-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Интиҳонинг ибтидоси... (архивдан)
Баҳо: +2Киритилган сана: 2012-04-30 14:05
Архивдан
Футбол оммаси “Барселона” ўйинидан гуёки завқ олаётган, ушбу жамоа билан тенгма-тенг ўйнай олишлик қаҳрамонлик саналаётган, ўйинларда ўттиз фоиз тўпга эгалик қилишлик нормал ҳисобланаётган бугунги кунда мен вақт пардаси ортига, яъни “Барселона” йўлида пайдо бўлиши муқаррар бўлган катта муаммога назар ташлашга қарор қилдим. Эътибор беринг, мақолани ЕЧЛ финалидан олдин ёзяпман, демак, фикримча, каталонияликларнинг кучи кубоклар билан ўлчанмайди, ҳар қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, замонавий футболнинг эталони бўлиб якунлайдилар йилни. Менимча!
Аслида бир қараганда, муаммо йўқдек. Қаричимизни бир очайлик-да, Месси 23 ёшда, яна камида беш йил шу маромда ўйнаши, ҳатто тасавур қила олмасамда, ўсишда (буни ўйлагани ҳам қўрқяпман) давом этиши ҳам мумкин. Инъеста ўша олдинги ижрочи эмас, аллақачон “уста”га айланган, сўнгги классикодаги пасини кўрдингизми? Бускест, Кркич, Алкантара, Афелай, Алвеш, Пике – умуман олганда жамоа ҳали ёш, яна ўйнай олади. Стоп! Жамоа ҳали ёш? Биз футболчиларнинг эмас, жамоанинг ёшини ҳисобласакчи? Уч йил бўлди! Гуёки нормал ҳолат. Аммо мана шу уч йилнинг охирида ўнинчи кубокдан бир қадамгина нарида турганликларини эътиборга олсакчи? Ўнта бу кўп! Ўнта бу етарли!
Футболчиларнинг совринга тўйиб қолиши, мотивациянинг камайиши каби омилларни умуман тилга олмайман. Бу “Барса” ҳақида эмас. Жамоа шундай чўққига чиқдики, мақсад совринни ютиб олишгина эмас, амбиция янада каттароқ, ҳатто асрнинг энг зўр жамоаси бўлиш, десам ишонасизми? ЕЧЛ кубоги каби, шундоққина сакраб тушиб оладиган тепалик эмас бу... Бу энди пастга қараш қўрқинчли бўлган, пастга тушиш қийин, у ерда қолиш эса энг қийин бўлган нуқта... Бу нуқтада мағлубият жуда қўрқинчли, жуда зарбали қабул қилинади. Тасаввур қилинг, бир жамоа кетма-кет элликта ўйинда ютқазмай келяпти, хўш? Ўйиндан ўйинга босим ошмайдими? Мағлубият даҳшатли тушдек таъқиб қилмайдими? Ўша мағлубият қабул қилинсачи? Ана энди, бир кун олдинги амбициялардан асар қоладими? Эллик учрашув орқага қайтиб, энг бошидан бошлай оладиларми? Мен “мағлубият” деб шунчаки, рамзий қилиб олдим, аслида “Барса” ғоясининг мағлубияти ҳақида гапиряпман. Бу эса муқаррар! Футболда бир жамоа бир услубда ҳар қанча совринларни ютмасин, бу услуб унинг мукаммал эканини англатмайди! Мукаммал бўлмаган нарса эса интиҳога маҳкум! Буни олдини олиш гвардиола ақлининиг чегарасида эмас. Круиффнинг ҳам! Агар Круиффнинг қўлидан келганида, 17 йил олдинги “Милан”дан қабул қилинган қақшатгич зарбани кўтара олган бўларди. Кўтара олмади! Бу биринчидан.
