-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Баҳром Ҳакимов: "Маҳаллий футболчи кўпроқ жон куйдиради"
Баҳо: +3Киритилган сана: 2012-06-27 11:34
Мустақил футболимиз тарихида Баҳром Ҳакимовнинг ҳам ўз ўрни бор. Айниқса, аср бошларида маҳаллий мураббийлар ичида энг олд сирада тилга олинарди. Маълум вақт терма жамоамизни ҳам бошқаришга муваффақ бўлган. Унинг ҳозирда Қўқонда эканини эшитиб, суҳбатга ошиқдим. Баҳром ака билан жуда кўп мавзуларда гаплашдик. Сизлар учун эса, айнан мураббийлик тамойиллари ва ушбу вазифанинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги қисмни баҳам кўришга танлаб олдим. Ишонинг, муаммолар ҳақида бонг уриш ёки доим негатив билан мухлис миясини тўлдиришдан ташқари, баъзида, шунчаки, футбол ҳақида гаплашиш ҳам кишига завқ бағишлар экан.
- Мавсум бошида сизнинг “Қўқон 1912” жамоасига бош мураббий бўлишингиз мумкинлиги ҳақида гап тарқалганди?
- Йўқ, бу асоссиз гаплар. Тўғри, қандайдир воқеалар ривожида бу иш ҳам амалга ошиши мумкин эди, аммо мен истамадим. Мени қўқонлик мухлислар тўғри тушунишларини истардим. Мен шаҳар футболига бефарқ эмасман, ҳозир ҳам жамоанинг ҳар бир ўйинини қолдирмай кузатиб боряпман. Шаҳарга яна футбол қайтгани ва минглаб мухлислар ундан завқ олаётгани мени хурсанд қиляпти. Бугунги жамоа раҳбарлари ўзимнинг шогирдларим, доим маслаҳатлар беришга тайёрман. Лекин биласизми, мен ҳам, жамоа ҳам бир биримизга тайёр эмасмиз. Мен доим юқори мақсадлар қўйишга одатланганман, шу билан бирга мухлислар ҳам мендан фақат натижа кутишади. Масалан олий лига йўлланмасини. Бугунги биринчи лига савиясидан келиб чиқиб, биринчи йилиёқ бу мақсадга эришиш мумкин. Аммо нега? Биринчи лигани ғолиби бўлиш билан олий лигада қатнашиш ўртасида катта фарқ бор. Мана шу чегара босиб ўтилиши учун барибир вақт керак. Айтмоқчиманки, мен мураббий бўлсам, ўз ўзидан жамоада босим ошиб кетади, мухлислар талаб қилишни бошлайдилар. Шаҳар эса олий лигага тайёр эмас. Яхшиси мухлислар шунчаки, футболдан завқ олишсин. Ишонаверинг, футболдан завқ олиш учун у қайси лигада қатнашаётгани муҳим эмас.
- Пойдевор ҳақида гапирдингиз. Сизни аввало болалар мураббийи сифатида билардик. Аммо тактик ва стретег сифатида ҳам ўзига яраша ном қозона олдингиз? Катта футболга кириб келишингиз қандай кечган?
- Тўғри, мен мураббий сифатида болалар футболида шаклланганман. Умуман кучли жамоаларим кўп бўлган. Нафақат вилоят, балки иттифоқ миқёсида ҳам натижаларга эришганмиз. Ўша даврларда “Кожанний мяч” деган турнир бутун мамлакат миқёсида ўтказиларди. Маҳалла ёш болаларини йиғиб, Ўзбекистонда ғолиб бўлганмиз ва икки марта собиқ иттифоқ биринчилигида қатнашгандик. Кейинчалик терма жамоамизда ўйнаш даражасигача чиқишган Нуъмон Ҳасанов, Рустам Абдуллаев, Шуҳрат Раҳмонқулов, Наримон Осмонов каби йигитларни мен етти ёшидан тарбиялаб борганман. Кейин эса, Қўқонда иккинчи лига жамоаси тузилди. Мен Геннадия Мотлахга ёрдам бера бошладим. Илк мустақил чемпионат бошланганда эса, Мотлах Москвага ўқишга кетиб қолди. Олдимда нафақат бош мураббий сифатида жамоани тайёрлаш, балки тубдан янги жамоа тузиш вазифаси турарди.Жамоанинг асосини ташкил қилган футболчиларнинг аксарият кетиб бўлганди. Тезда жамоа йиғишга киришдим. Шуҳратни (Раҳмонқулов) чақирдим, Степан Атоянни олиб келгандим, захирада ўйнаб юрган Рустам Абдуллаев, шунингдек болалар жамоасидан Мухтор Қурбонов, Сергей Ниларга ишонч билдирдим. Хуллас яхшигина жамоа ҳосил бўлганди ва илк мавсумдаёқ кучли олтиликка кирдик, мамлакат кубоги финалида ўйнадик.
