-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
"Ўнг туш бўлмас, туш ўнг бўлмас..."
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-07-07 12:01
Жаҳон чемпионати бизга хаддан ташқари кутилмаган натижалар ва муросасиз баҳсларни тақдим этган бўлса-да, финал остонасидаги тўртлик бизга гўёки бутунлай бошқача сценарийдаги фильмнинг кулминацион нуқтасини ёдга солади. Ҳаммаси оддий ва кутилганидек, мана шу тўрт жамоага Италияни ҳам қўшинг - шу пайтгача ўтган жаҳон чемпионатлардаги бирорта финал мана шу бешликсиз ўтмаган. Демак қайсидир футбол билимдонинг иқтибосидек: "қаҳрамонликларни кўравериб зерикдик, энди бироз футбол кўрайлик", майлими?
Назарий тарафдан олганда, ҳар қандай жамоада, ҳар қандай рақибга қарши ўйин олдидан, ғалаба қозониш учун ҳам, мағлуб бўлиш учун ҳам сабаб бўла оладиган бир қатор омиллар мавжуд бўлади. Буни қайсидир маънода журналистларнинг "шпаргалка"сига ўхшатиш мумкин. Кимдур сал қийшиқ тепадими, қандайдир эпизодда бирининг зарбаси ўхшаб қоладими, фарқи йўқ, якуний натижа якуний хулосаларга туртки бўлади. Сабаблар эса олдиндан тайёр, ютса "мана бунинг учун ютди", ютқазса, "мана шу сабаб ютқазди" қабилида томлаб китоблар ёзиш мумкин.
Хуллас, эртага бошланажак ярим финаллар олдидан иштирокчи жамоаларга яна бир бор назар ташлаб, фикрлар билан ўртоқлашишни лозим топдим.
БРАЗИЛИЯ
Тан олиш керак, очилиш учрашувдаги Нишимуранинг хатосидан сўнг кўпчиликда пайдо бўлган қандайдир умумий антипатиядан халос бўлиш вазифасини мезбонлар уддалай олишди, назаримда. Терма жамоа иштирокида деярли ҳар бир ўйин жуда кўтаринки ва курашларга бой ўтди.
Ҳар қандай тадбирнинг чиройли, жанжалсиз, кўпчиликка ёқадиган тарзда ўтиши учун масуълият аввало, мезбонлар гарданига тушади, тўғрими? Менимча, Бразилия шунчаки натижа кўрсатишдан ташқари, айнан мана вазифани ҳам уддалаш, турнир мухлислар хотирасида узоқ вақт муҳрланиб қолишини мақсад қилгандек.
Мадҳияни ўзига хос услубда айтиш, Сезарнинг пенальтилар сериясидан олдинги кўз ёшлари, Давид Луизнинг Хемес Родригесни юпатиши ва бутун стадиондан уни (Хемесни) олқишлашни сўраши - ҳа, стадионлардаги бу эмоционал муҳит яна бир бор, мундиалнинг айнан футбол юртларида ўтказишнинг нақадар тўғри эканини исботламоқда.
Немисларга қарши кечажак ярим финалда Сколари мана шу йўналишни давом эттиришга маҳкум, зеро икки етакчисиз қолган жамоа фақат футбол ўйнабгина рақибни енгишига ишониш қийин. Балки Неймарнинг ўрни тўлдирилиши мумкин, айтайлик, Виллиан ва Рамирес асосий таркибга қайтиши ва ниҳоят клубдаги жамоадошлари билан бирга Оскарнинг ўз савиясини намойиш қилиши, балки Халкдаги шиддат...
Аммо Тиаго Сильванинг ўрнини тўлдириш осон кечмаслиги шубҳасиз. Бразилия ўз майдонида ҳужумкор ўйнашга мажбур бўлса-да, энг ишончли ва кучли чизиқ ҳимоя экани сир эмас, Сильва эса бу чизиқнинг чин йўлбошчиси эди. Керак пайтда ўйинга эҳтирос олиб кириш, керак пайтда хотиржамлик ва совуққонлик улашиш, хуллас, бу мувозанатни сақлашда Сильванинг ўрни беқиёс эди.