Иккинчидан
...маркетинг масаласи. Футбол нима? Авваломбор, томоша, тўғрими? Алоҳида жамоалар учун бу совринларни ютиш, ўзини тарғиб қилиш воситаси, аммо футболни томоша қиладиган аксарият мухлислар учун бу томоша! Томоша икки хил бўлади. Жараённи томоша қилиш ва жараён билан биргаликда натижа учун қайғуриш! Қайғуриш демайликда, натижага бўлган қизиқиш! Агар иккинчиси бўлмаса, биринчиси юксак даражада санъат асари бўлиши ва унинг давомли бўлиши шарт! Охирини билиб туриб ҳам, кўпчиликни бирдек жалб қиладиган кинолар борми? Бор! Жуда кам! Титаник, Гладиатор... хоказо.. ва эротик кинолар. Бўлди! Режиссёр давомли равишда “Титаник” суратга олишни уддасидан чиқа олмас экан, албатта эротик кинога ўзини урмайди! Бошқа йўл ахтаради, яъни иккинчи принцип – натижага бўлган қизиқишни пайдо қилиш. Эсингиздами саксонинчи йиллардаги голливуд асарлари? Кучли ва келишган қаҳрамон, ёмон одам, мақсад ва энг охирида яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалаба қозониши. Барчани ўзига жалб қилди, кейинчи? Томошабин кинода хаётни излайди, боланинг эртакларга қизиқадиган даври узоғи билан 3-5 йилни ташкил қилади холос! Натижада соҳа ўзгариб кетди, салбий қаҳрамон ким, айбдор ким ҳозир била олмайсиз, фильмнинг охирига бўлган қизиқишни ошириш, якунни кутилмаган ва қизиқарли қилиш урф бўлди. Мен “Барселона” мухлисларини умуман ўйлаганим йўқ, бир пайтлар “Реал” совринларни ютиб олаётган пайтда Голландия терма жамоасига ўйин амалиёти билан шуғулланган клубга бўлган содиқлик эвазига улар ҳозирги ғалабаларга ҳам, яна ўн йил бунинг давом этишини орзу қилига ҳам албатта ҳақлилар! Мен футбол оммасини назарда тутяпман. Хўш?
“Барселона” бизга томоша тақдим этяпти! Қанақа? Гипноз қиламиз. Ичингизда битта мева билан рус шоирини ўйланг. Тезда! Жавоб?
Олма билан Пушкин, тўғрими? Агар бошқача ўйлаган бўлсангиз, сиз бошқаларга ўхшамаган фикрлаш услубига, яъни инсониятнинг ўн фоизига тегишлисиз.
Тасаввур қилинг, телевизорни ёқдингиз. “Барселона” ўйнаяпти. Ўйиннинг 2-дақиқасими, 59-ми ёки 90+5 ми фарқи йўқ. Хўш, нима кўряпсиз? Рақибнинг ўнта ёки тўққизта футболчиси ўз жарима майдонида. “Барса” тўпни уёқдан буёққа оширмоқда. Орқага, ёнга, чапга, ўнга, орқага... Ҳисобдан қатъий назар. Топдим-а? Агар тополмаган бўлсангиз, ё сиз бошқаларга ўхшамаган фикрлаш услубига, яъни мухлисларнинг ўн фоизига тегишлисиз, ёки “Реал” ишқибозисиз (у ҳолда ҳакамнинг кўк-қизилдан бошқа рангдаги либос эгасига қизил карточка кўрсатаётганини тасаввур қилгансиз).
Хўш бу томоша сизга ёқадими? Биринчидан, сизга натижа қисман маълум. Қаҳрамон ғалаба қозонади. “Барса”нинг “Севилья” устидан ғалаба қозониши сиз учун “МЮ”нинг Бирмингемда ютишидан кўра ишончлироқ. Кейин ўша саксонинчи йиллардаги голливудни сақлаган услуб – қаҳрамон буни қандай амалга оширишини ҳам биласиз. Ҳали тасаввурингиздаги саҳна, Алвешга ёки Педрога кесик пас, ёки Мессининг ажойиб рейди ва гол. Тамом. Ўйин тугади. Футболчилар гуёки роботлардек ўз ишини бажараётгандек бўлади. Оҳ кўрдингми, Хавининг пасини! Мессининг зарбасиничи? Мана шунақа гапларни охирги марта қачон айтгандик? Менимча, ўша Лондон ярим финалида, Инъестанинг голидан сўнг. Ҳозирчи? Ҳозир фақат томоша қиляпмиз! Фақат! Хави пас бердими? Чунки у Хавида, пас беради-да... Мессичи? Ҳеч бўлмаса, Роналдиньонинг финти йўқ унда. Кетаверади алдаб. Месси - у, алдайди-да! Эмоция ноль! “Барселона” ютқазиб, Месси зўр ўйнаган ўйинни эслайсизми? “Барса” ютиб, Мессининг ўйини чиқмаганиничи? Қийин-а? Мухлис майдонда хаётни қидиради, “Плей стейшн” ўйинларини эмас. Хаёт эса унқир чунқирдан, эмоциядан, жарлиг-у тепаликлардан иборат. Жамоа тақдири оддий бир инсонни (майли жуда кучли инсон бўлса ҳам) эслатмас экан, томошабинни зериктиради. Холис томошабинни! “Барса” ғояси замирида эса нафақат ўз мухлисларини (яъни совринлар ютиш), балки барча томошабинларни давомли жалб қилиш мақсади ётганлигини эътиборга олсак, улкан парадоксга дуч келамиз.