- Айнан болалар футболидаги тажрибангиз сизга кейинчалик, айниқса селекционерлик ишида қўл келган, тўғрими?
- Ҳа, инкор этмайман. Бир нарсани айтай, кўп мураббийларда, жумладан менда ҳам, ўз шогирдларини етаклаб юриш одати бор. Буни тўғри тушуниш керак. Янги жойга келар экансан, жамоа потенциали ҳақида умуман маълумотга эга бўлмайсан. Барчасини аниқлаб, йўлга тушириш учун эса, етарли вақт бўлмайди, сендан илк мавсумдаёқ конкрет натижа талаб қилишади. Шунинг учун дастлаб, ўзим таниган футболчилар асосида ўйинни ташкил қилиш ва қандайдир натижа кўрсатишга ҳаракат қиламан. Раҳбариятда ва мухлисларда ишонч пайдо бўлиб, босим сал камайгач, албатта, жойдаги футбол ривожи ҳақида ҳам қайғурилиши шарт. Мен ҳеч қачон раҳбарларга мана бу юлдузни олиб беринг, деб шарт қўймаганман. Кўпинча аксинча бўлган, яхши футболчилардан ажралиб қолаверардик. Мана шундай паллаларда мураббий маҳаллий футболчиларга қанчалик эътибор қаратиши ва асосий таркибга тайёрлаб бориши муҳим аҳамият касб этади. Мен доим шу йўлдан борганман. Қаршида бўладими, Самарқанддами ё Қўқондами, қаерда бўлса ҳам, ишлаган даврларимга эътибор беринг. Иккинчи йилдан бошлаб, мен маҳаллий ёшларни аста секинлик билан асосий таркибга киритишни бошлаганман. Кейинчалик “Насаф”да юлдуз бўлган жуда кўп футболчилар катта футболга дастлаб менинг қўл остимда қадам қўйишган. Ҳозирчага, улар мени эслаб телефон қилиб туришади, миннатдорчилик билдиришади. Балки ишонмассиз, ҳатто Баҳодир Насимов Бакудан мунтазам телефон қилиб, ҳол аҳвол сўраб туради.
- Барибир мураббий сифатида сизнинг натижангизга эътибор беришади. Маҳаллий ёшларга бу қадар эътибор беришингиз, чинданам ўша худуд футболига жой куйдиришингизданми ё бошқа сабаб ҳам борми?
- Биринчидан, мураббий ўзи ишлаган жойида бир из қолдириши керак деб ҳисоблайман. Кимдир футболга пул сарфлайди, кимдир фидойилик қилади, лекин мамлакат футболига энг масъул одамлар барибир мураббийлардир. Чунки биз футболнинг ўзини бошқалардан яхшироқ тушунамиз. Агар мураббий бу масъулиятни хис қилса, ҳаммаси яхши бўлади. Иккинчидан, буни ҳам асосий сабаб дейишим мумкин, юртимиздаги аксарият клубларда молиявий барқарорлик йўқ. Табиийки, турли муаммолар чиқади, ҳар доим бир хил кечмайди. Бундай пайтларда маҳаллий футболчиларни руҳлантириш, ғалабаларга ундаш осонроқ. Сабаби улар мана шу ерлик, ўйинни томоша қиладиган мухлислар билан битта жойда туғилган, бирга ўсган, кўз кўзга тушади. Трибунада унинг отаси, акаси, қўшниси ўтирибди. Унинг ўзи мана шу трибунада ўтириб катта бўлган, тўғрими? Қандай ҳолат бўлмасин, барибир маҳаллий футболчи четдан келган шеригидан кўра икки баробар жон куйдиради. Профессионал бўлмаслиги мумкин, аммо мухлиснинг кўзига қарашдан уялади барибир. Эсимда, 1999 йилда Қўқонда бош мураббий эдим. Иккинчи даврада деярли пул беришмаган. Олий лигада, тасаввур қиляпсизми? Баъзида овқатга пул топа олмай қолган пайтларимиз бўларди. Лекин ўша иккинчи даврани муносиб ўтказа олганмиз, кучли ўнликка кирганмиз. Айниқса, “Пахтакор”, “Навбаҳор” каби кучли жамоалар устидан иродали ғалабаларга эришгандик. Ўшанда бизни нима руҳлантирган? Албатта мухлислар. Мухлисларнинг олқишини маҳаллий футболчичалик ҳеч ким тушуна олмайди.
