-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Қоч, Жамшид, қоч!
Баҳо: +3Киритилган сана: 2013-08-28 16:27
“Мен зўр диллерман. Автомашина сотаман!”
“Зўр машиналар сотасанми? БМВ борми?”
“БМВ ни аҳмоғам сотишни билади. Мен ВАЗ сотаман” (“КВН”дан)
Мана шу ҳазил билан сарлавҳани боғлаб, мени ўзбек футболчиларини камситишда айбламанг. Аслини олганда ҳам, Европада ўзбекистонлик футболчиларга бўлган талаб биз истаганимиздек, ёки биз “аслида шундай бўлиши керак” деб ҳисоблайдиган даражада яхши эмас. Нега Англияда корейслар ёки Германияда японлар кўпайиб кетаётганининг тизимли изоҳини билмаганим учун, барчасини воқеалар кетма кетлиги билан боғлашим мантиқлироқ. Яъни аввал, бир нечта ходиса рўй беради, масалан, бир ёки бир нечта юртдошимиз Европада муваффақият қозонади.
Ана ундан кейин, футболчиларимизга жиддийроқ қарашлар пайдо бўлади, агентларимизга ҳам осон бўлади ва ҳоказо. Ёшларимизнинг жаҳон чемпионатида қатнашишлари, у ерда ўзларини яхши томондан кўрсатишлари - бу ярим мол ҳам эмас, восита холос. Барибир, юқорида айтганимдек, аввало бир нечта конкрет мисолларга эга бўлишимиз шарт.
Муайян мисолларга эга бўлишимиз учун эса тизимдан кўра ёрқин талантларга эхтиёж сезамиз. Масалан Одил Аҳмедов АПЛни забт этади ёки Денисов “Локомотив” даражасидан сакраб, Бундеслигадаги ёрқин футболчилардан бирига айланади. Ёки Жамшид Искандаров қайсидир жамоанинг назарига тушади ва...
Ҳа, Жамшид Искандаров иложи борича бу ердан кетиши керак. Бир қанча тўсиқлар борки, уларни бу ерда туриб забт этиб бўлмайди ва бир кун Жамшид Искандаровдан Шерзод Каримов қолишини истамасдим.
Биринчидан, ПФЛда энг юқори амбицияга эга бўлган клублар йўқ. Шошманг, “Бунёдкор” ҳар йили ОЧЛ ни олишга ҳаракат қиляпти-ку, деманг. Фозил Мусаевнинг клубни тарк этганининг ўзиёқ кўп хулосаларга сабаб бўлиши мумкин. Ёш, иқтидорли, умидли ва жамоада муайян ўрнига эга бўлган футболчининг ушлаб тура олмаслик ўша клуб амбицияларининг ўша футболчи даражасидан паст эканини билдиради. Ахир Мусаев Европага эмас, Осиёга, яъни кўпи билан ўша “Бунёдкор” қатнашадиган турнирда ўйнайдиган жамоага йўл олди. Айтмоқчиманки, Жамшид Ўзбекистондаги мана бу жамоага ўтса, яна ўсиши мумкин, деган фикрни ҳар қанча уринсам ҳам асослай олмайман. “Пахтакор”нинг ҳозирги ёшлари бир неча йил ўтиб, халқаро майдонда барчани тиз чўктиради, деган гап эса, “Насияга эртага келинг” деб пештоғига ёзи қўйгшан дўконни эслатади - “Совринлар учун келаси йили курашамиз!”
Энг юқори мақсади Ўзбекистон олий лигасида ғалаба қозониш бўлган бу клубларда футболчи биз кутган даражага эриша олмаслиги тайин. Ҳа, Одил Аҳмедовни мисол келтиришингиз мумкин, у ҳақида пастроқда гаплашамиз.
