-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Деградация
Баҳо: +1Киритилган сана: 2012-10-19 21:20
“Пахтакор” Қаршида жуда муҳим ғалабага эришди ва ўзбекча ўлчовда яхшигина фарқ билан олдинга чиқиб олди. Тақвимга қараб туриб, “шерлар”нинг беш йиллик танаффусдан сўнг яна шоҳсупага яқин турганлари билан табрикласак бўлади. Албатта, интрига яна давом этишини истайман, лекин мақола мавзуси бошқа.
Мени ҳайрон қолдиргани футбол оммаси, турли ижтимоий тармоқлар ва сайтларда бугунги “Насаф” – “Пахтакор” ўйинига бўлган муносабат бўлди. Умуман бундай фикрлар йўналиши анча эрта, “Бунёдкор” ўйинида пасайиш рўй бериб, қаторасига очколарни йўқота бошлаганда пайдо бўлганди. Нимаймиш, “Пахтакор”нинг чемпион бўлиши тепада ҳал қилинганмиш-у, кейинги воқеалар ривожи мана шу қарорни расмийлаштирармиш, “Бунёдкор”нинг пасайиши, Қаршидаги ўйинга “тошкентлик” Эрматовнинг тайинланиши, ҳатто “Насаф”нинг ўз дарвозасига гол уриши ҳам мана шу фаразни тасдиқлашга хизмат қилаётгандек. Лекин бир ўйлаб кўрайлик, нега футбол кўряпмиз ўзи? Хайф эмасми, бизга футбол? Умуман бизга нима керак? Агар қайсидир жамоа катта фарқ билан чемпионликка эришса, ёқмайди! Керакмас бунақа қизиқмас турнир! Агар қайсидир жамоа унга етиб олса, буям ёқмайди! Бу ерда бир гап бор-ов! Бизга ўзи қанақаси керак? Муаммо ўзимизда ҳам бормикин...
Агар сўнгги беш йилликнинг статистикасига эътибор берсак, “Бунёдкор”нинг кўрсаткичлари кескин тарзда пасайиб кетганини кўрамиз. Аслида “Насаф” ва “Пахтакор” кучайиб кетишгани йўқ, улар ҳар йилги очколарини олишяпти, уларда чемпионликка имконият пайдо бўлиб қолганининг сабаби – “Бунёдкор”нинг, айниқса, иккинчи даврада кўп очко йўқотгани. Оддий кўз билан бунинг асосий сабабини ҳам кўриш мумкин – биринчидан, Миржалол Қосимов терма жамоага мураббий этиб тайинланди. МТЖ деярли ҳар ой муҳим ўйинларда майдонга тушмоқда, Қосимов учун айни дамда ЎЗПФЛ чемпионлигидан ҳам муҳимроқ ишлар тургани ва у кўпроқ ўша вазифага кўпроқ аҳамият бераётгани ҳам шубҳасиз. Иккинчидан, жамоа ОЧЛ да ҳам қатнашмоқда, қаторасига чемпион бўлаётган “Бунёдкор” учун ушбу мавсумда ОЧЛ финалига чиқиш муҳимроқ, буям тўғри. Учинчидан эса, жамоа таркибига эътибор қаратинг. Айтайлик, “Насаф” ва “Пахтакор” таркибидаги йўқотишлар “Бунёдкор”чалик эмас. Тўғри, у жамоаларда мураббийлар алмашди, аммо “Бунёдкор” мураббийи билан нима бўлаётганини ҳам айтдим юқорида.
Хуллас, “Бунёдкор”нинг лигада очколар йўқота бошлаши ҳар қандай футбол мезонларида табиий ва нормал ходиса экани исботлашга ҳам ҳожат йўқ эди, аслида. Қизиқ, мабодо ушбу шароитда ҳам “Бунёдкор” катта фарқ билан олдиндан юрганида, барибир гап топиларди – “Бунёдкор” шунча йўқотишлар билан ҳам ютқазмаяпти, демак футбол йўқ, дердик. Эсингиздами, бир пайтлар “Пахтакор”нинг ҳатто мураббийсиз ҳам чемпион бўлиши... Демак ПФЛ ҳақидаги фикримиз ўзгармасдир, ҳар қандай воқеа ўша салбий фикримизни асослашга хизмат қилиб кетаверади. Савол туғилади, ундай бўлса, нега футбол кўряпсиз? Кўрманг!!!
Қизиқ гап бўлди-а, ростанам? Албатта, кўрмаяпсиз-да. Қаердан ҳам кўрардик? Мисол учун “Спорт ТВ” да эртага тўртта жонли эфир бор экан, ўшаларни кўринг. Англия, Италия ва Испаниядан... Қойил...
