-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
FC Barcelona MES QUE UN CLUB
Луис Суарес ҳақида
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-07-17 15:23
"Барселона"нинг бу мавсум трансфер бозорида Суаресни ўз таркибига қўшиб олиши худди ўтган мавсумда "Реал" Мадриднинг Бейлни сотиб олиш билан боғлиқ трансферига ўхшаб кетмоқда. Мадридликлар Озил ва Игуаинни сотиб юборишганди. Каталонияликлар эса ўз навбатида уругвайлик ҳужумчини қўлга киритиш учун Фабрегас ва Санчесдан воз кечишди. Фарқ шундаки, мавсум бошида "Реал" бу икки етакчисиз ҳам мукаммал таркибга эга эди. "Барса"да эса амплуалар бўйича етарли муаммолар мавжуд эди.
Нима учун "Барса" Луис Суаресни танлади?
- "Барселона"да Суарес ёки шунақа услубда ўйнайдиган ғалабага чанқоқ, меҳнаткаш ва голни сезиш қобилияти кучли бўлган креатив яққол ҳужумчи йўқ эди. Алвешнинг Мессига юқорилатиб ошираётган кросслари (Мессининг бўйи 1.69 м) ва бурчак тўпларининг "Барса" учун маънога эга бўлмай қолаётганлиги, умуман олганда 50-60 % ҳужумларнинг самарасиз якунланаётганлиги ҳақиқатдан ҳам топ-клуб учун ҳужумчига эҳтиёж сезила бошлаганидан дарак эди.
- Айнан Луис Энрикенинг ташаббуси туфайли Суарес варианти танланган. Чунки унинг ўзи футболчилик пайтида ҳужумчи амплуасида тўп сурган ва бу нарса қандайдир қоидаларга асосланмаса ҳам Лучо кўпинча ўз тактикаларида асосан ҳужум чизиғига урғу беради. Унга айнан Суарес услубидаги ҳужумчилар ёқади.
- Бундан ташқари азалдан "Барселона" ва “Реал” ўртасида шартнома тузиш пайида кузатиб юрган футболчисини бир-биридан илдамроқ ҳаракат қилиб “илиб кетиш анъанаси” ҳозир ҳам мавжуд. Бу борада Бекхем, Алвеш, Вилья, Неймар каби футболчилар боғлиқ трансферларни мисол қилиб келтириш мумкин. Шу сабабдан Флоро Перес олиб келмоқчи бўлган ва кейинчалик фикридан қайтиб рад қилган футбол юлдузини ўз клуби сафига қўшиб олиш фикри Бартомеуга ёққанига заррача шубҳа йўқ. Маълумот ўрнида, "Реал" раҳбарияти томонидан ҳам яқинда Барса мутасаддилари маъқулламаган Тони Кроосни Мадридга олиб келиш масаласи ижобий ҳал қилинди.
“Барселона”- Суареснинг орзусими?
2011 йил El Pistolero ("Ўқотар") лақаби билан машҳур Луис Суарес 22,7 миллион фунт стерлинг эвазига “Аякс” клубидан “Ливерпул” клубига трансфер қилинади. Футболчи АПЛдаги ўтказган дастлабки мавсумидаёқ клуб раҳбариятига келажакдаги энг катта орзуси Испанияга кўчиб ўтиш эканлигини айтиб қолади. “Ливерпул” клуби спорт директори Дэмьен Коммоли бу ҳақда клубнинг ўша пайтдаги мураббийи Кенни Далглишга айтиб уни бу фикрдан қайтариш тўғрисида огоҳлантиради. Ҳарқалай 2 мавсумни Эвра ва Иванович билан боғлиқ воқеаларни ҳисобга олмаганда ажойиб тарзда ўтказган футболчига ўтган мавсум бошланишидан аввал кутилмаганда “Арсенал”дан 3 марта таклиф тушади. Дастлаб 30 млн фунтлик ва кейин 35 млн фунтлик таклифга рад жавобини олган лондонликлар сўнгги марта 40 млн фунт плюс 1 фунтлик ғалати шартнома таклиф қилишади. Шундан сўнг клуб сардори Стивен Джерард бир неча бор Суаресга ҳеч қачон “Арсенал” сафига ўтмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантиради. Лекин бу уриниш ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини Джерард кейинроқ тушуниб етади. Чунки Луис Суареснинг энг катта орзуси Лондонга эмас, Каталонияга кўчиб ўтиш ва “Барселона” сафида тўп суриш эди.
