-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Cэр
Баҳо: +1Киритилган сана: 2012-05-01 21:06
Мен Фергюсонни табриклайман. Йўқ чемпионлик билан эмас. Аслида Фергюсонни чемпионлик билан табриклаш жуда оддий ва зерикарли мавзу, шундай эмасми? Мен Фергюсонни ушбу мавсумда чемпионлик учун кураша олгани билан табриклайман. Буям, зерикарлими, “МЮ” ҳар доим курашармиди, балки... Лекин биласизми, бу мавсумда айниқса, чемпионлик учун Фергюсон курашди.
Тўғри, ҳозирча ғолиблик масаласи очиқ қолмоқда. Икки тур бор. “Сити”нинг ҳам ўйинлари осон эмас. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Лекин мен атайлаб, ушбу мақолани ёзишда натижани кутиб ўтирмадим. Айни ҳолатда мен учун муҳим эмас бу. “МЮ” чемпион бўлиши ҳам, энг ёмон ҳолатда олти очколик фарқ билан иккинчи ўринни олиши ҳам мумкин. Чемпионат эса, деярли тугади, қаршимда бир мавсум тарихи, жараёнлар, ўйинлар, қарорлар ва хатолар бор. Буларнинг барчасини бир ипга тизганимда, қаршимда, доимо сақичини айлантириб, қўлини номаълум тарафга қараб силкитаётган чол намоён бўлаверади.
Трансферлар
Оддий факт, сўнгги беш йилда "Манчестер Юнайтед” янги футболчилар сотиб олиш учун бор йўғи 56,9 миллион фунт ажратди ҳолос. Бу кўрсатгич "Астон Вилла" (68,2 млн), "Сандерленд" (62,7 млн), "Сток Сити"ларникидан-да (61,2 млн) пастроқ эканлиги эътиборга молик. Англиянинг бошқа катта клублари ҳам бу вақт оралиғида яхшигина пул сарфлаб қўйишди янги ҳаридлар учун: "Тоттенхэм" 76 млн, "Ливерпуль" 84 млн, "Челси" 144,9 млн. 437,1 млн сарфлаган “Манчестер Сити” ҳақида-ку умуман гапирмай турамиз. Мана шу ҳолатда ҳам “Манчестер Юнайтед” сўнгги беш йилдаги тўртинчи чемпионлиги учун курашмоқда. Бу шунчаки маълумот учун.
Энди, “Юнайтед” кам сарфлаган бўлса, ўзининг айби, тўғрими? Ҳа, юқори мақсадлар қўйган клуб рақибларидан кўра камроқ сарфлаганини бахона қилмайди. Мен бу рақамларни бу мақсадда келтирмаяпман. Бу ерда Фергюсон билан клубнинг вазифаси, таъсир доираси ва фаолиятидаги чегарани яхшилаб англаб олишимиз керак. “Юнайтед” таркибида, кечаги муҳим ўйинда Пак каби футболчининг майдонга тушиши фақат Фергюсоннинг айби эмас. Трансферларнинг амалга ошиши ёки оширилмаслиги борасида ҳар доим ҳам мураббий айбдор бўлавермайди. Ахир, сэр клуб раҳбарларига қарата, “менга ўйинчи керакмас, мана шулар билан эплайман” деб кафолат бермагандир, тўғрими? Лекин энг асосийси, Фергюсон худди шу гапларни ўзига ўзи айта олган. Миллионларни айни дамда сарфлаётган клубларга рақобат қила олишда, чекланган шароитга эга бўлиб туриб ҳам, буни ўзи учун чақириқ сифатида қабул қилган ва ишга киришган.
Баъзи мураббийлар ғалаба қозониш йўлини жуда яхши биладилар ва буни кўпинча исботлайдилар, бу ҳам осон эмас. Улар учун энг асосийси, мана шу йўналишда керак бўладиган барча восита таъминламоғи лозим. Айниқса, савияли футболчиларга эхтиёж сезилади. Буни Фергюсон ҳам билади. Фергюсон ҳам ЕЧЛ нинг ютишни билади, бор унда шунақа йўл ҳам. Лекин у шароитдан келиб чиқиб ҳам ишлай олади. Бу касбнинг хусусияти ҳам шунда, мавжуд ресурслар ёрдамида ҳам максимал маҳсулот ярата олиш. Тасаввур қилинг, уйга меҳмон келиб қолди. Етарли масаллиғ ёки бир парча гўшт бўлса, шартта қозонга босасиз, ажойиб таом хосил бўлади. Лекин айни пайтда бўлмасачи? Мавжуд маҳсулотлар ёрдамида ҳаммага ёқадиган, ҳаммани жалб қиладиган, тўйдирадиган бир чиройли таом тайёрлаш учун энди ҳақиқий ошпаз бўлиш керак. Дунёда бир қатор омадлилардан ташқари, ҳамма айнан чекланганлик шароитида ишлаб, максимал натижа олиш билан шуғулланадилар. Фергюсон эса Валенсия, Пак, Эванслардан чемпионлик учун кураша оладиган жамоа тайёрлади.
