-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Ж.Корея - Ўзбекистон: Учрашув таҳлили
Баҳо: +2Киритилган сана: 2013-06-13 22:25
Ёз яхши ўтмаяпти, Ливан билан ўйиндан кейин турнир жадвалида хосил бўлган ажойиб устунлик йўққа чиқди. Энди тўғридан-тўғри йўлланма учун курашда фаворит эмасмиз. Вазиятга бир томондан қараганда, Эроннинг Кореяда ютқазиши жудаям ҳақиқатга яқин ҳолатдек туюлса-да, руҳий юксалиш даврида бўлган эронликлар мотивацион танқисликка учраган корейсларга осонликча мағлуб бўлмасликлари табиий.
Кореяда охирги бўлиб биз эмас, Эроннинг тўп сураётгани омадимиз келмаганидан далолат, умуман, ушбу циклда бизга қарши бўлган факторлар етарлича бўлди. Аммо биласизми, буни ҳолатимизнинг асосий айбдори санаш, айниқса, бизга қарши йўналтирилаётган қандайдир махфий фитналар ҳақида жиддий тарзда фикр кулгили. Айбдорларни ташқаридан излаш доимо инсонга хуш ёқади, ўзини оқлашга асосли баҳона бўлади, аммо бу кейинги фаолияти учун етарли тажриба сифатида ўрин олиши мумкинми? Йўқ, ахир биз келаси сафар ҳам атрофдаги ҳолатларга ўз таъсиримизни ўтказа олмаймиз, яна мағлуб бўламизми? Оддий мисол, ОФК раҳбариятининг гўёки ЎФФ билан тескари бўлиб қолгани ҳақидаги гаплар ғирт уйдирма, зеро, билишимча, Мираброр Усмонов ҳозирги ОФК раҳбарини сайловларда ёқлаб овоз берган ва ўзаро яқин алоқадалар. Кейин, ўйин вақтини ўзгартириш тўғридан-тўғри ФИФА билан боғлиқ масала, ОФК эса, айнан иқлимдаги фарқни назарда тутиб, Ўзбекистон–Қатар ўйинини эртароққа сурилишига қарши бўлган ҳатто.
Ҳа, майли, мақола бу ҳақида эмас. Яхшиси, келинг, Жанубий Кореяга нима сабабдан ютқазганимиз ҳақида фикр юритиб кўрайлик. Аввало, баъзи масалаларда ўз позициямни билдириб ўтаман ва шу тарзда пайдо бўлиши мумкин бўлган эътирозларга олдиндан жавоб бераман. Яъни, терма жамоамиз ўйинига, футболчиларига, натижасига ўз муносабатини билдиришда қандайдир қолипни ҳосил қилмоқчи бўлаётган мухлислар кўп. Уларнинг иддаолари бор, масалан:
1. Жанубий Корея Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири, биз улар билан сафарда шунчалик натижа кўрсата олганимизнинг ўзи бахт. Биласизми, Жанубий Кореяни таркиби Европада ўйнайдиган қандайдир осмон-жамоа ҳисобласангиз, бу сизнинг ҳаққингиз. Бемалол. Мен бу фикрга унчалик қўшилмайман, лекин тортишишни ҳам истамайман. Масала бошқа ерда. Бу ерда асосий жиҳат шундаки, ушбу ўйиндаги бизнинг вазифамиз мағлубиятга учрамаслик эди. Рақибнинг фарқи йўқ, жамоа турнир тақозо қиладиган вазифани бажариш учун майдонга тушади, ўз кучини ўлчаш учун эмас. Айтайлик, Испанияга қарши майдонга тушган Хорватия эсингиздами? Ўйинда Хорватияга ғалаба жуда зарур эди, шунинг учун рақиб Испания бўлса ҳам, ғалаба учун майдонга тушди. Бизнинг Кореядаги вазифамиз кичикроқ ҳисобда мағлубиятга учраш эмас, ростанам Кореянинг кучлироқ эканини амалда тан олиш эмас, мағлубиятга учрамаслик эди. Биз буни бажара олмадик, демак, натижа салбий, ҳар қанча мантиқий бўлса ҳам.2. Ўйинчиларни танқид қилмай турайлик. Муҳим ўйин олдидан уларга далда бўлайлик. Далда бўлиш учун стадионга бориш мумкин. Аэропортда кутиб олиб, далда бўлиш мумкин. Керак бу нарсалар. Бизда ҳали имконият бор. Лекин, шуни эътиборга олиш керакки, бу ер футбол сайти. “Кричалка”лар ёзиладиган ижтимоий гуруҳ эмас. Футбол ёритилади, таҳлил ва танқид қилинади, хулоса қилинади. Футболчиларга қандай таъсир қилинишидан қатъий назар, ҳамма ўз ишини қилиши керак. Тўғри, жамоа муҳитини бузувчи қандайдир фитналарни қўзғаш нотўғри, лекин гап объектив таҳлил ҳақида боряпти. Корея билан ўйиндаги ўтказилган голнинг айбдори ким – бу саволга жавоб бериш учун яна бир ҳафта кутишга мажбур эмасмиз.