Иккинчидан, ПФЛ даги мураббийлар даражаси. 2002 йилда “Пахтакор” Ўзбекистондаги энг иқтидорли ёш футболчиларни йиғиб олганди. Уларга мураббий этиб эса Тожмурод Агамуродов тайинланган. Айнан ушбу мураббийнинг юқори савиядаги ишлари туфайли биз ҳатто ҳозиргача терма жамоамиз ўзагини ташкил қилиб келаётган футболчиларга эга бўлдик. Гейнрих, Кападзе, Жепаров, Кошелев, Николаев, Бикмаев ва бошқа футболчилар футбол ўйнаш билан бирга ўсиб бордилар.
Кучли таркибга эга булиб ҳам натижага эришиш мумкин, тўғрими? Кўп тортишиб қолинади, фалон жамоа шундоғам кучли, мураббийсиз ҳам чемпион бўлиши мумкин. Бир қараганда тўғри гап, агар топ жамоалардаги мураббийнинг ишига баҳо беришни истасак, таркибдаги футболчиларнинг ўсиб боришига аҳамият қаратишимиз керак бўлади. Бу ерда муҳим савол шу: Жамоа кучли таркиб бўлгани эвазигагина бошқаларни ютяптими ёки мураббий ушбу таркибдан максимал даражани тақдим эта оляптими? Яъни мураббийнинг асосий фазифаси таркибдаги футболчилардан максимал фойдалана олиши. Ҳар бир футболчининг ютуқ ва камчиликларига тўғри баҳони бериб, ютуқларини ошириб бориши ва камчиликларининг ўйинга таъсирини камайтириб боришидир. Мисол учун ўша Агамуродов “Нефтчи”да ҳужумчи бўлган Кападзедан ажойиб марказий ярим ҳимоячини яратди ва ҳоказо.
Хўш, сўнгги йилларда, ўша Сколари давридан буёғига, бирор футболчи маълум даражада давомли ўсиш суръатига эга бўлиб бормоқдами? Ким? Ўша терма жамоага сакраб кириб келган футболчилар ҳам давомига тўхтаб қолишяпти, тўғрими? Демак бизда у ёки бу футболчидан максимал фойдаланишга эхтиёж ҳам, ўқув ҳам йўқ.
Учинчидан, тактик омил. Жамшидда дриблинг бор, деймиз. Қанчадир вақтгача бундан завқ оламиз. Вақти келадики, рақиблар уни яхшироқ қўриқлашади. Кўпчилик бўлиб тўп учун курашишади ва бир кун келиб бу дриблингдан асар ҳам қолмайди. Қаранг, Мессининг дриблингларидан, Роналдунинг тезлигидан ҳайрон қоламиз. Лекин биласизми, бу дриблинг ва тезлик ортида катта мураббийлик меҳнати ва жамоавий тактик ҳаракатлар ётибди.
Месси қандай қилиб ҳалигача ҳаммани алдаб юрибди? Месси тўпни олиши билан унинг жамоадошларига эътибор беринг. Аввалига унинг ҳаракатлари учун “коридор” очилади. Кейин жамоадошлар шундай ҳаракатланишадики, Мессининг ҳар бир қадамида тўпдан ажралиш учун вариант бўлади. Яъни тўп билан олдинга ҳаракатланаётган Месси исталган пайтда тўпни шеригига етказиб бериши мумкин. Учбурчак ҳолатида футболчилар Месси билан бирга олдинга ҳаракат қилишади ва давомли тарзда ўзларини таклиф қилиб боришади. Албатта, буни ҳимоячи ҳам сезади ва бир хаёли билан Мессининг пас бериши ҳақидаги вариантни ҳам йўқотишга интилади. Месси эса ҳаракатда давом этади.
