-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Устозларим...
Баҳо: +4Киритилган сана: 2012-10-01 17:20
Ҳаммамиз ёшлигимизда ўқиган машҳур бир эртак бор. Турли қобилиятга эга бўлган бир нечта дўст биргаликда қандайдир оғир вазифани бажаришади. Маликани қутқаришади. Кейин эса асосий савол ўртага чиқади: маликага уйланишга ким ҳақлироқ? Яхшилаб эътибор қаратилса, уларнинг ҳар бири жуда муҳим ишни бажаришган, бирортасисиз ўша мушкул вазифани уддалашнинг умуман иложи йўқлигига амин бўламиз. Устозларимизни ҳам ўша эртак қаҳрамонларига ўхшатаман, ҳар бир инсоннинг шаклланишида катта аҳамият касб этишади-ю, лекин фарқи ҳеч нарсага даъво қилишмайди, аввало, рахмат.
Бутун инсониятга хаёт йўлини чизиб кетган буюк инсонлар ҳақида гапириш бироз умумий, агар менга ўқиш ва ёзиш, математика-ю бухгалтерияни ўргатганларни санасам, анча шахсий бўлиб қоларди. Келинг сайт ва блогнинг ҳаққини адо этган ҳолда футбол оламидаги устозларим ҳақида ҳикоя қилиб берай.
Анъанавий равишда Ахбор Имомхўжаевдан бошлашни истамасдим, лекин наилож, бошлаб қўйдим. Гап шундаки, Ахбор акадан ҳеч нарсани ўрганишнинг иложи йўқ. Ахбор ака каби ёзиш учун, Ахбор акага ўхшаш учун ўрганишнинг ўзи етарли бўлмайди. Ахбор ака футбол билан шуғулланмаган, у киши футболда яшаган. Ахбор ака ёзган ҳар бир мақола, ҳар бир китобнинг орқасида монитор, клавиатура, қалам, муносабат ва қандайдир икки соат вақт эмас, бутун бир умр турибди. У инсон каби ёзиш учун у инсон каби яшаш керак, буни эса ҳеч ким эплай олмайди, чин дилдан истаса ҳам. Ахбор Имомхўжаевдек инсоннинг орамизда борлигининг ўзи ҳамма учун бахт ва омад, умрингиз узоқ бўлсин, устоз.
Алишер Никимбаев, Давлат Турдиалиев ва Аброр Имомхўжаевни эса футбол журналистикасининг мэтрлари деб биламан. Менимча, ҳеч ким хафа бўлмайди, бугунги кунда ушбу соҳада, матбуот ва телевидениеда меҳнат қилаётган ҳеч ким маҳоратда ҳам, меҳнатда ҳам, салоҳиятда ҳам бу инсонларга ҳатто яқин ҳам кела олмайди. Футбол ичи ва атрофидаги воқеани чуқур таҳлил қилиш, уларга тўғри йўналишда ёндошиш ва шу билан бирга, журналистика қоидаларига уйғун ҳолда мухлисларга етказиш бобида ҳали ҳам ўрганадиган нарсаларимиз кўп. Тан олишимиз керак, бугунги футбол журналистикасида, таҳлилда ортиқча сўзлар, кўпиклар, эмоция ва пофос баъзида кўпайиб кетади. Уларни мана шу бугунги мақолаларни биргина савол билан чилпарчин қилиб ташлай оладиган базага эга бўлган шахслар деб биламан. Биз-ку, рўпарамизда интернет, исталган пайтда ҳар қандай маълумотга қандайдир секундларда эга бўламиз. Улар эса ҳозирги ўлчовда умуман иложсиз бўлган шароитларда бугунги нашрлардан кам бўлмаган газеталарни тайёрлашган, ўзбек спорт журналистикасига асос солишган. (Кимдир айтиб берганди, Алишер ака Англия чемпионати шарҳини телевизордан кўриб ўтириб, турнир жадвали кадрга чиққанда тезлик билан кўчириб олишга ҳаракат қиларкан ва газетанинг хорижий бўлимига маълумот тайёрлар экан. Биз баъзида жадвалларни шундоқ кўчиришга эриниб, “копи паст” қидириб қоламиз)
Шу билан бирга уларнинг оддий бўлиб қолганликлари ва ёшлардан маслаҳатларини ҳеч қачон аямасликлари таҳсинга созовор. Алишер ака билан нет тармоқлари орқали деярли барча журналистлар алоқага чиқиб туришади, ҳар доим у инсон маълумот ва маслаҳат борасида вақтларини аямайдилар, билганлар айтсин. Нимани ҳам исботлардим, ахир Никимбаевнинг шу сайтдаги конференциясига киринг, барчасини тушунасиз. Ҳар доим ва ҳамма нарсани биладиган тирик википедия.