3. Ҳакамнинг қарорлари ўйин натижасига таъсир қилди. Акс ҳолда биз дуранг билан қайтган бўлардик. Ҳа, голдан олдин ҳакам қоида бузилишини қайд этганида, бутунлай бошқа ўйинни гувоҳи бўлардик балки. Лекин вазифамиз бўлиши мумкин бўлган ўйинни эмас, бўлиб ўтган ўйинга баҳо бериш. Ҳа, спортчилар учун ҳам қийин вазиятлар бўлади, ҳа, улар ҳам инсон, тўғри тушуниш керак. Тўғри тушунамиз. Аммо уларнинг иши шу, шунинг учун пул оладилар, шунинг учун олқиш ҳам. Эрондаги ўйинда ҳакам бизнинг фойдамизга қарор чиқариб, ғалаба қозонганимизда роса мақтадик, ҳамма жим турди. Ҳакам хатолари эса футболнинг бир бўлаги. Шу.
Энди бевоcита учрашувга тўхталамиз.
ТАРКИБ
Миржалол Қосимов танлаган таркибда кутилмаган номлар бўлмаса-да, ўйинчиларнинг жойлашуви ва вазифаси нуқтаи назаридан бироз тушунарсиз бўлди. Маълумки, Қосимов кўпинча соф қанот ярим ҳимоячисига эга бўлган классик услубни танлайди. 4-5-1 да одатда, марказий ярим ҳимоячилар ромб услубида жойлашишади ва қанотларнинг ҳужумдаги фаоллиги ягона ҳужумчига мадад бўлиши керак. Айниқса, асосий хавф қанотлардан бўлиши керак бўлган Жанубий Кореяга қарши ўйинда бу танловни тахмин қилиш қийин эмасди. Аммо...
Чап қанотга келганда, тушунарли, асосийси мағлубиятга учрамаслик керак бўлган ўйинда ушбу қанот биратўла иккита ҳимоявий футболчига топширилди. Ҳужумкор ҳимоячи Денисовга шерик қилиб, ҳимоявий ярим ҳимоячи Гадоев танланди. Очиғи, услубан бир-бирига яқин бўлган футболчиларнинг бир қанотда қандай қилиб бир-бирларини тўлдириб туришлари мумкинлигини мен тушунмадим. Менимча, футболчиларнинг ўзи ҳам Қосимов улардан айнан нима истаганини охиригача тушунмаган бўлишса керак, зеро пастдаги расмда кўриб турибсиз: Денисов билан Гадоев учрашув бошланганда, ўзларига жой топа олмай, бир-бирларига яқин келиб қолишганини. Назаримда, ушбу сурат мана шу чап қанотни тўлиқ ифода этади – тушунмовчилик!
Нариги қанотда эса умуман қанотдан ҳужум қилиши мумкин бўлган футболчи йўқ эди. Натижа нима бўлди? Чап тарафда икки ҳимоявий футболчилар бир-бирини “страховка” қилиш билан вақт ўтказиб, ҳужум уюштира олмадилар, ўнг тараф эса асосан биргина Шораҳмедовга топширилгани учун, унинг ҳам қўли боғланиб қолди. Одил Аҳмедов гуёки майдонда ўз жойи йўғ-у, мажбуран жой топиб берилгандек, қаерга боришни билмай қолаётгандек тасаввур уйғотди.
