-
-
АПЛ 27.12.2024 01:00 Ливерпуль 3 - 1 Лестер АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи - Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма - Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри - Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль -
Stadion.uz мухлислари Мухлис минбари
ЖЧ-2014: Кучлилар кўп, аммо чемпион ким?
Баҳо: 0Киритилган сана: 2014-06-08 03:56
Жаҳон чемпионати яқинлашган сайин барча футбол мухлисларининг юраги ўзгача бир ҳис-ҳаяжон билан тўлиб тошади. Чунки бундай улкан футбол фестивали ҳар йили ҳам бўлавермайди. Мусобақадаги ҳар қандай ҳолат футбол мухлисларини диққат эътиборида бўлади. Гарчи миллий терма жамоамиз қатнашса олмаса-да, мундиал нафаси бизни ҳаяжонга солиши аниқ. Ушбу мусобақада кимдир БРАЗИЛИЯ, кимдир АРГEНТИНА, яна бошқа мухлислар эса ГEРМАНИЯга ва шунга ўхшаш ўз севимли терма жамоаларига мухлислик қилишади. Бугун сизлар билан мусобақада чемпионликка даъвогар мамлакатларни имкониятларини чамалаб кўрамиз. Демак, бошладик.
БРАЗИЛИЯ
Мусобақа мезбонларига уларнинг мухлислари жуда катта умид билан қарашмоқда. Чунки, биринчидан, мусобақа уларнинг кўз ўнгида бўлиб ўтади, иккинчидан, улар суюклиларидан доимо ғолибликни талаб қилишга одатланишган. Хўш, бизга жуда яхши таниш бўлган Луис Фелипе Сcолари шогирдлари мухлисларини ишончларини оқлай олишга қодирми? Фикримча, улар чемпионлик учун даъвогар энг асосий тўртта жамоанинг бири. Гарчи, таркибга Кака ва Роналдиньо каби машҳур юлдузлар киритилмаган бўлса-да, уларнинг ўрнини Неймар ва Оскар каби умидли ёш юлдузлар билинтирмасликка ҳаракат қилишади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам якунланган мавсумни ажойиб тарзда ўтказишди. Қолаверса, ушбу мундиал улар учун дастлабки йирик мусобақа мухлисларига ўзларини имкониятларини ҳар томонлама кўрсатиш учун. Ҳимоя чизиги эса чемпионатдаги энг кучли ўйинчилардан ташкил топганлиги ҳам сўзимизнинг исботидан бири бўлиши мумкин. Тиаго Силва, Давид Луис, Бонфим Данте, Дани Алвес каби ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш уларнинг рақибларига жуда катта қийинчилик туғдириши аниқ. Конфедерациялар кубогидаги ишончли ғалаба ҳамда тажрибали ва ёш истедодли футболчиларнинг уйғунлигидан ташкил топган “катта фил” жамоасидан катта натижалар кутишга асос бўлиб хизмат қилади...
ГEРМАНИЯ
Ҳар бир мусобақада фаворитлар қаторида тилга олинадиган немислар охирги йирик турнирларда жуда чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлислари кўнглига умид уйғотиш билан бирга ярим финалларда аламли тарзда мағлубиятларни қабул қилиб олишди. Бундай мағлубиятлар немисларни ушбу мундиалга янада пухта ва жиддий тайёрланишлари учун қўшимча куч вазифасини бажарса ажабмас. Йоахим Лёв ҳар бир чизиқда мукаммал таркибга эга. Дарвозада Нойер, ҳимояда Лам, Боатенг, Хуммелс, ярим ҳимоядаги Мюллер, Гётце, Месут Ўзилдек плеймейкер ҳужумдаги улкан тажрибага эга бўлган Мирослав Клозе, “Челси”да Моуриньодек мутахассис қўл остида ажойиб мавсумни ўтказган Андре Шюррле, кучли ва кутилмаган зарбаларга эга бўлган Подольски каби ҳужумчиларни фантастик паслари билан таъминлаб турса, немисларнинг рақибларига ҳавас қилиб бўлмайди. “Немис машинаси” мана шундай ажойиб “мосламалар” билан жихозланган ва улар стартда финишга биринчи бўлиб етиб келишлари учун ҳамма нарсани шайлаб қўйган. Бунинг учун Лёв ва унинг шогирдларидан йўлда адашишмасликлари талаб этилади.