Адашмасам, Францияда ўтган жаҳон чемпионати олдидан “Ўзбекистон футболи” газетасида ҳар хафта навбати билан иштирокчи жамоалар ажиб бир усулда таништирилар эди. Илк мақолаёқ эътиборимга тушган, “Хайрулла Ҳамидов” деб ёзиб қўйилган муаллиф имзосини ҳам дарров эслаб қолганман. Футболда футбол ҳақида, лекин бошқа сўзлар билан ёзиш мумкинлигини, адабиёт ва журналистиканинг нақадар уйғун ва бир бирисиз яшай олмаслигини мана шу инсоннинг мақолалари туфайли англаб етганман. Мақола ёзишга бўлган қизиқиш айнан ўшанда уйғонган, бу аниқ. Кейинчалик у билан бирга ишлаш насиб этди, баъзилар услуб жиҳатидан ўхшаш эканимизни айтганида бошим осмонга етарди. Бунинг ўзи эмас, Хайрулла аканинг асосий “фишкаси” шунда эдики, у мақола ёзаётганда мухлис билан гаплашарди. Ўзи ёзаётган мақолани ўқирди! Шахмат ўйнаётгандек, гоҳ журналист, гоҳ мухлис бўлиб, ҳақиқат томон интиларди. Балки шунинг учун ҳам, унинг баъзида “ҳеч нарса” ҳақидаги мақолалари ҳам ҳақиқий шедеврга айланарди, чунки жумлаларда руҳият ва жонлилик жуда устун эди. Мақолада айтмоқчи бўлинган мавзу балки у қадар жиддий бўлмас, лекин мақолани ташкил қилган жумлалар шу қадар кучли эдики, тўхтамасдан “цитаталар” кўчиришга эхтиёж сезардингиз беихтиёр. Қаерда бўлсалар ҳам, оила аъзолари бахтига соғ омон бўлишини тилайман.
Хайрулла аканинг менинг фаолиятимдаги ўрни фақат юқоридаги абзац билан ўлчанмайди. Биз бирга ишлаганмиз, у муҳаррир, мен газета журналисти эдим. Айнан у ва Шуҳрат Шокиржонов муҳаррирлиги остида ишлаганим, менимча, энг катта ютуғим бўлса керак. “Чемпиончилар”, “стадиончи”лар” деган иборалар кўп ишлатилади, бу икки инсонни боғлаб турадиган энг муҳим жиҳат шундаки, Хайрулла ака ҳам, Шуҳрат ака ҳам чиқаётган ҳар бир сонга ўз фарзандидек муносабатда бўлардилар. Газетани фақат тўлдириш ёки кўпроқ сотиш бўлмасди ният, асосийси мана шу газетанинг мухлисларга қай шаклда етиб бориши борасида жуда кўп қайғурардилар, ҳар бир детал устида эринмасдан ишлардилар. Албатта бу муносабат бошқа журналистларга ҳам юқарди. Ўзимга бўлган талабчанликнинг ошишида, журналист сифатида шаклланиб боришимда мана шу омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлгани аниқ.
