-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Вадим Абрамов: "Мен Адвокат эмасман"
Баҳо: +5Киритилган сана: 2012-05-08 02:59
- Ўтган йили Мираброр Усмонов энди барча ёшдаги терма жамоаларга энг юқори мақсадларни қўйиш фурсати етганди, деганди. Сиз илгари ҳам, ҳозир ҳам мана шу тизимда ишлаяпсиз, айтингчи, нима ўзгарди?
- Менимча, саволни Мираброр Зуфаровичнинг ўзига берилса, яхшироқ бўларди. Шароитлар яратиляпти, мана, Тошкентнинг ўзида иккита замонавий стадион қад ростлаяпти. Мен терма жамоалар кўрсатаётган ўйин ва натижага тўхталишим мумкин холос. Айнан шу цикл ҳақида гапирадиган бўлсам, биз учинчи босқичдаги энг кучли гуруҳлардан бирида ғолиб бўлдик. Олимпиячиларимиз Лондонга боришга жуда яқин келишди. Тўғри, бу турнир кўнгилдагидек якун топмади, лекин вазият тақозоси билан биз сўнгги ўйинни ғалаба қозонишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Алоҳида муаммолар чиқмаганди, ушбу жамоа потенциали Лондонда ҳам муносиб қатнашишга етган бўларди, деб ўйлайман.
- Майли, ўзингиз гап очдингиз, олимпиада терма жамоамиз ҳақида гаплашсак. Биз баҳорги ўйинларни бутунлай бой бердик. Четдан қараганда, айнан мана шу ўйинларга кўпроқ тайёрландик, узоқ вақт, ўзингиз истаганигизча шароит ва йиғинлар яратиб берилди. Муаммо қаердан келди? Балки айнан тайёргарликда ва таркибда маълум йўналиш ва режа бўлмагандир. Оддий мисол, таркибга Гейнрих ва Андреевни ҳам қўшиб қўйишни қандай тушуниш мумкин. Биламизки, истасак, истамасак, Гейнрих ҳар қандай жамоа тактикасини тубдан ўзгартириб юборади. Умуман олганда таркибларни аралаштириш қанчалик ўзини оқлади?
- Йўқ, биз ўша турниргача бўлажак ўйинларда майдонга тушиши мумкин бўлган йигитларни танлаб бўлгандик. Турнир бизга ўйин амалиёти, футболчиларнинг функционал ҳолатини назорат қилиш имконини бериши керак эди. Биз айнан шу турнирга тайёргарлик кўрмаганмиз, шу билан бирга, бизга шу етади, деб ярмида ташлаб кетолмасдик, тўғрими? Кетма-кет ўйинларда майдонга тушишга тўғри келди, мавжуд жисмоний босимни ҳамма футболчига тенг тарқатиш мақсадида, ўйинларда турли таркибларда ўйнашга тўғри келди. Биз ҳеч кимга ортиқча босим юкламаган ҳолда, ҳаммани ўйнатишимиз керак эди. Гейнрихга келсак, тан оламан, унинг таркибга қўшилиши фақат МТЖ манфаатидан келиб чиқди. Унга ўйин амалиёти керак эди, шу орқали, у ўзига янги клуб топди ва ўйлайманки, бунинг бизга фойдаси тегади.
- Мағлубиятларда руҳий факторнинг, ироданинг етишмаслиги ҳақида ҳам гаплар кўп тилга олинди. Жумладан ўзингиз ҳам бу ҳақида айтгандингиз. Мана, “МЮ”ни олайлик, ҳамма тан олади, иродали жамоа. Лекин айнан мана шу мавсумда, яъни ўйин жиҳатидан бир қатор муаммолар борлигида “МЮ” бирорта ўйинда ҳам иродали ғалаба қозона олмади. Айтмоқчиманки, балки барча муаммо футболдадир? Агар жамоа ёки футболчи нима ва қандай қилиш кераклигини билса, ростанам тайёр ҳолда бўлса, ирода ўз ўзидан келмайдими? Унда сизга нима ҳалақит берди?
- Эътибор берган бўлсангиз, биз Ироқ билан ўйингача умуман гол ўтказмагандик. Айтмоқчиманки, ҳолат сизлар айтаётгандек, хунук эмасди. Ўша ўйиндан сўнг, 24 февралда Миср билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушдик. Муаммо шунда эдики, ўша ўйиндан кейин то 14 мартгача яхши об ҳаво шароитида шуғулланиш учун имкон топа олмадик. Натижада, биз Япония билан ўйин ўтгач, футболчиларни клубларга қўйиб юборишга мажбур бўлдик. “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби клублар ОЧЛ да ўйнай бошлашди, бошқалар ҳам ўз йўналишида тайёргарлик қилишди. Хуллас, менинг хатоим худди БАА ва Австралия олимпиячилари қилганидек, уларни ҳеч қаерга қўйиб юбормай туришим керак эди.