ИСПАНИЯ
Сўнгги йирик мусобақаларнинг яққол фаворити бўлиб келаётган амалдаги жаҳон чемпионларига бироз қийин бўлишлари мумкин. Чунки бугунги кунда кўплаб жамоалар “тики-така”га қарши қандай ўйнаш кераклигини тиш-тирноғи билан курашиб, ўрганиб боришмоқда. Шунингдек Ла лиганинг якуний қисми жуда асабий тарзда ўтгани, сўнгги тургача чемпион номи аниқланмагани асосини “Барса”, “Реал” ва “Атлетико” каби жамоалардан ташкил топган терма жамоа аъзоларига жисмоний ва руҳий томондан бироз ноқулайлик туғдириши мумкин. Лекин таркибида Касильяс, Рамос, Пике, Хави, Иньеста, Давид Силва, Фабрегас, Торрес каби юксак маҳоратга эга бўлган Висенте Дел Боскенинг “енгилмас армадаси” яна чемпион бўлишлари учун енгилмаслик керак бўлади.
АРГEНТИНА
Чемпионатдаги энг кучли ҳужум чизиғи айнан аргентиналикларга тегишли бўлса ажабмас. Мессидек футболчининг ёнида Агуеро, Игуаин ёки Лавеззи, Паласио каби ҳужумчиларнинг тандем ҳосил қилиши рақиблар учун даҳшатнинг ўзгинаси бўлса керак. Яна “Реал”да жуда яхши мавсумни ўтказган Ди Мария ярим ҳимояда етакчиликни эгалласа ажабмас. Лекин шундай фантастик футболчиларга эга бўлган Аргентинанинг сўнгги мусобақаларда айтарли натижаларга эриша олмаётганини кўриб ҳайрон қоласан киши. Балки юлдуз футболчиларга топ даражадаги мураббий керакдур. Бунга уларнинг сўнгги жаҳон чемпионатидаги иштироклари ҳам мисол бўла олади. Ўша пайтдаги бош мураббий Марадона ўтмишнинг энг машҳур футболчилардан бири бўлиши мумкин, лекин у машҳур мураббий бўлмаган. Ваҳоланки, ўша пайтдаги таркиб ҳам исталган жамоа билан рақобатлаша оладиган даражада жуда кучли эди. Ҳозирги мураббий Алехандро Сабеля Тевесдек ҳужумчининг феъл-атвори туфайли жаҳон чемпионатига олиб кетмаслигини маълум қилди. Балки у бу билан жамоада тартиб-интизомни биринчи ўринга қўймоқчи бўлаётгандур. Тартиб-интизом бор жойда эса яхши натижалар ҳам яхши бўлишини бутун дунё мухлислари немислар мисолида гувоҳ бўлишган. Мессининг олтин коллекциясида жаҳон кубогини йўқлиги, аргентиналикларнинг узоқ йиллардан буён ғолиб бўла олмаётганлари ва чемпионат қўшни давлат Бразилияда ўтказилиши уларга фойдали бўлиши мумкин. Чунки иқлим томондан, унга мослашиш каби қийинчликларга дуч келмасликлари мумкин. Шундай экан Аргентинадан ҳам кўп нарса кутсак бўлади.
ИТАЛИЯ
Бутун дунёга ўзининг мустаҳкам ҳимояси билан донг таратган “Скуадро Адзурра” вакиллари ушбу жаҳон чемпионатида “ўлим гуруҳи”га тўғри келиб қолишди ва ҳаттоки ўтган сафаргидек гуруҳда ҳам қолиб кетишлари мумкин. Шунингдек, рақиблар ҳам анойилардан эмас. Англия, Уругвай каби жуда кучли жамоалар билан биргаликда сўнги пайтларда Шимолий Америкада етакчи давлатлар қаторига қўшилиб бораётган Коста Рика. Бу жамоадан ҳам ўзига хос “сюрприз”лар бўлиб қолиши мумкин. Агарда Италияликлар бу гуруҳдан эсон-омон чиқиб олса, ундан уёғига ўйинлари очилиб кетишлари мумкин. Чунки уларда шундай ўзига хос ғаройиб одатлари бор.Пранделли бу сафар таркибга анчайин шижоатли, курашувчан, иштиёқли ва умидли футболчиларни жалб қилди. Бунга сўнгги мавсумда "Торино" сафида ёрқин мавсум ўтказган Алесио Черчи ва Чиро Иммобиле, ва “Рома”да порлаётган Маттиа Дестро мисол бўла олади. Шунингдек, яна дарвозада дунёнинг энг яхши дарвозабонлардан бири Жанлуижи Буффон, химояда “Ювентус”даги “трио” Бардзагли, Бонуччи, Кьеллини, “Интер”да ишончли тарзда ўйинлар ўтказган Раноккия, “Наполи”даги Маджио каби маҳоратли ҳимоячиларнинг борлиги, ярим ҳимоядаги қариликни ҳеч ҳам тан олгиси келмайдиган Андреа Пирло ўзининг заргарона паслари, Де Росси, Монтоливо, Маркизио кабиларни тажрибаси ҳамда Черчининг иштиёқи, ҳужумдаги Балотелли, Иммобиле, Дестро, Росси каби ёшларнинг шижоати "Мовий гвардиячи"ларга асқотишлари мумкин! Шунингдек, Чезаре Пранделли ҳам мураббийликда юксак салоҳиятга эга мутаҳассислардан эканлигини ЕВРО-2012 баҳсларида кўринган. У қўл остидаги шогирдларни ажойиб тарзда руҳлантира оладиган ва жисмоний кучни тўғри тақсимлай оладиган мураббийлар туридан. Бундай жиҳатлар футболда муҳим ўрин тутиши барчамизга маълум. Айниқса, йирик турнирларда бундай ҳолатлар жуда ҳам фойдали бўлиши мумкин...