- Гуруҳ бўлиб кўчиб юриш ҳақида ўзингиз гап очдингиз. Футбол мухлислари ўғлингиз ҳақида ҳам яхши билишади. Сиз қаерга борсангиз бирга олиб кетасиз, ҳатто мухлислар орасида уни “шаҳзода” деб ҳам аташлари сир эмас. Бу мухлисларга нисбатан адолатсизлик эмасми? Ахир жамоа аввало, мухлислар учун ўйнайди. Сўраганимнинг сабаби, терма жамоаларимиз ҳақида гап борганда ҳам, бундай гап сўзлар кўп чиқади. Масалан, ҳар бир мураббийнинг ўз “суюклиси” бўлиши...
- Бир нарсани тўғри англаб олиш керак, мураббий барибир натижага жавоб беради. Мен ўғлимни ўйнатаманми ё бутунлай бегонаними, мендан аввало, натижа сўралиши керак. Баъзида шундай гап сўзлар бўлади, лекин яхшилаб сўрасангиз, ўша футболчи у қадар ёмон ўймаган ҳам бўлиб чиқади. Мен ўзимга ёки ўғлимга душман эмасманки, у эплай олмайдиган вазифани топшириб, мухлислар олдида шарманда бўлсам. Мен унинг учун аввало мураббий эдим, бошқалардан икки баробар юкламалар берардим, ишонаверинг. Агар кимдир ундан яхшироқ эканини сезиб қолсам, албатта уни танлаган бўлардим. Ҳар қандай мураббий аввало, умумий натижани ўйлаши керак. Мен ўзим учун жавоб бердим, бошқалар ҳам шундай деб ўйлайман. Агар бу ерда қандайдир бошқа ният бўлса, мураббийнинг виждонига ҳавола. Бу барибир хунук суръатда салбий қоибатларга олиб келади.
- Руҳият ҳақида гапирдингиз. Жамоа муҳитида мураббий қандай бўлиши керак? Диктаторми, демократми ё бошқами? Айтайлик, таймлар орасидаги танаффуслар мени қизиқтиради?
- Аниқ қоида йўқ. Асосийси мураббий жамоани, алоҳида футболчининг руҳиятини пайқай олиши керак. Қаердадир жиддий, қаердадир ҳазилкаш, қаердадир дўст, қаердадир ота бўла олиш керак. Айнан қачон қандай бўлиш кераклигини билиш эса, мураббийнинг қай даражада руҳшунос эканлигига боғлиқ. Мана ҳозир кийиб юрган шиппагимни кўряпсизми? Агар эртага мураббий бўлсам, мен буни ҳеч қачон киймайман. Бундай ҳолда шогирдларимга умуман кўринмайман. Дарҳол, янги, ишимга мос бўлган кийим бош сотиб оламан. Футболчи бош мураббийнинг “аураси”ни хис қилиши керак, ана ўшанда ҳар бир гап тўғри ва керакли тарзда етиб боради. Бу дегани бутунлай жамоадан узилиб қолиш эмас. Шундай пайтлар бўларди, зериксам, жамоа базасига келардим, бирга турли стол ўйинлари ўйнаган пайтларимиз бўлган. Ҳар бири билан шахсий муаммолар ҳақида алоҳида гаплашардик. Шу билан бирга, менинг ўз худудим бўлардики, футболчи истаган пайтда бузиб ўта олмасди. Бу чегарани ушлаб туриш ростанам осон эмас. Бунда путур етдими, билингки, жамоани назорат қила олмай қоласиз. Танаффуслар ҳақида ҳам шу гап. Алоҳида қоида йўқ, айни вазиятда ҳар сафар бир хил ёндошув кетмайди. Чунки биз инсонларни бошқарамиз, уларнинг ҳам кайфияти ўзгариб туради, футболдан ташқари хаёти бор. Мен шогирдларимнинг кўзларига қарардим ва уларга қандай гап кераклигини топишга уринардим. Баъзида, “йигитлар, илтимос” дейсиз, баъзан очиқчасига қаттиқ гапиришга тўғри келади. “Ютқазсаларинг, олдинги мукофот пуллариниям олмайсизлар, ютганингда мукофот оляпсанми, ютқазганингда жаримани тўлаб қўй” деб қўрқитган пайтларим бўлган. Албатта, кейин жарима олмасдим.