Ўзига бахона қидирмади авлодлар алмашяпти, демади. Бари бир чемпионлик учун курашди. “Арсенал”га ўхшаб, ўзидан босимни олиб ташламади, “Челси”га ўхшаб, мувозанатдан чиқмади. Курашди ва фақат у курашмоқда. Шундай эмасми? Бу биринчидан.
Жароҳатлар
Иккинчидан, жамоа ушбу мавсумда жароҳатлар қаттиқ таъқиб қилди. Шундай пайтлар бўлдики, ойлаб, ўнлаб футболчилар сафдан ташқарида бўлишди. Энг ёмони, бу футболчиларнинг аксарияти Ферги ушбу мавсумда умид боғлаган ва жамоанинг асосий бўғини бўлиши керак эдилар. Масалан, январда “Сити”да Яхё Туре Африка кубогига кетиши билан жамоада муаммолар кўзга ташланди ва очколар йўқотилди. Мартда Сильва ўз ўйинини йўқотиб қўйди, яна Манчинида муаммолар бошланди. Айнан мана шу жиҳатдан Фергюсоннинг салобати оғишмади. Жароҳатлар гирдобида ҳам жамоаси барқарорлик билан олдинга кетди. Албатта, баъзи ҳолатларнинг таъсири катта, масалан, Флетчер, Клеверли каби футбочлилар билан ҳаммаси яхши бўлганда, кеча бошқача футбол кўрардик.
Тайёргарлик
Яқинда Фергюсон чемпионлик пойгасида тажриба ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаганди. Йўқ, бу футболчиларнинг ёки жамоанинг эмас, айнан мураббийнинг тажрибаси. Фергюсон 25 йилдан бери айнан узоқ масофадаги турнирларда ўзини кўрсатиб келмоқда. Эътиборли жиҳат, пайқадингизми, “МЮ” ушбу мавсумда август ва февраль ойларида энг юқори формасига чиқа олди. Сабаб? Бу бир таҳмин, тақвимга кўра жамоа АПЛ нинг айнан шу паллаларида энг кучли жамоалар билан ўйнаши керак эди. Албатта барча даврлар учун кучли тайёргарлик қилинса бўлади, аммо бундай узун мавсумда албатта, қачондир пасайиш ҳолати кузатилади. Бусиз иложи йўқ. “МЮ” тайёргарликни шундай амалга оширдики, август ва февраль ойларида юқори формага чиқиб, кучли рақибларни мағлубиятга учрата олди. Масалан, ноябрь ёки декабрдаги рақиблар эса бироз бўшроқ эдилар. Бу ўйинларда ярим куч билан ҳам, етарли формага эга бўлмасдан туриб ҳам ғалаба қозонса бўлади. Шундай бўлди ҳам. Фақат режа бўйича, бу осон гуруҳда ЕЧЛ дан чиқиш керак эди. Режа бўйича, “иккинчи тезликда” ҳам “Базель”дан ўтиш керак эди. Бу футбол. Шунақа бўлиб қолди.
Тактика
Англияда ўртамиёна жамоалар кучли ўйинларга қарши муносиб тайёргарлик кўрадилар. Масалан Испанияда бироз бошқача. У ерда грандлардан очко олмасликларини яхши биладилар ва асосан ўзаро ва аутсайдерлар билан ўйинда максимал очко олишга ҳаракат қиладилар. АПЛ да тескариси. АПЛ да айнан юқори ўриндаги жамоалар билан ўйинда жамоалар борини ташлайдилар. Чунки у ерда мана шундай ўйинлар орқали ўзларига имиж яратишади. Бу имиж эса. бозорда сотилади. Томошабинлар жамоанинг эгаллаб турган ўрнига эмас, айнан мана шу ўйинлардаги характерига пул тўлайдилар. Хуллас, етакчи жамоалардан савия ва техника борасида орқада эканликларини билган ўртамиёналар асосан жисмоний тайёргарлик, стандарт вазиятлар ва тезликка урғу берадилар. Хўш, унда нима бўлади?
