-
-
АПЛ 28.12.2024 00:30 Брайтон 0 - 0 Брентфорд АПЛ 28.12.2024 01:15 Арсенал 1 - 0 Ипсвич «A» Серия 28.12.2024 19:00 Эмполи 1 - 2 Женоа «A» Серия 28.12.2024 19:00 Парма 2 - 1 Монца «A» Серия 28.12.2024 22:00 Кальяри 0 - 3 Интер «A» Серия 29.12.2024 00:45 Лацио - Аталанта «A» Серия 29.12.2024 16:30 Удинезе - Торино «A» Серия 29.12.2024 19:00 Наполи - Венеция АПЛ 29.12.2024 19:30 Лестер - Манчестер Сити АПЛ 29.12.2024 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон АПЛ 29.12.2024 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест АПЛ 29.12.2024 20:00 Фулхэм - Борнмут «A» Серия 29.12.2024 22:00 Ювентус - Фиорентина АПЛ 29.12.2024 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль «A» Серия 30.12.2024 00:45 Милан - Рома «A» Серия 30.12.2024 22:30 Комо - Лечче -
Рубен Аморим: «Ишончим комил, муваффақиятга эришамиз, албатта»
Баҳо: 0Бўлим: ЕВРОПА » Мураббийлар » Фикрлар
Рукн: Интервьюлар
Яқинда «МЮ» раҳбарияти «Олд Траффорд»да клубнинг келажак режаларини муҳокама қилиш учун алоҳида тадбир ташкил этди.
Унда янги бош мураббий Рубен Аморим ҳам ҳозир бўлди ва мухлисларни қизиқтирган турли саволларга атрофлича жавоб берди.
- Рубен, «Олд Траффорд»га хуш келибсиз! Эҳтимол, одатий саволдир, лекин айтингчи, «Юнайтед» чорловини қабул қилишингизда нима ҳал этувчи омил бўлди?
- Ҳаётда ҳамиша ўзимга маъқул одамлар билан ишлашни хоҳлайман. Қолаверса, «МЮ» - тарихий жамоа. Янги чақирувлар ва муваффақиятга чанқоқ ҳар қандай мутахассис бу ерда ишлаш имкониятидан воз кечолмаса керак. Мана, энди менда буюк бирлашманинг ажралмас қисми бўлиш имкони бор. Яна бир сабаб - мухлислар. Улар «Олд Траффорд»да энг қийин дамларда ҳам мураббий ва футболчиларни чинакамига қўллаб-қувватлашларини кўриб, бу ерда барчаси ўзгача эканлигини тушуниб етганман.
- Клубдаги одамлар ҳақида гапирганда, Омар Беррада, Ден Эшворт ва Жейсон Уилкоксни назарда тутдингизми?
- Албатта, шунингдек, сэр Жим Рэтклифф ва сэр Дейв Брэйсфордни ҳам алоҳида эътироф этишим керак. Барчамиз клуб тарихида ёрқин из қолдириш ниятидамиз. Шундай экан, тақдир инъом этган қимматли вақтдан оқилона фойдаланиб қолишимиз керак.
- Ҳамюртингиз Криштиану Роналду сизни «Шоир», дея мақтаганини ўқигандим, чиндан ҳам, шундайми?
- Йўқ, Криштиану ҳазил оҳангида гапирган. Шунчаки, нимадир дейишни истасам, юракдан, қалб тўридан гапираман. Назаримда, атрофимдагилар буни ҳис қилишади. Айтилган сўз мен учун оддий нарса эмаслигини кўпчилик яхши билади...
- Футболчилик фаолиятингиз давомида «Олд Траффорд»-да икки марта майдонга тушгансиз. Бу борада қандай хотираларга эгасиз?
- Қаерда бўлмасин, фақат ғалабани кўзлаганим учун «Олд Траффорд»га боғлиқ хотираларим унча ижобий эмас. Мен учун футбол ва ўз ишимдан завқланиш жуда муҳим, лекин асосийси - ғалаба. Ўша учрашувларни яхши эслайман. Дейлик, «Брага» билан бу ерда аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганмиз, аммо «Юнайтед» кейинчалик назоратни тўлиқ ўз томонига оғдирган ва якунда мағлуб ҳолда қайтгандик.
