-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Руҳшунос керакми?
Баҳо: +2Киритилган сана: 2012-05-18 12:12
Терма жамоаларимизга руҳшунос керакми?Бу масала жуда кўп маротаба ўртага ташланса-да, кўпинча аниқ жавоб ёки хулосани олишимиз қийин. Сабаби, аслида биз руҳшунос жамоада қайси вазифани бажара олишини ва унинг ким эканлигини ҳам билмаймиз. Ҳа, Европа жамоаларида ушбу касб эгаларига бўлган эхтиёж жуда катта. Ҳар бир клубда, жамоада бундай касб эгалари фаолият юритадилар ва демак, кўпинча наф келтирадилар. Бу касб футболнинг бир бўлагига айланган, худдики ўша врач, массажчи вазифалари каби.
Лекин биласизми, бу вазифанинг футболга алоқаси биз ўйлаганчалик катта эмас. Айтайлик, қайсидир ривожланган, кучли терма жамоа персоналида бир эмас иккита руҳшунос борлигини кўрамиз ва дарров хулоса қиламиз – демак, жамоада руҳшунос бўлиши шарт экан, бизда қани? Аммо шунга эътибор қаратиш керакки, бу касб Европада нафақат футболда, балки ижтимоий хаётдаги ўрни жуда катта. Одамларнинг етмиш фоизидан кўпроғи давомли тарзда руҳшунос қабулига қатнайдилар, турли психологик машғулотлар ва маслаҳатларга катта эътибор қаратадилар, нафақат футбол жамоаси, балки ҳар қандай ташкилотда, заводда, армияда, коллежда, умуман инсонлар йиғилиб маълум фаолиятни амалга оширадиган ҳар қандай бирликда руҳшунос бўлади! Айтмоқчиманки, руҳшунослик Европа футбол жамоаларига футбол ривожининг навбатдаги босқичи эмас, жамиятнинг анъана ва одатларига хос тарзда кириб келган.
Бизнинг хаётимизда руҳшуноснинг ўрни йўқ даражада. Кимдирнинг руҳшунос қабулида бўлганини эшитиб қолсак, унинг устидан куламиз. “Жинни бўлиб қолибди” деган фаразлар урчийди. Кечирасиз-у, хаётимизда руҳшуносникидан кўра, фолчиларнинг ўрни каттароқ, инкор қилманг. Келинг, яхшиси, терма жамоамизга фолчи штатини олиб кирамиз. У бўлажак ўйинда хавф қаердан келишини, бўлажак таркибни, пенальтини ким тепиши кераклигини-ю, бошқа бир қанча майда деталларни аниқлаб, мураббийга ёрдам беради. Куляпсизми? Ҳа, чунки сиз фолчига ишонмайсиз. Аммо бизда фолчига ишонадиганлар руҳшуносга ишонадиганлардан кўп, фолчига қатнайдиганлар руҳшуносга қатнайдиганлардан кўпроқ. Терма жамоаларимиз футболчилари ҳам айнан ўша биз билган одамлар, нима дейсиз? Мисол учун, Африка Миллатлар кубогини кузатган бўлсангиз, баъзи жамоаларда “шаманлар”, “сеҳргарлар” штати мавжуд экан. Гуёки, улар турли сеҳр жодулар ишлатиб, жамоага ёрдам беришар экан. Жамоа унга ишонади, аслида унинг қанчалик фойдаси тегаётгани ёки йўқ, бу бошқа масала.
Чалғиманг, мен руҳшуносга қарши эмасман. Мен бундай инсонларнинг терма жамоамизга ёрдам бера олишига ишонмаслигимни ва сабаби, бизда руҳшунос кутилгандик самара бериши мумкин бўлган шароит йўқлигини тушунтирмоқчиман холос.
