-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Голсизлик
Баҳо: 0Киритилган сана: 2013-03-23 18:51
Кечаги ўйин, янаям тўғрироғи, кечаги натижадан сўнг, терма жамоамизнинг бугунги ҳолатини инқирозга йўйувчи фикрлар кўпайиб кетди. Айтингчи, бундай муносабатнинг пайдо бўлишига асос борми? Араблар биринчи голни урган вақтгача бўлган ўйин картинаси Эрон ва Қатардаги ўйинлардан умуман фарқ қилмаётганди, тўғрими? Бугунги БАА бугунги Қатар ва бугунги Эрондан катта фарқ қилмайди. Фарқи, бу сафар қандайдир бир нечта дақиқа бўлдики, БАА вазиятни ўз томонига ағдариб олишга эришди. Қизиқ, ҳимояда йўл қўйилган мана шу бир нечта хатони деб, терма жамоада чуқур муаммолар пайдо бўлгани ҳақида бонг уришдан мантиқ борми? Ҳа, кечаги ўйиннинг яна бир қисми бор эдики, биз аввал кўрмагандик – яъни ҳисобда орқада қола бошлаганимиздан кейинги ярим соат. Агар эътироз ва ажабланишларингизга ўйиннинг айнан ўша қисми сабаб бўлаётган бўлса, менимча, бу янгилик эмас. Бизга гол керак бўлган пайтларда биз шу қадар қийналишимиз мумкинки, Ливан билан ўйиндан олдин хавотирга солаётган асосий жиҳат шудир ва биз бунга кечагина амин бўлмаслигимиз керак.
Қосимов мураббий бўлгандан кейин, терма жамоамиз олтинчи расмий ўйинда майдонга тушаётган бўлса, фақат бир ўйинда рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилишнинг уддасидан чиқдик. Ушбу мураббийнинг олдинги даврида ҳам шунақа муаммо кузатилган: расмий ўйинларни оладиган бўлсак, биттадан ортиқ гол урган ўйинларимиз фақат Малайзия билан ўйинларда ва бир киши кам бўлиб қолган Қатарга қарши содир бўлган холос. Абрамов даврида, ушбу саралашнинг олдинги босқичларида ҳам сермаҳсуллик билан мақтана олмаганмиз, фақат Тожикистон билан Тошкентда ва қирғизларга қарши ўйинлардагина биттадан ортиқ гол урганмиз.
(Осиё чемпионатидаги ўйинларни ҳозир аралаштирмай туришингизни, илтимос қиламан. Бутунлай бир бирига ўхшамайдиган тизимда ўтадиган икки турнирни солиштиришдан мантиқ йўқ. Қисқа вақт учун ташкил этиладиган турнирларда футболчиларни тайёрлашнинг ўз устунликлари бор. Уларни эмоционал ва мотивацион бир муҳитда ушлаб туриш анча осон, жамоадаги боғламларни изга тушириш учун мусобақалардан олдин етарли вақт бўлади, футболчи клубдаги ҳолатлар билан чалғимайди. Мана шу жиҳатдан, саралаш мусобақаларининг муаммоли тарафлари бор, биз-ку майли, Испания, Италия, Португалия каби терма жамоалар ҳам саралашларда етарли формага кириб ололмайдилар. Барибир, футболчилар учун биринчи навбатда имкон қадар кам куч сарфлаб натижага эришиш, клубга жароҳатсиз етиб олиш ҳақида ўйлайдилар. Энг муҳим паллалар бошланмагунча, саралаш мусобақалари мана шу тақлидда давом этади. Финал босқичига келиб эса, клубдаги вазифалар ниҳоясига етади, футболчи бор диққатини терма жамоага қаратади, етарлича вақтда терма футболчиларининг бир-бирини тушуниш даражаси яхшиланиб боради. Саралаш мусобақаларидаги ўйин темпи ва динамикаси ҳеч қачон финал босқичларидаги ўйинларга тенг келмаслиги шундан бўлса керак. Лекин шуни айтиш керакки, бу тўсиқлар МТЖ мураббийлар штаби учун қўйилган вазифани бекор қилмайди. Мураббий айнан шу муаммоларнинг таъсирини камайтириш билан ҳам мураббий.)
