Кириш Регистрация

STD.UZ/YUVE

Ювентус

  • Тўлиқ номи:
  • Бош мураббий:
  • Лақаби:
  • Жамоа сардори:
  • Ташкил топган:
  • Бош ҳомий:
  • Стадион:
  • Расмий веб-сайт:
  • Сиғими:
  • Клуб формаси:
  • Клуб президенти:

Клуб хабарлари

Бонуччи:«Фарзандларим - ҳаётдаги асосий қувончим»

Леонардо Бонуччи - бу йигит шунчаки, футболчи эмас, балки жасур ва қўрқмас ўйинчи. Уни яна меҳрибон ва ғамхўр ота сифатида таърифлаш мумкин. Италия терма жамоаси ҳамда «Ювентус» клуби марказий ҳимоясида бирдек муҳим роль ўйнайдиган Леонардо Янги йил байрами арафасида машҳур La Repubblica газетаси мухбирларининг суҳбатлашиш ҳақидаги илтимосларини ерда қолдирмай, уларга маълум вақт ажратди. Натижада ўз ишларининг чин устаси ҳисобланган ижодкорлар футболчига дарҳол саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавобларни қоғозга туширишди. Бонуччининг мусоҳаба чоғи асосан ўз ҳаётида рўй бераётган воқеалар хусусида гапиришига тўғри келганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки ёзда ўғилчаларидан бирининг саломатлигида жиддий муаммо туғилган ва футболчи оиласи билан ўзига хос синовдан ўтганди.

- Леонардо, келинг, ҳаммасини бир четдан бошлайлик. Билишимизча, Рождество байрамини уйдан узоқда қарши олибсиз. Демакки, Италия суперкубоги учун Қатарда бўлиб ўтган ўйинни телевизор орқали томоша қилгансиз. Шуларни ҳисобга олиб айтсак, клубингиз мағлубияти икки ҳисса оғир ботмадими? Ҳозирда нимадандир афсусланмаяпсизми?

- Йўқ, афсусланиш мутлақо бефойда. Рождествога келсак, байрамни Витеброда нишонладим. У ерда ҳам уйимиз бор. Ўзи оила даврасидаги тантаналарга нима етсин... Очиғи, роса мириқдик. Отам Telecom компаниясида ишлайди, онам эса ҳисобчи. У айни пайт иситиш мосламаларини ишлаб чиқарадиган компанияда меҳнат қилмоқда. Энди янги йилни Сестриереда қарши олмоқчиман. Яъни хотиним Мартина ва фарзандларим ёнида. Тўнғич ўғлим Лоренцо Филиппо июль ойида 5 ёшга тўлади, Маттео Марконинг туғилган кунини эса май ойида нишонлаймиз. У ҳозир 2,5 ёшда. Фарзандларим - ҳаётдаги асосий қувончим. Улар Яратганнинг қиёси йўқ туҳфаси.

- Ўғлингиз Маттеонинг саломатлигида катта муаммо туғилганди. «Туҳфа» иборасини тилга олганда, унинг ҳолатини ҳам назарда тутаётгандирсиз. Умуман, айни пайт Маттеода ҳаммаси жойидами, муаммо ортда қолдими?

- Ҳа, барчасига шукрона келтиришим жоиз. Зеро, июль ойида бошланган қўрқув бир неча кун олдин ниҳоят, тарқалди. Ҳозирда ўзига хос руҳлантирувчи сўзларни такрорлаш билан Маттеони чинакамига мақтаяпмиз: «Сен оиламиз чемпионисан, чунки энг асосий курашни ўз фойдангга ҳал қилдинг». Шунингдек, унга алоҳида қаҳрамонликлар ҳақида ёзилган китобларни ўқиб беряпмиз. Энг қувонарлиси, Маттео акасига қўшилиб, югура бошлади, шундай экан, тез орада бутунлай тикланади. Хуллас, ўғлимнинг ҳам руҳий, ҳам жисмоний ҳолати маромига тушди.

- Ўзи ўша даҳшатли қўрқув қандай юзага келди? Буни эслай оласизми?