Ўз ўзидан ечим сари бораверамиз. ПФЛ – бўри мақомида, есаям, емасаям оғзи қон. Келишсаям, келишмасаям, ўйинлар келишилган. Чемпион катта фарқ билан олдинлаб кетсаям ёки охирида кучли ўйнаб, совринни илиб кетсаям – барчаси келишилган. Йўқ, мен бу истеҳзо билан келишилган ўйинлар йўқ, демоқчи эмасман. Ким билади, балки бордир, балки йўқдир. Билмайман. Гап бошқа ёқда, менда келишилган ўйинлар борлигига ҳам, ҳаққоний ўйинлар борлигига ҳам асосларим етарли эмас. Нафақат менда, кўпчиликда. Сабаб, олий лигамиз деярли транслация қилинмайди. Зулхижжа ойининг нафл рўзасини тутишга ният қилган дўстларимиз учун бугун соат 02.45 да эфирга узатиладиган “Нефтчи” – “Локомотив” ўйини (кўзни юмиб туринг, ҳисоб 1:1) транслациясини транслация деб кетган тақдиримда ҳам етарли эмас. Ҳар сафар транслациялар ҳақида гап борганда, ПФЛ ҳам, Спорт ТВ ҳам ўз изоҳларини, муаммоларини келтиришади, хўп бу сафар ҳеч кимни айбламайман. Ўзларинг келишволинглар – муаммо бор – ЎЗПФЛ ўйинлари транслациялари Спорт ТВ кўнгилдагидек эмас. Бу ёмон. Тамом, бунга ким айбдор, билмадим.
Хуллас, ПФЛ га нисбатан оммавий ишончсизлик кайфияти мухлислар ичида авж олгани чин гап. Аслида ПФЛ ўйинларини тарғиботи билан, мухлислар ичида оммавийлигини ошириш билан шуғулланиши керак бўлган журналистларимизда ҳам бу ишонч кам. Ишонч уйғотишдан эса ПФЛ манфаатдор, чунки қачонки бизда футбол бўлади, унинг мухлислари бўлади: ПФЛ ҳам, ЎФФ ҳам яшайди. Акс ҳолда битта терма жамоалар маркази билан ҳам яшасак бўлаверади, эртага “Тоттенҳэм” “Челси”ни қабул қилади. Ишонч қачон уйғонади?
Қачонки, ўша бўлаётган ўйинларни ўз кўзимиз билан кўрсак. Қанақа “заговор” бор, қайси жамоа атайлаб пасайиб кетди, кимнинг қулоғидан тортиб чемпион қилишмоқчи, бунақа гап сўзларга чек қўйиш учун футбол ўйинларини томоша қилиб туришимиз керак. Россияда келишилган ўйинлар ҳақида жуда кўп кескин фикрлар янграйди, аслида эса бу кўрсаткич ҳозир жуда камайиб кетди. Чунки НТВ Плюс орқали Лиганинг барча ўйинлари олиб кўрсатилади, шунингдек, ҳар бир турга бағишланган камида 5-6 та таҳлилий кўрсатувлар бор. Мана шундай ўйинлар учун транслация ва таҳлил ўзига хос тест вазифасини ўтайди, хўш, нега ПФЛ мана шу йўналиш учун курашмайди?
Таёқнинг иккинчи учи эса Спорт ТВ да, тўғри. Миллий футболимиз транслациялари ПФЛ учун ҳам, Спорт ТВ учун ҳам нафас олиш йўли эмасми? Ҳа, молиявий муаммолар бор, амаллаш қийиндир, лекин бошқа тарафдан, агар қачондир чет эл транслациялар учун ҳуқуқлар кескинлашса, ҳар бири учун каттагина маблағлар тўланиши керак бўлиб қолса, яъни муаммо ташқаридан келиб қолса нима қиламиз? Етарлича транслация сотиб олиш учун пул етмайди, ички футболимиз учун КТС ва бошқа муаммолар ечилмаган, фаолиятни бу ерга буриш учун база етарли эмас. Нима бўлади, ёпилиб кетадими канал ё сериаллашадими?
Майли, бу соҳани ичидагилар яхши билади, бир амаллашар, лекин шуниси аниқки, ўйинлар транслация қилинмас экан, олий лигамизга бўлган салбий фикрлардан қутула олмай қоламиз. Лигамиз уйи ёниб кетсаям, биров ёрдамга ошиқмайдиган алдоқчи чолга ўхшаб қолади. Қолди. Тасаввур қилинг, уч тур қолганда тарихида илк марта чемпионлик учун фаворитга айлантириши мумкин бўлган ўйинда Қарши стадионининг учдан бири тўлмаса? Ишончсизликданми бу? Яратаётган футболимизга харидорларнинг камайиб кетаётгани кимни ташвишга соляпти?