Биринчидан, айнан руҳшуносликка бўлган эътиборсизлик туфайли, бизда бу касбнинг ҳақиқий маънодаги усталари йўқ. Касби руҳшунос бўлган аксарият мутахассислар фақат ўқув юртларида шу фан бўйича дарс беришади, амалиётда эса, руҳшунос фаолияти жуда кам учрайди. Ўз ўзидан, мабодо терма жамоамизга руҳшунос ёллайдиган бўлсак, у ростанам ўз ишининг устами бўладими, йўқми, бу унданам катта муаммо. Европада, айтганимдек, бу касбга бўлган эътибор юқори бўлганлиги туфайли, ҳатто “спорт руҳшунослари” каби алоҳида соҳа ҳам мавжуд. Бизга керак бўлган одам ҳам уста руҳшунос бўлиши, ҳамда футболни чуқур билиши лозим, лекин унақа одамни топиш ҳатто терма жамоамизга энг мос мураббийни топишданам ҳам қийин. Бу ўлкаларда бундай йўналиш у қадар натижа бермаслигини статистикаси ҳам бор. Масалан, Москванинг “Локомотив” клуби врачининг айтишича, тўқсон беш фоиздан ортиқ ҳолларда руҳшуноснинг футбол жамоасидаги фаолияти салбий қоибатларга олиб келган экан.
Иккинчидан, руҳшуносни ва унинг айтганларини футболчилар томонидан қабул қилиниши кўнгилдагидек бўлмаслиги аниқ. Бемор табибга тўлиқ ишонса, шифо топиши бир неча баробар енгиллашади, дейишади, психологияда айниқса бу қоида юз фоиз амал қилади. Айтганимдек, бизда бу касбга нисбатан ишонч етарли даражада эмас. Алоҳида футболчи билан индивидуал тарзда шуғулланиш ёки мураббийга тегишли маслаҳалатлар бериш қайсидир маънода наф келтириш мумкин, лекин бутун бир жамоани тубдан ўзгартира олмайди.
Жамоаларимизда руҳий муаммо эса бор! Терма жамоамизнинг йигирма йиллик тарихида атиги бир маротаба иродали ғалаба қозонгани бу муаммо илдизини менталитетимизга йўналтириб кетиши табиий. Лекин биз айнан Вадим Абрамов жамоалари ҳақида гапирар эканмиз, муайян ҳолатларни ҳам гувоҳи бўламиз. Абрамов терма жамоаларимизнинг омадсиз ўйинлари ҳақида гапирар экан, кўпинча, ушбу омадсизликнинг бошланғич нуқтасига эътибор қаратишни яхши кўради. Мисол учун, мен билан суҳбатда ҳам у “Ироқ билан ўйингача ҳаммаси яхши эди” ёки “Жанубий Кореяга ютқазганимизнинг асосий сабаби, аввалги 0:6 ҳисобидаги мағлубият бўлган” қабилидаги изоҳларни кўп маротаба ишлатди.
Бу муаммони ечими сифатида қайсидир руҳшуносни олиб келиб қўйиб, “мана, муаммо ечилмади, демак гап руҳиятда эмас эканда” деб қутулиш жуда осон. Гуёки, мана, Сколари ҳам эплай олмади-ку, демак чет эллик мураббийнинг бизга фойдаси йўқ, каби янграйди. Аммо бу нотўғри-ку?!
Бир жиҳатдан Абрамовнинг гапига тўлиқ қўшиламан – аввало, бош мураббийнинг ўзи руҳшунос бўлиши керак. Яъни футболчи мураббийдан бир мулоҳаза ёки фикрни эшитар экан, доимо бу сўзларни мураббийники деб қабул қилади. Айнан шу пайтда мураббий руҳшунослик билан шуғулланаётганини сезмай қолади. “Сити” ва “Юнайтед” ўртасидаги сўнгги дербида Фергюсон ўзини тутиб туролмади ва Манчини билан даҳанаки жангга киришиб кетди. Бундай ҳолатда Жозе Моуриньо ҳам жуда кўп тушади. Лекин биласизми, мен бу жазаваларнинг табиий эканига у қадар ҳам ишонавермайман. Айни ўша пайтда мураббий буткул хотиржам бўлиш эҳтимолини ҳам инкор қилмайман. Мақсад – суньий бўлса-да, тажовузни намойиш қилиш ва ўйин аҳамиятини футболчилар онгида ошириш. Шу орқали футболчиларда қўшимча куч, тажовуз ва жазавани уйғотиш. Жозе Моуриньо қайсидир шогирдига пивонинг бўшаган банкасини отиши мумкин, лекин у бу ишни ростан ҳам ўзини тута олмай қолганидан эмас, айнан шу вазиятда ўзини тута олмай қолиш тўғрироқ эканини билгани учун қилади. Бу руҳшунослик.
