-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Бизга мундиаллар нима учун керак?
Баҳо: 0Киритилган сана: 2013-02-21 14:58
Ўзбек футбол жамоатчилигининг бугунги ҳолати менга, қайсидир маънода, денгиз саёхатчиларини ёдга солиб юборяпти. Ер кўринди, энди, асосий мавзу ҳам, муаммоларнинг ечими ҳам мана шу факт атрофида айланаверади. Пайдо бўлган ҳар қандай муаммо, ўртага чиққан ҳар қандай мавзу терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишга имкониятга эга бўлиб тургани-ю, асосийси Ливанни ютиб олишимиз кераклиги билан боғланаверади. Ҳақиқий ўзбекча ёндошув – “тўй ўтиб олсин, ҳал қиламиз буни”.
Тўғри, балки сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим учрашувлар бўсағасида турибмиз. Лекин биласизми, асосийси, мана шу учрашувларнинг муҳимлик даражасини тан олишдагина эмас, ўша муҳимликка бўлган муносабатда. Мисол учун уйланмоқчи бўлган бир йигит ўзига қиз танлар экан, тўйдан олдинги учрашувларни хаёти учун энг муҳим жараён сифатида қабул қилади, тўғрими? Аммо биз билмаймизки, бу муҳимлик қандай ўлчовлар ва муносабатлар асосида пайдо бўлди? “Мен учун асосийси, қизнинг қомати, у билан бир умр яшайман, демак танлов мен учун жуда аҳамиятли” деб мақсад қилган йигит ҳам учрашувга муҳим муносабатда бўлаётганининг ўзиёқ ижобий баҳога асос бўла оладими?
Мундиал – айниқса ривожланишга ҳаракат қилаётган мамлакатлар учун жуда катта туртки, буни инкор этмайман. Миллий футбол савиясини белгиловчи бир қанча омиллар ислоҳталаб бўлса-да, мундиал йўлланмаси футболимиз учун дадил қадам бўлишини ҳам тан оламан. Гап умуман бошқа ёқда: мундиал биз учун нима? Йўлнинг бошими ёки охирими? Умуман манзилимиз қаерда?
Илгари ҳам ёзганман, натижадан мухлислар хурсанд бўлаверишсин, мутахассис ва мутасаддиларнинг вазифаси эса ўша натижани пайдо қилган жараённи ўрганиш, таҳлил қилиш ва яхшилашга ҳаракат қилишдир. Чунки натижа кимнидир хатоси, кимнидир омади билан ҳам келиши мумкин, жараён эса меҳнатларимизнинг том ифодасидир. Демак энг муҳим савол шундаки, биз бугунги натижага қайси жараёнлар эвазига етиб келдик? Ғалабалар ниманинг ҳисобига келди?. Шу билан биргаликда, бу мавзу жуда баҳсли, кимдир асосий сабаб деб мураббийни, кимдир футболчини, кимдир ЎФФ ни, бошқаси омадни, хуллас барча фикр яшашга ҳақли - бу менимча, энг муҳим савол, чунки, нафақат ушбу мундиал балки кейинги йўлимизда ҳам тажриба сифатида асқотиши мумкин.
Шахсан мен, терма жамоамизнинг бугунги муваффақиятли ҳолатида мавжуд бир нечта футболчиларнинг юқори савияси ва белгиланган мақсадга мос эканида деб биламан. Абрамов ва Қосимовнинг хизматлари етарлича, лекин айнан бугунги терма жамоамизнинг пойдевори мураббийларда эмас, футболчилар гуруҳида эканини исботлаш осон. Абрамов даври терма жамоамизда янги сахифа очди, қўшиламан, аммо агар бошқа бир футболчилар гуруҳи бўлганда, бу ўхшамаслиги ҳам мумкин эди. Олимпия терма жамоамиз бунга мисол. Хуллас, Абрамовга ёрдамчи, Қосимовга қувват бўлаётган бу авлод, ўзига хос “шайка” бизга қаердан келди?