Аваз Бердиқуловни, гарчи “Чемпион”га деярли мақола ёзмаган бўлса ҳам, мен “чемпион”чи деб биламан. Ҳали бу газета пайдо бўлмасдан аввал, нашрлар “биз ютдик”, “улар ютқазди” қабилидаги мақолаларга тўлиб кетган пайтда ҳам, у “чемпионча” ёзарди. Унинг мақолаларидаги енгиллик ва ўйноқилик, шу билан бирга ўта жиддий асос барчани жалб қилиши шубҳасиз эди. Ўзига ҳам айтгандим, Аваз “Интерфутбол”нинг охирги сахифасига ёзиб юрган пайтларида, мақоласини ўқирдим, кўпинча, ёзганларининг етмиш фоизига қўшилмасдим. “Ғирт нотўғри ёзибди-ку,” “Шунақаям бўладими?” деб аччиғим келарди кўпинча, боплаб уришгим, унақамас бунақа, деб тортишгим келарди. Лекин биласизми, барибир, айнан уни ўқиш учун кейинги сонни ҳам сотиб олардим. Журналистнинг вазифаси фақат маълумот етказиш ёки қайсидир ҳамма биладиган ва қўшиладиган очиқ фикрни қоралаб, ўқувчига етказиб, “ичимдагини ёзибди” деган олқишни олиш эмас, уларни мулоҳазага ундаш, футбол ҳақидаги фикрларни ривожлантиришга провакация қилишдан иборат бўлиши кераклигини тушунганман. Айнан мана шундай мақолаларни деб ўқувчи бир қолипда қотиб қолмайди, ақлини чархлайди ва янги фикрлар, йўналишлар, журналистлар пайдо бўлади.
Авазнинг яна бир устунлиги шундаки, у ёзган мақолаларни ўқиб, мақола ёзиш жуда осон экан-у деб юборасиз. Бундай мақолани бир соатда бемалол ёзиб ташлаш мумкинлигига ишонасиз, муаллиф ҳам ўшанча вақт сарфлаганига аминсиз. Сабаби, у фактларни шундай терадики, худдики, мақола ёзишга ўтиришдан олдин, ҳаммасини билгандек, билган нарсаларини қоғозга туширгандек. Лекин ундай эмас. У билан бирга ишлаган танишим айтиб берганди: ўқишга ўн беш дақиқа етадиган кичик мақолани ёзиш учун шу мавзудаги юзлаб саҳифадаги турли маълумотларни ўқиб чиққан пайтлари бўлар экан. Бу хусусият бошқаларни ҳам изланишга чорлайди, зеро Аваз Бердиқуловга берилгандақа талант ҳеч кимда йўқ.
Мен бу соҳада ўқимаганман, баъзи ҳамкасбларимга насиб этган олтинга тенг маърузалардан қуруқ қолганман. Афсусланаман. Лекин бу соҳада устозларим кўп. Катта, кичик, ёш, ўзимга ёққан ҳар бир жиҳатдан ўрнак олишга ҳаракат қилганман. Бобур Акмаловдаги эмоция, Олимхўжа Бўроновдаги профессионаллик, Муҳрим Аъзамхўжаевдаги ғайрат ва тақлид қилиб бўлмас “ирония”, Хушнуддаги кўтаринкилик, Ҳасанали отадаги фидойилик...
Ўша биринчи абзацда эсланган эртакда малика унга жон ато этган йигитга насиб қилади. Инсон етук иқтидорга, жуда кўп қобилиятларга эга бўлиши мумкин, лекин агар нотўғри эътиқодда бўлса, ҳаммаси бекор.
Ёш бола эдим. Дадам билан стадионга, футбол кўргани жуда кўп борардим. Ҳеч қачон машинага минмасдик, пиёда борардик. Қайтишда ҳам. Менга ҳам шу кўпроқ маъқул келарди. Чунки йўл давомида фақат футбол ҳақида гаплашардик, аниқроғи дадам менга футбол ҳақида гапириб берардилар. Футболнинг ҳеч қайси спорт билан қиёслаб бўлмайдиган, ўзига хос жозибали муҳитига, сеҳрли оламига эндигина кириб келаётган мендек болакай учун бу суҳбатлар жуда қизиқ эди. Аммо футболни тушунмайдиган ёш бола билан бундай суҳбатлар дадам учун нега кераклигини тушунмасдим ўшанда.
Дадам билан суҳбатларимиз ҳеч қачон ўйиннинг таҳлили ёки ким қанча гол урганлиги ҳақида бўлмасди. Асосан бошқа нарсаларни эшитардим. Красницкий ёки Гарринчанинг аянчли тақдири, Игорь Неттонинг қаҳрамонлиги, Кавазашивилининг қандай қилиб “Торпедо”га бориб қолганлиги, Фёдоровнинг “Динамо” (Киев) неча марта чақирганлиги, Загуменнихнинг ажал остонасидан футбол майдонига қайтиши ва хоказолар ҳақида бўларди. Футболнинг ҳам ўз ҳолича кичик бир ҳаёт эканлигига ишониб қолардим баъзан.