- Энди «Юнайтед» бош мураббийисиз. Айтингчи, трибуналарда жамоани қўллаб-қувватлайдиган мухлислар кучидан қандай фойдаланишни ўйлаяпсиз?
- Мураббий ўз жамоасининг энг кучли жиҳатларидан фойдаланмаслиги ғалати... Тўғри, майдонда футболчилар ўйнашади, лекин стадион атмосфераси ҳам жуда муҳим. Одатда йигитлар трибуналардан илҳом олишса, янада яхшироқ тўп суришади. Шундай экан, ғалаба қозонишимиз учун мухлислар армияси далдасига эҳтиёжимиз бор, албатта.
- Бу ажойиб майдонга қадам қўяр экансиз, қандайдир сеҳр борлигини тушунасиз... Ҳозир барчанинг диққат марказида турганингиздан ҳаяжонланмаяпсизми?
- Омар Беррада ва «МЮ»нинг бошқа раҳбарлари билан гаплашганимда, улар ўз режаларини батафсил баён этишди. Янги миссияни биринчи бўлиб амалга оширишга уриниш ҳам ҳақиқий шараф. Зиммамда катта масъулият бор, шунинг баробарида ғурур ва ҳаяжон ҳам йўқ эмас. Тушунарлики, жамоа яхши ўйнаса ва натижа берса, умумий манзара янада жозибали бўлади. Зеро, шунда одамлар янги ғоялар, жумладан, янги стадион лойиҳасига ҳам ишона бошлашади. Хуллас, бу ерда футболнинг ҳақиқий юрагига айланишимиз мумкинлигини англаб турибман, «МЮ» эса АПЛ двигатели, назаримда.
- Клуб, унинг ходимлари ва машғулотлар базаси ҳақида илк таассуротлар қандай?
- Энг муҳими, улкан жамоага дахлдорлик ҳисси бор, шунингдек, барчаси ҳақида муайян қарашларга ҳам эгаман.
- Клуб академияси ва асосий жамоа ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилиши сиз учун нечоғли муҳим?
- Менимча, бу энг керакли нуқта. Ҳозир кўпчилик 3-4-3, 4-3-3 ва шунга ўхшаш тактик вариантларни муҳокама қилмоқда. Лекин аслида ҳаммаси футболчиларнинг характерлари, тактик чизмани қандай қабул қилишларига боғлиқ. Аввало, айни шу жиҳатга эътибор қаратишимиз керак. Шундан кейин ўйин услуби, прессинг ва бошқа элементларга вақт ажратамиз. Ҳозир мен учун энг муҳими - ўтмиш тамойиллари, клуб ўзлиги ва характерини қайта тиклаш.
- Хўш, футбол фалсафангизни ниманинг эвазига намоён этмоқчисиз?
- Бир сўз билан айтганда, сифатли ўйин билан. Агар жамоавий иш тўғри йўлга қўйилса, ҳар бир футболчининг иқтидори янгича кўринишда порлайди. Батафсил гапирсам, ўзига хос характер, курашиш усули, ўйин чизмаси, қўйингки, шахсиятимизга эга бўлишимиз шарт. Футболчилар клуб рамзи туширилган либосни кийишганида «МЮ»ни ифодалашларини теран тушунишлари керак. Яқин келажакда айни шу нарсаларга эътибор қаратаман.
— Қарашларингиз шахсиятингизда ўз аксини топгандек. Одамлар билан қандай саломлашганингиз, мулоқот қилганингизни кўрдик. Жамоатчилик фикри сиз учун алоҳида маънога эгами?
- Бўлмасам-чи! Биринчидан, кенг мулоқот шунчаки, ёқимли. Иккинчидан, мазкур клубнинг кичик бир қисмиман... Албатта, менежер ёки бош мураббий муҳим шахс, чунки клуб бошқаруви уларнинг қўлида. Лекин моҳиятан жамоада маълум функцияни бажараман, холос. Аҳил гуруҳда эса ҳамма бирлашиши зарур. Бунда ҳаттоки, энг охирги ходим четда қолмаслиги керак. Демоқчиманки, якдиллик буюк мақсадларга эришишнинг анча осон ва қизиқарли йўлидир.
