-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Чўзилиб кетган эсанкираш ёхуд "Локомотив" қаерга кетяпти?
Баҳо: +1Киритилган сана: 2015-03-03 15:44
Гари Невил “Телеграф” нашридаги колонкасида “Манчестер Юнайтед”нинг бугунги ҳолати ҳақида ўз фикрлари билар ўртоқлашди.
“Етти йил муқаддам бизнесда лидерлик мавзусида ўтказилган семинарда дўстларим билан кулган эдик: нотиқ бирор мақсадга олиб борувчи ўзгаришларни тасвирлаш учун тўрт сўздан фойдаланган эди. Бу тўрт сўз - шаклланиш, эсканкираш, бир меъёрга келиш, ютуққа эришиш эди.
Шаклланиш даврида сиз вазифага уйғун инсонларни жалб қиласиз, сўнг, вазиятдан эсанкираш ҳолати юзага келади. Меъёрга келиш жараёни ўз ичига ҳолат ва мақсадга мос структура ишлаб чиқиш ва унга мослашиш палласини ўз ичига олса, ана ундан кейин бирор натижа ҳақида гаплашиш мумкин” – деб тушунтирди собиқ футболчи.
Невил “Юнайтед”даги бугунги ҳолатни жараённинг “эсанкираш” босқичси билан тенглаштиради ва ўйиндаги беқарорлик, натижаларнинг ўзгариб туришини нормал ҳолат эканини айтади.
Энг яхши мисол сифатида Моуриньонинг “Челси”сини келтириш мумкин. Ўтган мавсум охирига келиб, жамоа шундай босқичда эдики, уларнинг ўйинига қараб туриб, айнан қайси нуқталарда камчилик борлиги ва айнан қандай футболчи жамоа ўйинини кучайтириши мумкинлигини бемалол айтиш мумкин эди. Ўйини, айниқса позицион ҳужумлардаги темпни бошқариш учун креатив марказий ярим ҳимоячи, ҳамда голеадор ҳужумчи. Бўлди. Жозе трансфер бозорида ортиқча каловланмади. Менимча у, кимни сотиб олишини олдиндан режалаштириб бўлганди. Тездагина Сеск Фабрегас ва Диего Костани олиб келди ва трансфер бозорини ёпиб қўя қолди.
Бугунги “Юнайтед”га қараб туриб, айни қайси типдаги футболчи зарур экани у ёқда турсин, мавжуд футболчилардан ким қолиб, ким кетиши лозимлиги ҳақида айтиш қийин. Ёзда Луи ван Гал ихтиёрида ўтган мавсумдаги таркиб, Шоу ва Эррера каби пишиб ўлгурган трансферлар бор эди. Клуб трансфер сиёсатини бирор йўналишга уйғун ҳолатда олиб бормагани табиий, имкон қадар сотиб олиниши мумкин бўлган юқори савиядаги футболчиларга эътибор қаратилди. Сабаби, ҳали Ван Галнинг ўзи ҳам янги, у айнан қандай футболга урғу бериши ҳам аниқмас, демак йўналиш, унга етарлича савияли футболчилар жамланмасини топшириш ва кутиш. Ҳатто Ван Галнинг ўзи ҳам Манчестер учун энг оптимал вариантни топиб олгани йўқ. Бу жараён давом этмоқда.
Демак, мавсум охирида жамоа қандай ҳолатда бўлиши кераклиги нуқтаи назаридан Луи ван Галда аниқ вазифа бор. Ёзги трансфер мавсумигача жамоа шундай босқичга ўтиш керакки, келаси мавсумда қандай ўйин кўрсатилиши ва асосийси, таркибни кучайтириш учун айнан қайси чизиқларга, айнан қайси футболчиларни олиб келиш ҳақидаги саволларга аниқ жавоб бериш имкони яратилиши шарт. Бошқача қилиб айтганда эсанкираш жараёни тугаб, меъёрлашиш босқичига ўтилиши шартки, ёзги трансферлар ойнасида жамоанинг конкрет камчиликларни ёпиш ва совринлар учун курашиш учун қайси йўналишда иш олиб борилиши белгилаш учун. Катта эҳтимол билан 2015 йилги трансфер дарчаси ўтган йилгига ўхшамайди. Аниқ позициялардаги муаммоларни ёпиш билан шуғулланилади.