- Қизиқ, сиз клубларга ён босганингизни айтяпсиз. Улар бўлса, шогирдларининг йиғинларга кетиб қолаётганликларидан хафа. Аслини олганда, мана шундай муносабатлар формати нормал ҳолатми? Яъни биз мана шу тизимда иш олиб боришимиз қанчалик тўғри?
- Лекин клубларнинг изоҳларини эшитяпсиз, қабул қиляпсиз-ку? Бу ерда энг муҳими, ўша БАА ёки Австралияни ортда қолдириш вазифаси сиз, мухлислар, жамоатчилик томонидан қўйилганми? Ўз-ўзидан, мен улар ўзлари учун яратиб олган шароит ҳақида гапиряпман ва улар билан курашмоқчимизми, демак тайёргарлик йўналишида ҳам ортда қолмаслигимиз керак эди. Аслида қандай, Европада қандай, бу муҳим эмас. Ҳар бир чемпионатнинг, ҳар бир давлатнинг, мусобақанинг ўз шартлари, шароити бор. Масалан, агар “Реал” ва “Барселона” айнан ўша шанба куни тўқнаш келишмаганда, аминманки, икковиям финалга чиққан бўларди. Ўйинни бошқа кунга қолдиришмади. Улар мана шу форматни танлашган ва албатта, қаердадир рақибларга нисбатан камроқ имкониятга эга бўлишди. Қайтараман, ўша бизни ютган араблар умуман жамоани ҳеч қаерга тарқатмаган ҳолда тайёгарликни давом эттирдилар. Аслида мен ҳам шунақа қилишим керак эди. Йўқ, клубларнинг манфаатини ўйлаб, режани амалга ошира олмадим, десам, барибир тўғри тушунмайсизлар-ку? Бутун халқ олимпиячиларимизга қараб турган палла эди.
- Лекин барибир, ўртада тушунмовчилик бор. Матбуот анжуманларининг бирида Аҳмад Убайдуллаев ОТЖ йиғинидан қайтиб борган футболчининг жисмоний ҳолатидан қониқмаганлигини айтди. Кузатсак, Вьетнамдаги ўйинларда ҳам бу тасдиқлангандек?
- Бўлмаган гап. “Динамо”да олимпиячилардан ким бор эди? Нагаев-а? Агар мураббий унинг жисмоний ёки функционал ҳолатидан шикоят қилса, бирор асос бўлиши керакми? Асосни ўзингиз ҳам қидирсангиз бўлади. “Пахтакор”ни олинг, ҳар бир ўйинда камида 5-6 та олимпиячилар тўп суряпти. Уларнинг ҳолатини бошқалар билан солиштириб кўринг, биласиз, ким қандай тайёрлаганини. Тасаввур қила оласизми, 14 март куни БАА га оғир ўйин ўтказиб, ўша куни кечаси Тошкентда Бухорога бориб, эртасига олий лига тур ўйинида яна икки тайм майдонга тушишни? Ахир шундай бўлди-ку, Ҳасанов ва Омоновлар билан. Шундан кейин, қандай қилиб олимпиячиларнинг жисмоний ҳолатидан нолиш мумкин? Ўйлайманки, бундай гап-сўзлар шунчаки, ўз айбини бошқа вазиятларга ағдариш холос. Мен бундай қилмаган бўлардим.
- Сиз бу жамоадан бирорта футболчини Қатарга олиб кетмагандингиз. Қизиғи, айнан шу йигитлар билан энг жиддий мақсад сари отландингиз. Парадоксал ҳолат тўғрими? Асосий мақсад терма жамоа бўлиб, ушбу қадамдан мақсад ёш номзодларни термага тайёрлаш эдими ёки икки жамоа йиғинларини ташкил қилишдаги турли муаммо ва зиддиятларнинг олдини олмоқчи бўлганмидингиз?
- Мантиқан қараганда, менга нима керак? Миллий терма жамоа бор, етарли номзодлар бор, улар билан маълум натижаларга эришишга ишониш мумкин. Шундай бўлиши мумкинки, мана шу цикл охиригача, менга умуман ёш, янги футболчи керак бўлмас. Ўз вазифамни бажараман, тамом. Олимпия терма жамоасига мураббий бўлишга шунчалик ишқибоз, деб ўйлайсизми? Лекин мана шу вазифа деганда, ҳар қандай профессионал мураббий келажак учун ҳам пойдевор қўйишни ҳам тушуниши шарт. Натижалар билан биргаликда, терма жамоада авлодлар алмашинуви ҳам силлиқ, сезиларсиз амалга оширилиши керак бўлади ва бу ҳам тўғридан тўғри менинг вазифам ҳисобланади. Мақсад оддий, имкон қадар ёш футболчиларни миллий терма жамоа услубига, муҳитига тайёрлаб бориш ва мендан кейин бошқарувга келадиган мураббий учун пойдевор яратиш. Ишонтириб айтаманки, мана шу йиллар давомида қилинган ишлар бесамар кетмайди.