Масалан, марказий ярим ҳимояни олайлик. Тезкор ва марказни тезлик билан босиб ўтишга одатланган, эпчил ва чаққон Жанубий Кореяга қарши кимлар билан ўйнадик? Жепаров, Кападзе, Аҳмедов, Ҳайдаров! Ҳар бири яккакурашларда русчасига айтганда “резкость” (кескин тезланиш) етишмайдиган ва ҳар бири бир бирига яқин услубда ҳаракат қиладиган футболчилар. Оқибатда биз аксарият якка курашларни ҳам, ҳаво курашларини ҳам бой бердик.
Балки Қосимов Корея билан ўйинда тўпни назорат қилишга урғу берган, шунинг учун тажрибали ярим ҳимоячиларни майдонга туширган бўлиши мумкин. Аммо биз ўйиннинг асосий вақтини барибир иккинчи планда ўтказишимиз аниқ эди, ўйин асосан корейсларнинг ташаббусида бошланишини тахмин қилиш қийин эмасди, тўғрими? Тўпсиз ўйнашга унчалик ўрганмаган ярим ҳимоямиз энг керакли пайтда, иккинчи тайм ўрталарида тамом бўлиб бўлганди. Сафарда, конкрет натижа учун ўйнаётган жамоа кучини бутун тўқсон дақиқага тақсимлаши керак эмасмиди?
Биз нима қилдик? Ўйиннинг бошланишига урғу бердик. Мақсад бир темпда ўйинни ушлаб туриш ва вақт ўтган сари рақибнинг ортиқча ҳаяжонидан фойдаланиб, бемалол ҳимояланиш эди. Эрондаги ўйин ҳам шу тарзда кечган. “Бунёдкор”нинг сафардаги ўйинларида ҳам кўпинча шунақа бўлаётганди. Биз ғалаба қозонган ўша ўйинларда ҳам, биласизми, мабодо рақиб ҳисобни тенглаштирса ёки олдинга чиқиб олса, тақдим этадиган ҳеч нарсамиз йўқ эди. Бизда ўйинда бурилиш ясайдиган, ташаббусни ўз қўлимизга оладиган ва ҳеч бўлмаса босим уюштирадиган режа йўқ эди. Ўйинни қанақа бошласак, шундай тугатамиз, бу сафар омадимиз келмаганини сабаби, биринчи таймдаёқ гол ўтказиб қўйдик.
Кимдир захираларга ёпишади, Тожиев вақтида тушиши керак эди, иккита ҳужумчи қилиш керагиди, Санжар, Гейнрих ва ҳоказо. Йўқ, ишонинг, гап таркибда эмас, биз Кореяга кўрсатишимиз мумкин бўлган тишимиз йўқ эди. Хўш, бутун тўқсон дақиқа давомида эслайсизми, бирорта охиригача ўйланган комбинацияни ёки беш дақиқагина рақиб ҳимоясини босимда ушлай олганимизни? Мен эслолмадим, балки узоқдан берилган зарба ёки бурчакдан оширилган тўпдан сўнг бирор нима қила олмасак, бошқасига ишониш қийин эди. Ўйиндан келиб чиқиб.
Энг ачинарлиси, Корея бизни ютиш учун ўйин темпини оширишга, қандайдир қўшимча ҳаракатлар қилишга муҳтож бўлмади. Биз қандай осонгина мағлуб бўлган бўлсак, улар шунчалик терламасдан ғолиб бўлишди. Кўриниб тургандики, керак бўлганда, қўшиш учун уларда етарли ва жуда кўп захира куч бор эди. Шунчаки. Улар ҳам ортиқча эҳтиёткорлик кўрсатишди холос.
ҲИМОЯЛАНИШ
Биргина гол, уям автогол, у ҳам ҳакамнинг хатосидан сўнг киритилгани бизни алдаб қўймаслиги керак. Сабаби, бусиз ҳам ҳимояда хатолар етарли бўлди.