“Локомотив” ҳақидаги мақолада “Локомотив”га алоқаси йўқ фикрларнинг кўпайтириб юборганимнинг сабаби, бундан кейинги қисмдаги суҳбатимизнинг енгил ва тушунарли кечиши учун эди холос. Жамоа устида амалга оширилаётган ишларни айнан ўша тўрт босқич орқали таҳлил қилишимиз осонроқ кечади, менимча.
АПЛ билан Ўзбекистон олий лигасини солиштириш унчалик тўғри эмас, шу маънодаки, “Локомотив”нинг айнан олий лигадаги ишлари ҳақида салбий фикр билдиришга асослар етарли бўлмайди. Жамоа ўтган йили иккинчи ўринни ва кубокни қўлга киритди. Бу йили ҳам чемпионлик учун курашиши ва балки, ушбу мақсадга эришиши ҳам мумкин, бу кутса бўладиган ҳолат, инкор қилмайман. Лекин биз нафақат олий лигада, балки Осиё майдонларида ҳам муваффақиятли ўйнай олиши, энг асосийси, таркибдаги футболчилар савиясининг йил сайин ўсиб бориши нуқтаи назарини бирламчи қилиб оладиган бўлсак, муаммолар аниқроқ кўзга ташланади. Балки “Локомотив” раҳбарлари учун чемпионликнинг ўзи етарли бўлиши мумкин, эътироз билдиришим нотўғри, лекин олий лигамиздаги чемпион бўлиш формуласи шунчаки, маҳоратли футболчиларни бир таркибга йиғишдангина иборат бўлишини истамасдим. Бунақа ҳолатда ҳатто мен ҳам бирор клубни Ўзбекистон чемпиони қила оламан.
2014 йилги мавсум бошида “Локомотив” Осиё чемпионлар лигаси саралаш босқичидан ўта олмагач, зудлик билан Вадим Абрамов тайинланди. Лекин бироз кеч бўлганди, янги футболчиларни собиқ мураббий Фузайлов олиб келган, улар билан эса Абрамов ишлаши керак. Абрамов биринчи интервьюсидаёқ ушбу ҳолатга урғу берди, ноқулайлик пайдо бўлиши табиий эканини айтди. Лекин мураббий бу вазиятни билиб туриб таклифни қабул қилгани, вазифа ҳам фақат ички мусобақалар экани, ўшанда келган янги футболчилар Жасур Ҳасанов, Нестеров, Лутфилло Тўраев, шунингдек, жамоа таркибида ҳам Абрамовнинг собиқ шогирдлари жуда кўп бўлганини эътиборга олсак, вазият у қадар оғир эмасди.
Иккинчидан, ёзги трансфер чоғида клуб одатдагидан ҳам кўра активроқ бўлди. Вадим Абрамов гўё Фузайловнинг хатоларини тузатишга киришди ва ўзи учун маъқул ва зарур бўлган 6 футболчини жамоага олиб келди. Булар – Филипосян, Муллажонов, Раҳматуллаев, Жўраев, Шоғуломов ва Гейнрих. Клуб олий лигада иккинчи ўринни қўлга киритиш билан бирга, мамлакат кубоги соҳибига айланди – бир қараганда, ёмон натижа эмас.
Аммо...