- Клубда қандай меҳнат маданиятини шакллантиришга ҳаракат қиляпсиз? Бир хиллик тарафдоримисиз ёки клуб ривожланиб борган сари вазият ўзгаради?
- Футболчи сифатидаги ўтмишимнинг тафсилотларини билмайсиз, шекилли. Мутлақо исталган позицияда ўйнай олардим - ўнг ва чап қанот ҳимоячиси, марказий мудофаа нуқтасида ҳаракатланганман. Шунингдек, ярим ҳимоя, таянч зонаси ҳамда ҳужум ортида тўп сурганман. Умуман, фақат дарвозада турмаганман, яна соф ҳужумчи бўлмаганман...
- Ҳа, ҳали ҳам кеч эмас...
- Ҳаракат қиламан (кулади). Жиддий гапирсак, фақат 2та позицияда ўйнамаганман ва ҳар доим жамоавий ижрочи саналганман. Бунинг оқибатида вақти-вақти билан захирада қолишимга тўғри келган. Мураббийликда ҳам шундайман - футболчилар ҳис қиладиган деярли ҳар бир ҳолатни тушунаман. Жамоа ҳақида ўйлаганимда эса, бир вақтнинг ўзида ҳар бир шогирдим ёки мухлис ҳиссиётини эътиборга оламан - ҳаммаси миямда.
- Ҳозир мавсум ўртаси. Асосий устувор йўналишларингиз нималардан иборат?
- Бизга вақт кераклиги ўз-ўзидан тушунарли. Ғалаба қозониш зарур ўйинларда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Қайтараман, мен учун энг муҳими - шахсият. Албатта, ўйинларга тайёргарлик кўрамиз, лекин асосий вақтни ўйин моделини яратишга бағишлаймиз. Қандай ҳаракатланиш, босим даражаси - ҳар бир кичик детални аниқлаб олишим зарур. Ҳа, барчасини бирданига ўзгартириб юборолмаймиз, бу футболчиларни чалғитиб қўяди. Биринчи вазифа - ким нималарга қодирлигини чамалаб олиш.
- Рубен Аморим бошқарувидаги «МЮ»дан қандай ўйин кутишим керак?
- Айтишим қийин... Қандайдир сеҳрли ва илҳомлантирувчи ишонч бағишлолмайман ҳозир. Виждонан ҳалолман ва алдашга одатланмаганман. Ўйлайманки, ўйинимизда маълум ўзгаришларни сезасиз. Бу ёқадими-йўқ - билмайман, лекин янгилик бўлади, барибир. Лекин унутманг, энди ишга киришдим, қолаверса, дунёнинг энг кучли лигасида ўйнаймиз. Демак, ўйин давомида саволингизга бирор янгилик билан жавоб берсам, шу танлаган ғоямиз ҳисобланади. Кафолат бераман, ҳали ғоямизни яққол кўриш вақти ҳам келади.
- Бундай фикр билан сабр ва ишонч бағишладингиз. Жамоада узоқ муддатли лойиҳа мавжудлигини ҳам, таркибда Кобби, Амад, Гарна, Расмус, Лени каби ёш истеъдодлар борлигини ҳам биламиз... Шунингдек, кўплаб йигитлар жароҳатдан фориғ бўлишмоқда аста-секин. Қисқаси, келажакка умид билан қарашимизни тақозо этувчи асос йўқ эмас...
- Ҳа, албатта! Яна шуни айтмоқчиманки, ёш жамоани тўғри йўлга буриш учун бироз вақт керак. Тўғри, футболчилар ёш бўлишсада, «МЮ» даражасига, юқори талабларни бажаришга тайёр туришлари лозим. Улар анчадан буён шу ердалар, демак, энди ёш ҳисобланмайдилар. Барчасини биринчи кундан бошлашимиз керак - қўрқувни йиғиштиринг, жамоа ҳали бундай ўйнашга ўрганмаганини ўйлаб, ҳадикка борманг.
- Энди стадион ҳақида: кеча янги арена лойиҳаси кўрсатилди. Сизга ёқди-ми?