Аср бошидаги “Пахтакор”
ЖЧ-2002 саралашидаги муваффақиятсизликдан кейинги ислоҳотлар терма жамоанинг базавий клубини яратиш ғояси билан бошланганди. “Пахтакор”нинг гегемонлик даври ҳақида турли салбий фикрлар мавжуд, асосийси, бу лойиҳа миллий чемпионатимиз оммавийлигини бутунлай йўққа чиқарди. Бу энг устун фикрлардан бири, аммо ҳар бир танганинг нариги томони ҳам борлигини унутмаслик лозим. Ҳа, “Пахтакор”нинг Осиёдаги муваффақиятлари давомли бўлмади, ҳа, футболчилардаги курашувчанлик хиссига путур етди. Аммо кейин тилга олинадиган воқеалар туфайлими, тасодифдан улушми, режами, ишқилиб, бугунги терма жамоамиз асосини айнан ўша лойиҳа ташкил қилмоқда. Бу факт.
Эсласангиз, ўша 2002 йилгача ҳам миллий чемпионатимиз савияси тушиб бораётганди. Миллий чемпионатимизнинг энг етакчи футболчилари ҳам терма жамоа савиясига жавоб бера олмас, асосан легионерлар ҳисобига кун кўрардик. Энг асосий муаммо – футболчиларнинг ўсиб бориши учун шароитнинг етарли эмаслиги эди, (бу ерда шароит - маҳаллий мураббийларнинг савияси). 2002 йилда шунчаки иқтидорли ёшлар бирлашиб қўя қолмади, бу ерда “фишка” – уларга Тажмурод Агамуродовнинг мураббий этиб тайинланишида эди. Туркманистонлик мутахассис замонавий футбол, тактик қарашлар борасида, ўша пайтда маҳалий мураббийлардан бир бош устун эди. “Пахтакор”га бошқача футболни ўргата бошлади, бу тез ўз мевасини берди. Ўша даврнинг энг асосий ютуғи – майли бир жамоа атрофида бўлса-да, футболчилар ўсиб бораётгандилар. Кападзе, Николаев, Нестеров, Бикмаев, Жепаров, Гейнрих каби ёшлар яхшироқ мураббий ва яхшироқ шароитга эга бўлдилар ва футболчи сифатида ўсиб бордилар. Ўша “Пахтакор”сиз менимча, бунинг иложи йўқ эди, эътиборини жанубий Америкага қаратган русларнинг талаби тушиб бораётганди. .
“Бунёдкор” даври
Базавийлик ғояси деградацияга яқин турган бир пайтда, “Бунёдкор” лойиҳаси пайдо бўлди. Бу ҳақида ҳам салбий фикрлар етарлича, бу клуб ҳам миллий чемпионатимиздаги рақобатга путур етказганлиги ҳақида фикрлар бор. Бу лойиҳада ҳам танганинг нариги томони бор. Орқага қараб кетаётган футболда янги мотивация пайдо бўлди. Сочилиб бораётган собиқ пахтакорчилар “Бунёдкор”да қўним топа бошладилар. Энг асосийси, футбол Ўзбекистонда “мода”га айлана бошлади. Асосий туртки эса, юқорида тилга олган футболчиларнинг ярми Ривалдо билан бирга, қолган ярми эса Ривалдога қарши майдонда ҳаракат қилдилар. Бу албатта шартли равишда, зеро Сколаридек мураббий қўл остида шуғулланиш футболчи савиясини оширишига шубҳа йўқ. Эътибор беринг, натижа ҳақида жим қоляпман, “Бунёдкор” ОЧЛ да ҳатто бугунги натижасини ҳам ўшанда кўрсата олмаган бўлса-да, ўша пайтдаги жараённинг ўзи футболчиларга кўп нарса берганлиги шубҳасиз. Жепаров, Карпенко, Ҳасанов ва бошқаларнинг тактик тарафдан анча ўсганликларини пайқаш қийин эмас, Аҳмедовнинг бугунги даражага етишида ҳам ўша Тошкент қарамақаршилигининг аҳамияти катта ва муҳим деб ўйлайман.