Олий лига чемпионлиги учун энг муҳим ўйин “Пахтакор”га бой берилгач, Вадим Абрамовнинг матбуот анжуманини яхши эслайман. Доим ўзининг сўзамоллиги ва ҳар қандай оғир ҳолатдан чиқиб кета олиши билан танилган мураббий чин маънода асабийлашган эди. Айниқса, анжуман пайтида унинг “Пахтакор” устидан бир неча ой олдин кубок баҳсларида қозонилган ғалабага урғу беравергани кўпчиликка эриш туюлган. Ўшанда Абрамов нега айнан ўша ўйинни эслатаверганини тушунгандекман, менимча, бу сўзлар журанлистларга эмас, клуб раҳбариятига қаратилганди. Абрамов ўз кўрсиси қимирлаб қолганини тушуниб турган ва аслида, ҳаммаси у қадар ёмон эмаслигини исботлашга уринган.
Бундай таққослашлар ва жамоа ўйинидаги позитив нуқталарга эътибор қаратиш балки Луи ван Галга жуда асқотаётгандир, билмадим, аммо “Локомотив” клуби раҳбариятини бу қизиқтирмайди, уларга совринлар керак. Назаримда, айнан ўша паллада, мавсум охирида, Абрамов ҳам, унинг “Локомотив”даги фаолиятини баҳолаб қарор чиқарадиган инсонлар ҳам, жамоа ўйинида бир йил давомида қилинган ишларни 3 ёки 4 очкога алмаштиришга тайёр эдилар.
Бундай муносабат мураббий учун энг шармандали ҳолат, бўлса керак, шундай эмасми? Айниқса Ўзбекистонда бу жуда таниш манзара: мураббий таклиф қилинади ва ҳозироқ, шу ерда совринни ютишни талаб қилишади. Ахир бу осон эмас, рақиблар бор – хўп, рақиблардан кучлироқ бўлиш учун сенга исталганча шароит берамиз, лекин сен ютишга кафолат беришинг керак.
Ютуқ учун кафолатни дунёдаги энг ақлли мураббий ҳам бера олмайди, айнан ақлли бўлгани учун.
Абрамов ўтган мавсум охирида тушиб қолган ҳолат бой клубимизнинг футболга бўлган муносабатининг ва албатта, ўзининг ҳам айби. Ўзини хурмат қилган мураббий ҳар қандай шароит ваъда қилинмасин, соврин учун кафолат бермаслиги керак эди. Айнан мана шу кафолат унинг энг муҳим принципларига қарши боришга мажбур қилиши, ўз ғояларини майдонга кўчиришга тўсқинлик қилиши аниқ эди. Мавсум бошидаги “Локомотив” билан мавсум сўнгида, гўёки кескин курашларда иккинчи ўринни олган “Локомотив” ўртасида катта фарқ кўрмадим – мана буниси энг ёмони, ўша кафолатнинг оқибати, мураббийнинг мағлубияти, назаримда.
Хўп, аслида вазият мен тасвирлаётгандек эмас, ростан ҳам, “Локомотив” янги жамоа, ўша “Манчестер Юнайтед” каби, эсанкираш, меъёрлашиш босқичларини босиб ўтди ва мана, охирида муҳим соврин эгасига айланди, дейишингиз мумкин.
“Локомотив”нинг кубокдаги ғалабаси Абрамовнинг муваффақияти эдими?
Йўқ, ушбу кубок қандайдир узоқ меҳнат натижаси қўлга киритилган мукофот эмас, Абрамовни курсисида қутқариб қолганлиги билан азиз эди холос унга. Исботлайман.
Савол бераман: Нега “Локомотив” сафида ушбу мавсумнинг энг биринчи ўйинида ўтган йилга нисбатан 7 нафар (!) янги футболчини майдонга тушди? Бу нима дегани? Хўп, Нестеровнинг алмашиши мажбуран амалга оширилди, лекин гуёки, меъёрлашиш босқичини босиб ўтган ва аслида, ҳозирда тайёр ҳолга келиши керак бўлган жамоада қандай қилиб 6 ўзгариш амалга ошди? Ушбу ўзгаришлар айниқса, ҳужум чизиғида бўлиб ўтганига нима дейсиз?