Масалан, Колумбияга қарши ўйинда Сильва сариқ карточка олгач, Сколари унинг ўрнига Дантени туширишни режалаштираётганди. Балки ярим финалда майдонга тушиши аниқ бўлган Дантени амалда синаб олиш, муҳитга киритиб олишни ният қилгандир. Аммо ўша паллада Колумбия ҳисобни қисқартирди. Ўйинга интрига қайтди. Сколари эса Дантени майдонга тушириш фикридан воз кечди. Қаранг, шунинг ўзиёқ Сильва ва Данте орасидаги мураббий наздидаги фарқ катта эканини кўрсатмоқда. Ярим финалда эса мураббийда бунақа танлов йўқ, Данте майдонга тушиб, клубдаги жамоадошларини тўхтатишга мажбур.
Шу ўринда ҳакамлик борасида ҳам эътирозларим бор. ФИФА нинг алоҳида тавсиялари борми, билмадим, ҳакамлар жуда кўп вазиятларда қоида бузувчиларга юмшоқлик қилиб юборишаётгандек. Бу эса жуда кескин тўқнашувларга ва жароҳатларга олиб келяпти. Қаранг, Бразилия - Колумбия ўйинида жами 54 (!) бор қоида бузилиши қайд этилди. Кўрсатилган карточкалар сони эса атиги 4 та. Агар Сильванинг бошқача вазиятда огоҳлантирилганини эътиборга олсак, ўша 54 қоида бузилиши учун ҳакам атиги уч маротаба чўнтагини кавлаган холос. Ўйинни бу борада қаттиққўл бўлган, юлдузларни авайлаш методикаси энг устун бўлган Испания чемпионати вакили бошқарди. Демак ҳакамлар ФИФАнинг хос йўриқномаларини бажарган бўлиши эҳтимоли юқори. Биз эса энди Неймарни турнирда бошқа кўрмаймиз.
Умумий хулоса қиладиган бўлсак, Бразилия терма жамоасининг немисларга қарши ўйинда имкониятга эга бўлиши учун энг асосий қурол уларнинг мезбон эканларидир. Ўтган беш ўйиндаги каби муҳитни ҳосил қилиш, майдонни ҳар қаричи учун курашиш ва рақибга тинмай босим уюштириш орқали ғалаба қозонилмаса, шунчаки футбол ўйнаш орқали бугунги Германияни енгадиган жамоа турнирда қолмади.
ГЕРМАНИЯ
Ҳа, ушбу тўртлик ичида таркиб салмоғи, салоҳияти бобида энг устун бўлган жамоа Германиядир.
2006 йилги ЖЧда Юрген Клинсман биз билган тартибли, хотиржам ва совуққон Германияни эҳтиросли ва кўпроқ вертикал футболни яхши кўрадиган ёш жамоага алмаштириб, янги йўналишга ўзига яраша пойдевор қўйганди. Ўша пайтларда унинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Иохим Лёв бу йўналишни давом эттирди ва биз ЖАР да бироз улғайган, лекин ўша қувноқ ва ҳужумкор, рақибга тинмай босим ўтказадиган Германияни кўргандик. Жамоа анча чиройли, ҳаммага ёқадиган ўйинлар кўрсатса-да, 80-90 йиллардагидек немисча салобат кўринмас, қандайдир таянч нуқтасини йўқотиб қўйгандек эди.
Ушбу турнирда эса, аксинча, асосан "Бавария" вакилларидан иборат таркиб испан ва тотал футболнинг қоришмасидан иборат услубга немисча совуққонликни жамлаган ҳолда, яна ўша Линекер бир пайтлар айтганидек, енгилмас мақомга чиқиб олгандек. Менимча, таркибнинг барча ўйинчилари ҳимоялана оладиган ва таркибнинг бутун ўйинчилари ҳужумда қатнашадиган турнирдаги ягона жамоа Германиядир. Энг қизиғи, биз Германиянинг ўта кучли экани ҳақида тасаввур хосил қиляпмиз, шу билан бирга жамоа ўз потенциалини тўлиқ намойиш қилмаганини ҳам билиб турибмиз, тўғрими? Бир тарафдан енгилмас машинага таҳсинлар айтяпмиз, бошқа тарафдан, айримлардан ташқари, кўпчилик футболчиларнинг кутилгандек ўйнай олмаётганини эътироф этяпмиз.