Энди пешқадамнинг ўйинга бўлган муносабатига боғлиқ. Агар пешқадам бу жамоаларга қарши тезлик ва шиддат тақдим этса, ўз ўзидан уларнинг қуролини танлаган бўлади. Бу ҳолда, икки жамоанинг орасидаги фарқ қисқариб, ўртамиёна жамоада ғалаба қозониш учун имконият ошиб бораверади. Бир пайтлар Венгернинг “Арсенал”и сафида бир қатор техник ижрочилар борлиги туфайли, енгил, техник футбол намойиш қилган ва рақиблар уларга қарши ҳеч нарса қила олмаганди.
Хуллас. Фергюсон мана шу борада ҳамкасб мураббийларга қараганда, айёрроқ ҳаракат қилди. “Челси” ёки “Сити” кўп ўйинларда юқори темпда, шиддат билан ютишга ҳаракат қилишди, ўйинлари чиқаётганига ишониб юборишди. Рақиб эса унисида бўлмаса, бунисида вазиятдан фойладаланди. “МЮ” эса кўп ўйинларда чекланган куч билан ўйнади, атайлаб темпни пасайтирди. Фақат вақти вақти билан тажовузни ошириб турди холос. Тўғри, бироз зерикарли чиқди, аммо Гиггз, Скоулз, Фердинанд каби футболчилар билан ҳар қандай жамоаа шиддатни тақдим этиш хавфли эди.
Руни, Скоулз ва Ди Хеа
Фергюсондаги доимий хотиржамлик чемпионлик пойгасида катта устунлик берди. У ҳеч қачон натижа кетидан қувмади, принципларидан воз кечмади. Ҳаммаси тўғри қилинса, натижа ҳам келишига ҳаммани ишонтира олди. Мисоллар кўп.
Руни янги йил кечасида бесуроқ ташқарига чиққани учун мураббий томонидан жазоланди, “Блэкбёрн” билан ўйинга қўйилмади. Натижа нима бўлди? Натижада “МЮ” мағлубиятга учради. Хўш, кейинчи? “Сити” ҳужумчиси Марио Балотелли ”Ливерпуль” тунги клубларидан бирига рухсатсиз борганига қарамасдан, мураббий уни асосий таркибга киритди. Келинг, кейинги воқеаларга назар ташлаймиз. Ўша воқеадан кейин, Уэйн Руни 18 ўйиндан 18 та гол киритди. Мавсумда бирор марта ҳам сариқ картчока олмади. Балотелли бўлса кўп маротаба жамоасини оғир аҳволга солиб қўйди. Мана шу фарқнинг ўзи шуни кўрсатмоқдаки, "Сити" масалан бирор манзилга бориш учун бир жойда (масалан кемага) йиғилган одамлар йиғиндисига ўхшаб қолмоқда. Манзилга борар балки. “МЮ” эса у ерга бориб ҳам биргаликда тотув хаёт кечирадиган оила бўлаётганига айнан Фергюсоннинг мана шундай принциплари сабабчи.
Айтайлик, қишда “МЮ” ярим ҳимоясида пайдо бўлган муаммони қайсидир топ юлдузни сотиб олиб ҳам ҳал қилиш мумкин эди. Аммо ундай қилинмади, Скоулз қайтарилди. Нега? Тўғри, бу ерда футбол факторлари ҳам бор. Жамоага кўникиш, услубга мос келиш, муҳит ва ҳоказо. Аммо олти ойдан бери ўйнамаган Скоулз ҳолатида ҳам таҳлика бор эди, тўғрими? Яхши ҳолатда, масалан Снайдер Манчестерга келиб, жамоадаги муаммоларни ҳал қилди, дейлик. Нима бўларди? Айнан Скоулз варианти орқали, Фергюсон шуни кўрсатдики, “МЮ” ғояси қандайдир ягона футболчига боғлиқ бўлиши мумкин эмас, доим ўзимиздан, ичимиздан ечим топа оламиз. Натижа? Натижада “МЮ” бугунгача Скоулз асосий таркибда тушган ўйинларнинг ҳаммасида ғалаба қозонди. Фақат кечаги ўйиндан ташқари.
