-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Қаҳрамон Асланов 25-кадр
Пеп Гвардиола ҳақидаги 4 абсурд
Баҳо: 0Киритилган сана: 2015-09-08 11:22
Фақат кучли жамоаларни бошқарган ёки фаолиятидаги муваффақиятларни биргина жамоада қўлга киритган мураббийлар омма томонидан тан олиниши осон эмас. Шундай мураббийлардан бири Пеп Гвардиола. Нафақат “душман”мухлислар, ҳатто баъзи журналистлар орасида ҳам у ҳақида турли мулоҳазалар юрадики, аксарият ҳолларда бу фикрлар етарли асосга эга бўлмайди. Келинг шулар ҳақида гаплашамиз.
1. РАЙКААРДДАН ҚОЛГАН ТАЙЁР КУЧЛИ ЖАМОАНИ БОШҚАРГАН
Энг кўп тарқалган гаплардан бири. 2006 йилда “Барселона” Франк Райкаард бошчилигида Европа Чемпионлар Лигасини ютганида, жамоанинг яна Европа майдонидаги катта куч сифатида қайтгани ҳақида кўп ёзилганди. Ростан ҳам, ўша ғалабагача 15 йил ичида “Барселона” фақат бир марта финалда ўйнаганди холос. Аммо Гвардиола Барселонада Райкаарднинг ишини давом эттирган дейиш – муболаға.
Биринчидан, Пеп “Барселона”га 2006 йилда эмас, 2008 йилда келган. Яъни Райкаард унга Европа Чемпионлар Лигаси ғолибини эмас, Испания чемпионатини “Реал”дан 18 очко ортда қолиб тугатган жамоани мерос қилиб қолдирганди. Солиштириш учун, келаси мавсумда “Барселона” 9 очколик фарқ билан чемпион бўлди.
Иккинчидан, Гвардиола келибоқ, ҳам таркиб, ҳам тактик жиҳатдан жамоани тубдан янгилашга киришди. 2006 йилги кучли мавсумдан кейин ўз савиясига қайта олмаган Роналдиньога жавоб берилди. Деку кетиб, Иньестанинг майдондаги ўрни оширилди. Манчестерда асосий таркибга кира олмаётган ёш Пике чақирилиб, Тюрамдан воз кечилди. Яя Туре сотиб юборилди, унинг ўрни ёш Бускетсга ишониб топширилди. Асосан ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаб келган Месси айнан Гвардиола пайтида илк бор марказда синаб кўрилди ва ўзига хос “Хави – Иньеста-Месси“ учлигига асос солинди. Хуллас, бошқарувга келгунча, “Барселона”нинг ёшлар жамоасини бошқарган Пеп Гвардиола аниқ режа билан келганди ва клубда етишиб келаётган ёш истеъдодлар ҳақида етарлича маълумотга эга эди. Айнан шу йўналишдаги ҳаракат ўз самарасини берди ва эсингизда бўлса, Чемпионлар Лигасининг бир учрашувида “Барселона” 100 фоиз ўз тарбияланувчиларидан ташкил топган таркибни туширди. Бу рекорд эди.
Натижада, “Барселона” совринларни ютиш билан баробарида, трансфер бозорида жуда катта плюсга эга бўлди. “Реал” (Мадрид) ўша “Барселона”га рақобат қила оладиган жамоани тузиш учун беш юз миллиондан кўп пул сарфлаганининг ўзиёқ, тўғри танланган мураббий клубга қанчалик молиявий фойда келтиришини кўрсатади.
Яна бир гап. Франк Райкаард тузган жамоанинг энг чўққиси 2006 йилга тўғри келса, Пеп Гвардиола жамоасининг энг идеал кўриниши 2011 йилги Европа Чемпионлар Лигаси финалига тўғри келади. (2009 йилдаги ғалабани атайлаб қўшмаяпман, тўғри, бир йил ичида Гвардиола ўз муаллифлик жамоасини тузишга улгурмасди, қайсидир маънода омад ва футболчиларнинг маҳорати ҳам роль ўйнаган) Мана шу икки финалда майдонга тушган жамоалар таркибини солиштиринг:
Барселона 2006: Вальдес, Пуйол, Маркес, Олигер, ван Бронкхорст, Эдмилсон, Деку, ван Боммел, Жюли, ЭтоО, Роналдиньо.
Барселона 2011: Валдес, Алвеш, Маскерано, Пике, Абидал, Хави, Бускетс, Иньеста, Вилья, Педро, Месси
Кўриб турганингиздек, ҳар қанча қайсарлик қилмайлик, 2011 йилдаги “Барселона”га бошқа мураббийларнинг алоқаси йўқ, тўла тўкис Пеп Гвардиоланинг жамоаси.
