-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
"Искандарнинг шохи бор?"
Баҳо: +1Киритилган сана: 2014-01-15 19:48
Бир неча ой муқаддам, клубларимизнинг хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган бир таклифни илгари сургандим. Мавзу етарлича мунозараларга сабаб бўлган, баъзи ҳамкасбларим томонидан жиддий эътирозга ҳам учраганди. Ушбу мавзуга ҳозир ҳам тез тез мурожаат қилинаётгани бор гап, шу туфайли яна бир бор қайтишга қарор қилдим.
Муҳтарам Президентимиз томонидан футболни қувватлашга доир чиқаётган бир қатор қарорнинг бир нозик жиҳатига эътиборингизни тортишни истардим. Қарор матнларида, унинг таҳлилида “футболни ривожлантириш” тушунчаси жуда кўп учрайди. Футболни молиявий таъминлаш ёки футболга эътибор қаратишгина эмас, уни ривожлантириш ҳам кераклиги доим таъкидланиб келгани бежиз эмас. Футбол жамоатчилиги, шуни тушунишимиз керакки, қурилаётган стадионлар, яратилаётган моддий техник база ва бошқа шароитлар футбол ривожига катта туртки бераётган бўлса-да, асосий мақсад – футбол соҳасидаги муносабатлар тизимини, футболнинг яшаш принципларини тўғри йўлга қўйиш бўлиши керак. Ҳа, ҳозир катта пул, катта эътибор мавжуд, лекин бир шарт билан – қачондир, давлатимиз томонидан берилаётган бу эътибор, айниқса моддий рағбат олиб қўйилганда ҳам, бизда қандайдир йўналишга тушиб олган ва ўзини ўзи кўтариб тура оладиган бир тизимга эга бўлишимиз керак. Ҳозирги шароит, ҳозирги қувватлаш, фақат шу шарт билангина берилаётганини тушуниб етмоғимиз лозимки, эртанги кун олдидаги бурчимизни бажарган бўлайлик.
�Энди бир тасаввур қилайлик, футболимиз мана шу йўсинда, шу тартибда яна беш йил давом этсин, дейлик. Эрталаб туриб, баъзи йирик корхоналарнинг футболга ҳомийлик қилишдан воз кечганини эшитиб қолдик. Расман, улар шунчаки ҳомий, расман, футболга ҳомийлик бу, компаниянинг маркетинг компанияларидан бири холос. Компания футболдан кўра фойдалироқ, арзонроқ бошқа бир маркетинг режасини ишлаб чиқди ва клуб билан шартномани узайтирмади. Расман, клуб нима қила олади? Ҳа, бир марта эшитувдик, шунга ўхшаш воқеани. Нари борса, кучлироқ футболчиларини кучсизроқ давлатларга сотиб юбориши, ўртачароқлар билан шартномани бекор қилиши, ўринбосарлар билан давом этамиз, янги ривожланиш режаси ишлаб чиқдик, дейиши мумкин холос.
Ҳа, бундай ҳолатлардан ҳатто Европа клублари ҳам суғурталанмаган. “Малага”, “Расинг”, “Портсмут”, “Анжи”... Талайгина мисол келтириш мумкин. Лекин биласизми, фарқ қаерда. У ерда лигадаги баъзи жамоалар билан баъзида шунақа ҳолат бўлиб қолиши мумкин. Бизда эса, ҳамаси бирваракайига рўй беради. Нега? У ерда ўша сотиб олишлар, реклама компаниялари, шартномалар икки томонлама манфаат устига қурилади. Ҳар икки томонинг манфаати бор тизим барибир, келишувлар асосида ўзини сақлаб қолаверади. Кимдур ён беради, нархлар ўзгаради, бошқаси шартларини кучайтиради ва ҳоказо. Аммо бизда икки томонлама манфаат борми? Нима деб ўйлайсиз, клубларга ҳомийлик қилаётган ўша компаниялар ўша фалон миллиардлик манфаатларини сотиб олмоқдаларми? Айтайлик, бир йилда икки марта маҳаллий телевидениеда кўрсатиладиган, стадионга 3-4 минг мухлис ташриф буюрадиган “Олмалиқ” клубига фалон миллиард сарфлаётган ОТМК эвазига қанақа маркетингга эришяпти? Ҳатто клуб номига ҳам қўйилмаганку, компаниянинг номи? Бу келишув аслида, иқтисодий эмас, ижтимойи эканини, ОТМК шунчаки, ўша шаҳарда жойлашгани учун “Олмалиқ”ни қувватлаётганини, анчадан бери (бошидан бери, фақат Олмалиқда эмас), шунақа эканини ҳаммамиз биламиз-ку?
