-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Ўзбек футболидаги "тактикасизлик" ёхуд "Испанларга тегманг"
Баҳо: +2Киритилган сана: 2013-05-05 14:11
“Барселона”нинг ярим финалдаги мағлубиятларидан кейин, гуёки, тўпнинг назорат қилинишига асосланган ўйин услубининг инқирозга юз тутгани ҳақида мулоҳазалар кўпайиб кетмоқда. Очиғини айтганда, мен бу фаразга мутлақо қўшилмайман. Ҳозирда дунё футболида урфга айланган ва натижа келтираётган асосий услуб айнан шудир.
Бир нарсани яхшилаб фарқлаб олиш керак. “Бавария” ҳозир Европанинг энг кучли клуби экани шубҳасиз. Жамоа кўрсатаётган ўйин мукаммалликка яқин. Лекин бу жамоа услубини аниқ ажратиб кўрсата оласизми? Урф бўла оладими? Йўқ, ҳатто “Бавария”нинг асосида ҳам ўша испанча тўпни назорат қилиш услубини янада такомиллаштирилган варианти ётибди холос. Бугунги “Бавария” икки йил олдинги “Барселона”га ҳозирги “Барселона”нинг ўзидан ҳам кўра яқинроқ, десак бўлади. Умуман Испаниянинг барча жамоалари (“Атлетико”дан бошқа), Англиянинг барча етакчилари, мана шу “Бавария” ҳам айнан ўша тўп назорати ва пасларга асосланган футболни ўйнашмоқда. “Барселона”нинг мағлубиятлари бу услубнинг эмас, шунчаки жамоанинг инқирозидир. Шунчаки жамоа услубни янада такомиллаштириш билан шуғуллана олмади. Турли вазиятлар учун етарли кадрларга эга бўлмади. Баҳорга юксак спорт формасида кириб келмади. Месси жароҳат олди, Виланова ўз билан машғул бўлди ва ҳоказо. Мисол учун, Гвардиола буни шу даражада такомиллаштирган эдики, стандарт вазиятлар, тезлик, қарши ҳужум каби факторларга эхтиёж ҳам сезилмай қолганди. Жамоанинг айби шу бўлдики, таркиб эскириб борган сари услубдаги мукаммалликка путур ета бошлаган сари, бошқа факторларни ривожлантириш устида иш олиб бормади. Масалан, ҳимояни кучайтириш...
Замонавий футбол эса “барса”га эргашишда давом этмоқда. Ҳатто Англияда ҳам жамоалар айнан юқори техника ва тўпни назорат қилишга урғу бериш ниятида таркибни испан-португал ёки Лотин Америкаси вакиллари билан тўлдиришда давом этмоқда. Умуман қизиқ, ўша Лобановский ўтган аср охирида ёнғоқ каби чақиб ташлаган услубнинг икки марта Европа, бир марта жаҳон чемпиони, уч марта ЕЧЛ ғолиби бўлаётгани? Аҳмоқ эмас-ку, футбол?
“Барселона” ўйини В.Лобановский ва Б. Абдулла каби мутахассислар айтганидек, мейёрдан кўп ҳаракатланишга эмас, аксинча, рақибни ҳаракатлантириш, техниканинг физикадан устун қўйишга асосланган. Эълон қилинган баъзи таҳлилий мақолалар ёрдамида “Барселона” услубидаги бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратамиз.
1. “Тики така”да маълум бир қисм эмас, бутун жамоа ҳаракатланиши туфайли, рақибнинг барча футболчиларини сергакликда ушланади. Ўз ўзидан бу ҳолатда тўпга эгалик қилаётган жамоа эмас, тўпсиз ҳаракатланаётган рақиблар кўпроқ масофа югуришларига тўғри келади.
2. Узун паслар кураш зоналарига эмас, очиқ худудларга узатилади. Яъни ўз футболчиси курашда яққол устунлик қилиши мумкин бўлган зонага ташланади. Бу эса тўп учун давомли курашиш, ортиқча югуриш орқали куч сарфлашга йўл йўқмайди.