Бу ҳолат бир тарафдан немисларнинг бундан-да кучли бўла олишларига шаъма қилар, аммо бошқа тарафданчи? Евро-12 эсингиздами? Германия чигалёзди ўтаётгандек, исталган пайтда ўйинни бойита оладигандек кўринганди, бунга улгурмасдан турнирни тарк этганди. Мана, ҳозир Ўзилнинг ўйини чиқмаётганини, ҳали ўйнаб кетса, бадтар бўлиши мумкинлигини таҳмин қилишимиз мумкин, ахир у Ўзилку, уни таниймизку-а? Ҳа, лекин Ўзилнинг бугунги ҳолати шу бўлсачи? Ахир биз немисларнинг имкониятини юқори баҳолашимизга асосий сабаб, улар намойиш қилган мана шу беш ўйиндан кўпроқ, улардан кутаётган ўйинимиз эмасми? Германияда шубҳасиз мавжуд деб ўйлаётганимиз ўша яширин куч аслида йўқ, бўлсачи? У ҳолда биз Лёв шогирдларининг Жазоир ёки Гана билан ўйинлардаги қийинчиликларига шунчаки иштиёқсизлик ёки режалаштирилган ўйин деб эмас, иложсизлик ракурсидан қарасак, Германия қанчалик енгилмас? Айниқса, Бразилияга қарши?
Юқорида услуб ҳақида айтдим. Терма жамоанинг сўнгги бир йилда "боррусиямонанд" иштиёқманд ва шиддатли услубдан "бавариясифат" хотиржамликка ўтиб қолгани айнан Бразилия каби шиддатли жамоа билан ўйинда ҳалақит бериши мумкин. Пеп "Бавария"ни хотиржам футбол ўйнайдиган ўйинчиларга айлантириб қўйди, бундеслигадаги рақобатсизлик эса улардаги курашувчанликка путур етказгани табиий. Юқорида айтганимдек, агар футбол ўйналса, Германия - чемпион, лекин майдонда жанг кечсачи? Жанг кечиши аниқ: қандай услубда тўп сурилишидан қатъий назар, Бразилия ташаббусда бўладими, тўпсиз қоладими, ҳар бир қаричда мезбонлар курашни тўхтатмасликлари тайин. Ўзил, Гётце, Кроос каби футболчилар эса барибир, аксарият ҳолларда шиддат ичида йўқолиб қоладиган характерга эгалар. Шу туфайли, ярим финалда жуда катта босим Швайштайгерга тушиши эҳтимоли юқори. Менимча, ниҳоят, эртанги ўйинда Марко Ройс каби футболчининг ўрни жуда билинса керак.
Мен муаммони бўртириб юборган бўлишим мумкин. Бу ҳозирча Германия терма жамоасидаги ягона муаммо, унинг ҳам кўпроқ тўқима ва таҳминлардан иборат эканининг ўзиёқ, барибир немисларнинг чемпионлик учун яққол фаворит эканлигини кўрсатиб турибди.
АРГЕНТИНА
Турнирдаги дастлабки ўйинларда Аргентина терма жамоаси жуда кўпчиликда бир хил таассурот уйғотди: Биргина Мессининг маҳорати эвазига натижа кўрсатаётган ва аслида бир тийинга арзимайдиган жамоа. Қўполроқ қилиб айтганда. Аммо Бельгия билан ўйин ушбу фаразни инкор қилмайдиган бошқа бир тасаввурни яратди.
Тўғри, ростан ҳам жамоа ўйини Мессининг индивидуаллигига асосланган, лекин бу бошқача ўйнашга маҳорат етишмаслигидан эмас. Ёши катта футбол мухлислари ЖЧ-90 даги Аргентинани яхши эслашса керак. Атиги икки ғалаба билан финалга қадар етиб борган жамоа асосан ҳимояни ўйлар ва жуда камчилик бўлиб ҳужумга ўтарди. Марадона ва Каниджанинг маҳорати орқали ўйинларда вазият яратиш ва улардан фойдаланиш мумкинлигини, позицион ўйинда бошқа футболчилар бу темпга жавоб бера олмаслигини тушунишганди.