�Билишимча, олий лигамиз клублари орасида энг юқори бюджет 17 миллиард сўм, энг ками 5 миллиарддан сўмдан ошиқ. Ушбу маблағларнинг қанча қисми қаердан келиб, қаерга сарфланаётгани ҳақида билмайман, буни таҳлил қилиш ниятим йўқ. Шуниси аниқки, биз кўраётган олий лигага бир йилда, демак, 100 миллиардга яқин пул сарфланмоқда. Олий лиганинг аҳамияти, ёритилиши, майли, халқаро мусобақаларни ҳам қўшган тақдиримизда ҳам, 100 миллиарднинг ярмини қоплашига ҳам ишониш қийин, демак бу пуллар асосан, иқтисодий манфаат эвазига эмас, ижтимоий қувватлаш, аниқроғи, юқорида тилга олинган қарорларнинг ижроси, уларнинг моддий таъминоти сифатида берилаётганини пайқаш қийин эмас. Хулоса қилиш мумкинки, бу пулларни клублар ишлаб (ўйнаб) топаётгани йўқ, тўғрими?
Хўш, нима деяётгандим? Ҳа, таклифим шундай иборатки, футболимизга сарфланаётган бу пулларнинг асосий қисми ижтимоий статусга эга экан, демак, ҳар бир клуб бундан тенг фойдаланиши керак. Қандай?
ПФЛ футбол фондини ташкил қилади. Шундоғам, футболга пул сарфлаётган компаниялар клубларга эмас, фондга ҳомийлик қилишади. Уларнинг фондга пул ўтказиб беришидан нима фойда? Қарши савол: ҳозир клубларга бераётган пулларидан нима фойда бўлса, ўшанча фойда, кам эмас. ПФЛ жалб қилинган ҳомийларни имкони борича реклама қилади, мусобақаларда, тадбирларда, транслацияларда ушбу брэндларни тарғиб қилади.
Тушган пулнинг катта қисми ўша мавсумдаги олий лига иштирокчиларига тенг тақсимланиб берилади. Бу маблағ, клубнинг бир йиллик минимал ҳаражатларидан кам бўлмаслиги керак. Яъни ўша пул клубнинг бир йиллик ҳаётига етиши шарт. Кичик қисм эса, мавсум охирида, жамоаларнинг эгаллаб турган ўрнига қараб пропорционал тақсимланади.
Энди эътирозлар ва саволларни кўриб чиқамиз.
1. Бу социализм эмас.
Футболдаги тенглик нотўғри экани хақида эътирозлар кўп бўлди. Бу мавзуни тушумасликдан. Ҳеч ким ҳар бир жамоа тенг бюджетга эга бўлиши керак, тенг сарфлаши керак, демаяпти. Фақат, клублар олаётган ижтимоий пуллар тенг тарқатилиши керак, деяпман.