- Ёз эди. Биз Францияда ўтган Европа чемпионатидан сўнг таътил учун Форментерега бордик. Шундан 3 ҳафтача муқаддам Маттео операция столига ётганди - кичиккина чов чурраси сабаб. Ўша вақтдаёқ ўғлим бошқача бўлиб қолгандек кўринганди. Бироқ бошида буни наркознинг таъсир қолдиғига йўйдик. Аммо орадан маълум вақт ўтдики, Маттеонинг ҳолати яхшиланмади, аксинча, унинг хатти-ҳаракатлари барчамизда хавотир уйғота бошлади. Шунчаки, қўрқув домига тушиб қолдик. Хотиним билан маслаҳатлашиб, зудлик билан Туринга қайтишни лозим топдик. Хайриятки, Қиролича Маргарита болалар госпиталида ажойиб врачни учратдик. У бир дақиқа кечикиш ҳам ёмон оқибатга олиб келиши мумкинлигини айтиб, дарҳол даволаш курсини бошлади. Чунки ташхис натижалари ёмон чиққанди - ўткир патология. Хуллас, шифокор зудлик билан кескин чоралар қўллаш зарурлигини тушунтирди. Кейинги куни эрталаб соат 8да Маттеони операция хонасига олиб кетишди. Шу бўйи у ердан кундузги соат 4да олиб чиқишди. Эҳ, кутиш нақадар оғир-а...

- Демак, нақ 8 соат кутгансизлар. Ўша вақт нималарни ўйладингиз?

- Айтарли ҳеч нарсани. Фақат қандайдир бўшлиқни ҳис қилдим. Бир нарса кўнглимга таскин бергани эсимда: Маттео операцион хона эшиги томон борар экан, худдики, шердек кўринди. Гўёки, у шу хатти-ҳаракати билан биздан мардонавор туришни сўрагандек бўлди. Кейинчалик ўғлимнинг севимли ўйинчоғи - оқ айиқни қўлимга олиб, хона бурчагига ўтирдим ва Худога илтижо қила бошладим: «Ҳар бир воқеа ёлғиз Сенинг ироданг билан юз беради. Утунаман, ҳали гўдак ўғлимдан марҳаматингни дариғ тутма». Маълум фурсатдан сўнг шифохона ташқарисига чиқдим. У ерда оиламиз аъзолари, дўстларимиз - чамаси 30 киши хабар кутаётганди. Кимдир кўнглимизни кўтариб, қўллаб-қувватлаб туриш учун ишидан рухсат олиб келган, бошқа биров шахсий дўконини ёпиб, олдимизга шошилган. Улар олдида чуқур таъзимдаман. Теливизордаги чиқишим чоғи бежиз кўз ёши тўкканим йўқ. Бу барча дўстларим, жамоадошларим, мухлисларга нисбатан меҳрим-ҳурматим белгисидир. Айтганча, нафақат «Ювентус», балки бошқа клублар ишқибозларидан ҳам чексиз миннатдорман. Уларнинг қийин ҳолатимга бефарқ қарашмаганидан шунчалик таъсирландимки, ўша чиқишда беихтиёр кўзим намланди. Умуман, Маттео муолажалардан сўнг 10 август куни уйга қайтди. Яъни шифохонада 30 кун ётди ва бу орада атрофдаги одамларнинг ўғлимга чинакамига қайғуришганини яққол ҳис этдим.

- Ушбу ёқимсиз хасталик тарихи бутунлай тугадими?

- Ҳали тўлиқ эмас. Ҳозир тикланиш жараёни давом этяпти. Муҳими, ўғлимнинг умумий ҳолати хасталик қайта безовта қилмаслигига умид бағишлаяпти. Ҳа, ҳаяжон йўқ эмас. Аммо олдинга ташлаган ҳар бир қадами умидимизни оширяпти. Хуллас, энг таҳликали вазият ортда қолди ва тикланиш максимал даражада тез ўтяпти. Бошидаёқ барчасини Лоренцога яхшилаб тушунтирдик - у укасини сира ёлғиз қолдирмаяпти. Ўзимиз ҳам Маттео билан имкон қадар кўп гаплашяпмиз. Яъни унга энг ёмони ортда қолгани ва энди нимадандир чўчишга асос йўқлигини тушунтиришга уриняпмиз. Асосийси, барчаси аввалгидек бўлишига ишончимиз катта. Очиғи, хасталик аниқланган ўша ҳафталарда ҳаттоки, футболдан батамом воз кечишга ҳам тайёр эдим. Дейлик, яқинларим ўз ишимга эътибор қаратиш асносида озгина чалғишим зарурлигини таъкидлашган пайт ғазабим қайнади ҳатто. Ахир ўғлим бир аҳволда ётганида, бошқа нарсалар кўнглимга сиғармиди?

- Кўпчилик қўллаб-қувватлаганини таъкидладингиз. Хўш, шахсан сиз энг мураккаб ҳолатда ҳаммадан кўпроқ кимга суяндингиз?

- Албатта, турмуш ўртоғим Мартинага. У қатъиятли аёл эканлигини исботлади. Баъзан ҳаттоки, қайсардек кўринди, аммо бу қатъият намунаси эди. Ўзи ўртамиздаги муҳаббат бир кўришда туғилмаган. Яъни унинг ўзи турмуш қуришимиз таклиф қилган ва бирга бахтли бўлишимизга ишонтира олганди. Тан оламан, Мартина менга барқарорликни сингдирди. Унга қараб, йиқилишдан кейин туриб кетиш учун куч топдим. Дейлик, букмекерлик идорасида пул тикишга боғлиқ можаро авж олганида ҳам, айнан хотинимнинг иродасига таяниб, ўзимни қўлга олдим. Қолаверса, Мартина ҳар бир инсон ўзи билан фахрланиши зарурлигини тўла англатди. Шу тариқа ўзимга хос фазилатларни қадрлай бошладим. Энди тушундимки, оиладаги ҳар қандай ташвиш бир-бирига ўхшаш бўлади. Уларни енгиб ўтиш учун эса бирдамлик билан курашиш талаб этилади.

- Маттео шифохонадан қайтиши билан унинг суратини ижтимоий тармоқларга қўйдингиз. Бу болага салбий таъсир қилмасмикан?

- Биз барчасини олдиндан режалаштириб қўйганмиз. Ҳаракатларимиз ўғлимизни тезроқ одатий-мўътадил ҳаётга қайтаришга қаратилган. Умуман, бу борада ҳеч қачон шошилмайман, кескин ҳаракатланмайман. Шунчаки, Маттеонинг хасталигидан кейин янги ҳаёт бошлашга уриняпмиз. Бор гап шу.

- Келинг, энди футбол мавзусига кўчамиз. Фаолиятингиз ўсишига алоҳида ҳисса қўшган инсонлар ҳақида сўралса, аввало, кимларни эътироф этасиз?

- «Витербо»да шуғулланганимда, Карло Перроне катта таъсир ўтказганди. Ўша вақт ҳужумчи сифатида ўйнардим, жамоамизда Берретти сардор эди. Орада 7та ўйинда 4та гол урганим эсимда. Ўйин тақдирини ёлғиз ўзим ҳал этишни ёқтирардим. Бироқ бир сафар мураббий олдимга яқинлашиб, шундай деди: «Лео, сен ҳимоянинг марказида тўп суришинг керак. Агар футболдаги фаолиятинг қадрли бўлса, айнан шундай қиласан». Натижада амплуамни ўзгартирдим ва бу қадам мен учун юқорига интилиш нуқтаси бўлди. Яна Альберто Ферраринидан ғоят миннатдорман. У шахсий руҳшуносим сифатида кўп нарсаларни ўргатди: салбий муносабатларга қандай ёндашишни, тушкун ҳолатга чек қўйишни ва эътиборни сақлаб қолишни. Антонио Конте эса техник ва тактик салоҳиятим ошишига туртки бергани билан ҳурматлидир. Умуман, у «Ювентус»да барчамизни ўсиш сари бошлади. Клубни 7-ўриндан биринчи қаторга олиб чиққани ва кетма-кет 3та чемпионлик медалини таъминлагани барчасига далолат.

- Бошқача айтганда, Конте футболчиларни ўзига хос машинага айлантирди, шундайми?

- Йўқ, асло. У шунчаки, совринларга ташна футболчилар гуруҳини  шакллантирди.

- Сиз ўз ҳақингизда гапиришни ёқтирмайсиз ва доимо бироз жанжалкаш, қаҳрли кўринасиз. Нега?

