-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
"Етти ўлчаб, бир кес"
Баҳо: +5Киритилган сана: 2014-07-09 11:29
Футбол тарихидаги буюк жамоалар ҳақида гап кетганда, эсланадиганлари кўп. 60-йиллардаги Бразилия, Стефано давридаги “Реал”, Испания, Франция терма жамоалари, “Барселона”... Жуда кўп. Асосийси, бунақа жамоалар ҳақида гап кетганда, клуб ва терма жамоалар алоҳида ажратиб кўрсатилмайди. Аслини олганда клублар кучлими ёки терма жамоалар, деган савол ҳам кўпчиликни ўйлантириб ўтирмайди, тўғрида, бунақа тўқнашув фақат футбол симулацияларида жиддий тус олиши мумкин холос. Аммо тан олиш керакки, футбол ривожининг энг сўнгги, бизга яқин бўлган даврида клуб ва терма жамоа орасидаги фарқлар яққол сезила бошландики, бу ҳолат айниқса, терма жамоаларни таҳлил қилиш учун баъзида асқотади.
Мана масалан, энг оддий фарқ – клубда футболчилар йиллаб бирга бўладилар, бирга шуғулланадилар, йилига 50-60 талаб учрашув ўтказадилар. Терма жамоада эса унақамас, футболчилар қисқа вақт учун йиғилиб, бир нечта ўйин ўтказиб, яна тарқаб кетишлари мумкин. Мана шу тавофутнинг ўзига таҳлилий назар ташлаганимизда, клубнинг ҳар томонлама устун эканини кўрамиз. Аввалдан, бунақа фарқ мавжуд эди, хўш, нега энди айнан сўнгги ўн йилликларга келиб, бунинг яққол намоён бўлгани айтилиши керак?
Сабаби маълум, 90-йилларга қадар, клублар таркибида легионерлар унчалик кўп бўлмаган. Ҳар қандай клубнинг асоси маҳаллий футболчилар билан тўлдириларди. Натижада “Аякс”, “Сантос”, “Ювентус”, “Милан”, “Ливерпуль”лардан тортиб, “Стяуа”, “Бенфика-ю”- “Динамо”ларгача табиий равишда терма жамоанинг базасига айланиб қоларди. Терма жамоа бир йилда жуда кам йиғилса-да, футболчилар айни клубдан, ҳеч бўлмаса, айни чемпионат вакиллари бўлардилар ва бош мураббийларга осон бўларди.90 йиллардаги бир қатор ҳуқуқий ишлардан кейин Европа Иттифоқи қонунлариннинг футболда ҳам акс этиши натижасида барчасининг оёғи осмондан бўлиб кетди:
1) Европа Иттифоқига тегишли мамлакат фуқароси бошқа шундай мамлакатда меҳнат қилиш учун ҳеч қандай дискриминацияга учраши мумкин эмас. 2) Фуқаро бир пайтда икки мамлакат фуқаролигида бўлиши мумкин.
Мана шу икки қоиданинг футборлдаги аҳамияти жуда катта – биринчидан, энди лигалар легионерлар учун лимит қила олмайдилар, иккинчидан, икки фуқаролик туфайли энди нафақат Европа, балки америкалик ёки африкалик футболчи ҳам, бир юмалаб европаликка айланиб олиши мумкин. Бу эса клублардаги маҳаллийликни йўқотди, энг кучли клублар таркибининг асосий қисми легионерлардан ташкил топа бошлади.
Хўш, жаҳон чемпионатининг айни қизғин палласида буни эслашдан нима наф?
Бу жуда муҳим нуқтаки, айниқса, терма жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қилишда жуда қўл келади. Бу фарққа асосан аниқ хулосалар қилиш қийин, лекин шуни айтиш мумкинки, базавий клубига эга бўлган терма жамоаларнинг мураббийларига жуда осон бўлади.
Тўрт йил олдин Испания терма жамоаси чемпион бўлган-да, асосий таркибда 10 нафар “Барселона” аъзоси тушаётганди. Бугунги Германия таркибида 6 нафар “Бавария” аъзоси, агар Марио Гётцени ҳам қўшадиган бўлсак, 7 нафарга етади. Бу вазият терма жамоа мураббийига нима беришини тушуниб бўлдингиз – юқорида тилга олинган клуб ва терма жамоадаги тайёргарлик системаси орасидаги яққол фарқ йўқолиб боради.