Бугунги Аргентинани ҳам кўпроқ ўша жамоага ўхшатиш мумкин. Шунинг учун ҳам Эрон, Швейцария каби жамоалар билан ўйинда ўйин жуда ғариб кўринди. Рақиблар кўпчилик бўлиб ҳимояланишди ва Аргентинадан биринчи рақамда ўйнашни кутишди. Систематик тарзда бундай ўйнашга мосланмаган Сабелья шогирдларида муайян муаммолар вужудга келди. Жамоа қарши ҳужумда жуда тезкор ва ақлли ҳаракат қилар, кўпчилик бўлиб рақиб майдонида позицион ҳужум қилишга келганда эса, нима қилишни билмаётгандек тасаввур уйғотаётганди. Вазиятларни Месси ҳал қилаётгани бу иложсизликдан эмас, аслида, мураббийнинг режаси эканини бир икки ўйинда англаш қийин бўлди.
Кучлироқ Бельгия билан ўйинда тезкор гол киритилгач, жамоа натижадан келиб чиқиб қандай ўйнай олишини намойиш қилди бизга. ЖАРда Марадона ҳужумдаги маҳоратли футболчиларга ишониб, ҳужумкор футболни танлаган ва оқибатини нима бўлганини жуда яхши биламиз. Сабелья бу борада прагматик йўлдан борди: энг асосийси ҳимояда тартибли ўйнаш, хато қилмаслик. Ҳужумда эса Месси ёки Ди Мария бирор нарса ўйлаб топади.
Бу қайсидир маънода икки қуённи уриш билан тенг. Ахир Мессини барибир қандайдир тактик қолипга тушириб, жамоавий ўйин яратишдан маъно йўқ, барибир Месси ўз билганича ўйнайди. Яхшиси Мессининг услубига ва жамоа футболчилари савиясига мос бўлган тактика танлаш янада осонроқ, тўғрими?
Кейин позицион ҳужумда ўйнаш учун яратувчилик қобилиятига эга бўлган марказий ярим ҳимоячиларга эхтиёж сезилади. Аргентина таркибидаги Гаго, Биглия, Маскерано каби футболчилар асосан рақибнинг ҳужумини бузиш билан шуғулланишга мослашганлар. Мен бутун бошли Аргентинада ҳужумкор марказий ярим ҳимоячилар йўқ, шунинг учун Сабелья шу йўлни танлади демоқчи эмасман. Бордир бунақа ўйинчилар қидирилса. Айтмоқчи бўлаётганим шуки, таркибда айнан шу футболчиларнинг тушаётгани бизга бир нарсани изоҳлайди: Аслида ҳам Аргентина ташаббускор, позицион ўйин учун турнирга келмаган, бунинг исботи - унинг таркибида ўйнаётган марказий ярим ҳимоячилар. Шунақа.
Катта эҳтимол билан бундан кейинги ўйинларда янаям ҳимоявий Аргентинани кўрсак ажаб эмас. Биринчидан, эндиги рақиблар Швейцария ёки Босния эмас, кучлироқ. Иккинчидан эса Анхел Ди Мариянинг жароҳат олиши жамоадаги креативликка путур етказди. Ахир Месси барчасини бир ўзи қилмайди. Рақибга босм ўтказишда ҳам, Мессининг хаёлидаги фикрларни амалга оширишда ҳам энг яхши шерик Ди Мария эди. Лавесси ёки Игуаинни хафа қилмаган ҳолда, айнан мана шу турнирда, Мессининг “планка”сига энг яқин келаётган ва унга асосий ёрдамчи бўлаётган айнан Ди Мария эди. Навбатдаги ўйинларда Лавесси, Игуаин, балки майдонга қайтса Агуэро каби футболчилар янада фаолроқ футбол кўрсатишга мажбурлар.