Биринчиси, биз рақибнинг жарима майдони яқинига юқорилатиб етказиб берган узатмаларини қабул қила олмадик. Хўп, яккакурашларда улар устун экан, аммо бу ҳолатда, зонада сон жиҳатидан ёки позицион устунликка эга бўлиш орқали эпизодларни ҳал қилиш имкони йўқмиди? Кореянинг бу жиҳати олдинги ўйинларда ҳам кўрилган, демак марказда юқори курашларга устароқ бўлган футболчиларни қўйиш керакмасмиди? Корея асосан жарима майдони ташқарисига тўп етказиб бермоқда, ва кўпинча, ўша зонада уларнинг бир нечта футболчиси жойлашиб олмоқда. Демак, марказий ярим ҳимоячилар – Анзур билан Исломнинг бу курашларда қатнашиши хавфли. Чунки, кураш натижасида позицион устунликни йўқотишади, мабодо мағлуб бўлишса, марказий ҳимояда очиқ бўшлиқ юзага келади. Асосан таянч ярим ҳимоячилари курашда актив бўлишлари талаб этиларди. Бунинг учун эса Мусаев каби атлет ва бузғунчи ярим ҳимоячиларга эҳтиёж сездик.
Кореянинг мана бу ҳужумига эътибор қаратинг:
Бу ерда ҳам индивидуал, ҳам позицион хато кўзга ташланади. Узатмадан сўнг, корейс футболчиси яққол ҳимоячимизни ортда қолдирмоқда. Марказда турган Ислом эътиборини тўпга қаратиб, деярли пассив ҳолатга чиқиб кетаётганига эътибор қаратинг. Корейс футболчиси икки шериги турган зонага тўпни ташлаб бера олса, тамом, фақат Анзургина икки корейс футболчиси қаршисида қолади. Шундай бўлди ҳам, икки фтуболчи осонлик билан Анзурни доғда қолдиришди. Фақатгина яккама-якка вазиятга чиққан ҳужумчининг зарбаси ноаниқ кетганигина бизни голдан асраб қолди.
Энди бошқа футболчиларимизнинг позициясига эътибор қаратинг. Уч футболчимиз деярли бир чизиқда ва энди, қаршилик қила олмайдиган ҳолатда қолиб кетишди. Тўп учун курашаётган рақиб футболчиси бемалол тўпни орқароққа ташлаши ҳам мумкин. У ерга ҳам биринчи бўлиб корейс футболчиси ҳаракатланмоқда. Гуёки саккиз киши бўлиб ҳимояланаётган бўлсак ҳам, мана шу расмнинг ўзида Кореянинг тўрттала футболчиси деярли очиқ турибди. Тўғри, вазият, рақибнинг узун пасидан кейин юзага келди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоячилар ўз позициясини ва ўз футболчисини аниқлаб олишилари керакмасми?
Энди мана бу ҳолатга эътибор беринг.
Рақиб унчалик тезкор бўлмаган позицион ҳужум уюштиряпти. Яъни ҳимоячиларимизда вазиятни баҳолаш ва зоналарни ёпиш учун етарли имкон бор. Биз яна 8 ҳимоячи билан ҳимояланяпмиз. Хўш?
Қаранг, кореялик ярим ҳимоячида, шу ернинг ўзида иккита йўқотишсиз вариант бор. У чапга, яъни марказда турган шеригига ҳам етказиб бериши мумкин ёки ўнг қанотга ошириб ҳужумни ривожлантириши мумкин.
Футболчи учинчи вариантни танлайди ва одатдагидек, жарима майдонимиз яқинида кўпчиликни ташқил қилган шерикларига бироз юқорилатиб тўпни йўллайди. Шунчаки кўзини юмиб, кураш зонасига эмас. Расмдаги сўроқ белгиси остида турган кореялик футболчи олдиндан ўйланган маневрни қилади ва ўнг тарафга тезлик олади. Марказий ҳимоячимиз Анзур Исмоилов табиийки, унинг ортидан югуриб кетди, натижада марказдаги иккинчи ҳужумчи ёлғиз қолди. Бу ерда, тезлик олган ҳужумчининг ёнида турган иккинчи футболчимизнинг вазифаси нима эди, Ислом Тўхтахўжаев нега Анзур қолдиришга мажбур бўлган марказни ёпиш ўрнига орқада юрибди, буям масала. Қайтараман, бу Кореянинг позицион ҳужуми, кутилмаган бир вазият эмас. Вазият Корея ҳужумчисининг осонгина тўпни қабул қилиши ва зарба бериши билан якун топди. Яхшиямки, ҳужумчи бироз шошилди ва вазиятни баҳолай олмади. Агар у ёлғиз турганида ҳозир биз кўриб тургандек, билганида, бошқача ўйнаши аниқ эди.