3. Футболчиларнинг зич жойлашиши. Жамоадаги энг охирги ҳимоячи билан, энг олдиндаги ҳужумчи орасидаги максимал фарқ 20 метрни ташкил қилиши керак. Актив майдондаги бу зичликни босиь ўтиш рақибга қийинчилик туғдиради, кўпроқ узун пасларга мурожаат қилиш ва ўша тўп учун курашишни мажбур қилади.
4. Орадаги масофанинг атиги 20 метр экани ҳужумчиларнинг ҳимояга ёрдам беришини осонлаштиради. Улар ҳимоячига айланишлари учун атиги 20 метр орқага қайтишлари кифоя. Футболчилар ҳужумдан ҳимояга, ҳимоядан ҳужумга бориш учун бутун майдонни босиб ўтишлари шарт эмас.
5. Тўп учун курашга киришган футболчи уни эгаллаши билан дарҳол ёнидаги шеригига ошириб бериши керак. Сабаби, маълум вақт тўп учун курашган футболчи сал бўлса-да, мувозанатни йўқотади, майдонда футболчиларнинг жойлашуви, устун позицияда турган шериклари ҳақида маълумотга эга бўлмайди. Тўпни эгаллаб, бошини кўтариб, вазиятни баҳолаш эса бироз вақт талаб қилади. Яхшиси, айнан шу иш билан шуғулланиб турган шеригига тўпни етказади ва ўзи учун қулай позиция ахтаришни бошланди.
Йохан Кройфнинг бир гапи бор – “Энг қийини оддий футбол ўйнашдир”. Масалан Англиянинг бирор ўртамиёна жамоаси жуда оддий футбол ўйнайди. Ўйин узун паслар, курашлар ва тезликка асосланади. Бу осонми ёки қийин? Қийинлиги шундаки, бундай ўйнаш учун таркиб жуда юқори физикага, юқори тезликка, тўп учун курашиш, диққатни йўқотмаслик ва ҳоказо талабларни ҳам мукаммал даражада бажариши керак бўлади. Яъни, “тики така”нинг бор мантиғи шундаки, минимал куч сарфлаб, максимал натижага эришишдир. Яна ўша Кройфдан иқтибос келтирсак, у дарвозага тўпни тепиш имконияти бўла туриб, янада қулайроқ вазиятни излашни нотўғри деб билади. Мана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, Бобомурод Абдуллага қўшилиш ҳам мумкин, қўшилмаслик ҳам мумкин. Яъни керакли пайтда дарвозага тепмаслик, маъносиз тўпни бир бирига етказиб туравериш – бу жуда нотўғри. Қўшилмайдиган жиҳат эса, бу асло “Барселона”нинг услуби эмас, аксинча, “Барселона”нинг ўзи ўша услубни бажара олмай қолаётганидан далолат.
Терма жамоа ва клубларимиз мавзусига ўтамиз. Хўш, муаммо нимада? Авволо, кичик эътироз, жамоаларимиз бир ўйинда 1.5-2 минг марта тўп узатишни амалга ошириши ҳақидаги гаплар нотўғри. Европа чемпионатида Испания терма жамоаси ҳар ўйинга ўртача 681 марта тўп узатган. Бу Европа ва жаҳон чемпионатлари, вақтнинг 70 фоизида тўпни назорат қиладиган Испания терма жамоаси учун ҳам рекорд саналади. Бўлди.
Масалан ҳамкасбим Бобомурод Абдулла охирги икки мақоласида, асосан икки асосий жиҳатни тилга олади - 1) футболчиларнинг термага бўлган муносабати 2) тўпни ҳаддан ташқари назорат қилишга интилиш, дарвозага зарба бермаслик. Бу фикрларга қўшилса бўлади, аммо муаммонинг моҳияти ҳақида бошқача фикрдаман, зеро муаммони ечиш учун энг муҳими унинг борлигини эмас, келиб чиқаётган сабаблар ҳақида тўғри тушунчага эга бўлишдир.