- Демак олимпия терма жамоасидаги фаолиятингизни икки қисмга бўлсак, биринчи вазифани бажара олмадингиз. Хўш, шу сиз айтаётган иккинчи вазифани қанча фоизга бажара олдингиз, деб ўйлайсиз? Буни ўлчаш, қийинроқ. Масалан, бир нечта футболчилар муҳим ўйинларда МТЖ сафида ўйнай оладиган даражага етдилар, дея оласизми? Япония, ҳисобмас, айтайлик Эрон ёки Ливанга қарши ўйинларда.
- Албатта, бундай ўйинчилар бор. Ҳасанов, Қиличев, Мусаев, Ҳасановларни эътироф этишим мумкин. Олег Зотеев ҳам сўнгги ўйинларни яхши ўтказди, Тўхтахўжаев анчадан бери миллий терма жамоада ўйнаб келмоқда. Жумладан, Эрон билан ўйинга бир нечта олимпиячиларни конкрет номзод сифатида кўрмоқдаман.
- Тажрибангиздан келиб чиқиб, икки терма жамоани бир киши бошқаришини тўғри йўл эканлигига амин бўлдингизми ёки аксинча?
- Агар конкрет олимпия терма жамоамизга қўйилган вазифа – Лондонга боришни уддалай олмаганимизни эътиборга олсак, салбий баҳо бериш осон. Аммо баҳо беришга шошилмаслигингизни сўрардим. Албатта, бу давр мобайнида анча ишларни амалга ошира олдик ва меҳнатларимиз мевасини яқин келажакда кўрасиз, деган умиддаман.
- Хабарингиз бор, ОФК олимпиада саралаши форматига ўзгартириш киритди. Энди ўйинлар давравий эмас, қисқа турнир, Осиё чемпионати шаклида бўлиб ўтади. Бу яхшими ёки ёмон?
- Менимча, бунинг фойдаси кўп. Ташкилий томондан ҳам, кейин ҳар сафар турли шароитларда йиғилиш, кутилмаган ҳолатларнинг олди олинади. Аниқ вақтда маълум турнир учун бор имконият ишга солинади, вассалом. Клублар билан ҳам муаммолар чиқмайди, чунки узоқ вақт йиғинлар ўтказиб юришга ҳожат қолмайди.
- Бир неча йил давом этган “Пахтакор” ва “Бунёдкор”нинг гегемонлиги ҳақида танқидий мулоҳазалар кўп. Лекин агар бошқа тарафдан оладиган бўлсак, айнан бугунги терма жамоанинг шаклланишида ўзига яраша фойда топиш мумкин. Масалан, кўп футболчилар ёшлар ўртасидаги ЖЧ, кейин олимпиада саралаш ўйинларида ўйнагач, ўзига юқори мақсадларни қўйган, малакали мураббийлар шуғуллантираётган клублар сафида ўйнай бошладилар. Ўз-ўзидан доимо юқори мақсадлар учун ўйнаш кўникмаси пайдо бўлди, анча тез терма жамоа аъзосига айландилар. Менимча, бугунги авлодга бироз қийин бўлиши мумкин. Клублардаги амбициялар олдингидек эмас, футболчилар ҳозир бироз тарқоқ, четдан таклиф йўқ. Айтмоқчиманки, шу йиллар давомида қайсидир босқичга келдилар ва энди мана шу жойда қотиб қолиш хавфи бор. Айтайлик, беш йилдан кейин нима бўлади?
- Биласизми, барчаси мана шу клубларнинг кейинги фаолиятига боғлиқ. Ишонаманки, агар “Пахтакор”, “Бунёдкор” ёки “Насаф” ОЧЛ да юқори ўринлар учун курашса, ўзи учун юқори мақсадларни қўйса, бундай муаммолар чиқмайди. Албатта, футболчилар бу ҳолатда ўзларини кўрсата оладилар ва бемалол назарга тушишлари, тажриба тўплашлари мумкин.
- Лекин шахсий кузатишим бўйича, ОЧЛ чет эллик скаутларнинг мунтазам назорати остида турадиган турнир деб ўйламайман. Тўғриси, ОЧЛ даги муваффақиятли ўйин эвазига Европа шартномасига эга бўлган бирор футболчини эслай олмаяпман.
- Нега энди? Барибир энг асосий мезон клубдаги фаолият ҳисобланади. Терма жамоа нари борса бир йилда 3-4 та ўйин ўтказиши мумкин. Европа учун эса энг муҳими барқарорлик саналади. Барқарорлик эса клубдаги мунтазам ўйинлар орқали аниқланади.