- Бу ерда ҳаммаси бошқача. Каррингтонга келганингизда, маълум ҳис-туйғуларни бошдан кечирасиз. «Олд Траффорд»да ҳам барчаси бутунлай ўзгача. Масалан, ичкарида кубокларни кўрасиз, тарихни, клуб бошидан кечирган фожиаларни билиб оласиз... Хабарингиз бор, фалокатдан 10 йил ўтиб, жамоа Европада тенгсиз бўлган. Ҳозир худди шундай куч-характерни сингдириш муҳим. Шунингдек, таркибга қўшилган ҳар бир футболчи стадион бўйлаб саёҳатга чиқиши шарт - бу «МЮ» шунчаки, оддий клуб эмас, катта бирлашма эканлигини ҳис қилишга ёрдам беради. Агар кўп йиллар давомида чемпионлик нималигини билмасангиз, тарихдаги барча хотиралар хиралашишни бошлайди. Шунинг учун футболчиларга асосий туйғуни тўлиқ етказишимиз керак, уларни аввалги шон-шуҳратни тиклаш йўлида бирлаштиришимиз лозим.
- Демак, клуб тарихи руҳлантириш вазифасини ўташи керак, шундайми?
- Ҳа! «МЮ»нинг чемпионликка эришганига анча бўлди, лекин кўчада кимдан сўрасангиз, жамоани Англиядаги энг каттаси сифатида тилга олади ҳамон. Масаланинг яна бир томони борки, ҳар доим ўтмиш билан яшашнинг иложи йўқ. Шундай экан, янги тарих битиш ҳақида ўйлаш керак.
- Якунда клуб мухлисларига нималар деган бўлардингиз?
- Шу ерда эканлигимдан хурсандман ва бу катта масъулият. «МЮ» ягона танловим эди, бинобарин, клуб нақадар буюклигини теран англаяпман. Жамоа манфаати йўлида бор билимимни сарфлашга ваъда бераман ва бутун дунё бизга қарши чиқса ҳам, қўл остимдаги футболчиларни ҳимоя қиламан. Яна шуни айтмоқчиманки, клубни муносиб жойга қайтариш учун кенг миқёсда изланаман - асосий мақсад шу. Ишончим комил, ҳали муваффақият йўлига тушиб оламиз!
ХУРШИДБЕК тайёрлади
Манба: daryo.uz.Киритилган сана: 16.12.2024 23:15.
Ўқилди: 867 марта.
Билдирилган фикрлар: 0 та.
Турнир жадвали
№ | Жамоа | Ў | О |
---|---|---|---|
1 | Ливерпуль | 17 | 42 |
2 | Арсенал | 18 | 36 |
3 | Челси | 18 | 35 |
4 | Ноттингем Форест | 18 | 34 |
5 | Ньюкасл | 18 | 29 |
6 | Борнмут | 18 | 29 |
7 | Манчестер Сити | 18 | 28 |
8 | Фулхэм | 18 | 28 |
9 | Астон Вилла | 18 | 28 |
10 | Брайтон | 18 | 26 |
11 | Брентфорд | 18 | 24 |
12 | Тоттенхэм | 18 | 23 |
13 | Вест Хэм | 18 | 23 |
14 | Ман. Юнайтед | 18 | 22 |
15 | Эвертон | 17 | 17 |
16 | Кристал Пэлас | 18 | 17 |
17 | Вулверхэмптон | 18 | 15 |
18 | Лестер | 18 | 14 |
19 | Ипсвич | 18 | 12 |
20 | Саутгемптон | 18 | 6 |
Ўтган ўйинлар
18-тур | Манчестер Сити | 1-1 | Эвертон |
18-тур | Саутгемптон | 0-1 | Вест Хэм |
18-тур | Ноттингем Форест | 1-0 | Тоттенхэм |
18-тур | Ньюкасл | 3-0 | Астон Вилла |
18-тур | Челси | 1-2 | Фулхэм |
18-тур | Борнмут | 0-0 | Кристал Пэлас |
18-тур | Вулверхэмптон | 2-0 | Ман. Юнайтед |
18-тур | Ливерпуль | 3-1 | Лестер |
18-тур | Брайтон | 0-0 | Брентфорд |
18-тур | Арсенал | 1-0 | Ипсвич |
Навбатдаги ўйинлар
15-тур | Эвертон | - | Ливерпуль |