Хуллас, иккинчисидан бошлаймиз. Эмишки, Вадим Абрамов жамоани шундай ўйнашга ўргатиб қўйган. Бу нотўғри. Бошқача ўйнашни ўрганиш керак экан. Очиғи, барча ёмонликларни Абрамовга, барча яхшиликларни эса бошқаларга йўйишни бас қилиш керак. Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқсак, тўпни назорат қилишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Айниқса, таркиб жисмоний жиҳатдан у қадар юқори савияда бўлмаса. Ростан ҳам шундай, тезлик, дриблинг ва бошқа факторлар бўйича Осиёда у қадар етакчи эмасмиз. Шундай ҳолда ҳам Қатарда терма жамоамиз энг чиройли, энг фойдали, энг ақлли футбол намойиш этган. Биз шунчаки, ғалаба қозониб ярим финалга чиқиб бормаганмиз, ўйинларни чет эл телеканналларида ёки бевосита Қатарда томоша қилган ҳамкасбларим айтсинлар – жамоа ўйини барчасини ўзига қарата олган, мутахассисларнинг юқори баҳосига лойиқ кўрилган. Бу шахсий фикрим эмас, факт. Ўша турнирдаги “Қатарга қарши ўйин эса, терма жамоамизнинг охирги 10 йилдаги энг юқори савиядаги, русчасига айтганда “показательный”си деб биламан.
Абрамов ўша турнирдан кейинги ўйинларда ўша даражани сақлаб тура олмади. Умуман тайёрланиш учун етарли вақт бўлганда ва сенга нисбатан муносабат бироз пастроқ бўлганида ўйнаш осонлашади, қўшиламан. Айтмоқчиманки, ўша интилинган, кўрсатилган футбол билан ҳозирда терма жамоамиз ёки етакчи клубларимиз намойиш қилаётган футболни солиштирсак, фарқни кўрамиз. Айтмоқчиманки, бугун икки футболчимиз бир-бирига тўпни етказиб туришса ва дарвозага керагича зарба берилмаса, айнан ўша даврнинг ёки услубнинг қолдиқлари деб баҳоламаслик керак. Қолдиқ деб биладиганларга ҳам бир фикр: орадан ўтган бир йил ҳар қандай мураббий учун ҳам қолдиқларни йўқотиш учун етарли вақт.
“Барселона” вазият туғилиши ҳамоно дарвозага зарба беради. Зарбаларнинг камлиги ўша вазиятнинг кам туғилиши билан боғлиқ, сабаби, рақиблар одатда, бутун жамоа бўлиб жарима майдонига кириб олганида, очиқ йўлни топиш ҳам қийинлашиб кетади. Иккинчидан, “тика така”ми ёки бошқами, ҳар қандай услуб дарвозага зарба бериш шароитини яратишдан иборат бўлади. Яъни “дарвозага зарба бериш” бу тактика эмас, бу кўрсатма. Ҳар қандай тактиканинг асоси, вазифаси қулай вазиятларни яратишдир. Кам зарба берилиши бу алоҳида футболчиларнинг ёки “тактикасизлик”нинг оқибатидир. Ўша Қатарни эслаганимизда ҳам, киритилган голларимизнинг ярми узоқ ва ўрта масофалардан киритилганига гувоҳ бўламиз-ку, тўғрими? Зарба берилмаса, мураббийнинг қўрқоқ тактикаси, зарба берилса, бу футболчининг ўз ташаббусими?
Энди узун паслар ҳақида. Узун паслар ҳам “тики така”нинг ажралмас қисмидир. Марказда тўпни ушлаб туришнинг асосий мақсади, паслар орқали рақиб мувозанатини йўқотиш ва чалғитувчи ҳаракатлар ёрдамида очиқ зоналар юзага келтириш. Масалан, Хави марказда тўпни эгаллаб турганда, деярли ҳар секундда кимдир ўзини таклиф қилади. Яқин масофада ҳам, узоқ масофада ҳам. Ёки Қатарда мана шундай ҳаракатлар ёрдамида Жасур Ҳасанов очиқ зоналарга эга бўлганини эсланг.