Айтайлик, Луиш Сколари услуб ва савия борасида бир биридан фарқ қиладиган Англия, Франция, Бразилия, Россия ва яна бошқа лигаларда тўп сурадиган футболчиларни бир жойга йиғиб, уларнинг орасида ўзига хос муҳит яратиши, оптимал ўйин услубини ишлаб чиқиши ва жуда қисқа вақтда тактик режаларни амалиётга кўчириб ҳам олиши керак.
Лёвда эса бу вазифа анча осон. Унинг қўл остига, жуда жипс бўлган ва майдонда ўзига хос боғламларга ва пойдеворга эга бўлган “Бавария” футболчилари етиб келадилар. Мураббий мана шу асоснинг устига ўз ғоясини беради, бошқа чизиқларни мана шу темпни ушлаб тура оладиган футболчилар билан тўлдиради. Ахир Германияда Нойер - Лам – Кроос - Швайштайгер – Мюллер бешлиги жамоа ўйинларида асосий нуқтани ушлаб турган ва бажараётган қисм эмасми?
Энг катта фарқ шундаки, Сколари ўзи тузаётган жамоасининг бардошини синай олмайди, шундоғам кўп бўлмаган муҳим ўйинларни кутишга мажбур. Хўш, “Луиз ва Марсело” ёки “Халк ва Неймар” қачон ва неча маротаба оғир юкни бираликда ташиб кўришган? Олимпиада ўйинлари ёки саралаш, Конфедерациялар кубоги, Копа Америка – бу турнирлар барибир жаҳон чемпионатига тенг кела олмайдиган ва узоқ вақтда бир бир бўлиб ўтадиган турнирлар эмасми? Лёвда бу масалани алоҳида муаммо сифатида кўриб чиқиш зарурати ҳам йўқ, аксарият футболчилар “Бавария”да бирга ўйнаб, қийин вазиятларга тушишган, бирга ғалаба қозонишган, бирга ютқазишган ҳам, тўғрими?
Бир жиҳатни тўғри тушунишингизни истардим, ўша уёқдан буёқдан йиғилган Бразилия айтайлик, “Ювентус”ни базавий клубга айлантирган Италияни енгиши мумкин. У ҳолда юқоридаги шунча гап бекорга айтилгандек туюлади, лекин келинг, бир бошдан кўрайлик.
Германия фаноменига ўхшаш жамоалар яна Испания, Италия, Англия ва балки Францияда бўлиши мумкин. Айнан шу юртларда миллий лигалар савияси бироз устунроқ ва терма жамоа миқёсдаги юлдузларнинг бошқа жойга кетиб қолмаслиги, табиий ҳолда базавий клубнинг ҳосил бўлиши шароити юқорироқ:
Испания. Улар ҳақида эслатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ аслида. Испанлар биз исботлашга уринаётган фаразни энг чиройли шаклда исботладилар, тамалида “Барселона” бўлган жамоа терма жамоалар миқёсида нима ютиш керак бўлса, барчасини ютиб олди.
Италия. 2006 йилдаги жаҳон чемпионатидаги таркибнинг бир қатор футболчилари “Ювентус” мактабига даҳлдор эдилар, лекин майли, аргументларни мажбуран тиқиштиришга ўхшаб қолмаслиги учун эсламайлик. Бразилиядаги Пранделли жамоасини олайлик. Аслида ушбу мураббийда ҳам Лёвдаги қулайликлар бор эди. Таркибнинг асосий қисми “Ювентус” аъзолари, аниқроғи, мамлакат чемпиони бўлмиш “Ювентус” таркибида италияликлар кўп. Пранделли албатта, бунга урғу берди, лекин менимча, икки фактор, Италиянинг Германия даражасига чиқа олмаганига сабаб бўлди.
Биринчидан, Италия чемпионатининг савияси. Сўнгги йилларда мамлакат футболидаги молиявий танқислик туфайли, лигани кучли легионерлар тарк этдилар. Бу бир тарафдан маҳаллий ёш иқтидорга имконият яратди, Иброҳимовичнинг кетиши ал-Шааравини кашф этди, масалан. Аммо бошқа тарафдан, Италия жамоалари Европанинг нуфузли соврилари учун курашмай қўйдилар. 2006 йилги таркибдаги футболчилар ўйнайдиган Италия клублари ўша пайтларда бунчалик эмасдилар. Масалан. Европа чемпионлар лигасининг 2003 йилги турнирида ярим финалда бира тўла уч италиян жамоаси ўйнаган.