Россия каналидан бир кўрсатув кўргандим. Шоу қатнашчиларидан бири “Инсон аввало муқаддас нарсаларга асло ҳиёнат қилмаслиги лозим”, деб қолди. У бошловчининг “Муқаддас нарсалар нима ўзи?” деган саволига эса ҳам чиройли жавоб берди, ҳам вазиятдан чиқиб кетди – “ Ҳар ким буни ўзи учун ўзи белгилайди!” Тўғри гап. Ҳар ким бирор жиҳатга нисбат берар экан, унинг муқаддаслигини ёки арзимаслигини ўзи белгилайди. Айнан ўша танловига қараб инсон чинакамига бахтга ва муваффақиятга эга бўлиши мумкин. Айнан ўша танловга қараб биз ўша инсоннинг савиясига баҳо беришимиз мумкин.
Футбол ҳам бир кичик ҳаёт, унинг ҳам ўз муқаддас тушунчалари мавжуд. Футболда муваффақият калити ҳам шунда, ўша муқаддас тушунчаларга хиёнат қилмаслик. Ёшлигимда тинглаган ҳикояларимдаги мағизни кейин англадим, дадам менга футболдаги муқаддас тушунчаларни сингдирмоқчи бўлган эканлар. Бир кун келиб буларни газетага ёзишимни ҳаёлларига ҳам келтирмаганлар аслида. Сабаби бошқа. Ўшанда мен футбол мактабига қатнардим. Футболчи бўлишни орзу қилардим. Спорт мактабида ўрганаётган финтлар-у тактикалар билан биргаликда, мана шу тушунчалар билан кириб боришимни истаганлар, ўшандагина мукаммал футболчи бўла олишимни сезганлар балки.
Футбол ҳам ўз фуқароларига, бахтли ва бахстизларига эга бўлган бир кичик хаёт бўлса-да, бу ерда ҳам ўша ҳалоллик, ўша садоқат, ўша ижобий хислатлар тараннум этилади. Инсон хаётда ҳар қандай йўлни танламасин, барибир ўша оламда ўз устозини топади. Нафақат бир журналист, ҳар қандай соҳа, ҳатто катта муваффақият қозонган ўғри ҳам, ўзи ҳақида шудай мақола ёзиши ва устозларини санаб ўтиши мумкин. Ҳар қадамда устозлар. Бу ерда энг асосийси мана шу йўлни тўғри танлай билишдир. Мен дадамдан мени шундай йўлга солиб қўйганликлари учун миннатдорман. Отанинг бундан каттароқ, улуғроқ хизмати бўлмаса керак, фарзанд учун. Менимча.
Етади. Бошқа ёза олмайман. Лекин бир нарсани тўғри тушунишларингни истардим. Мен фақат яхши хислатлар ҳақида ёздим, бу дегани, мен шунақаман, мана шу хислатни мана шу одамдан олганман, деб мақтаниш ниятим йўғиди. Инсон фақат ўзи учун яхши бўлиши мумкин эмас, у атрофидагилар уни қабул қилаётган даражада яхши ёки ёмондир. Менинг айтмоқчи бўлган мақсадим бошқа эди, устозларим менга фақат мана шу яхши хислатларни беришган. Ололмаган, эплай олмаган бўлсам ўзимнинг айбим. Ёмон хислатларим ҳам фақат ўзимники. Яхшиликни чинданам яхши деб қабул қилдириб қўйгани учун Аллоҳга шукр.
Барча устозларни табриклайман.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 08:57:35 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:57:33 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:55:00 01 WRBEIRQX 2024-08-06 08:54:58 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:36:26 01 WRBEIRQX 2024-07-23 15:36:22 01 UMARISONIY 2012-10-02 15:51:17 00 KATALONIYA 2012-10-01 19:27:30 -20 KATALONIYA 2012-10-01 19:27:19 -40 HURSHID 2012-10-01 17:25:58 -10