Бизда ҳозир иккита параллел тўғри чизиқлар хосил бўляпти. Биринчи тўғри чизиқ “келишилган ўйинлар” тушунчаси билан бошланмоқда. Бу ўйинларнинг асоси ёлғон устига қурилади, демак бунда ўйин иштирокчиларининг топган пуллари харом ҳисобланади, ушбу луқмани еб катта бўлган фарзандлар нобоп, одобсиз бўлиб вояга етадилар, жамиятимизга путур етади. Футбол тарафдан эса, миллий чемпионатимиз МТЖ нинг асоси ҳисобланади, номзодлар аввало, мана шу турнирда вояга етадилар. Ўз ўзидан рақобатбардош футболчиларнинг етишиб чиқиши камайиб кетади, бевосита Лига клубларида ўйнайдиган футболчиларда эса курашувчанлик, спортчилик хисси камайиб боради – натижада МТЖ да иродасиз ва кучсиз футболчилар жамланиб қолади. Яъни биринчи чизиғимизнинг охирги нуқтаси МТЖ нинг кучсизланиши билан тугар экан.
Хўп, ҳаммаси ҳалол, спортча характерда ўтаётганини тасаввур қилсак ҳам, буни исботловчи, мана шу ҳалол чемпионатимизни омаввийлаштирувчи омил - транслацияларнинг йўқлиги – иккинчи чизиқни бошлаб бермоқда. Ўйлаб кўринг, олий лигада 14 жамоа қатнашмоқда, ўртача ҳар бир ўйинга 10000 дан киряпти, деб тасаввур қилсак, 7х10000=70 000 мухлис стадионда туриб тур ўйинларини кузатмоқдалар. Ўттиз миллионга яқин аҳолидан 102 000, яъни яримнинг ярим фоизигина миллий чемпионатимизни мунтазам (шунда ҳам, ўз жамоасининг уйдаги ўйинларини) кўрмоқда экан. Телевизорда олиб берилаётганда мезбон жамоа мухлиси стадионда кўради, меҳмон жамоаникини ҳам бояги фоизлар ичига қўшвордим. Яъни барибир ўша ярим ярим фоиз. Шармандаликми? Тошкентда “Реал”га мухлислик қиладиганлардан ҳам кам-ку бу? Турнир учинчи шахсларни ўзига жалб қилиши учун ўша турнирнинг шакли керак, ҳеч бўлмаса телевизорда. Акс ҳолда нимага мухлислик қиламиз? Фақат газетада таъқиб қилиш бўлса, масалан, Бельгия чемпионати ҳам қизиқроқ, бўлиши мумкин-ку? Иккинчи чизиғимизнинг сўнгги нуқтаси юртимизда миллий чемпионатимизнинг деградация бўлишига олиб келади. Айтайлик, асосий футбол мухлислари фақат турли ёшдаги терма жамоаларимизга боғланиб қолади. Ўша терма жамоаларимиз футболимизнинг нафақат ташқи юзи, балки ички юзига ҳам айланиб қолади, бу эса жуда хавфлидир. Нега? Биласизми бу нима дегани?
Мисол учун мамлакат ўзининг қизиқарли ички чемпионатига эга бўлса, мухлисларнинг асосий қисми мана шу лигани мунтазам кузатиб борса, терма жамоалар натижаларининг оммага таъсирида кескинлик етарлича оз бўлади. Ҳа, терма жамоа ютқазди, кейинги сафар ютади, дейди-да, диққатини навбатдаги тур ўйинларига қаратиб кетаверади. Футбол хаоси содир бўлмайди, тўғрими? Лекин мухлисларнинг аксарият қисми, асосан терма жамоалар билангина чегараланиб қолсачи? Бу жамоалар кам, ўйинлар чекланган, ҳар бир омадсизлик жуда оғриқли қабул қилинади, муваффақиятлардан сўнг эса керакмас эйфориялар бошланиб кетади. Айтайлик, биргина аниқ ёки ноаниқ зарба мамлакатда қилинаётган катта ишларга соя солиши ёки аксинча, мудхиш хатоларнинг суваб юбориши мумкин. Оммавий фикр ўша натижаларга қул бўлиб қолади, бу эса ўша ҳаракатларни амалга ошириши керак бўлган мутасадди ва мутахассиларни чалғитишга олиб келади. Аста секинлик билан футбол ўлиб бораверади, худо кўрсатмасин...
Ўсмирларимизнинг чемпионлиги ёки Қатардаги ғалабамиз туфайли, қилинаётган ҳар бир яхши ишлар кўзингизга янада яхши кўриниб, равон йўлда кетаётгандек тасаввур пайдо қилмадими? Эртага ёки кеча терма жамоамизнинг биргина шармандали мағлубияти бу тасаввурларингизнинг ҳаммаси сароблигини-ю, аслида ҳаммаси ёмонлигини таъкидловчи пессимистик фаразлар оғушига олиб кирмайдими сизни мабодо? Ростини айтинг...
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 09:07:27 01 WRBEIRQX 2024-08-06 09:07:26 01 WRBEIRQX 2024-08-06 09:05:07 01 WRBEIRQX 2024-08-06 09:05:06 01 WRBEIRQX 2024-07-23 16:25:26 01 WRBEIRQX 2024-07-23 16:25:21 01 HALAMADRID 2012-10-20 22:53:28 00 NASAFIYA 2012-10-20 10:34:15 00 NASAFIYA 2012-10-20 10:29:02 00 NASAFIYA 2012-10-20 10:28:25 00