Демак, жамоадаги эсанкираш, бошқача қилиб айтганда, оптимал вариантларни қидириш бу йил ҳам давом этишини англатмаяптими? Балки, Осиё чемпионлар лигасидаги баъзи натижасиз ўйинлар айнан футболчиларнинг янгилиги билан изоҳланар, аммо мана шу изоҳнинг ўзи ҳам, Абрамов бир йилни беҳуда ўтказганини англатмайдими?
Оддий мисол, Саудия Арабистонидаги ўйинда ҳужум чизиғи Карьян ва Абдуҳолиқовга топширилди. Иккови ҳам ушбу мавсумда келиб қўшилган ҳужумчилар. Менимча, Карьян яққол ҳужумчи эмас, мутахассислар тили билан айтганда “11”лик ҳужумчи, демак, кўпроқ голеадор шерик билан тушганида кўпроқ самарали бўла олади. Айтайлик, Тожиев, Шодиев, Насимов каби, фақат дарвозани нишонга олишни бирламчи ўринга қўядиган ҳужумчилар учун яхшигина тандем бўла олади. Тимурхўжани эса ҳаммамиз биламиз, уни чинакамига “9”лик деб бўлмайди. У кўпроқ комбинацияларда иштирок этишга, русчасига айтанда “подигриш”ларга мос услубга эга. Ўйин давомида бу икки ўйинчини тандем дейиш қийин бўлди. Карьян кимлар учундир вазият яратишга ҳаракат қилар, худди шу паллада Тимурхўжа ҳам негадир қанотларга ўтиб қолаверар эди. Ҳа, қанчалик юқори савияли футболчилар бўлишмасин, Ван Перси ва Фалькаонинг ҳалигача тандем бўла олмаётганини эсласак, Луи ван Галнинг ҳолати Абрамовдан бир жиҳатдан фарқли эканини кўрамиз – агар шундай давом этса, келаси йили Луи ван Гал бу тандемдан воз кечади, унинг ҳаққи бор. Хўш, Вадим Абрамовда бундай шароит борми? Ахир у бир йилини бой бериб бўлган-ку?
Темур Кападзенинг трансферига ҳам шундай баҳо бериши мумкин. Темур тажрибали ўйинчи, лекин айнан бугун жамоага келиб қўшилгани негадир, ҳаммаси яна нолдан бошланаётганидан далолат қилмайдими? Бир йил ўтиб, у ҳам Гейнрих каби “Локомотив” учун мос бўлмай қолиши эҳтимолини эътиборга олсакчи?
Мен мақолани бошлаётганда ўз позициямни, ўлчовларимни ва мен учун бирламчи жиҳатларни жуда яхши белгилаб олдим, деб ўйлайман. Ҳа, “Локомотив” бу йили Ўзбекистон чемпиони бўлиши, кубокни ҳам яна бир бор ютиб олиши мумкин, инкор этмайман. Лекин таркибдаги футболчиларнинг савия жиҳатидан ўсиб бориши, жамоанинг ростан ҳам йил охирига келиб сайқалланган машинага айланишини кутмайман.
Айнан мана шу нуқтада мен учун жуда қўрқинчли нуқталар бирлашади. Бизда жамоа эсанкираш босқичида ҳам чемпионга айланиши мумкин. Биз Англия эмасмиз. Энг ёмони биз Англия тарафга қараб юрмаяпмиз ҳам. Афсус.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
GAYRATBEK 2015-03-04 13:47:36 00 SHAMSHER 2015-03-04 13:10:07 00 BAVARIYAM 2015-03-04 08:44:36 +10 AXRORBEKUSTA 2015-03-04 01:09:38 00 AXRORBEKUSTA 2015-03-04 01:09:06 00 AZIZRONALDU 2015-03-03 22:06:24 00 UZBEKFAN 2015-03-03 20:31:55 00 SARDORINTO 2015-03-03 16:24:39 00 BEHZODCHIK 2015-03-03 16:23:53 00 BEHZODCHIK 2015-03-03 16:22:46 00