2. ГВАРДИОЛА ЖАМОАЛАРИ ФАҚАТ ТЎП НАЗОРАТИГА АСОСЛАНАДИ
Бу фаразга ҳам ишонмаслик керак. Тўғри Гвардиола жамоалари ким билан ўйнашидан қатъий назар учрашув вақтининг камида учдан иккисини тўпни назорат қилиш билан ўтказадилар. Лекин бу тўпни имкон қадар ўзида сақлашга, вертикал ўйнашга бўлган кўрсматмалардан эмас. Чуқурроқ қаралса, бошқа сабабларни ҳам топса бўлади.
Биринчидан. Ҳар қандай топ клуб тўпни назорат қилишга, позицион ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилади. Буюк клубнинг оддий клублардан фарқи ҳам шу, рақибга мос тактика танлаш эмас, ҳар қандай жамоа билан ўз услубида ўйнай олиш. "Барселона"нинг аввалги мураббийлари ҳам бунга интилишгани шубҳасиз. Айнан Пепнинг улардан фарқи тўпни назорат қилиш эмас, кучли прессингдир. Жуда кўп мутахасислар Пеп Гвардиоланинг "Барселона"ни таҳлил қилиб, жамоанинг олдинги жамоалардан энг асосий фарқи ёввойи прессинг, тўпни йўқотиши ҳамоно қайтариб олишга ҳаракат қилиш эканини қайд этишган. Ўз ўзидан, тўпни йўқотгач дарров уни қайта эгаллашга киришган жамоа буни савияли тарзда амалга оширса, ўз мақсадига эришади. Шундай экан, тўпни жуда тез вақтда қайтариб оладиган жамоанинг тўпни назорат қиладиган вақти ҳам кўп бўлади. Бу табиий.
Иккинчидан. "Барселона" ёки бугунги "Бавария"га бўлган рақибларнинг муносабатини ҳам эътиборга олиш керак. Аксарият ҳолларда Бундеслига жамоалари "Бавария" битлан бутун жамоа бўлиб ҳимояланган ҳолда ўйнашни мақсад қиладилар. Аввалги "Барселона" билан ҳам шундай эди. Ўн бир киши бўлиб ўз жарима майдонида туриб оладиган ҳимояга қарши қайндай қилиб тезкор рейдлар, вертикал паслар билан ўйнаш мумкин? Энг чиройли, энг томошабоп ўйнайдиган бирор жамоани танлангда, рақиб унга нисбатан бутун жамоа бўлиб ҳимоялансин. Қандай ўйин бўлишини тасаввур қила оласизми?
Учинчидан. Мураббий ўз жамоасидаги футболчиларнинг устунликлари юзага чиқаришдан ва камчиликлари таъсирини минимал даражага туширишдан манфаатдордир. Таркибида Хави, Иньеста, Месси каби тўпни жуда яхши назорат қила оладиган футболчилар билан яна қандай ўйнаш мумкин? Масалан, бугунги "Бавария"ни эски "Барселона"га ўхшатиш қийин. Таркибида Мюллер, Левандовски, Алонсо каби умуман шартли "тики така"га тушмайдиган футболчилардан ташкил топгани учун "Бавария" бироз бошқачароқ футбол намойиш этмоқда. Қанотлардан фойдаланиш, узун паслар, стандарт вазиятлардан голлар нисбатан кўпроқ.
Пеп Гвардиола жамоалари сиз учун зерикарлими? Бемалол. Кўрманг. Ишонинг, ушбу жамоалар мухлислари сизнинг фикрингизга қўшилмайдилар. Улар учун тўп аксарият ҳолларда ўз футболчиларида экани ва рақибга камроқ имконият тақдим этилиб, ўйинлар қизиқ бўлмай қолаётгани зериктирмайди. Уларнинг хавотирини камайтиради, хотиржамлик беради. Мураббий эса аввало ўз жамоаси мухлислари учун ҳаракат қилади, нима дедингиз?
3. РАҚОБАТДАН ҚЎРҚИБ “БАВАРИЯ”ГА КЕЛГАН
Қаранг, кучли жамоаларнинг дарвозабонлари жуда кам ҳолларда ўйинда иштирок этадилар, бир ўйинда нари борса, 2-3 маротаба хавфли вазият яратилади холос. Ўртамиёна ёки аутсайдерларда эса ҳар доим дарвозабон муҳим, ҳар бир ўйинда жуда кўп сейвларни амалга оширишга мажбур. Айтингчи, унда нега топ клублар топ дарвозабон қидиришади доим? Нега энди кучли дарвозабонлар улар керак бўладиган кучсиз жамоаларда ўйнамасдан, топ клубда "ишсиз" ўтиришни афзал биладилар?