Умуман кўп жамоаларда буни кузатишимиз мумкин. Эътибор берсангиз, жамоа уни шуғуллантираётган мураббийнинг руҳияти ва характерини ўзига сингдириб олади. Дель Боске пайтида “Реал” “бағрикенг” ва салобатли эди, Моуриньо пайтида тажовузкор ва мағрурга айланди. Худди шу шаклда терма жамоаларимиз қайсидир тарафдан Абрамовнинг руҳиятини ўзига сингдириб олаётганини кузатишимиз мумкин.
Абрамовнинг ўзига бўлган ишончи у қадар катта эмас. Фикрини тез ўзгартиради. Абрамов шогирдларини руҳлантиришга ҳаракат қилса-да, ўзи руҳан кучли эмас, ташқи омиллар жуда тез ва салбий таъсир қилади. Абрамов мағлубиятларни жуда оғир қабул қилади. Абрамов – идеалист, баъзида жамоаси имкониятига ҳаддан ортиқ баҳо бериб юборади.
Биз кўпинча, Вадим Абрамов мураббий сифатида унчалик кучли эмаслигини, унинг асосий ютуғи футболчилар билан тил топишиш ва руҳан кучайтиришни уддалай олгани ҳақида кўп гапирамиз. Аслида ундай эмас, буткул аксинча. Абрамов терма жамоани руҳан ўзгартира олмади. Руҳан кучсизлантирди. Абрамов терма жамоани ташкилий тарафдан кучайтира олди, жамоа ўйинига сайқал берди, маъно олиб кирди.
Биз Абрамов терма жамоамизни айнан қайси томондан кучайтиргани ёки кучсизлантирганини билишимиз керак. Асосийси, бу ҳақида Абрамовнинг ўзи ҳам билиш шарт. Бўлиб ўтган ўйинлар ҳақида аниқ ва тўғри тасаввурга эга бўлиш, кейинги режаларимизнинг аниқ ва самарали бўлишига пойдевор бўлади. Абрамов қайси соҳада уста, айнан ўша соҳага кўпроқ урғу берилиши шарт. Терма жамоамиз руҳан кучсиз, қолгани жойида деб, фақат руҳиятга эътибор беришимиз бизнинг хатоимиз бўлади. Яна Моуриньодан мисол келтираман. “Барселона” тўпни назорат қилиш бўйича “реал”дан анча кучли. Хўш, “Реал” айнан шу соҳада кучайиб, “Барселона” билан беллашишга ҳаракат қилдими? Ахир бу рақиб қуролини танлаш бўлади-ку, тўғрими? “Реал” ўз устунлигини – тезликни ишга солишга ҳаракат қилди. Ўйинда айнан кимнинг қуроли устун чиқиши, ўйин натижасини барпо қилди. Футболнинг мағзи шунда, доимий равишда рақибни ўз режа ва қуролини қабул қилишга мажбурлаш. Биз ўз устун тарафимизни ривожлантирайлик, ана ўшанда, нариги муаммолариннг таъсири кичрайиб бораверади.