Фарқ шундаки, ҳар қандай клуб, футбол менежментини йўлга қўйиб, рақибларидан бир неча баробар бойиб кетиши мумкин, бемалол. Марҳамат, либосда, стадионда реклама қилиш учун брэндларни топинг, улардан пул олинг, марҳамат, футбол юлдузи тарбиялаб, қиммат нархга сотинг, марҳамат, ишқибозларни кўпайтириб, билетдан тушумларни оширинг, марҳамат, ўйинингизни чиройли қилиб, билет нархини оширинг ва яна фойда қилинг, марҳамат, марҳамат. Ҳаммаси марҳамат бўлиб ётибди. Фақат қайсидир клубдан пулингиз кўпми, демак, айнан футбол бобида ўша клубдан кўп ишлаган бўлинг. Ёки мухлисларингиз азалдан кўп бўлгани учун, шароитингиз яхшироқ бўлсин. Бемалол.
Европада бой клублар бойиб кетиб, камбағаллар камбағал бўлиб кетяпти. “Еосман иши”, “Европа Иттифоқи меҳнат кодекси” каби қонунлар туфайли, 80-йиллардаги “Стяуа”, 90-йиллардаги “Аякс”ларни энди кўрмаймиз. Бу табиий механизмлар асосида содир бўлса-да, УЕФА бу билан ҳам курашяпти, “футболдан топган даромадингиз трансфер сарфингиздан камайиб кетмасин” дегандек талаблар қўйяпти. Бизчи? Бизда табиий механизмнинг ўзи бўлмай, ҳаммага пул тарқатаётганда қайсидир клубни бой, бошқасини камбағал қилиб қўяпмиз. Деярли шунақа.
2. Клублар боқимандаликдан фориғ бўлишни ўрганадилар.
Нимаймуш, бу ҳолда клублар боқимандаликка ўрганиб қолармушлар. Яъни, “Навбаҳор” ёки “Гулистон” ҳар йили ўша минимал суммани олиб, ўшани ишлатиб, яшаб юраверар эканлар? Биринчидан, олий лигадаги иштирок тўлиқ молиявий таъминланганлиги туфайли, у ердан тушиб кетмаслик учун кураш қаттиқ кечади. Боқиманда бўлдингизми, демак бюджетингиз ўша минимал суммада қолиб кетади, бошқа клублар эса, ҳаракат қилиб, уларни ортда қолдиришлари ва лигадан тушириб юборишлари мумкин. Лигадан тушиб кетиш, бу ўша пуллардан қуруқ қолиш дегандек гап.
Иккинчидан, ҳозир клублар боқиманда эмасмилар? Ўйлайсизки, клублар зўр менежмент орқали бугунги ҳаражатларни қоплаяптиларми? Биласизми, тиланчи ҳам баъзан биздан кўпроқ меҳнат қилади. Иссиқда, совуқда ўтиради, кўчама кўча юради, ялинади, ёлворади ва ҳоказо. Унинг меҳнати оддий газета сотувчисидан кўра оғирроқ бўлса-да, аслида ким боқиманда? Айтмоқчиманки, тиланчилар кўча айланмасин, уларга пулимизга бир станок олиб берайлик, пайпоқ тўқиб ўтирсин уйда. Ривожлансин. Пайпоғи яхши чиқмаса, ўрнига бошқа тиланчилар келиши мумкинлигидан қўрқиб, излансин. Ривожлансин. Бойвачча бир саҳий одамнинг қўшниси бўлиб қолган тиланчига ўхшаб, қайсидир катта завод билан бир шаҳарда жойлашиб қолганидан фойдаланиб, тиланиб юравермасин. Ривожлансин.
3. Футбол фаолиятига бўлган тарғиб ошади.
Ҳа, ривожланиш мана шу. Ривожланиш дегани бу сарфлаш эмас, даромад қилишдир. Футболга кўп сарфлаётган эмас, футболдан кўпроқ даромад қилаётгани ривожланганроғидир. Фақат ички академия туфайли, “Барселона” шунақа жамоа қурдики, унга тенглашиш учун бошқалар юз миллионлаб пул сарфлашга мажбур бўлдилар. Бу менежментнинг ютуғи.