Ёки Ди Хеани олайлик. Дарвозабон мавсум бошида даҳшатли хатоларга йўл қўйгани бор, гап. Мана шу хатолар ҳаддан зиёд ошиб, энди кескин қарорлар кутилаётган пайтда Фергюсон яна масъулиятни ўзига олди. Ди Хеага ишонди. Агар ўшанда бошқа дарвозабон олиб келинганда ҳам, Ди Хеанинг аввалги хатолари тузатилмасди, тўғрими? Четдан дарвозабондан кўра, Дэвиднинг ўша дамдаги ҳолатига ишонган Фергюсон мавсум охирига келиб, барқарор, умидли дарвозабонга эга бўлди. Инглиз футбол статистлари премьер лига дарвозабонлари билан боғлиқ ўзига хос ҳисоб китобларни ҳавола қилдилар. Асос сифатида жамоалар дарвозасига берилган ва қайтарилган зарбалар нисбати олинган. Ушбу кўрсаткич бўйича, Дэвид Ди Хеа етакчилик қилмоқда. У ўз дарвозасига берилган зарбаларнинг 78 фоизга яқинини қайтаришга эришган.
Шунақа гаплар. Яна бошқа гаплар ҳам кўп. Мен ушбу мавсумни Фергюсон ютди дея олмайман. Эътибор берган бўлсангиз, кўп жиҳатларда жамоани “Сити” билан солиштирдим. Оқибатда “Сити” мавсумни ютиши ҳам мумкин ва бу солиштирувим орқали Фергюсонни устун қўяётганим бироз парадоксал янграши ҳам табиий ҳол. Лекин...
Айнан шундай инсонлар борлиги туфайли, футбол миллионларни жалб этаверади. Қачондир яна иккита шайх келиб, бир-бирига “кел, АПЛ дан жамоа сотиб олиб, чемпион қиламиз” деб яна айтади. Сотиб оларлар ҳам. Сарфлайдилар миллионларни. Аммо ўзининг “чўлоқ таркиби” билан ўша машҳур чол барчасини ютиб кетавергач, улар ҳам ўйланиб қолишлари табиий. Ўйланиб қолишлари аниқ – қанийди, бизда ҳам Фергюсон бўлса. Йўқ, унақа эмас – қанийди, бизнинг ҳам ўз Фергюссонимиз бўлса. Ҳамманинг ҳам ўз Фергюссони бўлмаслигини, бу нарсалар пулга сотилмаслигини билиб энди, орзу қилишга, хавас қилишга тушадилар. Мана шу жиҳатлар учун ҳам Венгерлар, Пеплар, Лобановскийлар қадрланадилар. Балки мана шунинг учун ҳам Абрамович энди фақат мураббий қидириш билан овора бўлиб қолмадимикин...?
“МЮ”нинг эса ўз Фергюсони бор. Бу катта бойлик. Пеп кетди, лекин мен Пепсиз “Барселона”ларнинг кўпини кўрганман. Балки бироз кучсизроқ бўлгандир. Аммо мен Фергюсоннинг "МЮ"сидан бошқа “МЮ”ни кўрмаганман. Балки шунинг учун ҳам, “Олд Траффорд”ни усиз тасаввур қила олмасман. Яхшиси...
Яхшиси, умрингиз узоқ бўлсин... сэр!
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:45:21 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:45:20 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:42:30 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:42:29 01 LUTFCB 2012-05-05 07:03:49 00 SHAHRIXON 2012-05-04 15:52:44 00 SERENADA 2012-05-03 18:00:11 00 YAHYOHON 2012-05-03 15:47:51 00 HURSHID 2012-05-03 13:46:29 +20 TURON 2012-05-03 09:38:27 +10 MRDIM 2012-05-02 14:55:21 00 HEROLION 2012-05-02 11:32:48 00 AZIZBECKS 2012-05-02 09:28:09 00 RAULMADRID 2012-05-02 08:43:42 +10 PLAZA 2012-05-02 08:26:28 00 SERENADA 2012-05-02 08:21:47 00 SERENADA 2012-05-02 08:01:39 00 DOCTORBEKMYU 2012-05-02 07:12:27 00 WERTYU 2012-05-02 07:00:31 00 RAHIMBERDI 2012-05-02 06:30:56 00 MUNIS 2012-05-02 00:01:50 +10 CHESSMASTER 2012-05-01 22:58:56 +10 KATALONIYA 2012-05-01 22:46:38 -10 XURSHID 2012-05-01 22:43:49 +10 ONLINE 2012-05-01 22:29:31 00 HEROLION 2012-05-01 22:25:13 -10 HEROLION 2012-05-01 22:23:38 -10 KATALONIYA 2012-05-01 22:17:01 -10 AZIZBECKS 2012-05-01 21:55:21 +10 FERGI 2012-05-01 21:40:18 +10 LEGENDA 2012-05-01 21:40:13 00 LEGENDA 2012-05-01 21:39:39 +10 SOHIBKOR 2012-05-01 21:25:43 00