Демак голсизлик муаммоси терма жамоамизнинг бугунги авлодида яққол ташланади. Ўз ўзидан ғалабадан бошқаси қониқтирмайдиган ўйинлар учун бу ҳолат янада хавф туғдиришни бошлайди, ҳужумда муаммолари бор жамоага қарши ҳар қандай жамоа ҳам яхши ҳимояни ташкиллаштира олиши мумкин. Нима қилиш керак?
Албатта, ижро борасидаги ҳар қандай камчиликлар аввало кадрларга боғланиши тўғри. Аммо биласизми, бугунги терма жамоамизнинг таркиби, унга жалб қилинаётган футболчилар маҳорат бобида жалб қилинмаётганлардан ортда деб ўйламайман. Яъни Бақоевнинг ўрнига Нагаевни ёки Абдуҳолиқовни, Гейнрихни ўрнига Сергеевни чиқариш билан бу муаммо ечилиб қолмайди. Бу билан хавфли вазиятлар кўпайиб, бомбардир пайдо бўлмайди. Умуман терма жамоамизнинг бугунги авлодига умуман бомбардирлик хос эмас.
Қаранг, ўзи қайси жамоалар таркибда яққол бомбардирларга эга? Месси билан Роналдуни ҳисобга қўшмаймиз. Улардан ташқари Иброҳимович, Суарес, Фалькао, Кавани. Ва ҳоказо. Замонавий футболда ҳар бир жамоа ўз бомбардирига эга бўлишни тақозо қилмайди. Барчаси жамоа кўрсатадиган услубга бориб тақалади. Юқорида санаб ўтган ҳужумчилар ўйнайдиган жамоа услубига эътибор қаратинг: ушбу футболчилар жамоанинг энг кучли футболчиси саналишади ва тактик пирамиданинг энг учида жойлашишган. Жамоа ҳужумининг асосий қуроли ва устунлиги айнан шу футболчилар ҳисобланадилар, деярли ҳар бир ҳужум мана шу футболчиларга тўп етказиб бериш билан якунланади одатда. Суарес бир ўйин давомида ўндан ортиқ вазиятда, зарба берса бўладиган худудда тўп билан муомала қилади. “Ливерпуль”нинг ўйин услуби шунга асосланган. Энди “Челси”ни олайлик. Бу ерда бироз бошқачароқ манзарани кузатамиз. Торреснинг асосий вазифаларидан бири рақиб ҳимоясида позицион тешикларни пайдо қилиш, чалғитувчи ҳаракатлар билан аввалдан тайёрланган комбинацияларга шароит яратиш. У бу комбинацияларда ҳар доим ҳам қатнашмаслиги мумкин, аммо муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам “Челси”нинг ҳар бир ўйинида ярим ҳимоячилар албатта гол урадилар. Лемпард тўпурарлар сафига қўшилиб қолди, Мата ва Азар ҳам деярли ҳар ўйинда голли ҳужумларда иштирок этадилар, дарвозага тўғридан тўғри хавф соладилар. Ҳужуми “рақиб дарвозасига горизонтал тўп оширишлар”га асосланган бошқа бир жамоа “Барселона” голсизлик муаммосини Мессининг иқтидори эвазига ҳал қилаётган бўлса, “Челси”, “Арсенал”, “Бавария” каби жамоалар Азар, Лемпард, Мата, Касорла, Уолкот, Рибери, Кроос, Швайнштайгер каби ярим ҳимоячиларнинг айнан ҳужумни якунлашдаги фаоллиги билан ёпадилар.
Савол туғилади, биз қандай юлдуз ҳужумчига эгамизки, жамоамиз ўйинини ҳал қиладиган бомбардирликни талаб қиламиз?
Биринчидан, бугунги терма жамоанинг яққол юлдузи бўла оладиган ҳужумчига эга эмасмиз, гап Бақоевда эмас, ўша Нагаев, Абдуҳолиқов, ундан зўрини олиб келмайсизми, менга деса, бу таркибда пирамиданинг бошига айлана олмайди. Бир пайтлар Шквирин ёки Шацких эга бўлган мақомга чиқа олишмайди. Улар ўз савияси ва жамоадаги статуси билан ҳам ўша даражага чиқишган, хўш, Нагаевни мажбуран ўша ерга олиб чиқиб қўя оламизми? Нагаев ҳеч бўлмаса, Россия чемпионатининг бирор клубининг асосий таркибида ўйнашни бошласин, табиий равишда сиз кутган ҳолатга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ҳозир биз уни фақат Бақоев эплай олмаётгани учунгина қўйишимиз керакми?