Навбатдаги савол, хўш, Аргентинанинг ҳимояси шу қадар кучлими, ахир биз турнир бошида энг оғриқли нуқталар сифатида ҳимояни тилга олаётгандикку? Аслини олганда, бу Сабельянинг иккинчи муаммоси, Аргентинанинг шунақа ўта прагматик ўйнаётганининг навбатдаги сабабларидан биридир. Кўпчилик бўлиб ҳимояланиш, майдон марказида зичлик юзага келтириб, ўйинни буғишга интилишнинг сабаби ҳам айнан ҳимоядаги футболчилар савиясидан.
Аргентина плей оффда ҳали гол ўтказмаган бўлса-да, ҳимоя чизиғи қарама қарши ҳужумкор ўйинларга дош бера олмаслиги мумкин. Масалан, Нигерия билан шунақа ўйнашга ҳаракат қилинди, натижани кўрдингиз, африкаликлар икки марта дарвозабонни хафа қилишнинг уддасидан чиқдилар.
90-йилдаги Аргетина билан бошладим, шу билан тугатаман. Ўшанда жамоа доим қил устида юрганди, мисол учун, нимчорак финалда Бразилия терма жамоаси аргентиналикларни ҳимояга қамаб ташлаган ва бир қатор вазиятлардан фойдалана олмаганди. Кейин эса Марадона ўз маҳоратини намойиш қилди ва Каниджани қулай вазиятга чиқарди, ягона ҳужум ёрдамида Аргентина қўшнилари устида ғалаба қозонди. Кейинги ўйинларда ҳам жамоа мана шу услубда кетди, пенальтилар серияларида ғалаба қозониб, финалга чиқди. Яъни бугунги Аргентинанинг натижа кўрсатиши фақат ўзига ва унинг режаларига боғлиқ эмас, қайсидир вазиятларда рақибнинг омадсизлиги ҳам Месси ва жамоадошларига ёрдам бериши мумкин. Бунақа футболни ихтиёр этган жамоа албатта, мана шундай омаддан ҳам умид қилишга мажбур ва маҳкум.
ГОЛЛАНДИЯ
Нафақат ярим финал иштирокчилари ичида, балки бутун турнир давомида кузатиш қизиқ бўлган жамоалардан бири. Айниқса, голландларнинг мураббий жамоаси эканининг яққол кўриниб тургани, турнир давомида қўлланилган турли тактик схемалар, ўйинчи алмаштиришлар барча учун жуда қизиқ бўлмоқда.
Луи ван Гал 90-йиллардаги "Аякс" ва "Барселона"си билан ҳам, яқин ўтмишдаги "Бавария"си, ҳатто мана шу ЖЧ саралашида Голландия билан ҳам фақат бир ғояни илгари сурарди - ҳужумкорлик, доимий равишда раиқбга босим уюштириш, тўпга эгалик қилиш. Аммо турнирда унинг жамоаси кўрсатаётган ўйин биз билган ван Галникидан фарқ қилаётгандек. Ҳа, мураббий ўз шогирдларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, айнан шу турнир учун ўзига хос режалар ва тактикалар мажмуасини ишлаб чиққанини пайқаш қийин эмас. Ўйинчи алмаштиришга қараб туриб, гуёки, Хунтелар айнан Мексикага қарши пенальти уриш учун, Крул эса Коста Рикани ютиш учун режа бўйича олиб келингандек, буларнинг барчаси ван Галнинг машҳур блокнотида аллақачон қайд этилгандек тасаввур уйғотади.