Бу парадокс эмас. Саволни бошқача қўйганда, ўнта зарбадан саккизтасини қайтариш қийинми ёки икки зарбанинг икковиниям қайтаришми? Албатта икикнчиси қийин. Топ клуб дарвозабонида босим каттароқ. Унинг қайтарган зарбалари эмас, ўтказиб юборган голлари кўпроқ муҳокама қилинади.
Худди шундай, "Бавария"да ҳам. Пеп Гвардиоланинг ютган совринлари эмас, юта олмаган турнирлари ҳақида кўпроқ гапирилса, чемпионат ғолиблиги шунчаки, бўлиши керак одатий ҳолдек қабул қилинса, мураббийга бундан ортиқ босим борми?
Кимдир, "Хўп, Гвардиола зўр бўлса, бориб "Сток Сити"ни кўтарсинчи, Баварияни мен ҳам чемпион қила оламан" деб ҳалиям гапириб юрган бўлиши мумкин, лекин ишонинг, "Сток Сити"ни олиб, турнир жадвалида 3 ўрин юқорига кўтариб, эътирофга сазовор бўлиш осонроқ, "Бавария" учун ҳисобот беришдан кўра. Диего Семеоне - маладес, лекин биласизми, ундан ҳеч ким чемпионликни талаб қилмагани учун ҳам у чемпион бўлди, ишонинг.
"Бавария"га рақобат қиладиган жамоа йўқми, Германияда? Балки. Лекин бу ҳам Гвардиоланинг муаммоларидан бири эмасми? Ахир энди уни бир йилда ҳамма совринни ютган Хайнкеснинг "Бавария"си билан солиштирадиларку? Ўша жамоа билан рақобат қилишни, ўша жамоадан кўпроқ соврин ютишни талаб қиладиларку?
Айтмоқчиманки, Гвардиола Англияни танламасдан, Германияни танлагани босимдан қўрққанидан эмас. АПЛ нинг бирор жамоасини олиб, ютмаслик ҳам мумкин бўлган совринлар учун курашиб юришдан кўра, бир йил олдин барча совринни ютган "Бавария"ни ўша чўққида учраб туришга бел боғлаш бир неча баробар қийинроқ эди, деб ўйлайман.
Ундан кейин, Пеп Гвардиола ўзининг қандай мураббий эканини исботлаб бўлган. Унга бўлган талаб ҳам юқори даражада, ўз меҳнати эвазига танлов ҳуқуқига эга. Нега энди, ўзи учун қулайроқ деб билган таклифдан воз кечиб, айнан Сизга ўз лаёқатини исботлаш билан шуғулланиши ва аслида ёқмайроқ турган таклифга розилик бериши керак? Унда бундай мажбурият бормидики, уни айбласак?
4.“БАВАРИЯ”НИ КУЧСИЗЛАНТИРИБ ҚЎЙДИ
Энг кўп тарқалган ва ҳозиргача муҳокамада бзлган мулоҳазалардан бири - Хайкенснинг жамоаси кучли эди, Гвардиола шундай жамоани расво қилди ва ҳоказо. Бўлмаган гап.
Сизга савол берай. Масалан, 1999 йилда "Манчестер Юнайтед" барча совринни ютиб олганди. Келаси йили эса Европа Чемпионлар Лигасини ютолмади. Англия кубогини ҳам. Яъни жамоа натижалари аввалги йилга нисбатан ёмонлашди . Хўш, ўшанда "МЮ" да мураббий ўзгармаганди. Алекс Фергюсон барчасини расво қилдими? Айб кимда, ахир бир йил олдинги совринларни ҳам Фергюсон ютгандику?
"Реал"ни олайлик. Карло Анчелотти чемпионлар лигасини ютганидан кейин ўрнига Бенитес келган бўлганида, Анчелоттининг даҳшат жамоасини ер билан битта қилди, Чемпионлар Лигасини юта олмади, деган бўлармидик? Ўша ғолиблик мавсумидан кейин ҳам Анчелотти бошқарди. У ҳам ҳеч нарса юта олмади. Нега уни айбламаяпмиз? Зўр жамоани расво қилди деб?
Бу бир мисол холос. Қаранг, ҳозиргача, ҳеч бир жамоа, Европа Чемпионлар Лигаси кубогини кетма кет ютмаган. Демак, бизнинг қаршимизда камида 20 нафар "омадсиз Гвардиола" бор шундайми? Яъни, чемпионлар лигасини ютган жамоа билан кейинги йили ҳам натижани такрорлай олмаган 20 нафар мураббий бор. Демак улар ҳам ўзидан аввалги мураббийларнинг ишини расво қилганми? Қизиғи, кўпинча ўша ўзидан аввалги мураббий ўзи бўлган.