Хўш..?
Бу икки давр футболимизга нима берди? “Футболимиз” – у бироз муболаға, терма жамоамизга нима берди? Терма жамоамизнинг бугунги таркиби, асоси, уни йўналтираётган жисмоний ва ақлий куч ҳам, ҳатто мураббий ҳам, мана шу икки даврни ўз танасида бошидан кечирди. Ишонаверинг, ЖЧ учун курашаётган ўнта жамоа ичида энг тажрибалиси, энг узоқ вақтдан бери халқаро майдонда бирга тўп сураётгани айнан Ўзбекистондир. Жепаров, Нестеров, Аҳмедов, Ҳайдаров, Кападзе ваа бошқалар – тан олинг, бу бир “шайка” даражасига етиб улгурдики, уларни бошқариш ҳам, йўналтириш ҳам етарлича қулайлик туғдиради.
Хулоса
Мен ўзимча, терма жамоамизнинг баъзи ғалабаларига асослар қидиришга ҳаракат қилдим. Мақсад – бу асосларнинг шакли, унинг давомий ва давомий эмаслигига баҳо бериб кўриш. Асосий нуқта шунда – терма жамоамизга куч тақдим этаётган бу пойдевор мустақил, тасодифий воқеалар ривожи натижасида шаклландими ёки режали тизим асосидами7 Минг афсуслар бўлсинким, мен биринчи вариантда тўхталишга мажбурман. Зеро қайсидир клубни базга айлантириш ва яна ҳар ўн йилда битта “Бунёдкор” лойиҳасини яратиш орқали янги авлод яратиш – бу тизим эмас, албатта. Яна битта хўш, энди нима бўлади?
Бир кун, яқинда, терма жамоамизнинг бугунги асосидан айриламиз. Илгари ҳам айрилганмиз, ҳатто Қосимов кетган, нималар деяпман? Лекин ўша савия ва ўша мақсадларда тўлдира оладиган ёшларга эгамизми? Мисрдаги жаҳон чемпионати қатнашчиларини олайлик, Мусаев ва Тўхтахўжаевдан ташқари, мунтазам терма жамоамизга тушиб туриши, нафақат ниманидир яратиш, балки “борини бузиб қўймаслигига” ишонишимиз мумкин бўлган ёшлар борми?
Мақсад
Мана шу ерда мақола бошидаги энг асосий мавзуга тақаламиз. Биз бугунги захира билан мундиал йўлланмасини қўлга киритишимиз ҳам, у ерда муносиб иштирок этишимиз ҳам мумкиндир балки. Муҳими, мутасадди ва мутахасисларимизнинг мундиалга бўлган муносабатлари – бу биз учун йўлнинг охирими – яъни Жепаровлар авлоди борини дунёга намойиш қилади, эртак тугайди ва яна йигирма йилга таътилга чиқамиз, ёки бу йўлнинг давоми – мундиал кейинги ривожланиш учун далдил қадам ва имконият, ёшларнинг шаклланиши ва футболнинг оммалаштириш учун зўр имконият. Қайси бири?
