас Гравесен ҳамда Шотландиянинг бош иқтидори сифатида кўрилган вундеркинд Скотт Браун ҳисобига кучайтирилди. Аммо бу келишувлар ҳеч нимани ўзгартирмади - Накамура асосий юлдуз бўлиб қолаверди.
Галдаги жарима зарбаларини маҳорат ила ижро этган Шунсуке клубдошларини руҳлантираверди. Бу пайтга келиб О~Нилнинг чемпионлик таркибидан фақат уч киши қолганди. Нил Леннон, Жон Хартсон ва Крис Саттон жамоани тарк этишди, Стилиан Петров эса «Астон Вилла» сафига қўшилишга тайёргарлик кўраётганди.
Алан Томпсон ҳамда Бобо Балде Страчаннинг ёқимтойлари эмасдилар. Атайинми ёки тасодифми, Гордон аввалги муваффақият сабабчиларини захира ўриндиғига ўтқизар ёки улардан бутунлай воз кечарди. Бир йил ичида ҳамкасби қолдирган меросдан ҳеч вақо қолмади. Эҳтимол, бунга Страчаннинг номдор футболчилар феъл-атворини тушунмаслиги сабаб бўлгандир? Ёки имкон қадар иқтисод қилишга интилган. Тўғри, қайсидир маънода, бундай ўзгаришлар натижаларга салбий таъсир кўрсатмади. «Рейнжерс» яна қоқилди ва биринчи дербидаёқ мағлубиятга учради.
Эндиликда Накамура Чемпионлар Лигаси майдонларида ўзини кўрсатди, ваҳоланки, барчаси кўнгилдагидек бошланмаганди - сафарда «Манчестер Юнайтед»га имконият бой берилди - 2:3. Японнинг жарима зарбасидан урган голи «Селтик»ка дурангни тақдим этиши мумкин эди, аммо тиниб-тинчимас Оле-Гуннар Сульшер «қизил иблислар»га ғалабани туҳфа этди. Ҳафсала пир бўлдими? Ҳа, лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади.
Уйда кельтлар «Копенгаген» ва «Бенфика»дан устун келишди, сўнгра Манчестер грандидан ўч олиш пайти келди. Бу сафар голлар ёмғири кузатилмади: финал ҳуштагига яқин таблода иккита ноль порлаб турарди. Шу пайт ҳакам жарима зарбаси белгилади. Томошабинлар вазиятни жим томоша қилишди - Шунсукенинг айланма зарбасидан барча хабардор эди. «Япон Бекхэми» бундай стандарт вазиятларнинг аксариятидан унумли фойдаланганди. Инглизларнинг хавотири бежиз эмас эди: ҳаттоки, баланд бўйли Эдвин ван дер Сар ҳам ўзи қўриқлаётган дарвозанинг юқори бурчагига йўлланган тўпни шунчаки кузатди. Ўйин шу билан якунланмади: манкунианликлар тез орада пенальти ишлашди ва уни Артур Боруц қайтаришга эришди. Ўшанда ўн бир метрли жарима зарбасидан фойдалана олмаган Луи Саанинг юз-кўзидан сезиб олиш қийин эмасди - мазкур баҳсда қўшнилар кучлироқ чиқиб, гуруҳдан чиқиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Кейинги босқичдаги рақиб - «Милан». Нуфузли мусобақанинг чорак финали 1980 йилдан буён «Селтик Парк» томошабинларининг азалий орзуси эди ва дастлабки ўйин голсиз дуранг билан якунланди. Аммо жавоб учрашувида кучлироқ, бадавлатроқ ва тажрибалироқ бўлган итальянлар ғолиб чиқишди. Тўғри, миланликлар ғалабага осонликча эришмадилар: «Селтик» охиригача курашиб, ҳаттоки, яққол пенальтидан маҳрум этилди. Қўшимча вақтда барибир, Кака польшалик дарвозабонни ожиз қолдирди. Мавсум якунида «россонери» турнир бош совринини қўлга киритди
Шубҳасиз, бадавлат бўлмаган клуб Накамуранинг қаҳрамонлигисиз бу қадар узоққа боролмасди. Лигада ҳам у алмаштириб бўлмас ўйинчига айланди: октябрдаги «Данди» билан ўйинда «хет-трик», декабрда айнан шу клуб дарвозасига йўлланган қойилмақом гол ва... яна «Килмарнок»ка қарши баҳсда амалга оширилган жарима зарбаси. Қаторасига еттита ғалаба «Селтик»ка навбатдаги чемпионликни тақдим этди. Мартда Глазго жамоаси кутилмаганда омадсизликлар гирдобига йўлиқди: иккита мағлубият ва дуранг ярим йўлда тўхтатди, «Рейнжерс» эса фурсатни бой бермай, муваффақиятга эришди.