Яъни замонавий футболда дриблинг бу - рақибни ё ўнга ёки чапга алдаб ўтишдангина иборат эмас. Бу икки вариантдан ташқари орқага, ёнга, олдинга, пастлатиб, юқорилатиб пас бериш ёки дарвозага зарба бериш вариантлари бўлади. Ҳужумчи ўша икки вариантдангина эмас, камида тўрт-беш вариантдан бирини танлаши дриблингнинг давом этишини таъминлайди, ҳимоячилар имкониятини чеклайди. Акс ҳолда икки ҳимоячи бемалол, ҳар қандай дриблёрдан тўпни олиб қўйиши мумкин. Бемалол!
Роналдунинг тезлиги ҳақида ҳам шу гап. Агар жамоавий ҳаракатланиш орқали каттароқ бўш зона очиб берилмаса, ўша тезликдан умуман фойда йўқ, шундайми?
Демак, Жамшиднинг ўсиб бориши учун фақат индивидуал маҳорат ёки машғулотлар эмас, атрофдаги жуда кўп шароитларнинг мавжуд бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади ва унинг терма жамоамиз етакчиси бўладиган даражага чиқиши учун Олий лигамиз ўйинлари мос эмас.
Ҳа, Одил Аҳмедов ҳам каттароқ ёшга етгунча “Пахтакор”да ўйнади, кейинчалик МТЖда ўзини кўрсатибгина, кучлироқ чемпионатга йўл олди.
Нега энди Жамшид унинг йўлидан бора олмас экан?
Бора олмайди! Қаранг, Одил Аҳмедовдан олдин шунақа ҳолат кузатилганми? Йўқ! Ўзини кўрсатган бошқа легионерларимиз Максим Шацких ҳам, Виталий Денисов ҳам, Санжар Турсунов ҳам, Илёс Зайтуллаев ҳам миллий чемпионатимизда деярли ўйнашмаган. Аҳмедов узоқ вақт, камида 3-4 йил бир маромда ўсиб борганининг асосий сабабларидан бири, унинг омадли вақтга тўғри келиб қолганлигидир. Чунки 2008-10 йилларда ички чемпионатимизда ўсиш кузатилди. Жуда юқори амбицияли клуб “Бунёдкор” бор эди. Одил у ерда ўйнамаган бўлса ҳам, “Пахтакор” айнан ўша жамоага мос тарзда ўз олдига юқори мақсадлар қўйди, ўша жамоа билан курашди. Албатта, Аҳмедовнинг профессионал эканига, ўз олдига катта мақсадни қўйиб, оғишмасдан ҳаракат қилганига таҳсин айтсак бўлади, аммо у яна икки йил қолганида, у ҳам бир жойда тўхтаб қолган бўларди, менимча.
Ўша 2-3 йиллик даврда фақат Одил эмас, бошқа футболчилар ҳам савия жиҳатидан озми-кўпми ўсиб боришган. Ўша рақобат, ўша амбициялар, ўша шароит ҳозир Жамшидда йўқ.
Бошқа тарафдан олсак, Одил Аҳмедов ўз вақтида чет элга кетди, деб ҳисобламайман. Аслини олганда у ҳам кеч қолган, назаримда. “Арсенал” ёки бошқа Европа жамоаларинг қизиқишлари ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, вазиятга реал қараш керак. Аҳмедов энди Россия чемпионатидан юқорига сакрай олмайди. Келаси йили у 28 ёшга киради. Айтингчи, Европада бу ёшдаги футболчиларга қай даражада эътибор берилади? Ҳатто ўша ёшгача топ даражада ўзини кўрсатган бўлса ҳам, эътибор камайиб боради-ку?! Агар Одил ҳеч бўлмаса икки йил олдин Россияга кетганида, ҳозир у анча юқорироққа чиқиши мумкин эди.