- Демак мураббийлик футболни тушунишдан ташқари жуда кўп хислатларни талаб қилар экан. Сиз шогирдларингизга қараб туриб, қайси биридан мураббий чиқиши мумкинлигини пайқай олармидингиз?
- Ҳар доим ҳам пайқаб бўлмайди. Лекин барибир туғма қобилият керак. Мен доим футболчиларим орасида ҳақиқий етакчи бўлишини орзу қиламан. Агар майдонда ҳам мураббийнинг ёрдамчиси бўлса, бу катта ютуқ. Бизда мана шу борада камчиликлар бор. Масалан, ўйиндан олдин қандайдир нутқ сўзлайман ва одатга кўра кейинги сўзни жамоа сардорига бериб, ташқарига чиқиб тураман. Футболчиларда бир-бирини руҳлантириш, лидерлик қобилияти кам. Ҳалиги сардор жим ўтирган бўлади. Мен унга “гапирмайсанми, эртага сендан қандай мураббий чиқади?” деб койийман. Тайёргарлик жараёни бу алоҳида соҳа, чет элда бу билан кўпроқ персонал шуғулланади. Бош мураббийлик хислати эса, айнан жамоани руҳлантириш, керакли қарорни бериб масъулиятни бўйнига олиш билан ўлчанади.
- Баъзи мураббийларимиз нуқт ҳам ривожламаганлиги шунданми? Икки оғиз гапни тушунтира олмайдиган мураббий қандай қилиб истаганини шогирдларига етказа олади?
- Унчалик эмас. Сиз асосан матбуот анжуманларидаги ёки телевидениедаги суҳбатлардан шундай хулосага келасиз, тўғрими? Аслида муаммо бошқа жойда. Футбол тили бизда рус тили ҳисобланади. Тайёргарлик жараёнлари, фикр алмашиш мана шу асосда бўлади. Афсуски, бизда илмий база, қўлланмалар, ҳатто терминларгача рус тилида. Буни бирданига ўзгартириш қийин. Жуда кўп назарий меҳнат ва ислоҳотлар керак бўлади. Мураббийларимизнинг нутқдаги камчиликлари ҳам шундан, яъни, мураббийнинг иш жараёни рус тили асосида қурилган, уни журналистларга ўзбек тилида тушунтириб бериши керак. Ишонинг, ҳар икки тилни мукаммал биладиган, нутқи равон киши ҳам қийналиб қолади.
- Нега малакали мураббийлар камайиб кетяпти? Гуёки ҳар йили янги ўқишлар ташкил қилиняпти, аммо...
- Мураббийлик фақат назариядан иборат эмаслигини юқорида айтиб ўтдим. Аслида футбол назарияси билан жиддий қизиқадиган мураббийларимиз ҳам кам. Ҳеч қачон ўрганишдан қочмаслик керак. Футболимизга чизиқли ҳимояланишни Точмурод Агамуродов олиб келганди. Ўшанда мен олий лиганинг бошқа клуби “Насаф”ни бошқарардим. Аммо бошимни кичик қилишдан уялмаганман, унинг олдига бориб, консультация олганман. Кейин ҳам тинмай қўнғироқ қилардим, баъзида Бахтиёрдан (Ашурматов) янгиликлар ҳақида билиб олардим. “Насаф” иккинчи бўлиб мана шундай услубда ўйнай бошлади. Бу ҳам энг асосийси, мураббий доим ҳаракатда бўлиши, назарий билимларини ошириб бориши керак.