Италиялик ёш футболчиларнинг клубларнинг асосий таркибидан жой олишлари жуда осонлашиб кетди. Бугунда бир уриниш билан “Ювентус”, “Милан” асосий таркибига кириб келаётган ёшлар, бир пайтлар ўртамиёналикдан юқорига кўтарила олмасдилар.
Иккинчидан. Пранделли жамоаси асосини “Ювентус” устига қургани билан, тактик жиҳатдан ўзгаришларни жуда ошириб юборди. Дель Боске ёки Лёв каби, ўша базавий клубда синалган ва натижа келтираётган услубга қанотланмай, салкам революцион ўзгаришларга қўл урди. Мисол учун. “Ювентус” Конте қўл остида деярли икки йилдан бери уч марказий ҳимоячи билан ўйнаб келмоқда. Пранделли эса, айнан ўша “Ювентус”ҳимоячиларини қўллаган ҳолда, 2 марказий ҳимоячи билан ўйнашга ҳаракат қилди. Бу албатта, ҳимоячиларнинг самарасини камайтирган бўлиши шубҳасиз.Англия. Премъер Лига ошириб юборган ва бизнинг талабларимиз доирасидан ҳам чиқиб кетган. Англия етакчи клубларининг пули шунчалик кўпки, ўз таркибига юлдуз футболчи танлашда Англия харитасини эмас, глобусни ишлатишади. Кейин, АПЛ нинг ўртамиёналарида ҳам пул етарлича. Натижада, бир пайтда Бундеслига ўртамиёналари маҳаллий ёшларни тарбиялаб, базавий клуб “Бавария”га ва шу орқали миллий терма жамоага номзод етиштириш билан шуғулланаётган бўлишса, АПЛ нинг ўртамиёнаси ҳам легионер сотиб олишни афзал билади. Оддий факт, АПЛ нинг қайсидир бир турида 10 учрашувда, 20 инглиз жамоаси сафида жами 33(!) нафар инглиз футболчиси майдонга тушганди. Даҳшатку, агар Хожсон терма жамоага футболчи жалб қилиш учун биргина шарт – ўз жамоаси асосий таркибида майдонга тушиш, деса ҳам, нари борса битта кенгайтирилган таркиб бўларкан холос.
Хуллас, Англияда қайсидир гранд клубнинг ТЖ нинг базавий жамоасига айланиши учун шароит йилдан йилга камайиб бормоқда. “Манчестер Юнайтед” ўзининг 200 миллион фунт стерлинги билан Англиядаги бутун иқтидорларни сотиб олмоқчи бўлса ҳам, топа оладими? Ахир ўша 33 футболчидан қанчаси энг юқори талабларга жавоб беради? Шунинг учун Люк Шоу кабиларнинг нархи ҳаддан ташқари ошиб кетмаяптими?
Ҳа, мавзуга қайтсак, Хожсон ҳам биз ёзаётганларимизни яхши билади. Мана, ушбу мавсумда “Ливерпуль” сафида инглизлар кўп ва муваффақиятли тўп суришди. Наьижа Хожсон терма жамоани айнан “Ливерпуль” базасида яратишга ҳаракат қилди, бир вақтда беш нафар “марсисайд” асосий таркибда туша бошлади. Бу ғоя учун баъзи тактик тузатмаларни амалга оширди, Рунини қанотга ўтказди ҳатто. Хуллас Иоахим Лёв Германияда нима қилган бўлса, шуни қилди, ҳаммасини тўғри бажарди. Унда нега мағлубиятга учради?
“Ливерпуль” АПЛ да қандай услубда тўп сурганини яхши биласиз – ўйинни шиддатли ва тезкор бошлаш, ҳисобни қулай ҳолга келтириб олгач эса, қарши ҳужумлар. Бу режа жуда кўп ва хўп иш берди, аниқ кўриниб тургандики, позицион ўйинларда ёки рақиб ўйинни бўғишга ҳаракат қилганда, “Ливерпуль”нинг ўйини қовушмасди. Албатта, бу ерда, клубда ҳар қандай ҳимояни сочиб юборишга қодир Суаресниям унутмаслик керак.