(Эсингизда бўлса, 2000 йилдаги олимпиада саралаш ўйинларида “Балтика” аъзоси сифатида Максим Шацких ҳам иштирок этган, лекин унча ёрдам бера олмаган. Орадан бир неча ой ўтиб уни Лобановский “Динамо”га чақиради. Шевченкони ўрнига борган Максим у ерда сермаҳсул ўйин кўрсата бошлайди. У тезда энди миллий терма жамоамиздан таклиф олади. Бу сафарги Шацкихнинг статуси анча юқори эди, илк ўйиндаёқ у ТЖ таркибида учта гол киритганди. Айтмоқманки, ҳужумчи учун энг асосий жиҳат бу ўзига бўлган ишонч, аксарият ҳолларда таркибдаги бошқа футболчилардан статус жиғатидан устунлик мана шу ишончга манба сифатида хизмат қилади)
Иккинчидан, бизнинг ярим ҳимоямиз ҳам горизонтал пасларга асосланган. Имкон қадар тўпни сақлаб туриш ва вазиятни пойлашга ҳаракат қилади. Бундай услубда яққол ҳужумчиларда у қадар кўп имконият бўлавермайди. Марказда тўп ҳаддан зиёд кўп сақланиб турилади. Айтингчи, кеча масалан Бақоев неча маротаба русчасига айтганда “ударний” вазиятда тўпни қабул қилиб олди? Позицион ҳужумларда бундай вазиятлар, айниқса, ҳужумчиларда кўпам бўлавермайди. Тасаввур қилиб кўрингчи, мабодо Абдуҳолиқов ёки Насимов Бақоевнинг ўрнида ҳаракат қилганида ўйин картинаси тубдан ўзгарармиди? Йўқ, менимча. Бугунги ҳолатда Қосимов бир биридан яққол ортиқ бўлмаган бир нечта ҳужумчига эга. Бақоев ўтказиб юборган вазиятни Насимов голга айлантириши мумкин эди, лекин Насимов Эронда гол ура олмаслиги ҳам мумкин эди. Кўряпсизми, буёғи энди тўла тўкис омадга боғлиқ бўлиб боряпти. Қосимов ҳам таваккал қилмаяпти ва ўйиндан олдин кўпроқ асосга эга бўлган, яъни бугунги таркиб билан кўпроқ ўйинларда майдонга тушган ва тажрибалироқ ҳужумчини танлаяпти. Демак голсизлик муаммосини ҳал қилиш фақатгина у футболчини ўрнига бунисини тушириш билан ҳал бўлмаслигини тушунишимиз керак. Бизда ўйинларга тайёрланишимиз мумкин бўлган узун вақт ва синов имкониятимизга эга эмасмиз.
Асосий саволни яна қайтарганимда, бу сафар жавобга яқинлашишим осонроқ кечади. Биз Ливанга қарши ўйинда истаганимизга тўпга эга бўламиз. Бу шубҳасиз. Бизга энг етишмайдиган, бошқа қилиб айтганда, зарур бўлгани бу – голли вазиятлар яратишдир. Ундан фойдаланиш кўпинча омадга боғлиқ, асосийси бундай вазиятларнинг кўп бўлишидир. Албатта, иккита хавфли вазиятдан фойдаланишдан кўра ўнтасидан фойдаланиш осонроқ бўлади, тўғрими? Нима қилиш керак?