Бирданига бирини танлашга мажбур эмас, иккала йўналиш ўртасидаги чегара ҳам у қадар аниқ эмас. Лекин энг хавфлиси шунда – биз бутун умр орзу қилган, бутун халқ орзуларини муштарак қилиб, ўзбек футболига диққатини жамлаб турган ушбу орзуга эришилиши, энг ёмони, ўша ердаги унчалик орзуга ўхшамайдиган бир нечта ўйин ва мундиалдан кейинги мақсадсизлик бизни ўз домига тортиб, футболдан бездириб қўйсачи? (Моуриньо ўз олдига кучли ва чемпион жамоани тузишни эмас, “Барселона”ни енга олувчи жамоани тузишни мақсад қилди. У бирор совринга эга чиқиш фақат “Барселона”ни енгиш орқали бўлишини ва қисқа вақтда соврин ютиш учун айнан шу йўл тўғри эканинигина қабул қилди. Оқибат? Аслида, “Реал” ўз йўлида кучли жамоа яратавериши, бир кун “Барселона” ўзига ўзи ҳам мағлуб бўлиши мумкинлигини эътиборга олиш керак эди. “Реал” яна бир ўта кучли бўлган, лекин “Барселона” бўлмаган жамоаларга қарши доим муаммоларга дуч келавериши шундандир? “Бавария”, “Боррусия”, “МЮ”… “Реал” дунёдаги “Барселона”га қарши энг кучли ўйнай оладиган жамоа бўлгани билан, дунёдаги энг кучли иккинчи жамоа бўлиб қолмади).
Пауза учун узр сўрайман. Хуллас, кейинги ўн йилликда миллий чемпионатимиз давомли тарзда терма жамоанинг юксак мақсадига мос ижрочиларни етказиб бериб туради, деб ишона олмайман. Бугунги ПФЛ, ҳатто ОЧЛ ҳам, футболчилар савиясининг етарли нуқтагача ўсиб боришига мос эмасдек. Легионерларимиз сони эса йилдан йилга камайиб бораяпти. Бугунги “Пахтакор”, бугунги “Бунёдкор” амбициялари терма жамоанинг давомли ЖЧ га чиқиб юриши учун кифоя қилмай қолиши мумкин. Айнан мана шу ерда бугунги мундиаллар жонимизга оро қиради. Турли ёшдаги, айниқса, миллий терма жамоамизнинг мундиалда иштирок этиши футболчиларимизга тенгсиз тажрибани беради. Қачондир юқори мақсад учун, юқори савиядаги рақибга дуч келганимизда, майли легионерларимиз бўлмасин, майли, миллий чемпионатимиз пастроқ бўлсин, айнан ЖЧ даги ўйинларда ортитирлган тажриба бизга қўл келади. Япония билан Тошкентдаги ўйинни эсланг, ахир таркиби Европадаги тўп сураётган легионерлар билан тўла бўлган японлар билан тенг мақомда тўп сура олишимиз учун тўпланган тажриба ва “шайка” эканимиз шароит яратганди, тўғрими?
Хуллас, мана мухлисларнинг мундиал орзуси бажарилди, мақсадга етилди, деган муносабат бўлмаслиги керак – чунки, мухлиснинг орзуси фақат мундиал эмас, кучли жамоага эга бўлиш, бу кучнинг эса мундиал йўлланмаси орқли акс этишидир. Футболчилар келади, кетади, лекин мухлис ўша ўша. Ўша мухлислар 1999 йилда Шацкихнинг БАА даги ажойиб голи туфайли Осиё-2000 йўлланмасини қўлга киритганига қувонган ва айнан ўша мухлис, бир йил ўтиб, ўша турнирдаги шармандаликни ҳам бошдан кечирган. Демак, қандайдир мундиал қайсидир жамоанинг умрини тугатиши мумкин, лекин мухлис умри давом этади, буни ҳисобга олиниши даркор.
Бизнинг, бугунги шароитларда, давомли тарзда Осиёдаги даражамизни ушлаб туришнинг ҳозирча ягона йўли - турли ёшдаги мундиалларда қатнашиб бориш орқали тажриба тўплаш, назаримда.