Ўтган йили Қатар устидан ғалаба қозонганимиздан сўнг, терма жамоамиз ҳақида мақола ёзгандим. Ўша гапларни яна қайтариб ўтирмасдан, эслатиб қўя қолай:
”Ким нима деса десин-у, ҳозирда, умуман шу пайтгача Абрамов қураётган иморатнинг пойдевори йўқ. Чунки терма жамоанинг ҳақиқий пойдевори бўлиб миллий футбол даражаси, мамлакатдаги футбол инфратузилмаси саналади. Бу жиҳатдан кўп Осиё жамоаларига беллаша олмаймиз, демак Абрамов пойдевори мустаҳкам бўлмаган, аммо жуда баланд иморат қура бошлади. Гуёки карта ёки шишадан қуриладиган баланд, чиройли, аммо бир зарба билан қулаб кетадиган. Бу шундай жамоаки фақат ғалабалар жипслаштиради, кучайтиради ва олдинга бошлайди. Мағлубиятлар эса иморатни бутунлай бузиб ташлайди.Нима демоқчиман? Фикримча, ҳозирги жамоамиз Францияга ўхшайди! Агар кеча мағлуб бўлганимизда, кейинги икки ўйинларда ўзига келиб, бирлашиб, плей-оффга йўлланмани тортиб оладиган даражада эмасдик, ишонинг! Танқидлар, ички муҳит, мураббийга ва таркибга бўлган ишончсизлик янада бўй кўрсатган бўлур эди. Мен бу билан иморатимиз сохта, кучсиз демоқчи эмасман. Айлантириб, сизларга тушунтиришга ҳаракат қилмоқчи бўлган ягона фикрим шуки, бу жамоа Франция – 2006 ҳам, Франция – 2010 ҳам бўлиши мумкин, бундан қайси бири бўлиши эса натижага боғлиқ. Натижа эса кўнгилдагидек бошланди, босим камайди, муҳит яхшиланди, энди ўша иморат янада мустаҳкамланади, пойдевори йўқ бўлса ҳам, айнан Осиё чемпионати учун кучли жамоа бўла олади! Хуллас биз фақат ғалабалар билан тирикмиз, демак мағлубият иложи борича кечроқ, биз учун охирги учрашувимизда бўлиши муҳим. Мағлубият – яъни мағлубиятдан кейин яна майдонга тушиш, жамоада муаммо пайдо қилиб, кичик муаммоларни катталаштириб юборишини сезиш қийин эмас. Менимча!”
Бу фикрлар Қатар устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганимиздан сўнг ёзилганди. Афсуски, бу мулоҳазаларнинг исботи топилди, терма жамоамиз Австралия билан ўйинда сочилиб кетди. Бу мағлубиятнинг кейинги ўйинга таъсирини Абрамовнинг ўзи ҳам тан олди. Мен ўша кунларга қайтишни истамайман, аммо, ўша муаммо бугун ҳам мавжуд эканини таъкидламоқчиман. Фақат ечим борасида адашмаслик лозим. Ҳадеб, руҳият, руҳшунос деявермасдан, жамоа ўйинини ташкил қилишга, кучайтиришга ҳаракат қилишимиз керак. Айнан мана шу борада қўлимиздан кўп нарса келади.
Ечим эса, битта. Эрон ва Ливан устидан ғалаба қозонишимиз шарт. Ана ўшанда терма жамоамиз яхшигина тонусга киради, ўзига ишончи ортади ва руҳан кучаяди. Терма жамоамиз руҳан кучли бўлиши керак деб, глобал ва абстракт муаммолар устида бош қотириш ўрнига, айнан мана шу икки учрашувда ғалаба қозониш ҳақида ўйлайлик. Бошқа муаммолар ҳам барҳам топади.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 07:54:04 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:54:02 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:52:27 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:52:25 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:50:47 01 WRBEIRQX 2024-08-06 07:50:46 01 GOLBOLSIN 2012-05-19 15:22:10 00 GOLBOLSIN 2012-05-19 15:20:24 00 USMONALI 2012-05-19 07:52:42 00 TOYOTA 2012-05-18 17:57:05 +20 DOCTORBEKMYU 2012-05-18 16:48:43 00 NASAFIYA 2012-05-18 16:38:43 00 FAMOUS 2012-05-18 16:04:04 00 OFTALMOLOG 2012-05-18 15:34:03 00 ELIVERPOOL 2012-05-18 15:32:39 00 TURONIY 2012-05-18 15:14:54 00 TURONIY 2012-05-18 15:12:02 00 HURSHID 2012-05-18 15:01:11 +20 FOREIGNER 2012-05-18 14:58:34 +10