Шу пайтгача бирорта мураббий уддасидан чиқа олмаган ишни Юп Хайкенс аниқ амалга оширган бўларди, деган мулоҳаза баҳс учун ярамайди. Немислар Хайкенснинг жамоаси ўз пик ҳолатига чиқаётганини яхши билишарди ва "Бавария"ни ўша шоҳсупада ушлаб туриш учун янгиланишга мухтожлигини яхши пайқай олишганди. Гвардиола бу вазифаларни амалга оширдими? Мен ҳа деб жавоб берган бўлардим.
Жамоа ҳали ҳам Европадаги учта катта кучдан бири бўлиб турибди. Бундеслигадаги ишлар эса, аввалгидан ҳам яхши. Жамоа 15-20 очколик фарқ билан чемпионликни қайд этмоқда. "Бавария"нинг бошқалардан устунлиги аввал ҳам бўлган, лекин Хайнкес даврида бу даражада устунлик бўлмаганди. Илгари "Бавария" Роббен, Рибери каби маълум бир ўйинчиларнинг маҳоратига боғланиб қолган бўлса, ҳозирда, таркибда бунақа ўйинчи йўқ.
Европа чемпионлар лигасидаги иштирок ҳам ёмон эмас. "Бавария" ҳар йили турнир ярим финалигача етиб бормоқда. Ким билади, агар Мессининг индивидуал маҳорати бўлмаганда, немислар ярим финалда "Барселона"ни доғда қолдириб. финалга чиқишлари ҳам мумкин эди. Тан олиш керак, "Бавария" тактика ва жамоавий савия борасида "Барселона"да орқада эмаслигини ўша ўйинларда кўрсата олди.
Баъзида, айниқса, гап Европа Чемпионлар Лигаси ҳақида кетганида, фақат натижага қараб баҳо бериш тўғри эмас. Рақобат шу даражадаки, сиз ҳамма ишни тўғри бажаришингиз мумкин, лекин ҳамма ишни тўғри бажарган бошқа бир жамоа ҳам бўлиши ва сиз унга ютқазиб қўйишингиз мумкин. Шу нуқтаи назардан, "Бавария"нинг сўнгги икки йилдаги икки ярим финалини инқироз деб атамаган бўлардим.
Тўғри, немис футбол жамоатчилигида Гвардиоланинг мураббийлик фаолияти борасида салбий фикрлар ҳам кўп янграб туради. Лекин бу тўлқинга қўшилмаслик керак, сабаби, асосан немис миллий футболи нуқтани назаридан айтилаётган иккинчи даражали гаплардир. "Бавария" кўрсатаётган футболда немис услубини йўқолиб бораётгани, мураббийнинг баъзи немис футболчилари имконият бермай испанларни афзал кўраётгани (масалан Гетце ўрнига Алкантара) танқидларга сабаб бўлмоқда.
Лекин ўта шахсий шахсий фикримни айтай: 2010 йилда Испания терма жамоасининг чемпион бўлишига Пепнинг "Барселона" қанчалик пойдевор бўлиб хизмат қилган бўлса, 2014 йилги Германия терма жамоаси чемпионлигида ҳам Гвардиоланинг хизмати катта. Ҳа, Левнинг меҳнатини ерга урмоқчи эмасман, ҳа, бу жамоа анчадан бери етилиб турганди, тўғри. Лекин нега 2010 ва 2012 йиллардаги Германия шу даражада салобатли бўла олмаганди?
Аввалги турнирларда Германия кўпроқ вертикал футбол кўрсатган, қанотларга ва тезкорликкам урғу берган, қисқаси, ўша пайтлардаги "Боррусия"нинг нусхаси эди. Испания ва Италия жамоалари хотиржам ва хатосиз ўйинлар орқали уларни тўхтата олишганди. Пеп "Бавария"си терма жамоага ҳам жуда зарур бўлган салобатни олиб келди. Германия терма жамоаси ўйинида айнан испанча футбол элементлари, айниқса. ўйин темпини бошқара олиш, хотиржамлик, яқин масофада тўпни назорат қилиш ғалабага катта хисса қўшди.
Албатта, бу менинг фикрларим. Сизники бошқача бўлиши мумкин. Гвардиоланинг ҳимоя қилишим энсангизни қотирмасин. У менинг тоғам ёки аммамнинг эри эмас. Мабодо, тоғам ёки аммамнинг эри бўлган тақдирда ҳам, у тоғам ёки аммамнинг эри бўлгани учун зўр мураббий, демаяпман. Фикрларимни асослашга ҳаракат қиляпман. Сиз ҳам шунақа қилинг.
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
INTERPOL 2016-06-08 18:27:40 00 ASNASAF 2015-10-05 16:34:14 00