Қаранг, ҳаммага бериладиган пуллар тенг бўлгач, клуб чемпион бўлиш учун, юқори ўрин олиш учун, лигада қолиш учун ёки, қўшимча манбаларга эхтиёж сезади. Ана энди, клуб ҳақиқатан ҳам, ҳақиқий ҳомий излаб ташқарига чиқади. Мухлислар билан ишлашга эътибор қаратади, чунки ҳар бир мухлис бу потенциал пул сарфловчи, уларнинг рақибдан кўра кўпроқ бўлиши сизга устунлик олиб беради. Стадионлардаги шароитлар, мухлисларнинг ташрифидан тўғридан тўғри манфаатдор бўлади. Клубларда молиявий режа, стратегия, йўналиш пайдо бўлади.�
4. Табиий равишда клублар ички ресурсларга эътибор қарата бошлайдилар, малакали мутахасисларга талаб пайдо бўлади
Нега молиявий барқарорроқ клублар бошқаларнинг кучлироқ футболчиларини осонлик билан қўлга киритяптилар? Тўғри, ҳамма жойда шунақа, “Арсенал” “Фулхэм”нинг етакчисини осонлик билан қўлга киритади. Пул кўпроқ. Биздаям шу. Фарқи, бизади бой клублар мана шу устунликни пайдо қилиш учун йиллаб пойдевор қўйишмаган. Майли, ўн йилдан кейин, қайсидир клуб наригидан бойроқ бўлсин. Майли, ўшанда футболчиларни пул билан қизиқтириб олиб қўйсин. Лекин фарқи, биз ўшанда ўша клубга эътироз билдирмаймиз, пойга бошида ҳамма тенг бўлганини билиб турамиз.
Хуллас, ҳар қандай клуб иқтисодий тузилмага айланади. Чемпион бўлиш керакми, демак, мана шу футболчиларни сотиб олиш керак, деб, ҳомийнинг олдига югурмайди. Муваффаяитнинг бошқа гаровлари бор. Масалан, кучли тренер. Кучли тренер мундайроқ таркиб билан ҳам яхши натижага эришиши, ёш футболчиларни жалб қилиб, уларни юлдузга айлантириш мумкин. Истаса, уларни трансфер қилиб, пулини кўпайтириш мумкин. Нима бўлгандаям, иқтисод+натижа мувозанатида кечади ҳаммаси ва яхши мураббий, яхши менежер, яхши академия ва ҳоказолар орқали бошқалардан устунроқ бўлиш мумкинлигини тушуниб оламиз.
6. Клубларнинг молиявий фаолияти шаффофлашади, назорат қилиш имкони пайдо бўлади.
Пул клубга берилдими, демак назорат ҳам ўша фонд зиммасида бўлади. Ҳозир қанақа? Клуб бор ва ўша клубни молиялаштирадиган ташкилот бор. Ташкилот ва клуб ўзаро тил бириктирган ҳолда ҳар қанча ҳаражат қилиши мумкин, буни футбол жамоатчилигидан сир тутиши осонроқ. Бу нуқта ҳам бирча миллионларни ҳавога совуриш (ҳавога совуриш деганда, шунчаки сочиб юбориш эмас, футболдан ташқари ҳаражатлар учун ишлатишни назарда тутяпман) учун шароит туғдиради.
Фонд ушбу ҳаражатларни назоратини ҳам йўлга қўяди. Пул берилдими, демак, футболчиларнинг ойлигидан тортиб, кўтарма-трансфер пулларигача шаффоф ҳолда акс эттирилади. Ўзи топган пуллар бўйича марҳамат, клуб мустақил, истаса, борини мукофот пули сифатида тарқатиб бўлиб олишсин, исташса, яхшироқ трансферларни амалга ошириб таркибни кучайтиришсин.
7. Босим ва масъулият пайдо бўлади.
Мисол учун, ҳозир, “Нефтчи” кучли ўйин намойиш эта олмаса, қандай бўлади? Мухлисларнинг саволларига жавоб маълум: “Пулдан қийналиб қолдик, бу ҳолатда, канешна “Бунёдкор” ки “Локомотив”га қарши ҳеч нарса қила олмаймиз-да?” Нисбатан ҳақ, мухлис, қачон биздаям пул бўларкин, деб кетаверади. Аслида жамоа потенциали баландроқ эканини ва мураббий ёки бошқарувчиларда муайян хатолар ҳам бўлганлигини таҳлил қилиб ўтирмайди. Анови ҳолатда эса, мухлисларда “улар билан тенг эдиларинг, демак, яхши ишламагансизлар” дейишга имконият яралади. Нафақат мухлислар, футбол жамоатчилиги олдида ҳам масъулият ошади, жузъий камчиликлар ўртага чиқади. Давомли тарзда муваффақиятсиз натижалар, лигага тушиб чиқавериш ҳолатлари ўша клубда шунча пулнинг бекор сарфланаётганидан далолат беради. Айбдорлар изланади.
8. 1-лигадаги рақобат ошади.
Хўш, биринчи лиганинг савияси нега паст? Муаммо шундаки, 1-лига жамоаси олий лигага чиқишни истамайди. Сабаби, хўп, олий лигага чиқди ҳам дейлик. Шаҳар, туман ёки ҳомийлик қилиб турган ташкилот олий лига ҳаражатлари учун аввалгидан ўн баробар кўп маблағни топиб бера оладими? Йўқ, кўпинча. Натижада 1-лигада ўйнаб турган клуб раҳбари ҳам, унинг мураббийи ҳам, футболчи-ю мухлислари ҳам, мабодо лигада ғолиб чиқса, келаси йили олий лигада ўйнамаслигини жуда яхши билади. Хўш, қаердан келади энди мотивация ёки қизиқиш?.
Спорт принципларининг бузилиши бор. Олий лига йўлланмасини ютиб, кейин воз кечиш, ўша шаҳар ёки туман учун ортиқча салбий чизги. Жамоатчилик олдида. Ундан кўра, гуёки олий лига учун курашгандек ҳаракат қилиш ва “чиқа олмадик” дейиш, осонроқ ва қулайроқ. Натижада, жамоа мавсум охирида атайлаб натижани ёмонлаштириб юборишлари ҳолатлари ҳам учраб туради.
Олий лигадаги қатнашувнинг молиявий таъминланганлиги биринчи лигадаги ҳар қандай жамоа учун курашишга рағбат бўлади. Бугунгидан ўн баробар буюджетга эришиш, жамоа инфратузилмасигаям, клуб раҳбарлари, мураббий ва футболчиларнинг молиявий аҳволига ҳам ижобий таъсир қилади. Ана мотивация. Ахир олий лигага чиққан клуб, ҳозирги каби, дарров таркибни тубдан ўзгартириб, кучлироқ футболчиларни жалб этишлари унчалик осон бўлмайди.
9. Хусусий клублар пайдо бўлишига шароит пайдо бўлади.
Кўпинча, хусусий клублар пайдо бўлиши кераклиги футболимизга ижобий тус бериши мумкинлиги ҳақида гапирамиз. Аммо аслида, бу учун етарли шароит яратишимиз лозимлиги ҳақида кам ўйланади. Хўп, бир бой бадавлат тадбиркор футбол клубини олий лигада ўйнатиши учун бир йилда беш миллиарддан ошиқ сарфлаши кераклигини айтиб ўтдиг-а? Энг ёмони, бу йил сарфлагач, келаси йили яна шунча, кейин яна шунча, хуллас, ҳар йили шунча сарфлаб юравериши керак. Ким ҳам истарди буни?
Аслида клубларнинг хусусий бўлиши ёки ҳокимиятларга ёки қандайдир заводнинг балансида бўлишининг катта аҳамияти йўқ. Балки мухлисларнинг акцинерлик жамияти бўлар… Асосий керакли жиҳат, клубларга хусусий мулкчиликдагидек муносабатнинг пайдо бўлишидир. Яъни клуб раҳбари жамоага ўз мулкидек қараши, эхтиётлаши керак. Асосийси шу.