Англия терма жамоасининг омадсизлиги шунда бўлдики, турнирнинг илк турларидан бошлаб, улар ҳисобда орқада боришга ва рақибнинг ҳимоявий ўйинига қарши позицион ҳужумларда ўйнашга мажбур бўлиб қолдилар. Бу эса Хожсоннинг “Ливерпуль”дан ижарага олиб турган энг асосий фишкасидан айирди. Қисқа қилиб айтганда, Англия турнирда ўзи истаган ва режалаштирган услубини қўллашга улгурмай, мусобақани тарк этишга мажбур бўлди.
Франция. Йўқ, "Нюскасл" ҳақида умуман ёзмоқчи эмасман. Балки ПСЖ шунақа клубга айланар, ҳар холда, клубнинг трансфер сиёсати, Кабайдан кейин энди Погба, Гризманн каби ёш французларга урғу қаратаётгани шундан далолат қиляпти. Бу энди келажак, кўрамиз.Хўп, энди Германия терма жамоасига келамиз. Мен бўлажак чемпион номини айтмоқчи эмасман. Ҳали эрта. Лекин шуниси аниқки. Эртага Месси эвазига Аргентина, ван Галнинг ўзига хос тактик схемалари эвазига Голландия ҳам чемпион бўлиб кетиши мумкин, лекин турнирда энг кучли ўйнаган ва энг яхши футбол намойиш этган жамоа барибир Германия бўлиб қолаверади.
Германия ва Голландиянинг фарқи шунда: Голландия - ғирт мураббий жамоаси, ҳар бир ўйинга алоҳида стратегия билан майдонга тушадилар ва режа бажарилса, ғалаба қозонадилар. Германия эса, кеча ҳам айтгандим, энг яхши ўйинга эга. Услуб ва тактикадан қатъий назар, терма жамоада кучли ўйин шаклланганки, бунинг сабабини боядан бери ўқиб ўтирибсиз.
Ана энди, сизни ҳайрон қолдирмаяптими, кетма кет иккинчи маротаба, турнирнинг энг кучли жамоаси пойдеворини ким, хўш, бир, икки, уч, айтинг, ҳа, Пеп Гвардиола шакллантирмоқда. Таркибни эмас, айнан ўйин шакллантириш борасида. “Бавария” балки “Реал” билан ўйинда шарманда бўлгандир, лекин Германия жамоасига бугунги салобатни ва машина хусусиятини айнан Пеп тақдим этган, дейиш мумкин.
Германияда сўнгги ўн йилда яратилган ажойиб ривожланиш системаси, ёш иқтидорларнинг то ўсмирликдан терма жамоа аъзоси бўлишгача бўлган йўлнинг мукаммал экани ҳақида эслаб туриш жоиз, аммо аввалги турнирлардаги Германия таркиби кучсизроқмиди? Бошқа тарафдан ёндошинг, ушбу чемпионатда қайси иқтидор ёки иқтидорлар аввал мавжуд бўлмаган супер ўйини билан жамоани кучайтиришга ва бизни мамлакатдаги болалар футболига таҳсин айтишга мажбур қилмоқда? Аслида Ўзил ҳам, Хедира ёки Кроос, Мюллерлар ҳам ЖАР даги турнирдан кўра яққол устун ўйнамаяптилар-ку?
Ҳа, Германия терма жамоаси жуда кўп турнирларда бизни иқтидорли ёшлари ва ҳужумкор ўйини билан жалб қилиб келаётганди. Аммо Пепнинг “Бавария”си терма жамоага ўзига хос салобат олиб кирдики, Лёв бундан усталик билан фойдаланди ва базавий клубга эга бўлган терма жамоанинг мураббийи нима қилиш керак бўлса, мукаммал бажарди. Аввалги йиллардаги, аслида чиройлироқ бўлса-да, ҳар қандай рақиб билан қарама қарши курсда, максимал даражада вертикал ўйнаш услубидан воз кечди. Эътибор берган бўлсангиз, Германиянинг Франция ва Бразилияга қарши ўйинлардаги асоси жиҳати – майда паслар, тўпни имкон борича назорат қилиш ва кўпчилик бўлиб позицияларни эгаллаш бўлди.