- “Насаф”ни эсладингиз. Сиз жамоа билан Осиё Чемпионлар кубогида муваффақиятли қатнашгандингиз?
- Аслида биз ўшанда иккинчи ўринни олишимиз ҳам мумкин эди. Қизиқ ҳолат бўлган. Эсингизда бўлса, кучли ёмғир ёғиб, ўйиннинг ярмидан тўхтатиб қўйилган. Бизга ўйин бўлмас экан дейишган. Ташкилотчилик ҳам, алоқалар ҳам ҳозиргичалик эмасди. Биз Тошкентга телефон қилишга роса уриндик, аммо бу ердагилар билан гаплаша олмаганмиз. Йигитлар ювиниб, кийиниб кетишга ҳозирлик кўришаётган пайтда эса, ташкилотчилар шартда келиб, об ҳаво яхшиланганини ва ўйин давом этишини маълум қилишган. Биз бу вазиятда нима қилиш кераклигини билмаганмиз, вазият бизга салбий таъсир кўрсатгани ҳам аниқ эди. Натижада биз ўз ўйинимизни намойиш қила олмаганмиз ва мағлубиятга учраганмиз. Ўшанда “Насаф” жуда кучли жамоага айланганди. Эсимда, кубок баҳсида Фарғонада “Нефтчи”га 0:3 ҳисобида бой бердик. Яхши маънода, “Нефтчи”дан бир кун қасд олишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Сабаби, “Темирйўлчи”да мураббий эканимда “Нефтчи”га муносиб қаршилик кўрсатиш имконияти йўғиди. Вилоятнинг бош жамоаси, ўзингиз яхши тушунасиз, бунинг устига етакчи футболчиларимизни олиб кетиб қолишаверарди. Хуллас ўша ўйиндан кейин мухлислар менга қарата, “хафа бўлмайсиз, Ҳакимович” деб қарсак чала бошлашди. Мен тўхтаб туриб, “Қаршига боринглар, бешта урамиз” деб ваъда бердим. Ростан ҳам, жавоб ўйинида бешта гол уриб, кейинги босқичга чиққандик.
- “Нефтчи” ҳақида. Жамоадаги Саркисяннинг ўрни ҳақида баҳсли мунозаралар мавжуд. Сизга ноқулай бўлса ҳам, сўрайман, жамоага янгилик керак эмасми?
- Менга ҳамкасбим ҳақида баҳо бериш ноқулай, бунинг устига у ердаги аҳволдан хабарим йўқ. Саркисяннинг Фарғона футболига қилган хизматларини энди ҳеч ким қила олмайди. Ўша хизматлари учун, нимадандир кўз юмиш керак демоқчи эмасман. Лекин Саркисянсиз “Нефтчи” қандай аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини тасаввур қила оласизми? Бир нарсани айта оламан – ундай одамлар фақат ўзи кетади! Футболнингҳам ўзига яраша кўринмас мезонлари, адолати бор. Ундай одамлар истеъфога чиқарилмайди. Бундай қарор Фарғона учун жуда хунук тарзда якунланиши мумкин. Менимча, агар Вазгенович қачондир ўзининг ортиқча эканини ёки кетса, яхшироқ бўлиши мумкинлигини тушунса, у бир кун ҳам қолмаган бўларди
- Саркисяннинг Фарғона футболидаги ўрни ҳақида яхши гапирдингиз. Қайсидир маънода сизнинг ҳам Қўқон футболидаги ўрнингиз ҳам кичик эмас.