Бошқарувчига нафақат ўз клубидаги минимал таъминотнинг мавжудлиги, балки, худди шу шароит рақибларда ҳам борлиги таъсирини ўтказади. Демак улардан устун бўлиш учун ўша пулни ўрнида сарфлай билиш, рентабеллигини ошириш, сарфларнинг самарадорлигини оширишдан тўғридан тўғри манфаатдор бўлади. Мана шунинг ўзи хусусий мулкчилик муносабатидир.
Энди, тўғри маънода. Европанинг биздан устунлиги шундаки, у ердаги клублар аввалдан хусусийлик асосига қўйилган. Клублар хусусий қилинганда, яъни пайдо бўлганида, сарф ҳаражатлар ҳозиргидек кўп эмасди. Футболнинг ўзи, даромадлар ва ҳаражатлар бир бири билан узвий ҳолда ривожланиб борган. Оддий мисол, аввал ижтимоий бўлиб, кейин хусусийликка ўтаётган Россия ёки Украина жамоалари қандай қийналаётганликларини кўринг. Айтмоқчиманки, кимдур, бизда, ўзидан ўзи, битта клубни сотиб олиб, ҳар йили беш миллиард сарфлаб юришидан умидимизни узайлик.
Бу вариантда эса, тадбиркор ёки тадбиркорлар уюшмаси анча кичик буюджет билан ташкил қилишлари мумкин. Олий лигага олиб чиқишса, минимал таъминотга эга бўладилар. Яна яшаб қолиш учун эса, имкони борича менежментни кучайтириш, тўғри мураббий, тўғри футболчиларни танлаш ва ҳоказо талабларни бажаришлари керак бўлади. Минимал таъминот мавжуд бўлгач, футболга қилинадиган ҳар қандай қўшимча сарф ўз самарасини беради, шуни кутса бўлади. Қайсидир завод ёки компания темпида, уларга тенглаши юриш учунгина пул сарфлаб, келаси йили яна ўша ишни қилишдан кўра, масалан…
Ҳозирча шунақа гаплар. Фикрларингизни кутаман.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
FERGI 2014-01-18 22:15:49 00 FERGI 2014-01-18 22:15:07 00 GULNURXAN 2014-01-17 08:31:42 00 IMPERATOR 2014-01-16 12:57:44 00 UZBSANG 2014-01-16 11:04:09 00 UZBSANG 2014-01-16 10:04:00 00 DINAMACHI 2014-01-16 00:58:34 00 DINAMACHI 2014-01-16 00:58:17 00 DINAMACHI 2014-01-16 00:50:26 00 DINAMACHI 2014-01-16 00:50:16 00 ARSTOKRATS 2014-01-15 23:57:51 00 UNITEDSFAN 2014-01-15 23:57:00 00 UNITEDSFAN 2014-01-15 23:56:02 00 NEWDIZELPLUS 2014-01-15 23:16:14 00 ALBARS 2014-01-15 21:30:43 00 UZBBEST 2014-01-15 21:28:17 00 ARSTOKRATS 2014-01-15 21:27:46 00 ARSTOKRATS 2014-01-15 21:25:08 00 SHEVAROONEY 2014-01-15 21:24:56 00 UZBBEST 2014-01-15 21:24:52 00 UZBBEST 2014-01-15 21:24:35 00 BAHROMJON 2014-01-15 21:09:55 00 SNAYPERS 2014-01-15 21:09:54 00 CHEBARO 2014-01-15 21:09:49 00 SNAYPERS 2014-01-15 21:09:46 00 DINAMACHI 2014-01-15 21:01:38 00 DINAMACHI 2014-01-15 21:01:29 00 ARSTOKRATS 2014-01-15 21:01:23 00 DINAMACHI 2014-01-15 21:01:11 00 ABOMUSLIM 2014-01-15 20:41:10 00 FUTBOLVATANI 2014-01-15 20:32:39 00 IBRAHIMOVICH 2014-01-15 20:26:05 00 BAUYRZHAN 2014-01-15 20:21:17 00