Апрель бошида «Мотеруэлл» бир амаллаб мағлуб этилди, икки ҳафтадан кейин эса «Килмарнок»ка қарши ҳал қилувчи ўйин ўтказилиши лозим эди. Кутилганидек, баҳс осон ўтмади: дастлаб Ян Веннегор оф Хесселинкнинг голидан сўнг «Селтик» дарҳол тўп ўтказиб юборди ва ҳаммаси дуранг сари етаклаётганди. Аммо қўшимча дақиқаларда рақиб ўз жарима майдончаси яқинида Накамурага нисбатан қўполлик ишлатди. Дарвозага яқин, аммо позиция зарба йўллашга ноқулай эди. Бироқ бундай паллаларда япониялик снайпер камдан-кам ҳолларда адашарди. Аниқ зарбадан сўнг тўп тўппа-тўғри дарвоза бурчагидан жой олди. /алаба! Накамура ҳиссиётларини жиловлай олмай, либосини ечиб ирғитди. Ушбу манзара «Селтик» мухлислари учун ҳам ҳайратланарли эди - одатда, вингер муваффақиятни хотиржам тарзда нишонларди. Ўйин якунлангач, Шунсуке футболчилар фикрига кўра, йил ўйинчиси номига лойиқ кўрилди.
Ушбу ютуққа қарамай, яшил рангли либосда ўйнаётган йигитларнинг муаммосини барча сезаётганди. Буни сўнгги тўрт учрашувдаги учта мағлубият ҳам исботлаб турарди. Ҳаттоки, Шотландия кубогидаги ғалаба ҳам нохуш кайфиятни аритмади. «Рейнжерс» эса кучайишда давом этар, кейинги мавсум янада оғир ўтишини барча тушунарди.
«Селтик» ЕЧЛда «Бенфика», «Милан» ва «Шахтёр»ни енгиб, яна гуруҳдан чиқди. Аммо бу пайтга келиб Накамура асосий етакчи бўлмай қолганди - уни сурункали жароҳатлар ва шунга мос равишда, ёмон жисмоний ҳолат таъқиб этаётганди. Италияликлар устидан қозонилган ғалабадан сўнг мураббий Эйден Макгидига ишонч билдирди. Чемпионлар Лигаси финали арафасидаги рақиб «Барселона» эди. «Рейнжерс» ва «Мотеруэлл»дан мағлубият қабул қилиб олган клуб Каталония грандини енгишдан батамом умид узганди. Лигада «Рейнжерс»ни етакчидан олти очко ажратиб турар, жамоа захирасида иккита ўйин бор эди. Олдинда азалий рақиблар икки марта тўқнаш келишлари кўзда тутилганди. «Айброкс»га имконият бой берилганидан уч ҳафта ўтиб, «Селтик» меҳмонларни кутиб оларкан, эҳтимолий мағлубият лигадаги муваффақиятсизликдан дарак беришини яхши тушуниб турарди. Айнан шу паллада Накамура ажойиб «камбэк»ка ҳозирланиб, юксак савиядаги ўйинни намойиш этганди. Дастлаб у «Селтик»даги фаолияти давомида энг чиройли голини урди, сўнгра ўйин тақдирини ҳал этишига бир баҳя қолди. Аммо унинг зарбасидан сўнг тўп ҳимоячи Карлос Куэльярнинг қўлига тегди. Айбдор четлатилди, белгиланган пенальтидан эса Скотт Макдональд фойдалана билмади. Қўшимча вақтда эса оф Хесселинг ўз сўзини айтди.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар: