Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Қирол — 118 ёшда»
6 март, яъни бугун бирор бир футболчини эътироф шарт эмас. Бу сана кўпроқ жаҳон футболига Мадриднинг “Реал” клубига асос солинган кун сифатида таниш.
Испания пойтахти шарафини ҳимоя қилувчи жамоа ФИФА томонидан расман 20-асрнинг энг яхши клуби деб топилган. Испания примеросини тарк этмаган учта жамоадан биттаси. “Барселона” ва “Атлетик” Бильбао каби.
Совринлари билан мақтанса шу жамоа мақтанса арзигули. Унинг ҳисобида 62та миллий соврин бор, ичида рекордли 33та чемпионлик, 19таси Испания кубоги ва 10таси Испания суперкубоги.
Чемпионлар лигаси қироли. 13 карра чемпион. Турнирни қаторасига уч марта енгган ягона клуб. Делотт ташкилоти берган маълумотга кўра, айни пайтда дунёнинг энг қиммат клуби ҳисобланади. Нархи – 4,2 миллиард доллар.
1902 йили 6 март куни асос солинган клуб мухлисларини бугунги байрамлари билан табриклаймиз. Ўзининг санасига келиб Зидан шогирдлари Ла лигада ҳам пешқадамлик қилишмоқда. Ҳаммаси келишилгандек, а?!
Клубнинг номи – “Реал”! Ҳаммасидан ҳам номи зўр клубнинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам реалмиз, дегани. Реал испанчада қирол деган маънони билдирса-да, биз билган сўз ҳақиқат, бор, мавжуд нарсани ифода этади. Инсонлар реалликка интилганидек, футбол Реал футболига интилади. У энг зўр натижалар қайд этган пайтда ҳам нима учун эталонлигини-да била олмаганимиз сабаби ҳам шу: у ўта оддий ўйнайди, алламбало услубларни суймайди, хатолари ҳам инсоний, қулайди, туради, ютқазади, ютади. Ҳаётий йўл билан ривожланиб бораверади. Рақиблари кучайса, улардан кучайиш йўлларини ўша пайтнинг ўзидаёқ ҳаракатига тушади. Оддий, содда, аммо буюк қарашлар билан.
Рамоснинг ғирромликлари ёнида ўша Рамоснинг сўнгги сонияларда йўллаган голи, халоскорлиги гавдаланиб тураверади. Пенальти ишлаш учун ошкора тиланган Роналдуни кузата туриб, беихтиёр бу қадар айёр ўйинчи ер юзида топилмайди, деб юборасизу, сал ўтиб ўзининг голини яна бодиларча нишонлаётганини кўрасиз. У уялмайди шундай нишонлашдан. "Реал" ўйинчиси бўлган у. Характери шунақа, реаллигини кўрсатади. Алдамайди, камтарлик қилмайди. Чунки у инсон, инсон эса, доим бир хил бўлмайди.
“Реал” шунақа жамоа бўлгани учун ҳам кимдир уни роса яхши кўради, кимдир уни отгани ўқ излайди. Одам боласи борки, шунақа. Ҳаммага ёқа олмаган. “Реал” ҳам номига яраша ўз характерида собит. У услубида ҳеч қандай янгилик қилмаганидек, характерида ҳам ўзгачаликни кўрсатмайди. Чунки “Реал”да реалликдан бошқа нарса йўқ. Уни борича қабул қилишингиз керак. Қабул қилгингиз келмаса, унга фарқи йўқ. Шундай яшаб қолаверади.
Жуда кўп жамоаларга назар ташласангиз, клубдаги ўйинчилари бир-бирига ўхшаб кетган бўлади. Ҳеч қурса тақлид кўзга ташланади. “Реал"да эса, бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган нигоҳлар жамланган: Марселонинг юзига қаранг, борми бошқа жойда яна бир Марсело? Бэйлнинг тушуниксиз қарашлари, Каземиронинг юввош нигоҳи, Модричнинг болаларча юриши, Рамоснинг ёввойилиги, умуман, бу жамоа ўйинчиларини бирлаштириб турадиган нарса борми? Бор бўлса ҳам, у ҳам реаллиги, ўзлиги.
Мен бу билан бошқа клубларда ўзлик йўқ, демоқчи эмасман. Асло. “Реал”да шу жиҳат кўпроқ, демоқчиман. “Реал”нинг мухлисларига ҳам қараб туриб қойил қоламан: Улар ҳакамлар очиқча ён босган ўйинларда ҳам ғалабани олқишлашади, ички хурсандчиликларини ёлғондакам қадриятлар билан андавалаб ўтиришмайди. Рамос Салоҳни синдириб ташласа ҳам, уни суяверишади. Жаҳлингиз чиқади, аммо нима қилсин, у ичидаги бор туйғусини ташқарига чиқаряпти-ку, алдамаяпти-ку сизни. У “Реал” клуби қанақа бўлса, шундайдир: ғалаба учун китобий туйғулардан воз кечиб кетаверади. “Реал” раҳбарияти ўз юлдузини “бўлди, сендан фойдаланиб бўлдик, рухсат”, деб кетказиб юборганида, жаҳлимиз чиқиши мумкину, аммо бошқа томондан ўйлаб кўрсак, уларнинг ичи билан усти бир хиллигини кўрамиз. Дунёга ёмон кўриниб бўлса ҳам, ўз ростилигини кўрсатишади. Бу қийин иш, ишонаверинг. Зўр тадбир қилиб, чиройли таърифлар билан яшаб қолиш ҳам мумкин эдию, йўқ, “Реал”нинг реаллик характери раҳбариятидан тортиб мураббийларига, футболчиларидан тортиб мухлисларигача уриб кетган.
Бугун шунақа сана. Хуллас.
Хайрулла ҲАМИДОВ.