- Балки, кейинроқ, мезон қилиб олиниши мумкин. Аммо бирламчи, танитувчи сифатида барибир терма жамоа муҳим, шундай эмасми? Одил Аҳмедов “Пахтакор” да 3-4 йил ОЧЛ да юқори савияда ўйнади. Аммо барибир, Қатардаги ўйини орқали муайян ва фойдали таклифлар кўпайиб кетди. Айтмоқчиманки, барибир, яқин йилларда сизнинг бу йўналишдаги муносабатингиз муҳим аҳамиятга эга. Энди қаршингизда аниқ вазифа ва ишонарли таркиб билан биргаликда, бугунги ёшларга ўша зарур халқаро тажриба ва ўзини танитиш имкониятини тақдим қила оласизми?
- Нима демоқчилигингизни тушундим. Албатта, бу ҳақида юқорида ҳам гаплашдик. Лекин асосийси шундаки, футболчи айни ўша паллада қандай аҳволда бўлади? Энди бу ёшдаги алоҳида жамоа бўлмайди. Демак энди футболчи асосан клуб билан бирга бўлади. У шунда ҳам ривожланишда давом этса ва терма жамоа ўйинларига тайёр ҳолда бўлса, албатта сиз айтаётган омиллар ҳам эътиборга олинади.
- Келинг, энди миллий терма жамоага ўтсак. Бошчилигингизда Жанубий Корея терма жамоасига қарши икки марта тўқнаш келдик. Икковидаям рақиб учта гол уриб, бироз хотиржамлликка берилгачгина, гол уришни бошладик. Ҳали корейсларга қарши бирор нима ўйлаб топмадингизми?
- Сизни ишонтириб, айтаманки, Жанубий Корея билан муносиб ўйнай оламиз. Ўша ўйинларни асос қилиб олмаслик керак. Қатарда биз ўша 0:6 дан кейин уларга қарши ўйнагандик. Йигитлар жуда оғир руҳий ҳолатда эдилар. Яқинда ўйнаган пайтимизда эса, кўрдингиз, бир нечта етакчи футболчиларсиз ўйнадик. Корейслар эса, Қувайтга қарши ўта муҳим ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўраётгандилар.
- Қатардаги ўйинлардан кейин кўпчилик, шу қатори биз ҳам, гуёки, арабларни ютишни ўрганиб олганимиз, энди улар бизга чўт эмаслиги, уларга қарши фойдали услуб ўйлаб топганимиз ҳақида гапира бошлагандик. Лекин яна ўша ОТЖ ўйинлари кўрсатдики, унақа эмас экан. Футболчилар бироз пастроқ савияда бўлганида, қўлимиздан ҳеч нарса келмади.
- Мен бундай демаган бўлардим. Олимпиячиларнинг ўйинлари билан миллийни бир мезонда ўлчаб бўлмайди. Бу ёшда БАА терма жамоаси қитъада энг кучли ҳисобланади. Миллий термада эса, ростан ҳам арабларга қарши муаммо чиқмаслиги керак. Руҳан ҳам, услубан ҳам араблар бизни қўрқитмаслиги керак.
- Сиз нафақат бугунги, балки келажак авлод термалари учунам қандайдир услуб таклиф қиляпсиз. Бу ўзига хос илмий асосга эгами? Мисол учун Италия терма жамоаси Европада энг кучлилардан саналади. Аммо негадир, ҳимоявий ўйин билан машҳур, “катеначчо” ўйнашган. Балки таркиб борасида немис ёки бразилияликларга бас кела олмасликларини тушуниб, айнан уларга қарши иммунитет яратишгандир Кучсизларни эса, савия фарқи эвазига ҳам ютса бўлади. Бизда эса аксинча, кучли жамоаларга қарши услубимиз ўтмаётгандек?
- Қайси ўйинларни айтяпсиз? Австралия ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларми? Аммо кейинчи? Япония билан икки марта ўйнадик. Шимолий Корея ҳам жаҳон чемпионати қатнашчиси ҳисобланади. Қатар кучсизмиди? Қувайт эса Форс Курфази чемпиони саналади. Уларнинг сўнгги босқичга чиқа олмаганликларини шунчаки, тасодифга йўйиш мумкин. Негадир бу ўйинларни кам эслайсизлар. Японияни қандай ютдик? Кўпчилик омаднинг келгани, японларнинг бизни менсимагани каби сабаблар ўйлаб топишади, аммо конкрет сабаблар ҳам бор эди-ку. Японлар ҳеч қачон ярим куч билан ўйнашмайди, бу бир. Иккинчидан, биз ўйинни жуда тўғри ташкил қилдик. Учинчидан, ўйин 29 февралда бўлганди, 26 февралда эса Европада ички чемпионат ўйинлари ўтган Японларнинг жуда кўп ўйинчилари ўша ўйинлардан кейин учиб келишган. Мана шу устунликдан ҳам фойдаланганмиз. Одатида биз мана шунақа қийин ҳолатга тушиб, мағлубиятга учраганимизда, бундай сабабларни бахона сифатида қабул қиласизлар. Лекин кўряпсизми, ҳар қандай жамоа бунақа вазиятларга тушиши мумкин. Айтмоқчиманки, мағлубиятлардан аниқ мураббий хатолари ва сабаблар ахтарилаверади, ғалабалар эса кўпинча омадга ёки вазият тақозосига йўйилади.