Тан олиш керак, ярим ҳимоячиларимиз ўйин услуби ва тактик фикрлаш борасида бир-бирига жуда яқин услубда ўйнайдилар. Ташаббусни қўлга олиш ва тўпни сақлаб туришда бу баъзида қўл келади, аммо керак бўлган пайтда тезкорликни қўшишга келганда оқсаб қолишимиз мумкин. Абрамов Аҳмедовни ҳимояга, баъзан Жепаровни, баъзан Кападзени ҳужумга қўйиш билан, қандайдир муаммоларни ёпаётгандек кўринган бўлса-да, аслида, жамоа “пюржинаси”ни имкон қадар чўзишни ҳам мақсад қилгандир эҳтимол. Майдоннинг ҳар бир нуқтасида тўпни сақлаб туриш, дриблинг ва “дастлабки пас”га қодир бўлган футболчиларнинг мавжуд бўлиши рақибни ҳам тарқоқлаштиради. Биз ҳозир нимани кўряпмиз? Ҳужумдаги Бақоев ҳимоя билан бир чизиқда ўйнашга одатланган. Марказий ҳимоячиларимиз бўлмиш Филипосян ҳам, Исмоилов ҳам майдонни назорат қилиш эмас, кўпроқ яккаркурашларда яхшироқ кўринадилар. Натижада нима бўляпти? Жамоанинг “мия қисми”, яъни ташкилий жиҳатга жавоб берадиган асосий қисм бир бирига жуда зич жойлашиб қоляпти. Ҳужум ташкилланиши учун тўп Кападзе, Жепаров, Аҳмедовларга етказиб берилишга мажбур. Бу футболчилар эса бир-бирларига жуда яқин масофада жойлашишган. Жамоамизнинг энг муҳим қисми майдоннинг жуда кам худудини эгаллаган, бу дегани рақиб бизни зарарсизлантириши осон кечади. Оқибатда биз фақат тўпни назорат қиляпмиз, лекин майдон назорат қилинмаяпти. Уч-тўрт қадам олдиндан ўйланган комбинацияларни кўрмаяпмиз. Доим майдоннинг бирор қисмида ҳокимлик ўрнатиляпти холос, кутилмаганда ҳужум қанотини қарама қарши тарафга ўтказиб юбориш, ҳужум динамикасини бутун майдон бўйлаб ушлаб туриш, бошқача қилиб айтганда штурм уюштиришни уддасидан чиқа олмаяпмиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ливан билан ўйин олдидан, аввало, қўйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман.
1) Тезкорликни ошириш. Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак: Майдонда таркибдаги энг кучли 11 футболчи эмас, айнан белгиланган вазифага энг мос 11 футболчи тушиши керак. Нега Бразилия ЖЧ-2010 га умуман майдонга тушмаган баъзи ўйинчиларни руйхатга киритди-ю, Роналдиньони олиб кетмади? Нега Англияда узоқ вақт Лемпард-Жерард жуфтлигини бир вақтда тушириш муаммоси кўндаланг турган? Эсингиздами, Питер Крауч ҳолатидан қатъий назар, доимий равишда терма жамоага жалб қилиб туриларди. Нега? Мураббий айнан унинг имкониятларидан фойдаланиши зарур бўлган қандайдир 10-15 дақиқа бўлиб қолиши мумкинлигини ҳисобга оларди ва уни доим терма жамоа тонусида ушлаб туришга ҳаракат қиларди. Менимча, Қосимовда айнан мана шу хусусият етишмаяпти. Агар кимдир клубда иши юришмай қолса, автоматик тарзда термадан узилади. Эътирозларга сабаб бўлса-да, ҳар қандай мураббийнинг ўз “ёқимтойи” бўлгани дуруст. Мураббий айнан ўша футболчининг қандайдир хусусиятини пайқаганки, қачондир фойдаланишни дилига тугади ва клубдаги фаолияти юришмай қолса, маълум даражада ушлаб туришга ҳаракат қилади.
Ярим ҳимояда энг яхши тўрт футболчимизни туширишга мажбур эмасмиз, айниқса, қачонки, бу футболчиларнинг ўйин услуби бир-бирига яқин бўлса. Хайдаров+Жепаров+Аҳмедов+Кападзедан мукаммал фойдаланишимиз лозим бўлган ўзига хос схемага эга бўлсак, бошқа гап, аммо бу бизни айниқса тезкорлик имкониятларимизга путур етказса, керак эмас, тўғрими?