Таклиф
Яъни, ўйиндан ўйинга кутиш билан ўтказмасдан, алоҳида ғалабаларни муваффақият ўлчови сифатида баҳолайвермасдан, ҳеч бўлмаса бир неча йиллик режаларни тузиб боришимиз керак. Ахир, ҳатто мабодо ЖЧ га чиқиб қолсак, у янаги йили бўлади, мана шу бир йиллик стратегик ва тайёргарлик режамизга эга эмасмиз-ку? Хуллас,
1) Терма жамоа менежментини ислоҳ қилиш керак. Терма жамоани бошқариш бу, ФИФА кунларида қандайдир рақиб топиш, либослар билан таъминлаш, йиғинларни уюштиришгина эмас, гарчи ушбу минимум вазифалар ҳам кўнгилдагидек кечмаётган бўлса-да. Терма жамоа ҳақиқий маънода ўз ривожланиш босқичига, камида уч тўрт талабдаги руйхат ва бу руйхатлардаги ҳар бир футболчи устидаги даврий ҳисоботларга эга бўлиши лозим. Бундан ташқари спаринг рақибларнинг савияси, йиғинларнинг сифати, терма жамоа имижи ҳам қўйилган мақсадларга мос келиши керак. Шахсий фикрим, бугунни терма жамоа бошқаруви, терма жамоа маркази уюштираётган йиғинлар мундиал йўлланмасини қўлга киритган, унга курашаётган жамоа савиясидан паст. Бўлажак рақиблар даражасига мос тарзда режали тайёргарликлар амалга ошира оламизми, ишонишў қийин.
2) Қосимовни фақат бир жамоада ишлаши таъминланиши керак. Мен Абрамовнинг ОТЖ да ишлашини ўз вақтида оқлаганман. Кейинчалик, бу ғоя Абрамовнинг ўзига зарар келтирган ва МТЖ дан кетишида ҳам муҳим рол ўйнаган бўлса-да, ўшанда қандайдир йўналиш бор эди. МТЖ га ёшларни кирибборишлари, авлодлар алмашинуви ва ҳоказо. Лекин бугун, клуб ва терма жамоанинг бир мураббий атрофида бирлаштирилишини тушуна олмайман. Ахир “Бунёдкор” ҳам март ойида муҳим ўйинлар ўтказади, ахир мураббий иши фикрий меҳнат, иккига бўлина олмайди. Бир неча ой кейинги ўйин режалари билан банд бўлиши керак мия. Хўш?
Мен бу вариантда “Бунёдкор”нинг позициясини ҳам тушунмайман. Ўтган йили барчаси тезликда бўлганди, ОЧЛ да кетаётган жамоага тегмаслик, қайсидир маънода оқланади. Аммо айнан мана шу фактор туфайли, “Бунёдкор” ўйинида пасайиш кузатилгани, чемпионликни “Пахтакор”га топшириб қўйгани маълумку? Наҳотки, “Бунёдкор” ҳам бир хатони икки марта қилади, наҳотки, жамоада юқори савиядаги менежмент йўқ? Наҳотки клубларимиз мураббий иши машғулот ва натижа, раҳбарият иши ойлик бериш ва пул топиш деб тушунилади? Стратегик ва истиқбол дастурлаш йўқми?
3) Терма жамоанинг стратегик ва кадрлар лойиҳаси мавжуд бўлиши керак. Юқорида айтганимдек, мабодо мундиалга чиқиб қолсак, “мана, ниҳоят орзумизга етдик” деб ёки “бутун дунё бизга қараяпти, шарманда бўлмайлик” деб, унинг бизга келтириши мумкин бўлган тажрибадан воз кечмаслик керак. Йўқ, мен ЖЧ га асосан ёшлар бориши керак демоқчи эмасман, аммо мана шу йўналишда ҳам иш олиб бориш, мундиал тажрибаси терма жамоамиз келажаги учун пойдевор вазифасини ўташга шароит яратишимиз керак. Ҳа, ҳозирдан мундиал ҳақида гапириш ноўрин, аммо агар мақсад шу бўлса, бугундан номзодлар сафини кенгайтириб боришимиз керакки, кейин кеч бўлади.
Умуман олганда, денгиз саёхатчиларининг кўринган ерда кучни тўплаб, манзил томон давом этишлари тарафдориман, у ерда байрам қилиб, Робинзон Крузога ўхшаб қолиб кетишни истамасдим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 09:27:09 01 WRBEIRQX 2024-08-06 09:27:08 01 SHARQ 2013-02-23 17:07:28 00