- Лекин тан олиш керак, биз ғалаба қозонган барча ўйинларда рақибни фақат ғалаба қониқтирарди. Ўша Қатардаги гуруҳ ўйинларида ҳам, Шимолий Корея ва Япония билан сафардаги ўйинларда ҳам. Иордания бизга қарши ёпиқ ўйнади, Австралия ҳам шунақа бошлаганди деярли, биз қийналиб қолдик. Ҳатто Тожикистоннни ютиш осон бўлмади?
- Хўш, бунақа вазиятда ким қийналмайди? “Барселона”ми? Исталган жамоани олинг, бундай ҳимояга қарши аниқ режа йўқ. Вақт етса ғалаба қозонилади, етмаса йўқ.
- Балки, “Барселона” ҳам айнан бошқача ўйнай олмагани учун ютқазгандир? Стандартлар, юқори қаватда ўйнай олиш бўйича футболчилар у қадар мақтана олишмасди. Бу борада анчадан бери бизда ҳам муаммолар бор. Жарима зарбалари, бурчак тўпларидан фойдалана олмаяпмиз. Шунақа бўлиши мумкинки, Қатар ва Ливан ҳам Тошкентда худди ўша услубни танлаши мумкин.
- Унақа демаган бўлардим. Ўша Иордания ҳам ҳимоявий ўйин кўрсатганди. Биз стандарт вазиятдан фойдаландик ва ҳисобни очдик. Кейин осонроқ бўлди. Шимолий Кореяга ҳам эсласангиз, стандарт вазиятдан гол ургандик. Умуман бундай ўйинлар учун олдиндан бир нима дейиш қийин. Нима қилиб бўлса ҳам биринчи голни уриш муҳим саналади. Ҳозир асосан Эрон ҳақида ўйлаяпмиз.Кейинги ўйинлар олдидан қандай вазият бўлишини билиб бўлмайди. Балки, ўша пайтдаги вазият Қатарга ғалаба учун ўйнашни тақозо қилиб қолар.
- Терма жамоамизнинг энг кучли чизиғи ярим ҳимоя эканлиги сир эмас. Тўрт футболчи муҳим ўйинларда алмаштиришларсиз майдонга тушмоқда. Ушбу футболчиларнинг барчаси ўз вақтида таянч ярим ҳимоясида ҳам, олдинроқда ҳам ўйнашган. Лекин мабодо ўйинда юқори темп зарур бўлиб қолса, тезлалишга эхтиёж туғилганда мақтана олмаймиз. Бунинг устига қанот ҳимоячиларимиҳ ҳам, ҳужумчиларимиз ҳам тезкор эмас?
- Ким тезкор эмас экан? Лекин сизда улардан яхши номзод борми? Албатта, биз қайси футболни яхши ўйнай олсак, ўшани ўйнаймиз. Мана шу футболчилар таклиф қиладиган темп қониқтирса, улар билан, агар қониқтирмаса, албатта ўзгартириш қиламиз. Тезкор ўйинчилар бор, албатта. Бундан ташқари катта Жасур Ҳасанов ҳам номзодлар сафидан ўчирилгани йўқ. Уни ҳам керак бўлганда чақиришимиз мумкин. Бу ерда энг асосийси, мен футболчиларнинг ҳолатини билишим керак.
- Илк турлардан максимал очко олишимиз жуда муҳим. Олдинги йилларда айнан омадсиз старт туфайли вазифани бажара олмаганмиз, тўғрими? Шундай бўлиши мумкинки, дисквалификациялар сабаб, Эронга қарши бошқа таркиб, Ливанга қарши бошқачароқ тушиши мумкин. Бу ноқулайлик туғдирмайдими?
- Нега энди бошқа таркиб экан? Ҳа, бешта футболчи биринчи ўйинда майдонга туша олмайди. Аммо бу футболчиларинг барчаси асосий таркибда тушган бўларди, дея олмайман. Ҳозир сиз фақат фамилияларни айтяпсиз. Аслида эса, футболчининг ҳолати бошқа қарорларга ундаши мумкин. Жепаров деганда асосий таркибда аниқ туша, дейсиз-да, хулоса чиқарасиз. Аммо у ҳозир жароҳат олган, клубида майдонга тушмаяпти. Эртароқ Тошкентга келади. Кўрайчи, балки унинг ҳолати мени ҳам қониқтирмас, ўрнига Зотеев тушар. Шунинг учун ҳам, май ойи охирида айнан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказишни жуда истаяпман.