Хулоса қилиб айтганда, Жамшид Искандаровга мос клуб топишни кечиктирмасдан бошлаш керак. Бу ерда совчи клубнинг футболчига бўлган реал муносабати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳа, яхши футболчи экан, машғулот қилиб турсинчи, ўзини кўрсатсин, фойдаси тегиб қолар, қабилидаги муносабатга учраган жуда кўп футболчиларимиз оқибатда захирага михланишган. Жамшиддаги иқтидорни қадрлаб, у билан ишланса, клуб учун жуда фойдали топилма бўлишига ишонган жамоа бўлса, жуда яхши бўларди. Фикримча, Мессининг шу даражага чиқишига клуб ва мураббийнинг унга бўлган муносабати катта аҳамият касб этган. Ҳа, у талант, лекин шу талант ҳам бошқа мураббий қўл остида Роналдиньонинг ёки Златаннинг соясида қолиб кетиши ва шунчаки “бир Кркич” бўлиши мумкин эди холос. Балким...
Сарлавҳадаги мурожаатим, “Пахтакор” клубига эмас. Клуб ўз манфаатини ҳимоя қилади. Кучли футболчидан осонликча воз кечишни истамаслиги ёки каттароқ пул кутиши табиий. Умуман, ҳеч қайси клубнинг мақсади “ёшларни кучли жамоаларга ўтиб кетишини таъминлаш” бўлмаслиги керак, буни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Менинг мурожаатим футболчининг ўзига ва клубнинг эмас, футболчининг манфаатларини ўйлаши шарт бўлган агентига!
Келаси йили 22 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионати, яъни олимпиада саралаш ўйинлари бўлиб ўтади. Омадимиз келса, 2016 йилдаги олимпиадада юртдошларимиз ҳам қатнашиши, у ердаги асосий қаҳрамонлардан бири Жамшид Искандаров бўлишига ишонгим келади. Лекин, у пайтга келиб, Жамшиднинг ёши Роналду ёки Месси “Олтин тўп” олгандаги ёшига етиб қолган бўлади.
Футбол совчилари эса, худди ўзимизнинг ўзбек совчилари каби, йилдан йилга ёшроғини қидиришмоқда... Ўтириб қолма!
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
RESPECTUZ 2013-09-12 21:52:49 00 BURGUT 2013-09-03 15:41:10 00 TDAVRON 2013-08-29 19:12:13 00 COBBOY 2013-08-29 15:35:16 00 TAJRIBA 2013-08-29 15:24:58 00 HEROLION 2013-08-29 12:09:48 00 TIMRA 2013-08-29 11:19:03 +10 AKMALFCB 2013-08-29 11:02:57 00 DEUTSCH 2013-08-28 23:11:24 00 SAFARALI 2013-08-28 23:10:41 00 SAFARALI 2013-08-28 23:10:41 00 JEPAROV 2013-08-28 22:30:59 00 TDAVRON 2013-08-28 22:00:00 00 TDAVRON 2013-08-28 21:50:31 00 FUTBOLVATANI 2013-08-28 21:19:58 -10 FUTBOLVATANI 2013-08-28 21:19:36 00 AXILLES 2013-08-28 20:35:37 00 AXILLES 2013-08-28 20:29:57 00 YAHYOHON 2013-08-28 20:09:13 00 MARTINI 2013-08-28 19:56:52 00 KHARITON 2013-08-28 19:27:46 00 UZBJASUR 2013-08-28 19:22:23 00 FUTBOLLL 2013-08-28 19:11:14 00 TIMURLAN 2013-08-28 19:08:25 00 TIMURLAN 2013-08-28 19:08:11 00 STRONG 2013-08-28 19:04:06 00 ALISHERKOMIL 2013-08-28 19:01:40 00 AZIZFUTBOL 2013-08-28 17:57:36 00 DJAMSHID 2013-08-28 17:44:27 00 DJAMSHID 2013-08-28 17:43:35 00 MARATBEK 2013-08-28 17:27:40 00 SIMPLEMAN 2013-08-28 17:14:54 00 SAMARQANDI 2013-08-28 17:07:04 00 KKTAXTAKUPIR 2013-08-28 17:01:51 00 ABDUAZIZ 2013-08-28 16:56:16 00 MUXLISUZB 2013-08-28 16:47:59 00