Луис Суарес, София Бальби ва Барселона
София Балби Суареснинг ҳаётида муҳим ўрин тутган шахс ҳисобланади. София 15 ёшлигида Суарес уни қаттиқ севиб қолади. Улар шунчалик бир-бирига боғланиб қолишадики, София ҳам Суареснинг жамоаси машғулот ўтказадиган жойдан узоқлашмас, унинг машғулотларини кузатиб ўтиришни яхши кўрарди. Уругвай терма жамоаси скаути Вилсон Перес Луис ҳақида қуйидагиларни эслайди: “Суареснинг болалик пайтлари жудаям оғир шароитда ўтган. Шунинг ёнида егулик учун ҳам пул бўлмасди ва у кўчадан пул топиб келарди ва София билан егулик сотиб олиб ейишарди”
2003 йил София оиласи билан Барселонага кўчиб кетади ва Луис билан хайрлашишига тўғри келади. Бу ҳолат Суаресга жуда қаттиқ таъсир қилади ва у футболни тарк этишга қарор қилади. “У мени тарк этгач, мен ҳам футболни тарк этдим”, дея эслайди Суарес. Лекин вақт ўтиши билан футбол унинг ўз севгилисига етишишига катта ёрдам беришини англаб етади ва яна катта футболга қайтиб аввалгиданда кўпроқ куч билан ўйнай бошлайди. Унинг орзуси энди Европада таниқли футболчи бўлиш эди. Барселона эса Луиснинг ана шу орзуси йўлидаги энг муҳим шаҳар бўлиб қолади.
"Ливерпул" нима учун Суаресдан воз кечди?
Суареснинг АПЛдаги кетма-кет ажойиб 2 мавсумидан сўнг унинг хизматларига бир неча топ клублар қизиқиш билдира бошлашади. “Ливерпул” раҳбарияти эса футболчи билан 2016 йилда ниҳоясига етадиган шартномасини узайтириш пайига тушиб қолади. 2013 йил декабр ойида клуб бош директори Иан Эйр ва клуб хўжайинлари Джон Генри ва Том Вернер футболчи билан шартномани узайтириш мақсадида Суареснинг олаётган маошини келгуси мавсумдан 25% га оширишга ваъда беради. Унга кўра Суарес мавсум якунлангунча хафтасига 160 000 фунт стерлинг, янги мавсум бошидан эса 200 000 фунт стерлинг маош оладиган бўлади. Лекин Суарес шартномага яна бир банд киритилиш кераклиги, бўлмаса янги шартномага қўл қўймаслигини айтади. Бу бандга кўра, “Реал” ва ”Барселона” клубларининг Суарес бўйича музокара олиб борилишига клубнинг рухсат бериши ва агар 75 миллион евро тўлашга рози бўлишса, клуб уни қўйиб юбориши керак бўлар эди. “Ливерпул” раҳбарияти бунга рози бўлади ва футболчи билан 2018 йилгача шартнома имзоланади. Суарес “Барселона”нинг у билан қизиқаётганидан ва ҳатто “Ливерпул” билан оғзаки келишувга эришганидан ҳам хабардор эди. Бу ҳақда Уругвай-Иордания бахсидан бир неча кун аввал терма жамоа мураббийи Оскар Табарес билан суҳбатлашганда ҳам айтиб ўтганди. Лекин Суареснинг ўтган мавсумдаги ажойиб ўйинларидан сўнг “Ливерпул” уни бошқа клубга сотишни истамади ва ноябр ойидаги “Барселона” билан бошлаб қўйилган музокараларни давом эттиришни пайсалга солаверади. Суарес бу ҳақда ЖЧ пайтида Англия билан ўйиндан сўнг билади ва “Ливерпул” раҳбариятига бўлган муносабати ўзгаради. “Луис инглизлар билан ўйиндан ҳар нарсага жаҳли чиқиб бўғиладиган, доимо тунд кайфиятда юрадиган бўлиб қолганди. У умумий таркиб билан шуғуллангиси келмай зўрға шуғулланарди. У анча ўзгариб қолганди. Мен уни клуб билан боғлиқ муаммо қийнаётганлигини сезиб қолдим ва Луисни умумий таркибдан ажратган алоҳида тарзда шуғуллантира бошладим”, дейди Оскар Табарес.
Ҳатто унинг Италия билан баҳсда Кьеллинига бўлган муносабатини ҳам “Ливерпул” мухлислари хотиржам қабул қилишди ва Суареснинг Англиядаги келажаги уларни заррача хавотирга солмади. Лекин Лондон ва Манчестердаги ҳолатни бундай деб бўлмасди. Бу пайтга келиб, Англия терма жамоасини кейинги босқичдан маҳрум қилган Суарес туфайли аламзада бўлиб юрган британ матбуоти Италия-Уругвай ўйинидаги инцидентдан сўнг “қутуриб кетди” ва Суаресни тинмай танқид қила бошлади. Шу билан бирга, Мадридда чоп этиладиган бир қатор етакчи нашрлар ҳам ушбу ҳолат учун Суаресга “мағзава ағдара бошлади”. Ўз-ўзидан аён эдики, бир неча ойдан бери Суаресни ўз таркибига қўшиб олиш пайида юрган “Реал”нинг ушбу воқеадан сўнг буткул Суаресга бўлган қизиқиши сўнган эди. Ниҳоят футболчининг агенти “Ливерпул” мутасаддиларига Суареснинг Англиядан кетишни истаётганлиги ва унга “Барселона” томонидан қизиқиш бўлаётганлиги айтди. Ўз навбатида улар ҳам узоқ ўйланиб, “Барса” мутасаддилари билан Лондонда учрашишга рози бўлишди ва “Барса” Суарес учун шартномада кўрсатилган суммани тўлаган тақдирда улар футболчини қўйиб юборишга рози эканлигини билдиришди.