- Лекин ҳали ҳам бу масала ҳал бўлгани йўқ. Нега доим биз билан бундай муаммо чиқаверади? Қувайт билан бўлиши мумкин бўлган ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Қувайтни сиздан эшитиб турибман. Бир нечта федерацияларга таклифлар юборилган ва тез кунларда ҳал бўлишини кутяпмиз. Қийинчиликларга келсак, биласизми, ФИФА тақвимни кўпроқ УЕФА га қараб тузади. Биз эса, Осиёдамиз ва кўп жиҳатдан ноқулайликлар туғилади.
- Эрон ўйнаяпти-ку?
- Ўзим ҳам ҳайронман. Мана ҳозир миллий чемпионатимиз давом этяпти. Эроннинг ҳам асосий ўйинчилари бир клуб аъзоси ҳисобланишади. Лекин ўша клуб ҳам ОЧЛ да қатнашмоқда. Шу билан бирга терма жамоа ФИФА куни бўлмаган кунда ўртоқлик ўйинида ўйнашяпти. Қайси таркибни йиғишяпти, қанақа ўйнашяпти, билиш қийин. Шунинг учун ҳам уларни кузатгани бормоқчиман.
- Тайёргарлик жиҳатидан сизга Қатарда осонроқ бўлганди. Турнирдан олдин узоқ вақт футболчилар ихтиёрингизда бўлишган. Турли кўникмалар, схемаларни амалда синаш имкони кўпроқ эди. Бир нечта футболчилар ўзиники бўлмаган позицияларда тўп суришди. Яъни ўйинчи алмаштирмай туриб ҳам, схема ва стратегияни ўзгатиришга шароит бор эди. Энди бўлса, бундай кўникмани яратиш қийин, тўғрими? Ҳар бир позицияга функционал тайёр футболчилар керак бўлади. Илк ўйинда эса, икки асосий марказий ҳимоячисиз ўйнаймиз. Бу муаммони ўзингиз учун ечиб олдингизми?
- Бу ҳам ўша пайтдаги футболчиларнинг қанчалик тайёр ёки тайёр эмаслигидан келиб чиқади ва ўшанга қараб учрашувга таркиб танлаймиз. Ишонаверинг, биз Осиё чемпионатига тайёргарлик пайтида ва турнир давомида яратган кўникма ва пойдевор анчага етади. Яъни ўшанда тайёрланган ўзаро тушуниш, ўйинни ташкил қилиш тизими билан бугун ҳам натижа кўрсата оламиз. Албатта, маълум машғулотлар эвазига. Дунёдаги ҳар қандай терма жамоа ҳам бир йилда атиги бир неча бор йиғилади, лекин шу қисқа йиғинларда янги футболчилар ҳам, ротациялар ҳам синаб борилади, тўғрими? Энг асосийси, жамоамизда ўзига яраша асос бор, демак таркибга қўшилаётган янги футболчилар ҳам тезда киришиб кета оладилар, деб ўйлайман.
- Демак Одил Аҳмедов яна ҳимояда ўйнаркан-да? Лекин ҳозирда у “Анжи”да олдинги чизиқда фойдали ўйин кўрсатмоқда?
- Ўйлаб кўрдингизми, нега шунақа? Сизлар қизиқсизлар, мана фалон жамоада ҳужумда яхши ўйнаяпти, демак ҳужумга қўйинг, фалон позицияда фойдали ҳаракат қиляпти, сиз қўймаяпсиз ва ҳоказо. Лекин “Анжи” бутунлай бошқа жамоа. Жамоани турли позицияларга бўлиб ўрганилмайди, яхлит ҳолда олиш керак. Одил “Анжи”да олдинда ўйнаяптими, демак жамоанинг ўзида бунга асос бор. Эртага йиғиладиган бизнинг жамоамизда бундай асос борми ёки йўқми, олдин кўрмасдан туриб, уни айнан қаерда ўйнатишим ҳақида айта оламанми? Балки ҳимояда нафи тегар, балки олдинги чизиқдаги футболчиларимизда муаммолар бўлиб, Одилдан ўша ерда фойдаланармиз.Ўша “Анжи”да қачондан бери Аҳмедов ҳужумда ўйнаяпти? Ўтган йили орқада ўйнарди, тўғрими? Энди бир нечта ҳимоявий ўйинчилар сотиб олинди, Одилнинг олдинга чиқиши учун асос яратилди ва энди, сиз айтаётган позицияда ўйнай бошлади. Аслида унинг ҳужумкор ўйнай олишини ҳам, Қатардаги ўйинлар орқали ҳимояда ўйнашини ҳам “Анжи”дагилар жуда яхши билишарди. Шунчаки, жамоадаги вазиятдан келиб чиқиб вазифа белгиланди. Мен ҳам ўз жамоамдан келиб чиқиб, ҳал қиламан.
- Дарвоқе, яқинда Украина ва Россияда бўлиб, қайтдингиз. У ердаги аксарият футболчиларга бўлган муносабатингиз сир эмас. Бизни кўпроқ Николай Марков қизиқтиради? Уни ҳам кузатдингизми?