Бу жиҳат “Барселона” мухлисларини ташвишга солмайди. Лекин агар клуб эгаларини ўйга чўмдирмаса, бу катта хато. Бу умумий фикр бир кун келиб, жамоанинг ичига ҳам кириб боради, ана ўшанда, кеч бўлади. Ўшанда барчаси ўша 90-йиллардаги “дрим тим” интиҳосини (Милан 0:4 ва 12 йил ЕЧЛ финалисиз) бошдан ўтказишга мажбур бўлиб қолади!
Учинчидан
Футбол омиллари. Хави ва Пуйол ҳеч қачон олдинги йилдагидек зўр бўлиб қолавермайдилар. “Барселона” ушбу мавсумда олти марта ютқазди. Барчасида майдонда Пуйол йўқ эди. Хавининг системадаги ролини эса ортиқча тушунтиришим шарт эмас, тўғрими? Хўш, уларга ўринбосарчи? Уларни яна тарбиялаш қийин! Сотиб олишчи? Бу унданам қийин. “Барселона”нинг сўнгги йиллардаги омадли трансферини эслайсизми? Роналдиньо! Бўлди. Абидал, Алвеш, Маскерано, Афелай... булар мурватлар холос. Биз Хави ва Пуйол ҳақида гаплашяпмиз, унутманг. Вилья жаҳон чемпионатида терма жамоада ўйнади, унинг трансферида риск унчалик катта эмас эди. Мана сизга катта футбол олами, истаганигизча Хавига номзод қидириб кўринг. Бемалол. Айтадиган исмингиз ким бўлишидан қатъий назар, эллик фоизли ишончга эга холос, тўғрими? Жамоага қўшилиш, “Барса”га елка тутиш ва асосийси, “ўзиники” бўлиш осон эмас ишонинг.
Янги юлдуз эса зарур. Иккинчи омилда келтирганимдек, “Барселона” ўз “юзини” ўзгартишига ҳаракат қилиши шарт! Кимдир келиши, фақат келиб, қайсидир қанотда “пианино ташимасдан”, тизим ва ижрода ўз имзосини қўйиши шарт! Омма уни кузатиши, у билан “Барселона” қанақа қилиб ғалаба қозонишини томоша қилишга бўлган истагидан қутула олмаслиги шарт.
Яна “Реал”ни мисол келтираман. Клубнинг саккиз йиллик омадсизлигига сабабчи ким? Боскенинг кетиши, Бекхэмнинг келиши, Зидан ёки Макелеле... Булар барчаси жуда тор тушунчалар. Аслида, “Реал” “галактикос”ни алмаштира олмади! На ички ресурслар эвазига, на трансфер ёрдамида. Оуэн ҳар иккита ўйиндан биттасида гол урди. Нистелрой умуман қутқарувчига айланди. Снайдернинг жарималари эсингиздами? Лекин, энг муҳим жиҳат, бу футболчилар “Мадридстар” бўла олишмади. “галактикос” қўйиб кетган “Зиданлар ва Павонлар” сиёсати чўққини шу даражага чиқаргандики, ҳар бир “Зидан” Зидан бўлиши, ҳар бир “Павон” эса Раул бўлиши шарт эди. Ишлаган мураббийлар ичкаридан ва ташқаридан мана шунақаларни топишга маҳкум эдилар. Кака ва Роналдуга тўланган миллионлар фақат футболка сотиш учун эмас, “Реал”га янги “қиёфа” ахтариш учун бўлгани ҳақиқат. Мауриньонинг келиши эса, қайсидир маънода, жамоанинг энди қандай қиёфага эга бўлиши ҳақидаги қизиқишни оширгани табиий...
Хўш, Гвардиола чора топа оладими? Раҳбарият келаётган бу айсбергни кўриб, йўналишни бура оладими? Худди 2007-2008 йиллардагидек, янгиланиш даврини сезиларсиз, ЕЧЛ ярим финалларида кечира оладими? Мана бу асосий масала! Бу оғир вазифанинг қай тарзда амалга оширилишини кузатиш қизиқ бўлади мен учун.
Айтмоқчи бўлганим, “ҳозирги Барса ғояси” интиҳога маҳкум ва уларни тахтдан тушириш учун бошқа бир буюк ва мукаммал ғоя ёки жамоанинг пайдо бўлиши шарт эмас.
2011 йил, 20 май
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:42:34 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:42:32 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:39:43 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:39:41 01 STRATEGUZ 2012-05-01 15:12:32 00 JAMSHIDJON 2012-04-30 23:23:19 00 ALMUNIYA 2012-04-30 23:01:42 00 SERIY 2012-04-30 20:07:16 00 LEOMESSI 2012-04-30 16:56:54 00 DAVIDWEBB 2012-04-30 16:01:05 00 HEROLION 2012-04-30 15:58:40 00 MARATBEK 2012-04-30 15:45:46 00 BIGBON 2012-04-30 15:35:54 00 MESSI 2012-04-30 15:09:43 00