ГОЛ
Энди гол бўлган вазиятга эътибор қаратамиз. Ҳа, автогол. Олдинроқ қоида бузилганди. Ҳа, ҳакам хато қилди. Аммо, яхшилаб қарасак, бу вазиятда ҳам айбдор фақат ҳакам билан Акмал эмаслигини кўрамиз.
Корея иккинчи тўлқин ҳужумини уюштирмоқда. Бақоевдан ташқари барча футбочлиларимиз ҳимояда. Рақибнинг тўрт футболчиси жарима майдони ичида, иккитаси ташқарисида. Гўёки, иккита ҳимоявий футболчимиз жой олган ва бетон бўлиши керак бўлган ўнг қанотимиздаги кореялик футболчида вариантлар кўплигини қаранг. Денисовнинг бир ўзи икки рақибга қарши қолиб кетган, агар кореялик тўпсиз турган футболчи истаса, ўнг қанотдан тезлик олиши ва шеригидан тўпни қабул қилиб, бемалол тўпни етказиб бериши мумкин. Нима бўпти дерсиз, лекин ҳимоядаги асосий вазифамиз корейсларни қанотларда тўпни қабул қилиб, юқорилатиб оширишларига тўсқинлик қилиш эмасмиди?
Ҳайрият, Шоҳрух Гадоев топилди. Лекин айни пайтда у нима қилаётганини тушуна олмадим. Балки сиз уриниб кўрарсиз?
Энди шу ҳолатда жарима майдонидаги бошқа футболчиларимиз нималар қилаётгани билан танишинг. Саккиз футболчи рақибнинг тўрттагина ҳужумчисини тўлиқ назорат қила олгани йўқ. Эътибор беринг, ўнг қанотга яқин турган корейс футболчисидан бошқаси деярли очиқ турибди. Тўғри, ҳимоячиларимиз уларни қуршаб олган, лекин уларнинг барчасининг эътибори тўпда. Ҳужумчи бемалол ҳаракатини ўзгартириши ва бошқа зоналарга очилиши мумкин, ҳимоячилар сезишмайди. Бунинг исботи ўлароқ, узоқ бурчакдаги корейс футболчиларига эътибор қаратинг. Бирининг ёнида уч ҳимоячи (уччовиниям кўзи бошқа жойда), иккинчиси эса мутлақо бўш турибди. Уни ким қўриқлаши керак? Ўз дарвозасига гол уриб қўйган Шораҳмедов эмасми? Билмадим.
ҲУЖУМ
Гол уришимиз керак бўлагн иккинчи таймда чарчаб қолгандик. Кўпчилик бўлиб рақиб дарвозасига босим ўтказа олмадик. Вазиятни баҳолаган Қосимов эҳтиёткорлик қилганини тан олди ва мабодо, йирик ҳисобда ютқазсак, аҳвол янада қийин бўлиб кетишидан қўққанини айтди. Лекин вазифа нима қилиб бўлса ҳам ютқазмаслик эди, зеро Қатарни 6-0 ютиш билан 10-0 ютиш ўртасида кескин фарқни кўрмаяпман.
Келинг, биргина расм билан кифояланамиз.
Уч футболчимиз чап қанотдан жарима майдонига кирмоқчи. Биласизми, нега Месси футболчиларни алдаб кетаверади, бизникилар йўқ? Гап фақат Мессида эмас. Ҳужумдаги бошқа футболчилар турли “коридор”лар ташкил қиладилар, тинмай ҳаракатланадилар. Яъни тўп билан кетаётган Мессида фақат алдаб ўтиш эмас, ундан ташқари бир нечта вариантлар бўлади. Ҳимоячилар ўша бошқа вариантлардан ҳам қўрқиб, Мессига қаршилик кўрсатишда чекланадилар. Мана бу ҳолатни қаранг: хўп чап қанотдан кирмоқчимиз, лекин бошқа зоналарда ҳужумни қувватлаш қани? Бошқа ҳудудларда ҳаракатланиш ва ҳимоячилар эътиборини жалб қилиш орқали, шериклардаги вариантлар сонини кўпайтириш эмасми асосий вазифа? Гейнрихнинг юрган жойига эътибор беринг, ахир, бундай ҳужумни писта чақиб, қайтаради-ку, яхши жамоалар!