- Уни кузатганим йўқ. У терма жамоада ўйнайман, дегани йўқ ҳали.
- Футболчининг ўзи айтиши керакми аввал?
- Йўқ, у билан аввалроқ гаплашилганда, ҳали бу борада бир тўхтамга келмаганини айтган. Марковни яхши биламан, ўзимни шогирдим, “Трактор”да қўл остимда шуғулланган. Бир қарорга келиб, Ўзбекистон учун ўйнашни ихтиёр қилса, кейин унинг номзодини кўриб чиқса бўлади.
- Терма жамоа бошқарувига келган илк кунларингизданоқ, рақобатни кучайтириш, алмаштириб бўлмас футболчилар бўлмаслиги ҳақида кўп гапиргансиз, баъзан исботлашга ҳаракат қилгансиз. Аммо ўша сарик карточкалар билан боғлиқ можароларда гуёки, ўзингизга ўзингиз қарши чиққандек. Ўшанда нима бўлганди?
- Эплай олишмаган. Бундай ишларни қандай қилиш кераклигини билиш керак эди.
- Демак сиз кўрсатма бергансиз, шундайми?
- Ҳа. Сизни ишонтириб айтаманки, ҳар қандай мураббий шунда қилган бўларди. Айтганимдек, футболчилар бу ишни жуда бўрттириб юборишди. Биз кўрсатган ўйинимиз орқали, шундай йўл тутишга ҳақ қозонган эдик. Сўнгги ўйинни ўтказиб юбориб ҳам, гуруҳдаги вазифани ҳал қилишни ҳаммаям уддалай олмади-ку? Биласизми, худди турнирларда амал қилаётган қоидалар адолатлиг-у, бизга уни бузишга ҳаракат қилган жиноятчидек қарамаслик керак. Юқорида айттганимдек, ФИФА кўп андозаларни УЕФА га қараб олади. У ерда қанақа? 5-6 жамоа бир гуруҳга жойлаштирилади ва икки давра ўйнаб чиқишади, тамом. Биздачи? Аввал, плей-офф, кейин гуруҳ ўйинлари, кейин яна бошқатдан гуруҳларга тақсимланади, кейин яна плей-офф. Бундай пайтда ҳар бир ўйинда асосий энг кучли таркибни тушириш қийинлашиб кетади, шундайми? Тасаввур қилинг, плей-оффда биз кучлироқ жамоага қарши ўйнаяпмиз. Албатта қаттиқ кураш, карточкалар, дисквалификациялар... Нарёқда эса, бизга гуруҳнинг 1-турида рақиб бўладиган Япония Шри Ланка билан ўйняпти ва ўнта гол уряпти. Хотиржам ўйинда карточкалар ҳам бўлмайди. Ўз ўзидан бизга нисбатан адолатсизлик бўлмайдими?
- Хўп, лекин мана шундай майдон ташқарисидаги курашлар туфайли футболчиларимиз руҳан кучсиз бўлиб қолмайдиларми? Айтайлик, бу факторлар зараримизга ишлашни бошлаганда ўзимизга қийин бўлмайдими? Масалан, матбуот анжуманида танқидларнинг футболчилар руҳиятига таъсири ҳақида гапирдингиз.
- Масалан, сиз мақола ёзяпсиз. Мен ҳақимда. Кимдир сиз ҳақингизда, “барибир бу ҳозир буюртма мақола ёзяпти, Абрамов уни сотиб олган” деган гап чиқарди. Қанақа ҳолга тушасиз? Мақолангиз қанақа чиқади? Барибир таъсир қилади, тўғрими? Мана буни ёзсам, сотилган деб ўйлашади, мана бу фактниям қўшмай, деб ўзингизни чеклай бошлайсиз. Худди шунақа, мен ҳам, футболчилар ҳам робот эмас, юраги бор, мияси бор инсонлар. Футболчи йиллаб бир мақсад сари бирга ҳаракат қилса-ю, озгина қолганда, барибир мураббий ўйинни сотган, дегани гапни эшитса, бунга ишонмаган тақдирда ҳам, руҳан таъсир қилмайдими? Мухлислар майли, журналистлар, мутахассислар асоссиз турли гап сўзлар чиқаришса, чинданам қоним қайнайди. Мен кейин сўрадим, лекин ўша журналистнинг ўзи “мен сизни ёзмагандим” деяпти. Унда умуман нима кераги бор буларни ёзиб? Ёки футболчиларни интернетда ҳақорат қилишади. Бу борада ҳам мени нотўғри тушунишди. Мен хатоларим ва айбимни доим тан олиб келганман. Мендан сабабларни сўрашди ва мен жавоб бердим. Ҳеч кимни айбдор қилганим йўқ. Ўша сабаблар чинданам таъсир кўрсатган тақдирда ҳам, буни бартараф этмаганим учун ўзим айбдор бўдлиб чиқавераман-ку, тўғрими? Мен мағлубиятларнинг асосий айбдори сифатида мухлислар ёки журналистларни тилга олганим йўқ.