- Бу ўсмирлик чоғи ёлғизликни хуш кўрганим таъсири бўлса керак. Ҳеч қачон қандайдир ҳимоячи ёрдамига муҳтожлик сезган эмасман. Умуман, табиатан жуда камгапман, жуда. Тан оламан, бировга ишонмаслик - бу энг катта камчилигим. Балки шу боисдир, дўстларим оз.

- Нега айнан 19-рақамни танлаганингизга ҳам ойдинлик киритсангиз.

- Бу Ферраринининг қарори. У нумерология ва рамзлар шайдоси. Бунга қандайдир изоҳ беришим қийин. Фақат шуни айтишим мумкинки, хотиним айнан 19-санада туғилган, фарзандларим ҳам. Қолаверса, тўйимиз ҳам шу санага тўғри келганди. Шунинг учун ҳам  «Ювентус» билан янги шартнома тузиш жараёнида ҳужжатларга айнан 19 декабрь куни имзо чекишни хоҳладим.

- Эндиликда «Челси» чорлови эшитилмаяпти...

- Шахсан ўзим шу ерда афсонага айланишни истайман (кулади).

- Ваҳоланки, ўғлингиз Лоренцо «Торино» фанати экан...

- Эҳ, энди унинг болалар боғчасида дўстлари билан гаплашишини тақиқлаб қўямиз, шекилли. Албатта, бу ҳазил. Ҳа, Лоренцо уйда Белотти услубида хўроз бўлиб юришни ёқтиради. Бир сафар «Торино»нинг ретро-футболкасини топиб, орқасига «Погба» ёзувини тушуриб беришимни сўради. Табиийки, унга бундай қилиш мумкин эмаслигини тушунтириб қўйдим.

Киритилди: 10.01.2017 11:44. Ўқилди: 4919 марта. Фикрлар: 1 та.

«A» Серия

Жамоа Ў О
1 Наполи 18 43
2 Интер 17 40
3 Ювентус 16 38
4 Рома 15 35
5 Лацио 15 32
6 Сампдория 15 27
7 Милан 16 24
8 Фиорентина 17 23
9 Аталанта 16 23
10 Торино 17 23
11 Удинезе 16 21
12 Кьево 16 21
13 Болонья 15 19
14 Кальяри 16 17
15 Женоа 16 13
16 Кротоне 16 13
17 Сассуоло 16 12
18 СПАЛ 16 11
19 Верона 16 10
20 Беневенто 16 2

ЕЧЛ

D - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Барселона 6 14
2 Ювентус 6 11
3 Спортинг 6 7
4 Олимпиакос 6 1

Италия кубоги

Нимчорак финал
11.01.2017
01:00 Наполи
3:1
Специя
21:30 Фиорентина
1:0
Кьево
12.01.2017
00:45 Ювентус
3:2
Аталанта
13.01.2017
01:00 Милан
2:1
Торино
18.01.2017
01:00 Интер
3:2
Болонья
21:30 Сассуоло
1:2
Чезена
19.01.2017
01:00 Лацио
4:2
Женоа
20.01.2017
01:00 Рома
4:0
Сампдория
Чорак финал
25.01.2017
00:45 Наполи
1:0
Фиорентина
26.01.2017
00:45 Ювентус
2:1
Милан
01.02.2017
00:45 Интер
1:2
Лацио
02.02.2017
00:45 Рома
2:1
Чезена
Ярим финал
01.03.2017
00:45 Ювентус
3:1
Наполи
02.03.2017
00:45 Лацио
2:0
Рома
04.04.2017
23:45 Рома
3:2
Лацио
05.04.2017
23:45 Наполи
3:2
Ювентус
Финал
17.05.2017
23:59 Ювентус
2:0
Лацио

International Champions Cup

Италия суперкубоги

Финал
13.08.2017
23:45 Ювентус
2:3
Лацио

Сўнгги учрашув

10.12.2017. «A» Серия. 16-тур.
00:45
Ювентус
0-0
Интер

Навбатдаги учрашув

17.12.2017. «A» Серия. 17-тур.
19:00
Болонья
-:-
Ювентус
© STADION.UZ
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг интернет-ОАВ гувоҳномаси №0917.

Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.