ФРАНЦИЯ
“Учранглилар” учун сўнгги йирик мусобақалар жуда омадсиз тарзда якунланмоқда. Жамоада қандайдир келишмовчилик, ички низолар пайдо бўлди ва бу натижаларга ҳам таъсир кўрсата бошлади. Балки, шу сабаблидир, Дидье Дешам мундиалга хулқи билан боғлиқ сабаб Самир Насридай етакчи футболчини олиб бормайдиган бўлди. Чунки у бу сафар ҳам олдинги воқеалар такрорланишини истамайди.Лекин, шундай бўлса-да, таркибда етарли даражада маҳоратли футболчилар топилади. Аммо Франк Рибери жароҳат боис Мундиалда иштирок эта олмайдиган бўлди. Бу французлар учун жиддий йўқотиш ҳисобланади. Шундай бўлса-да Погба, Кабай, Валбуэна, Матюиди, каби ажойиб маҳорат эгаларининг борлиги уларни қандай кучга эга эканлигидан далолат бериб турибди. Шунингдек Варан, Гризман каби умидли ёшларнинг ҳам порлашлари кутилмоқда мазкур чемпионатда. Дебюши, Косьелни, Варан, Сахо каби ижрочилардан иборатлиги ҳимоя қўрғонининг ишончли қўлларда эканлигидан далолат. Агар Дешам ҳужум чизиғи вакилларини ажойиб руҳлантира олса, ЕЧЛ ғолиблигидан шодланган Бенземанинг ўйини ўхшаб қолса, французлар ҳам худди италияликлар сингари ярим финалгача, агар омадлари келса, чемпионлик учун ҳам курашишлари мумкин.
АНГЛИЯ
“Учшерлар” ҳар доим ҳар қандай мусобақада фаворитлар қаторида тилга олинади. Лекин уларни йирик турнирларда ғолиб бўлганига анча йиллар бўлиб кетди. Сўнгги жаҳон чемпионатида немисларга бироз баҳсли ва аламли тарзда йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, мусобақани нимчорак финалдан тарк этганди. Ушбу чемпионат Лэмпард, Жеррард ва Руни каби юксак маҳорат эгаларининг сўнгги имкониятлари бўлишлари мумкин. Шу боисдан ҳам улар борини беришларига мажбур. Майдон марказида Жеррард ва Лемпарддек ижрочиларни ҳар қандай жамоа орзу қилишлари мумкин. Рой Хожсон жамоага “Ливерпул”да жуда ажойиб мавсумни ўтказган Стерлинг ва Сттариж каби умидли ёшларни ҳам жалб этган. Жамоа таркибига назар ташлайдиган бўлсак, жамоанинг кучи бемалол ярим финалгача бора олишлари мумкин. Фақат аввал гуруҳдан чиқиб олиш талаб этилади. Уларга ҳам худди Италияга ишлатган тарифни ишлатамиз. Инглизлар ҳам гуруҳда қолиб кетиши мумкин ёки узоқроққа бориши мумкин. Барчаси тайёргарликка, тажрибага, омадга ҳам боғлиқ. Ижобий натижа учун эса Хожсон жанобларидан ўзига хос топқирлик ва маҳорат талаб этилади холос. Агар у жамоани ажойиб тарзда руҳлантира олса ва жисмоний кучни тўғри тақсимлай олса, бунга эришишлари мумкин...