- Гапирмоқчи эмасдим, аммо энди айтмасам бўлмайди. Яқинда, 1-июнь, “Болалар куни”га неварамни истироҳат боғига олиб чиқдим ва роса айландик. “Худоёрхон музейига” ҳам кирдик. Биласиз, бу йили ўзбек футболига юз йили тўлади ва мамлакатимизда футбол ватани Қўқон ҳисобланади. Музейда ҳам Қўқон футболи тарихига аталган бир бурчак ташкил қилинибди . Неварамни етаклаб у ерга ҳам бордим. Музейга кирганимга минг пушаймонлар едим, очиғи. Маълумки, бу ерда илк футбол жамоаси тузилган бўлса-да, кейинчалик жуда ката узилиш бўлган. 70-йиллар даги “Меҳнат” жамоасини айтмаса, ўтган аср охиригача Қўқонда футбол жамоаси бўлмаганди. Яъни Қўқон футболи тарихида 1987-2000 йиллар орасидаги давр асосий ҳисобланади. Лекин не кўз билан кўрайки, на мен, на ўзим таниган бир қанча фидойилар эътирофга арзимабмиз, руйхатга киритилмабмиз. Юртимизнинг бирор клубида деярли ўйнамаган баъзи футболчиларнинг расми бор, лекин терма жамоамизда ўйнаган Ҳасанов, Раҳмонқулов, Қурбонов, Ни, Абдуллаевлар қани? Хиросима чемпионлари Степан Атоян ва Андрей Федоровчи? Қўқонга илк бор катта футболни, 2-лига шарқий зонасини олиб келган Тоҳир Кападзенинг сурати нега йўқ? Ўша олий лига етакчилари ҳам Қўқонга келишга оёқлари қалтираган даврларда бизни қўллаб қувватлаб турган ҳомийлар, жумладан М.Мирҳамзаев, Р.Эркабоевларчи? Мен билан бирга ёшларни тайёрлаб, футболимиз учун етук футболчиларни етиштириб берган Артур Петросян ҳам йўқ? Тасаввур қилинг, у ҳозир Россияда. Умрининг асосий йилларини мана шу шаҳар футболига бағишлаб ўтказган, ортиқча маблағ ҳам талаб қилмаган. Йиллар ўтиб, у ҳам ўз шаҳрига келади, айланиб ўша музейнинг, ўша бурчагига келади. Ўнлаб расмлар ичидан ўзини топа олмай, қай аҳволга тушади? Бу аслида жуда оддий, кичик эътибор, аммо шунинг ўзи ҳам одамни осмонларга олиб чиқиб қўяди. Шунча йиллик меҳнатдан қониқиш ҳосил қилади. Неварам ҳам ўша расмлар орасида ўз бувасининг расмини кўриб, ажиб хиссиётларни олиши ва буни бир умрга унутмаслиги мумкин эди. Мени нотўғри тушунманг, нимаики қилган бўлсам холис қилганман. Футболдан асло кам бўлмадим, юртимизнинг ҳамма бурчагида танишади, қўқонлик мени алоҳида хурмат қилишади. Уларнинг тан олганлигининг ўзиёқ катта бойлик. Аммо етишиб келаётган ёш авлод бу ҳақида билмайди. Ахир ўша болалар ҳам Қўқоннинг доим истеъдодларга бой эканини, бу ерда терма жамоа миқёсидаги футболчилар ўз вақтида етишиб чиққанини билса, иштиёқи янада ошмайдими. Ўйлашимча, бу вазифа Қўқон футболи тарихини билмаган ёки унга бефарқ бўлган одамга топширилган бўлса керак. Халқ ўз тарихини, қаҳрамонларини билиши керак.
Қаҳрамон Асланов суҳбатлашди.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 08:21:43 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:21:42 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:19:08 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:19:06 01 STRATEGUZ 2012-06-28 10:42:54 00 STRATEGUZ 2012-06-28 10:41:32 00 STRATEGUZ 2012-06-28 10:37:15 00 STRATEGUZ 2012-06-28 10:31:50 00 XALIL 2012-06-27 23:36:58 00 SHERZODCHIK 2012-06-27 20:36:05 00 SHERZODCHIK 2012-06-27 20:35:19 00 SERENADA 2012-06-27 19:31:20 00 SERENADA 2012-06-27 19:27:40 00 MUNIS 2012-06-27 18:43:20 00 SAMARQANDI 2012-06-27 16:11:01 00 XUJAQULTEPA 2012-06-27 14:58:03 00 XUJAQULTEPA 2012-06-27 14:57:32 00 SMILE 2012-06-27 14:01:28 00 SMILE 2012-06-27 13:47:54 00 ANDIJONIY 2012-06-27 12:50:51 00 BIGBON 2012-06-27 12:35:04 00 BUXOROGI 2012-06-27 12:31:34 00 BECKTU 2012-06-27 12:03:15 00