Суарес - жиноятчими?
Ниҳоят 2014 йилнинг 11 июлидан бошлаб Луис Суарес расман "Барселона" клуби ўйинчиси! У Роналдо, Клюйверт, Андерсон, Это’О, Ибрагимович, Санчеслар қолдириб кетган (Боян Кркич ҳам шу рақамли футболкада тўп сурган ) "9"рақамли футболкани танлади. Сир эмаски, у Европада сўнгги 5 йилнинг энг зўр стабил ҳужумчилар сарасига киради. Шунингдек у ўйин вақтида рақибларини тишлаб ҳам олади. 3 марта кузатилган. Дарҳақиқат Луис руҳий жиҳатдан ёрдамга муҳтож инсон ҳисобланади. Бу борада унга клуб томонидан бириктириладиган шахсий психолог ёрдам беришига ишончим комил.
Дарҳақиқат Суаресга терма жамоа иштирокидаги 9 та ўйиндан иборат дисквалификация ҳам ҳақли равишда берилди. Лекин ФИФА томонидан унга нисбатан эълон қилинган бошқа таъқиқлар инсонга нисбатан билдирилган муносабатлар доирасига кирмайди. Уругвай терма жамоаси қароргоҳида жамоадошлари билан энди тушлик қиламан деб турган футболчини ҳамманинг кўз ўнгида маҳаллий полиция ёрдамида жиноятчиларга ўхшаб олиб чиқиб кетишни ФИФА ўзига қандай эп кўрганини очиғи тушунмадим. Тўғри у кимнидир ўйин пайтида тишлаб олди. Алекс Сонгга ўхшаб кимнидир орқасидан келиб зарба бермади. Матюдига ўхшаб кимнингдир тўпиғини ўйинни эрта якунлашига сабаб бўладиган тарзда жароҳатламади. Суньигага ўхшаб кимнидир ногирон қилиб қўйгудек тарзда белига тепиб ташламади.
ФИФАнинг Суаресга нисбатан муносабати ҳеч қайси демократик тамойилларга ҳам тўғри келмайди. Улар кимнидир хато устида ушлаб олишди ва уни ишлаш қобилиятидан ва у ҳам етмагандек ўз жамоадошлари ёнида бўлиш имкониятидан махрум этишди. Улар футболчининг фаолияти учун энг зарур бўладиган жисмоний холати ва ўйин амалиётини бир маромда ушлаб туришини ҳам чегаралаб қўйишди. Ҳатто "Барса" уни Камп Ноуда мухлисларга клубнинг янги футболчиси сифатида таништира олмайди. Футболчига бундай тарзда таъқиқ қўйиш Марадона таъбири билан айтганда Гуантанамо махбусларига билдирилган муносабатдан бошқаси эмас.
………
Мадриднинг “Реал” клуби ҳам узоқ вақт давомида Суаресни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилди. Лекин “Барса” мутасаддиларининг ҳам қизиқаётганлигини эшитиб Суарес дарҳол каталонияликларнинг таклифига рози бўлди. Унинг учун оиласи жуда муҳим эканлиги, рафиқасининг Каталон маданияти ва иқлимини соғинганлиги, қизининг Барселонада туғилганлиги ва агентининг ҳам шу шаҳарда истиқомат қилиши ушбу трансферда муҳим рол ўйнади.
"Барселона" Суаресдан дастлабки 10-12 тур давомида фойдалана олмайди, лекин унинг Барса билан 5 йиллик шартнома тузганини ва "Барса" академияси тарбияланувчиси Делофеунинг АПЛдай кучли лигада тажриба тўплаб қайтганини ҳисобга олганда, бу ҳолатни хотиржам қабул қилиб, вақтинчалик Роби Мартинеснинг ушбу “сеҳрли таёқчаси”дан фойдаланиб турса арзийди.
barca4ever
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 05:32:30 01 WRBEIRQX 2024-08-06 05:32:28 01 WRBEIRQX 2024-08-06 05:29:33 01 WRBEIRQX 2024-08-06 05:29:31 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:49:03 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:49:02 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:46:25 01 WRBEIRQX 2024-08-06 00:46:23 01 ISLOMJONSTD 2014-08-16 21:58:57 00 SHERBARSA 2014-07-18 00:29:17 00 LEOMESSI 2014-07-17 19:56:15 00 BEKBARSA 2014-07-17 16:10:15 00