ПОРТУГАЛИЯ
Сўнгги йирик турнирларда ярим финалларга етиб келиб тенгма-тенг ўйинларда имкониятларни бой бериб қўяётган португаллар бу мусобақада анча муваффақиятли қатнашишлари мумкин. Бунга бир қанча сабаблар бор. Гарчи улар мундиалга плей-офф орқали йўл олган бўлсалар ҳам. Демак, уларда мусобақа давомида бошқа Европа жамоаларидан фарқли ўлароқ иқлим ва тил, менталитет борасида муаммоларга дуч келмасликлари тахмин қилинмоқда, чунки улар бу борада бразилияликлар билар жуда ўхшаш ва улар ўзларини худди уйларидек ҳис этишлари мумкин бўлади. Шунингдек, маҳаллий мухлисларнинг каттагина қисми "Европа Бразилияси"га мухлислик қилишлари кутилмоқда мусобақа давомида, албатта Бразилия билан ўйин тўғри келиб қолса, бундан истисно. Яна шунингдек, бугунги кунда жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиб турган ва мавсумни жуда юқори нотада якунлаган ҳамда “Рeал” билан Европа Чемпионлар лигаси ғолиблигини ютиб олган Криштиану Роналду ҳам юқори кайфиятда мундиалга ташриф буюрмоқда. Кўпчиликка маълумки, Роналду кайфият ўйинчиси эканлиги ва ўйин тақдирини бир ўзи ҳал этиб қўя оладиган футболчилар туридан ҳисобланади. Ва яна Паулу Бенту жамоани ЕВРО-2012дагидек тайёрлай олса, португаллар жуда кучли ва ҳавфли жамоага айландилар. Улардан ҳар қандай натижани кутиш мумкин бўлади, ҳаттоки чемпионликни ҳам...
ГОЛЛАНДИЯ
Футболни ўзига хос дид билан ўйнайдиган ҳамда доимо чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этадиган Голландларни бу мусобақага “МЮ”нинг бўлажак устози тажрибали Луи ван Гаал бошлаб келмоқда. Олдинга ўтиб шуни айтишимиз мумкинки, голландларга тўрт йил олдинги натижасини такрорлаш жуда ҳам қийин бўлади. Чунки ўша пайтдаги ва ҳозирги жамоа ўртасида анчагина фарқи бор. Финалда Испания билан мардонавор курашиб, фақатгина қўшимча вақтларда имкониятларни бой бериб қўйган жамоа таркибида ўша чемпионат давомида фантастик ўйин намойиш этган Уэсли Снейдер Роббен, Ван Перси, Ван дер Ваарт каби етакчиларнинг айни кучга тўлган пайтлари эди. Бу галги чемпионат эса улар учун сўнги имкониятлари бўлиши кутилмоқда.Таркибга назар ташлайдиган бўлсак, ўзининг кутилмаган қарорлари ва қайсар феъли билан машҳур бўлган Ван Гаал жаноблари тажрибали дарвозабон Мартин Стекеленбург ва ҳимоячи Ван дер Виллни таркибга жалб этмади. Ҳимоя чизиғини асосий қисми Голландия чемпионати вакилларидан иборатлиги бироз кутилмаган ва ўйлантирадиган ҳолат. Балки бу ҳимоячилар орасидан биронтаси порлаб чиқар мундиал давомида. Ярим ҳимояда ҳам Снейдер, Ван дер Ваарт ва Де Йонгдан бошқаси янги номлар. Ҳужумда Ван Перси ва Роббен билан бирга узоқ вақт жароҳатини даволаган тажрибали Хунтелаар ўйнаши мумкин, лекин таркибдаги биз санаган биронта ўйинчини юқори формада дейиш қийин, фақат Роббендан ташқари. Лекин шундай бўлса-да футболда доимо бир нималар яратишга ҳаракат қиладиган “Учар голландлар” устози Луи ван Гаал ўзининг бой тажрибаси ҳамда янги номлардан кашфиётлар чиқариб, уларнинг “кетмонини учиришга” ҳаракат қилиши аниқ. Шундай экан, голландларни ҳам ҳисобдан чиқариш тўғри эмас.
Ҳурматли дўстлар, буларнинг барчаси оддийгина тахминлар эди, холос. Агарда кимнингдир севимли жамоасига нотўғри таъриф берган бўлсам, олдиндан узр. Мен шунчаки ҳар бир терма жамоа аъзоларининг сўнгги мавсумдаги иштирокидан келиб чиқиб фикр билдирдим. Яқин 1 ой биз ҳақиқий футбол ҳавосидан баҳраманд бўламиз, олам-олам завқ оламиз. Энг муҳими ҳалол, тоза, мазмунли ва ҳужумкор футбол гувоҳи бўлайлик шу вақт оралиғида. Севимли жамоангизни қўллаб-қувватланг ва ҳақиқий футболдан роҳатланинг.
Сўзларим якунида шуни айтиб ўтишни истардимки, насиб қилса, кейинги мундиалда шу жамоалар қаторида юртимиз жамоасини, ЎЗБEКИСТОНИМИЗНИ ҳам кўриш насиб этишини Яратгандан сўраб қоламан!Бурҳонбек Абдумўминов
Фикр билдиринг:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
WRBEIRQX 2024-08-06 06:54:49 01 WRBEIRQX 2024-08-06 06:54:48 01 WRBEIRQX 2024-08-06 01:59:23 01 WRBEIRQX 2024-08-06 01:59:22 01 ZAFARUZB 2014-06-08 10:37:18 00 ABDUAZIZ 2014-06-08 10:36:04 00