Ҳозир масалан, “Пахтакор” ёки “Бунёдкор”даги ҳолатни баҳолаймиз. Тўп марказда назорат қилиб турилади. Бу “тики така” эмас, нима қилишни билмасликдан. “Тики така” бу квадрат ўйнаш, яъни маълум худудда тўпни сақлаб туришни ўрганиш эмас, бутун майдонни назоратга олишдир. Хуллас, тўп сақланиб турилаверади, аммо ўзгариш йўқ. Натижа нима бўлади? Ё тўп йўқотилади, ёки майдон ташқарисига чиқиб кетади. Ёки тўп юқорилатиб олдинга ёки жарима майдонига етказиб берилади. Энг ёмони, бу узун паслар одатда, кураш майдонига, яъни бизнинг футболчилар ва рақиблар уни эгаллаши учун тенг имкониятга эга бўлган худудларга етказилади. Масалан, ўша нуқтада бизникилар ҳам бор, рақиблар ҳам. Хўш, оқибат шу экан, шу пайтгача тўпни бир бирига етказиб беришдан нима наф? Аввалроқ ўша узун пасни амалга оширса бўлмасмиди? Юқорида айтганимиздек, тўпни сақлаб туришдан мақсад, очиқ зоналарга эга бўлиш бўлиш керак. Узун пасларни ўз футболчиси устунликка эга бўлган зоналарга эмас, кўр кўрона кураш майдонига ташлашдан фойда йўқ. Бу испанча футбол эмас, инглиз ва испанларнинг энг ноқулай тарафлари чатишган “гибрид”дир. Тўп назоратидан мақсад зоналарда устунликка эга бўлиш, бошқаси эмас. Кураш майдонига тўп узатмоқчимисиз, марҳамат, бу ҳолда, тезкорлик талаб этилади. Ёки курашларда яққол устунлик қила оладиган имкониятга эга бўлган футболчилар талаб қилинади.
Энди, биринчи эътироз, яъни футболчиларнинг термага бўлган муносабатлари ва бор ғайратларини тўкиб солмаётганликлари ҳақидаги фаразга келамиз. Шахсан мен терма жамоа муҳитидан хабардор эмасман. Бу ҳолат четдан ҳам сезса бўладиган даражага чиққан-у, мен буни сезмаган бўлишим ҳам мумкин. Ундай бўлса, буни Миржалол Қосимов ҳам осонлик билан пайқай олиши керак. Четдан бир мухлис ёки журналист сезган муаммони мураббий осонлик билан илғай олади.
Ҳаммаси, бу масаланинг қандай ечилишига боғлиқ. Масалан, Ливан билан ўйинда бу сезилган бўлса, Кореяга боргунча ҳал қилиниши шарт. Мабодо, яна шу такрорланиб, кейинги ўйинларда ўртага чиқадиган бўлса, яна шу муаммо тилга олинадиган бўлса, ягона айбдор бош мураббий бўлади, бошқаси эмас. Чунки муносабат жиҳатидан муаммоси бор футболчини таркибга қўйишга мажбурлик – бу мураббийнинг ожизлигидан дарак. Демак, ё ўша футболчига тушунтириш ишлари етарлича олиб борилмаган ёки ўрнига янги кадрлар изланмаган.
Амалиётда ҳар икки ҳолатга ҳам мурожаат қилинади. Масалан, юлдуз футболчилар термада ўйнашни унчалик истамаётган пайтларда, керак бўлса, бош мураббий шахсан гаплашиб, вазиятни тушунтириб, майдонга қайтаради. Футболчининг шунчаки қайтиши эмас, бор куч билан ўйнашини таъминлайди. Мураббий унинг профессионал эканига, агар қайтса, бор кучини беришига тўлиқ ишонади ва шунга мос тарзда муомала қилади. Эгилади, тушунтиради. Агар мураббийда ўша футболчининг профессионаллиги ҳақида шубҳа бўлса, ундан воз кечилади. Ёки бошқа провакацион йўл тутилади. Масалан, Абрамовга, у янги мураббий бўлганида, баъзи футболчиларнинг термага бўлган муносабати, гуёки ўзларини “тегилмас, алмаштириб бўлмас” деб ўйлаётганликлари ёқмаган. Вазият шундай ташлаб қўйилмаслиги керак эди, бир-икки футболчиларга бўлган муносабат орқали терма жамоа нима экани барчага тушунтириб қўйилганди. Жасур Ҳасанов ва Азиз Ҳайдаровлар билан воқеалар эсингиздами? Жасур Қатардан туриб, телефонда гапириб қолганди, Азиз эса матбуот анжумани чақиришга мажбур бўлганди. Ўшанда ким айбдор, буни ўшанда айтганмиз, лекин мақсад бу эмас, асосий мақсад провакация эди. Термада ҳеч кимга кафолат йўқлигини тушунтириш эди. Гап билан эмас, амалда.