Қайсидир маънода, бу қадар “бавариялашув”га Ройс ва Гундоганнинг жароҳати ҳам сабаб бўлгандир. Йўқ, мен бу футболчилар терма жамоага зарар келтирардилар демоқчи эмасман, асло. Масалан, кеча Бразилия ҳисобни очганида, Германиядан бутунлай бошқа хусусиятлар талаб қилинарди, футбол ўйнаш эмас, жанг қилишга тўғри келарди. У ҳолда бугунги Германия вазифани уддалармиди, йўқми айтиш қийин-у, айнан Ройс ва Гундоганга мухтожлик янада ошиши шубҳасиз эди. Терма жамоанинг яна бир омади шунда эдики, ўйин сценарийси, воқеалар ривожи ҳам айнан Германиянинг бугунги ҳолати ва ўйин услубига мос тарзда кечди.
Албатта, 7:1 бу жуда катта ҳисоб, фақат Германиянинг ғалабаси билан боғлаш ноўрин, худди шунчалик Бразилия мағлуб бўлди ҳам. Бразилия таркиби ёш, шиддатли, кучли футболчилардан ташкил топса-да, мувозанатни ушлайдиган ва жамоанинг таянч нуқтаси бўла оладиган тажрибали футболчиларга мухтожлигини, аввалги мақолаларимда айтгандим. Ҳеч ким бу муаммо бу даражада акс этишини кутмаган бўлса-да, шубҳасиз, кечаги Бразилиянинг асосий муаммоси – у таянч нуқтасини бир зум йўқотиб қўйганди.
Германия ҳисобни очгач, икки марта Марселонинг ҳужумга чиқиб, ўз позициясини икки марта очиқ қолдиргани ва икки марта рақибнинг хавфли ҳужумига сабаб бўлганини кўрганимида, “ё ҳозир Бразилия ҳисобни тезда тенглаштиради ёки яна 3-4 та гол ейди” деган ўй кечганди хаёлимдан. Мухлислар “давай, давай” қилаверади, аммо айнан мана шу пайтда, терма жамоа ўйинига хотиржамлик олиб кирадиган, “ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқлигини” тушунтириб, жамоани қисқа кризисдан олиб чиқиб кета оладиган футболчи майдонда йўқ эди. Балки бу футболчи Тиаго Сильва эди, ким билсин...
Қизиғи, немислар мана шу саросимани жуда яхши хис қилишди, сезишди, фойдаланишди. Иккинчи гол киритилгач, одатда озгина ўйинни ўлдириб, таймни якунлш ўрнига, атайлаб, шиддатни оширишди. Бразилия мезбон экани, айнан эмоционал мувозанат ишдан чиқиб, жамоа бироз ўзини йўқотиб қўйганидан фойдаланиб прессинг уюштира бошлашди. Иккинчи тайм бошлари эсингиздами, Бразилия танаффусда бироз ўзини босиб, ақлли ўйин кўрсата бошлади ва шошилмасдан 2-3 хавфли вазиятлар яратди. Агар Германия иккинчи голдан сўнг, китоблардагидек ўйин қилиб, бироз чекинганда, Бразилия тўпни яна хис қила бошлар ва аста секинлик билан ҳолатдан чиқиб кетиб, босим уюштиришни бошларди балки. Менимча, иккинчи голдан кейин немисларнинг ҳолатни туғри баҳолашлари учрашув тақдирини ҳал қилди. Айланиб, бояга нуқтага қайтамиз, кейинги киритилган 3 гол фақат Бразилиянинг саросимаси ва хатолари эмасди, Германия бундан унумли фойдалана олди ҳам,
(Шу ўринда Мирослав Клозенинг рекорди ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Роналдонинг футболдаги аҳамиятини қаттиқ баҳолайдиган баъзилар мана шу натижага Клозе лойиқ эмаслиги, ушбу рекорд Роналдода қолиши адолатлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида кўп ёздилар. Биласизми, Роналдо футбол учун кўп иш қилган бўлса, шунга яраша “Олтин тўплар”ни ҳам, эътирофларни ҳам йиғиб қўйган. Бомбардирлик эса, бир сайлов эмас, ким кўп гол урса – ўша лойиқ ҳисобланади. Ҳа, Клозе голларини финалларда эмас, Саудия Арабистонига ургандир, умуман кечаги гол унинг бунақа сўнгги босқичлардаги илк голи бўлгандир. Ҳа, Роналдо бунча голни камроқ мундиалда, Клозе эса кўпроқ майдонга тушиб ургандир. Жюс Фонтен деганлари-ку, 13 та голни 5 ўйинда уриб ташлаган, буёғини сўрасангиз. Бошқа жиҳат бор, Тўрт йил олдин Клозе Уругвайга қарши учинчи ўрин учун баҳсда майдонга тушмаганида ҳайрон бўлгандим. Менинг наздимда, у ўша ўйинда тушиши ва бирор пенальтиними уриб, ўшандаёқ Роналдо рекордини янгилашни исташи керак эди. Менинг наздимда, ўша турнир Клозенинг охирги мундиали эди ва тўрт йил ўтиб Клозе яна жаҳон чемпионатида ўйнашига ишонмасдим.