- Бутун дунёда шунақа-ку? Футболчилар ўйнай олишмаса ҳақорат қилишади, сўкишади?
- Мен буни тўғри қабул қиламан. Мухлисларни тушунаман, футбол улар учун, натижа бўлмаса куюнишга, айблашга ҳақлари бор. Яхши ўйнаса мақташади, ёмон ўйнаса сўкишади, бу нормал ҳолат. Лекин футболчиларга тамға босмаслик керак. Бу “мос эмас”, у “арзимайди” деб ажратмаслик керак. Темур Жўраевни олайлик. Ўша 0:6 дан кейин шундай қилиб ташлашдики, умуман дарвозада тургиси келмай қолди. Аслида ўша ўйинда ҳамманинг айби бор эди. Темур нари борса олтинчи голда хато қилди. Аммо бир нечта голли вазиятларни қайтарганди-ку? Ёки нега Иорданияга қарши ўйинни эслашмайди. Оғир пайтда у майдонга тушди ва бизни муқаррар голлардан сақлаб қолиб, ярим финалга чиқарган эди-ку? Негадир бу томонларини дарров эсдан чиқаришади. Оқибат нима бўлди? Темур терма жамоада ўйнашни истамаяпти. Бизда маҳаллий дарвозабонлар кўпми жуда?
- Вақт ажратганингиз учун рахмат. Охирги савол. Деярли ҳамма жойда терма жамоа бош мураббийининг шартнома шартлари, муддати ҳақида эълон қилишади. Масалан, Евродан кейин кетаман, ёки мана шу турнир натижасига кўра қарор қилинади, каби гапларни эшитиб турамиз. Айтингчи, сизнинг шартномангиз қачон тугайди?
- Менда шартнома йўқ. Шу вазифани ишониб, топширишди, ишлайвераман. Эртага, ишдан олишса, кетавераман. Расмий шаклда қандайдир шартнома бор, тургандир бир ерда. Лекин биласизми, шартномада асосан икки тарафнинг талаб ва шартлари, манфаатлари ўрин олади. Менга манфаат керак эмас. Мен Адвокат ёки Моуриньо эмасман. Мен шу юртда етишиб, ишлаётган оддий мураббийман.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:49:19 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:49:17 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:47:55 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:47:54 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:46:21 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:46:19 01 TANQIDCHI 2012-05-13 17:44:17 00 JAHONGIRCOM 2012-05-11 09:45:25 00 JAHONGIRCOM 2012-05-11 09:23:08 00 MUXLIS 2012-05-10 00:55:35 00 HEROLION 2012-05-09 15:51:51 00 MAXIMUS 2012-05-09 15:31:21 00 JUVENTINO 2012-05-09 11:30:54 00 BALAGUR 2012-05-09 11:27:57 00 BAHROMJON 2012-05-08 22:19:50 00 UZBARS 2012-05-08 20:24:25 +10 GOLBOLSIN 2012-05-08 19:59:05 +10 UZBEK 2012-05-08 18:21:06 -10 MANUTDBARSA 2012-05-08 16:02:12 00 MRDIM 2012-05-08 15:32:58 -10 MRDIM 2012-05-08 15:31:39 -10 MUXLIS 2012-05-08 15:29:19 00 MRDIM 2012-05-08 15:26:47 00 MUXLIS 2012-05-08 14:11:00 -10 ANTIVIRUS 2012-05-08 13:21:29 -10 RAHIMBERDI 2012-05-08 12:35:41 00 RAHIMBERDI 2012-05-08 12:35:02 00 JADROO 2012-05-08 12:05:32 00 PLAZA 2012-05-08 11:18:37 +10 OFTALMOLOG 2012-05-08 11:04:00 00 ATSTEYKA 2012-05-08 10:36:46 +10 ELDARADO 2012-05-08 10:21:25 00 BIGBON 2012-05-08 10:20:46 +10 CLOSER 2012-05-08 10:18:22 00 OQSOQOL 2012-05-08 10:12:32 +30 HURSHID 2012-05-08 10:03:23 +20 ATSTEYKA 2012-05-08 09:50:54 +10 USMONALI 2012-05-08 09:45:08 +10 USMONALI 2012-05-08 09:26:05 +20 FOTIX 2012-05-08 09:21:47 +10 DOCTORFM 2012-05-08 09:14:45 +10 TRAINER 2012-05-08 09:00:20 +10 ALBARS 2012-05-08 08:59:47 +10 ALBARS 2012-05-08 08:56:07 +20 AVTOGOL 2012-05-08 08:55:43 +10 HURSHID 2012-05-08 08:20:35 +10 JAMOLIDDIN 2012-05-08 08:08:02 +20