ЯНА БИР ГАП
Терма жамоамиз Кореяда кийиб тушган либоснинг сифати эътиборимни тортди. Масалан, яхши майдон бўлса, трансляцияда ёмғир ёғаётгани билинмайди. Яқин планда кўрсатмагунча, тўғрими? Ўйиннинг бошидаёқ футболчиларимизнинг либосига қараб, ҳолатни пайқаш қийин эмасди. Футболка сувда шилта шалаббо бўлиб, футболчилар танасига замбилдек осилиб ҳаракатланиш учун халақит бераётганини пайқаш қийин эмасди. Хўш, шу аҳволда, Корея билан юқори қаватлардаги кескин курашни кутганмидик? Кимнинг айби бу? Нега, ҳар қандай ҳолатга ҳам чидамли бўлган, футболчиларимиз ҳаракатланишини чекламайдиган юқори сифатли либос олинмади? Мундиалга лойиқ бўлиш учун ҳар томонлама лойиқ бўлиш керакмасми?Хуллас, гапирса гап кўп. Лекин бу спорт, ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчиларимизга ишонишда давом этамиз. Имкон қадар эски хатоларни қайтармаган ҳолда, Қатарга қарши ўйинда яхшироқ, мазмунлироқ ўйин намойиш этиб берадилар, деб умид қиламиз. Омад.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
BRAND 2013-06-16 11:03:10 00 PREMIER 2013-06-14 22:28:44 00 PREMIER 2013-06-14 22:23:29 00 BLAUGRANA 2013-06-14 21:47:11 +10 FILOSOF 2013-06-14 18:19:57 00 BEKGAFUROV 2013-06-14 16:59:57 00 BEKGAFUROV 2013-06-14 16:46:28 00 ASTONMARTEN 2013-06-14 16:44:42 00 KOMRON 2013-06-14 16:39:35 00 JORESMA 2013-06-14 16:37:42 00 HEROLION 2013-06-14 16:14:02 00 BAHROMJON 2013-06-14 16:11:31 00 NODIRBOBO 2013-06-14 15:59:53 00 HEROLION 2013-06-14 15:58:11 00 HEROLION 2013-06-14 15:55:26 00 BAHROMJON 2013-06-14 15:33:49 00 BAHROMJON 2013-06-14 15:31:59 00 BEKGAFUROV 2013-06-14 15:04:55 00 FRIBERY 2013-06-14 13:33:39 00 FRIBERY 2013-06-14 13:25:33 00 XASANBOY 2013-06-14 12:13:28 00 DOTSENT 2013-06-14 10:46:53 00 SAMARQANDI 2013-06-14 10:35:31 00 DOTSENT 2013-06-14 10:18:29 00 ABDULOVJ 2013-06-14 09:39:30 -20 JANUB 2013-06-14 09:32:56 00 ANTIVIRUS 2013-06-14 09:31:14 00 CONQUEROR 2013-06-14 09:21:27 00 ANTIFREE 2013-06-14 09:20:40 00 FANFCB 2013-06-14 07:57:32 00 MANUTDBARSA 2013-06-14 07:27:02 00 UZBARS 2013-06-14 07:11:25 00 MARSEL 2013-06-14 05:17:11 00 BOSMACHI 2013-06-14 03:36:39 +20 AZIZFANAT 2013-06-14 03:01:40 00 AZIZFANAT 2013-06-14 02:50:55 00 LYUBITEL 2013-06-14 02:23:03 +40 DINAMACHI 2013-06-14 01:51:59 00 DINAMACHI 2013-06-14 01:50:40 00 ZIMISTONIY 2013-06-14 01:25:33 00 UZBEKISTONIM 2013-06-14 01:25:22 00 BLAUGRANA 2013-06-14 00:56:13 00 FILOSOF 2013-06-14 00:04:22 00 FILOSOF 2013-06-14 00:03:05 00 FILOSOF 2013-06-14 00:01:13 00 FILOSOF 2013-06-13 23:57:18 00