Пенальтилар сериясига Крулнинг туширилиши воқеасининг ўзи бир воқеа аслида. Тўғри, масалан, мана шу йили Ўзбекистон кубоги доирасидаги "Қўқон" - "Нефтчи" ўйинида Тохир Кападзенинг ҳам амалга оширган худди шундай қарори ўзини оқлаганди. ҳамма биладиган ўрнак ҳам бор, эсингизда бўлса, "Пахтакор" ўзининг ҳозирча ягона халқаро ғалабаси бўлмиш МДҲ кубоги финалида Крул ролини Темур Жўраев бажариб берган. Уларни қўйинг, футбол томоша қилиб ўтирган ҳар қандай мухлиснинг хаёлига бундай фикрлар келиб туради, захирадаги фалончи пенальти тўсишга уста, ўшани тушириш керак деб юборамиз, баъзан. Бу борада Крулнинг ҳамкасбидан устунроқ эканини билган мураббийнинг миясига бундай фикр келиши қанақадир даҳолик белгиси эмас. Аммо биласизми, даҳолик нимада? Жаҳон чемпионатининг чорак финалида ушбу хомхаёлни амалга оширишда ўзида журъат топишда. Биз, сиз, балки дарвозабонлар мураббийи маслаҳат бериши мумкин, лекин қарор қабул қилиш, уни масъулиятни бўйнига олиш осон эмас. Ахир бу режа шунчаки туғилиб қолгани йўқ, ахир ван Гал 120-дақиқа учун 3-захирасини сақлаб ўтирди-ку, тўғрими? Бу эса, уч кун олдин беш пенальтидан беш гол урган шимолий америкаликлар учун яхшигина психологик зарба бўлди.
Ўйинни ташкил қилишда мураббийнинг имзоси кўпроқ сезилса-да, аслида, Голландия ўйини ҳам ярим финалдаги рақиби Аргентина каби, баъзи футболчиларнинг, айниқса, Роббеннинг индивидуал маҳоратига таянган. У ва қисман ван Перси, Снайдерлар ўйиннинг импровизацион жиҳатига жавоб берадилар. Сўнгги икки ўйинда Депайнинг биз ўйлаганчалик супермен эмаслиги билиниб қолди. Демак, рақиб қатитқ истаса ва бажара олса, Голландия терма жамоасидаги баъзи боғламларни узиш орқали керакли натижага эришиш мумкин.
Аммо гап бошқа ёқда. Биз ярим финал ва финал остонасида турибмиз. Хўш, бу босқичда, ўйинини айнан Голландияга мослаб режалаштирадиган рақиб қолдими? Бунга эхтиёж борми? Албатта, мабодо Аргентина ҳисобда олдинга чиқиб оладиган бўлса, бундай талаб пайдо бўлади. Голландия ҳисобда орқада бораётганда, у қадар ишончли кўринмади, сал бўлмаса, мексикаликлар ростан ҳам ван Гални иложсиз ҳолга келтириб қўйгандилар. Эндиги рақиблар эса янада савиялироқ.
Демак Голландиянинг кейинги тақдири худди биринчи турдаги Испанияга қарши ўйин кулминациясини эслатиб юборади. Испанлар ҳисобни очишди ва ҳатто иккинчи голни ҳам уришлари мумкин эди. У ҳолда бугун Голландия ҳақида гаплашиб ўтирмаган бўлардик, балки. Лекин ван Персининг суперголи вазиятни тубдан буриб юборганди, эсингиздами? Мана шу - бугунги Голландия! Голландия плей оффнинг ҳар икки ўйинида ҳам жар ёқасидан қайтди, десак бўлади. Жамоанинг қандай натижага эриши буткул конкрет ўйин ривожига боғлиқ. Ё ўша суперголни кимдир уради ва байрам давом этади, ёки...
ХУЛОСА
Барча ҳолатларни бир тарозига солганда, Бразилия – Германия жуфтлиги ғолибининг имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим. Лекин барибир, мендан аниқ гапларни ва таҳминларни кутмай тўғри қилдингиз – ярим финалга шундай жамоалар келдики, барчаси майдонда, эпизодларда, маҳорат ва хатоларда ҳал бўлади. Ўйин олди фикрлар эса, “ўнг туш бўлмас, туш ўнг бўлмас” қабилидаги ғалати ибораларни эслатади холос. Вақтингизни олганим учун узр. Ҳаммага омад.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
HALAREAL 2014-07-07 19:55:55 00 ACMILANISTA 2014-07-07 16:58:39 00 SNAYPERS 2014-07-07 15:26:59 00 YAHYOHON 2014-07-07 12:57:27 00 YAHYOHON 2014-07-07 12:51:00 00 YAHYOHON 2014-07-07 12:47:41 00 MUFANAT 2014-07-07 12:44:28 00 INTERPOL 2014-07-07 12:37:26 00 MUNITEDMAN 2014-07-07 12:31:20 00