Ҳозир шундай паллаки, ростанам, термада алмаштириб бўдлмас футболчи йўқ. Аҳмедовсиз ҳам керакли натижаларга эриша олдик. Жепаров ва Кападзелар ўйинида пасайиш, ёшларда юксалиш туфайли, савия деярли тенглашиб қолмоқда. Терма жамоа потенциал номзодларини кўпайтириш ва рақобат ҳосил қилишнинг айни вақти. Агар мураббий, баъзи футболчиларнинг термага бўлган муносабатидан қониқмаса, умуман ростан ҳам шунга яқин муаммо бўлса, айни кунларда ечиб борилиши шарт, деб ўйлайман. Худо кўрсатмасин, агар қониқарсиз натижага эришсак, яна, аввалгидек, футболчиларни сўкишга одатланиб қолмайлик.
Мавзу нафақат бош жамоамиз, балки, етакчи клубларимизга ҳам тегишли. “Бунёдкор”нинг натижалари ҳам осмонларда учирмаслиги керак, чунки чинакам савия, барқарорликни, ғалаба керак бўлган ўйинлардаги яққол устунликни талаб қилади. Тошкентда японларни ютиб, муддатидан олдин масалани ҳал қилиш имкони турганда, барчасини яна оғирлаштириш, кейинчалик бу синовдан ўтилган эрса-да, яхши эмас. Похангдаги эмас, Тошкентдаги ўйинлар эътиборталаб эканини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Бобомурод Абдулланинг шу фикрларига қўшиламан, футболимиз етук мутахассиларга мухтож, кўрсатаётган ўйинларимиз савиясига хавас қилиб бўлмайди. Уни яхшилаш нафақат бизни яқинда кутиб турган иккитагина ўйин учун, балки кейинги ривожланишимиз ва балки мундиалда муносиб бўдлишимиз учун ҳам зарур. Фақат муаммо илдизини испанларнинг тактикасига эмас, балки ўзимизнинг тактикасизлигимизга боғласак, ечишимиз осонроқ бўлади. Афсуски, ҳозирда ўша “Барселона”га рақибларимиздан ҳам кўра узоқроқдамиз гуё.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
ARXEOLOG 2013-05-15 16:07:33 00 ILHOMBEKT 2013-05-07 18:32:40 00 BAHROMJON 2013-05-07 13:46:34 00 DOTSENT 2013-05-06 11:53:49 00 DOTSENT 2013-05-06 11:46:26 00 DOTSENT 2013-05-06 11:44:45 00 MARGILANZE 2013-05-06 01:37:29 00 HOLLAND 2013-05-06 01:25:39 00 FATHQUQON 2013-05-06 00:57:11 00 UFFUZB 2013-05-06 00:30:29 00 SHEVAROONEY 2013-05-05 22:31:40 00 ALBARS 2013-05-05 22:19:26 00 FILOSOF 2013-05-05 21:48:26 00 XUMOYUN 2013-05-05 21:47:56 00 FILOSOF 2013-05-05 21:11:10 00 FILOSOF 2013-05-05 18:25:14 00 FUTBOLVATANI 2013-05-05 17:15:14 00 FAZIKK 2013-05-05 17:04:31 00 UZBBEST 2013-05-05 17:02:23 -10 EASPORTS 2013-05-05 16:49:02 00 YAHYOHON 2013-05-05 16:38:07 +80 JAMOLIDDIN 2013-05-05 15:46:25 -20 KITOBLIK 2013-05-05 15:23:45 00 MAGISTR 2013-05-05 15:19:09 00 AMIBJAN 2013-05-05 15:18:19 +10 FERGANAQUVA 2013-05-05 15:15:37 +10 OMADLOT 2013-05-05 15:10:06 00 RAHIMBERDI 2013-05-05 15:06:39 00 JAMOLIDDIN 2013-05-05 15:03:05 -10 UZBBEST 2013-05-05 14:58:33 00