Ла Лига дардига ташхис: “Техноаллергия”
Киритилган сана: 2017-01-31 18:03
Охирги вақтларда Ла Лига ва Испания кубоги ўйинларида ҳакамлик билан боғлиқ можаролар асосий мавзуга айланиб боряпти. “Барселона”нинг “Бетис” дарвозасига киритган голи ҳисобга олинмаслиги бутун дунё муҳокама марказида бўлди. Ҳатто, Каталониянинг Sport нашри тўп дарвоза чизиғини 57 см.га кесиб ўтганини аниқлади ва голни аниқлаш технологиясини зудлик билан жорий этилишини талаб қилди.
Ла Лига президенти Хавьер Тебас вазиятга дарҳол муносабат билдириб, голни аниқлаш технологияси жуда қиммат экани ва у ҳали бери Испанияда жорий этилмаслигини айтди.
Ўзи Испанияда технологиялардан фойдаланишга қўрқув бор. Аниқроғи хоҳиш йўқ. Инглизларни консерватив халқ деймиз, аммо футболда биринчилардан бўлиб уларда технологиялардан фойдаланиляпти. Испанияда эса бу борада мавҳумлик ҳукмрон. Голни аниқлаш технологиясини қўятурайлик, балки ростдан ҳам бу технология Ла Лигага ҳали қимматлик қилар. Ҳарқалай бу лигада АПЛчалик молиявий қудрат йўқ. Аммо бошқа бир жиҳатда ўзгариш қилинмаса бўлмайди. Бу ўзгариш молиявий харажат талаб этмайди ҳам. Гап низоли вазиятларни ўйиндан кейин видеотакрор орқали таҳлил этиш ҳақида кетяпти.
Испания чемпионати ва Кубок ўйинларида нопрофессионал ҳатти-ҳаракатлар, хунук ҳолатлар кўп учрайди. Ҳакамни кўзи илғамай қолган қўполликлар, рақибга атай зарба бериш, ҳақоратлаш, тупуриш каби ҳолатлар шунчаки жазосиз қолиб кетади. Футбол миллионлар ўйини. Уни болалар, аёллар томоша қилишади. Бўлажак ёш футболчилар улардан ўрнак олишади. Шу жиҳатдан футбол имкон қадар тоза ўтиши керак.
Испания кубоги чорак финалининг “Реал” ва “Сельта” ўртасидаги учрашувида мезбонлар сардори Серхио Рамос “Сельта” ҳужумчиси Яго Аспасни ҳақорат қилиш билан бирга, унга тупуриб юборган.
Бундай хунук ҳолат Рамос иштирокида аввал ҳам содир бўлган. 2012 йили Мадрид дербисида “Атлетико” ҳужумчиси Диего Коста иккиси бир-бирини тупуги билан “сийлаганди”. Яширин қўполликлари ўз йўлига, аммо бундай “қилиғи” Мадрид клуби ва Испания терма жамоаси сардорига ярашадиган иш эмас. Диего Костанику гапирмаса ҳам бўлади. Испанияда унинг кўрсатмаган ҳунари қолмаган. Ва ҳар сафар жазодан қутилиб қолган. Видеотакрорлар орқали бемалол жазо тайинлаш имкони турганида Ла Лига раҳбарияти бу тизимни жорий қилмаяпти. Қўполлик ёки майдондаги ифлослик ҳакамнинг қайдномасига тушмадими, бўлди, ҳеч қандай жазо қўлланилмайди. Қоида шунақа. Ҳакам эса ё ростданам кўрмай қолади ёки кўрмасликка олади ўзини. Бу нимага олиб келди?
Диего Коста АПЛга бориб ўз қилиқларидан тийила олмади. Ўрганган кўнгил. Ва бир-неча бор ўйиндан сўнгги видеотаҳлилга кўра узоқ муддатли дисквалификацияларга дучор бўлди. У энди қилмишлари учун жазосини оляпти. Ла Лигада фаолиятини давом эттираётган “қитмир”лар эса ҳунарини кўрсатишда давом этяпти.
Рамос ва Аспас ўртасидаги хунук ҳолатни унутиб улгурмасимиздан, ўтган турда “Атлетико” сардори (сардорларга нима бўлган ўзи?) Диего Годин ва “Алавес” ҳужумчиси Дейверсон ўртасида бу ҳолат такрорланди.Ҳакам яна кўрмай қолди. Аммо бутун дунё кўрди жирканч вазиятни.
Ўйиндан сўнг ўша ҳакамлар бригадаси ҳам, қўмитаси ҳам кўрган бўлса керак. Аммо Испанияда консерватизм: ҳакам қайдномада қайд этмадими, айбдор жазоланмайди. Катта эҳтимолки, бу сафар ҳам шундай бўлади. Эрта бир кун ўйинда футболчилар яна шундай қилишдан ўзини тия олмайди. Фақат ҳакамнинг кўзини шамғалат қилишса бўлди. Жазосиз юраверадилар.
“Реал Сосьедад” ва “Барселона” нинг Кубокдаги биринчи ўйинидан сўнг, басклар футболчиси Ильярраменди ҳакам Мессини четлатиши керак эди деб фикр билдирди. Агар ростдан ҳам ҳакам вазиятга эътиборсиз қараган бўлса, ўйиндан сўнг ҳакамлар қўмитаси видеотакрорга кўра ўз ҳукмини чиқарса бўлмайдими? Айбдор деб топса, футболчини жазоласин.
Англияда бундай тажриба аллақачондан бери қўлланилади. Луис Суарес шу тизим орқали кўп бора жазоланганди. “Барселона” уни сотиб олишда шартнома бандига “тишламаслик” шартини қўйганлиги ҳақида ўқигансиз. Агар АПЛда Суарес қилмиши учун жазосиз юрганида “Барса” бунга эътибор бермасди, эҳтимолки, Суарес Ла Лигада ҳам бир-икки рақибининг “бўғзидан” олган бўларди. Ўтган икки мавсумдан бери у бунга жазм этмади ҳарқалай. Аммо жиззакилик, қитмирлик футболчининг қонида бўлади. Суареснинг яширинча тирсак уришлари, қўполлиги баъзида эътибордан четда қолади. Бу ишини у ҳамон ҳакамга билдирмасдан давом эттириб келяпти. Бунақа мисоллар жуда кўп. Табиийки, уларнинг ҳаммаси жазосиз қоляпти. Яхшиликка олиб келмайди бу. |