2) Ҳужумкор ярим ҳимоячиларга урғу бериш. Куздаги ўйинларда Санжар Турсуновнинг тез тез дарвозага хавф сола бошлагани, баъзида марказий ҳужумчи билан ўрин алмаштириб туриши яхши натижа берганди. Санжарнинг бугунги ҳолатида куздагидан кўра пастроқ бўлиши мумкин. Лекин нафақат Санжар, умуман таркибда имкон қадар кўп гол урадиган ёки камида сўнгги пасни бера оладиган футболчиларга урғу қаратиш зиён қилмаса керак. Бу жиҳатдан юқорида санаб ўтилган ярим ҳимоячилардан бирининг ўрнига Жасур Ҳасановни тушириш ҳам зарар қилмайди. У бутун ўйин давомида ўзини таклиф қилади, ҳужум худудини доимий равишда кенгайтириб туради, имкон қадар вертикал ўйнашга ҳаракат қилади. У ёки масалан Зотеев. маҳорат бобида бошқалардан пастроқдир балки, аммо, Ливан билан ўйинда асосийси тўғри услубни танлашдир. Биз энг кучли таркибни танлашимиз шарт эмас, айнан Ливан учун энг ноқулайини танлашимиз керак бўлади. Фақат тўпни яхши ушлаб турадиган эмас, тез тез рақиб дарвозасига хавф соладиган футболчиларнинг кўпроқ бўлиши ҳужумчилар устидан босимни ҳам камайтиради. Бизда Месси йўқми, демак, Азар ёки Матани қидириб топишга мажбурмиз.
3) Узоқдан кўпроқ зарбалар бериш ва стандарт вазиятлар. Менимча, бу ҳақида кўп ёзишим ҳам шарт эмас. Ҳаммаси тушунарли. Ливанда имконият қолган шунинг учун ғалаба учун ўйнайди, қабилидаги сафсаталарни йиғиштирайлик. Қанийди улар ҳам ғалаба учун ўйнашса. Афсуски, у жамоа ўз имкониятини жуда яхши билади. Бутун жамоа бўлиб ҳимояда туриш ва қандайдир пайтини пойлаш билан машғул бўлади. Демак бизга дриблинг, имповизация, стандартлар ёрдам бериши керак. Қатар ва Эрондаги жуда оз сонли ҳужумларнинг максимал фойда чиқара олганимизни эсласак, омад ҳамиша биз тарафда бўлмаслигини эътиборга олишимиз ва Ливан билан ўйинда имкон қадар кўпроқ зарба беришга мажбурмиз.
4) Шошилмаслик. Бу эса энг асосийси. Шошилмаслик ва совуққонликни сақлаб туришимиз керак. Сафардаги ўйинда биз керакли голни урдик, устунликни янада ошириш мақсадида ҳаддан ташқари фаолликни оширавердик. Натижада гол ўтказиб юбордик, кейин эса вазиятни ўнглашга жисмоний ҳолатимиз йўл бермади, чарчаб қолдик. Тан олиш керак, бугунги таркибнинг асосий қисмини ёши ўтиб қолган. Вазиятнинг гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туриши бизга қўл келмайди, ўйин давомида қўшимча куч топиб, қандайдир бурилиши ясай олмаймиз. Энг яхшиси, вазиятни тўлиқ назорат қилиб туриш, ташаббусни бермаслик ва совуққонлик билан керакли голларни киритиш керак бўлади.
Ушбу вазифани уддалашда мураббий ва футболчиларимизга омад тилайман. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади ва биз уч-у ноль ҳисобида ғалаба қозонамиз :)
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-07-23 19:20:28 01 WRBEIRQX 2024-07-23 19:20:24 01 GOLBOLSIN 2013-03-25 13:22:01 00 GAYRATBEK 2013-03-24 22:11:07 00 BAHROMJON 2013-03-24 11:05:32 00 BAHROMJON 2013-03-24 10:43:41 00 FILOSOF 2013-03-24 01:41:34 00 FILOSOF 2013-03-24 01:28:19 00 PRESSMANUZ 2013-03-23 23:06:44 00 LOKOKOKAND 2013-03-23 21:41:50 00 LOKOKOKAND 2013-03-23 21:41:18 00 LOKOKOKAND 2013-03-23 21:40:59 00 LOKOKOKAND 2013-03-23 21:40:47 00 NASAFIYA 2013-03-23 20:01:54 00 OFITSER 2013-03-23 19:22:36 00