Клозе 36 ёшда, у тўртинчи жаҳғон чемпионатида қатнашмоқда. Шунча вақт ўз спорт формасини ушлаб туриш, ўзига бўлган юқори талаб ва профессионаллик, бунинг натижаси ўлароқ, ҳар йили янги юлдузлар чиқиб, бир йил олдингилари эскириб кетаётган Германиядек терма жамоадан чақирувлар олиш ва асосий таркиб ўйинчисга айланиш осон эмас. Клозе – мундиалларда эсланишга арзийдиган, ўзига хос буюк футболчи, тамом)
Тамом. Хулоса қиламан. Лотин Америкаси давлатлари терма жамоаларида ўзига хос устунлик бор. Масалан. ушбу ўлкалардан жуда кўп ёш футболчилар Европа бўйлаб тарқаладилар ва бунинг устига, ўзларининг яхшигина чемпионатлари бор. Демак бу юрт термаси мураббийларида танлов учун жуда катта имконият бор, Европага сочилик кетган юзлаб юлдузлардан, етмаган жойига, миллий чемпионат вакилларидан жалб қилишлари мумкин.
Кучли лигага эга бўлган Европа давлатларида эса аксинча, Англиядаги 33 футболчи ҳақида боя айтиб ўтдим. Лекин ҳар қандай таёқнинг бошқа бир учи бўлганидек, бу ҳам, бошқа маънода Европа термаларига қўшимча имконият яратиши мумкин экан. Терма жамоа ўйинида клуб футболидаги устунликларга эга бўлишда, энг камида, терма жамоа футболчиларининг айни чемпионатда ва айни услубдаги клубларда ўйнаётганининг ўзиёқ, агар тўғри фойдаланилса, жуда муҳим устунлик.
Узоққа бормайлик, Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг энг яхши даврларини қачон ўтказди? 2007-2012 йилларда, тўғрими? Нега? Айнан шу йиллари терма жамоада тўп сурган футболчилар 1) аввал “Пахтакор”, кейин “Бунёдкор” сафида терма жамоанинг бир базаси ўлароқ майдонга тушдилар, билга улғайиб, тажриба тўпладилар, ўзига яраша пойдевор бўлди. 2) Агамуродов, Сколари, Ривалдо каби кейинги ва олдинги авлодларда бўлмаган бир мактабда ўқидилар. Бу ўз мевасини бермай қолмасди албатта... Мен буни бир йўл, ечим деб эмас, сабаб сифатида келтирдим. Яъни Испания ёки Германиядаги вазиятлар бироз бошқача, кўпроқ табиий равишда содир бўлганини англаш осон.
Бу мақола фақат мухлислар учун ёзилди. Мутасаддилардан ушбу мақола ҳам, худди аввалги мақолаларимиз сингари беэътибор қолдиришларини илтимос қилиб қоламан. Зеро фойдаси бўларкан, деб, яна бир жамоани сунъий равишда базавий клубга айлантириш ишлари бошлаб юборилса, ўзимни ҳеч қачон кечирмаган бўлардим.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
BBOZOROV 2014-09-30 22:57:29 00 AJUZBEK 2014-07-11 17:42:46 00 SLENNIK 2014-07-10 00:46:15 00 FAMOUS 2014-07-09 16:42:48 00 FAMOUS 2014-07-09 16:18:00 00 XPORTLANDX 2014-07-09 16:07:49 00 REALITY 2014-07-09 13:09:36 00 IBRAHIMOVICH 2014-07-09 12:47:50 +30 IBRAHIMOVICH 2014-07-09 12:46:02 00 YAHYOHON 2014-07-09 12:18:03 +10 DAVRONP 2014-07-09 12:14:03 00 ASABIRDJANOV 2014-07-09 11:57:40 +40