Жанлуижи Буффон: «Унутмайлик, Аллегри «Ювентус»га оғир пайтда қайтди»
«Ювентус»нинг афсонавий дарвозабони Жанлуижи Буффон Tuttosport нашри журналистлари билан суҳбат жараёнида жамоани мураккаб вазиятдан равон йўлга олиб чиққан бош мураббий Массимилиано Аллегрини олқишлади.
Умуман, Италия футболининг тирик рамзи кўплаб масалалар юзасидан қисқа ва лўнда фикр билдирди.
ФУТБОЛ МЕНЕЖЕРИ КУРСЛАРИ
- Имтиҳонларни қандай топширганимни ҳали билмайман, шунинг учун бу мавзуда гапирмай турганим маъқул. Тўғри, барчасига жиддий ёндашиб, обдон тайёргарлик кўрдим ва натижалар яхши чиқиши керак. Бинобарин, таҳсил жараёни мен учун расмиятчилик эмас. Қолаверса, дарсларга тўғри ёндашмаганимда, имтиҳонда ёмон кўринишим мумкин эди. Мен эса табиатан бундай бўлишини асло хоҳламайман. Қисқаси, бу борада ҳам олдимга аниқ талаблар қўйгандим. Курсларда баъзи зерикарли қисмлар ҳам мавжудлигини ҳисобга олсак, осон бўлгани йўқ. Масалан, спорт қоидалари, низом ва кодексларни ўқиб-ўрганиш анча қийнади.
ФАОЛИЯТИ ЯКУНИ
- Ҳозир ҳаммаси ажойиб! Бағоят мамнунман, чунки энди бемалол янги лойиҳаларда қатнашаман, изланаман, нималарнидир ўйлаб топишга уринаман. Оддий айтганда, орттирилган тажрибани амалда қўллаш вақти келди. Нега ўксинишим керак? Ахир фаолиятимни 29 ёшда тугатмадим-ку. 4-5 йил давомида онгли равишда ўзимни хайрлашувга ҳозирлаб келгандим. Фақат якуний нуқтани босиш учун тўғри вақт танлаш қолганди, холос. Мана, ҳозир хотиржамман, нафақат иш, балки уйда ҳам. Қисқаси, тўлақонли ҳаёт завқини сура бошладим.
КЕЧИКТИРИЛГАН ҚАРОР
- Бунинг бир неча миллион сабаби бор! Биринчидан, охирги кунга қадар юқори даражада рақобатлашишга қурбим етишини ҳис қилдим. Иккинчидан, фарзандларим учун чин намуна бўлишни хоҳладим. Болалар ҳаётда чегараларни атрофидагилар эмас, аксинча, ўзлари белгилашлари мумкинлигини тушунишлари керак. Спортда оламида эса чегаралар баъзан ўзимиз ўйлаганимиз ёки бошқалар белгилашганидан анча узоқроқ бўлади. Учинчидан, «Парма» ва маълум бир ўтмишга қайтиш ғояси куч бағишлади. Ахир шу клубда улғайган ва доим ўзгача севилганман. «ПСЖ»дан «Ювентус»га қайтганимда, бу тажрибани яна бир бор маълум кишилар билан баҳам кўриш истаги мени ҳаракатга солди. Шу тариқа ажойиб гуруҳ туфайли қойилмақом мавсумда чинакамига яйрадим. Умуман, кетиш қарорини кечиктирганимда 4, 5, 6, 7...-сабаблар ҳам йўқ эмас.
ҚУТҚАРИШ МИССИЯСИ
- «Парма» либосида ўйнаш мен учун «А» серия ва «Юве»да бўлгани каби ўзига хос қутқариш миссиясининг бир тури. Ижтимоий эмас, балки қалб масаласи! Бинобарин, мени болалигимда илҳомлантирган кишилар даврасига келганимда, баданим титраб кета бошлади. Ҳамиша нималарни бошдан кечиришим кераклигини билганман, лекин кимлигим, футболда қандай ролга эгалигимни тўлиқ тасаввур қилолмаганман. Муҳими, ҳар доим хотиржамликни сақлаб қолардим, баъзи футболчилар билан бирга ўйнаш асносида ўта бахтиёр эканлигимга ишонардим. Ҳозир эса футболга умумий ёндашув бошқача: ёш футболчи ижтимоий тармоқлар таъсирида ўзини дунё марказида тургандек тутади. Бу тармоқларда 100 минглаб, ҳатто миллионлаб обуначиларга эгалиги маҳсулидир. Эҳтимол, янги авлод ҳаммасига реалроқ қарар, ҳар ҳолда, бора-бора ўзига ўзи чоҳ қазиш жараёни йўқолади, барибир.
ЭШИКЛАР КЕНГРОҚ
- Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, муайян нуқтада алоҳида бош қотира бошлайсиз. Бу ҳақда яқинларим ва турмуш ўртоғим билан аллақачон гаплашганман. 1998 йили, яъни фаолиятим бошида «А» серияда юқори бешликка кирганман. Мана, ўтган йили «Парма»да ҳам топ-5 қаторидан жой олдим, лекин бу сафар бутун чемпионат эмас, балки майдондаги 22 нафар футболчи орасида. Айтмоқчиманки, стандартлар узоқ 1875 йили ўрнатилган, ўша даврдаги антропометрик меъёр учун ҳам шахсий кўрсаткичларим катта ҳисобланади. Яна 50-60 йилдан сўнг кўрсаткичлар 1-2 сантиметрга ўзгарди. Ҳозирчи? Замонавий спортчилар ва дарвозабонларга қаранг... Ана, волейболда ҳаттоки, тўр баландлигини қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақида гапира бошладилар. Икки опам волейболчи ва нима ҳақда гапираётганимни яхши биламан.
ВИАЛЛИ ТАЪЛИМОТИ
- У вақтни беҳуда сочиб юбормаслик кераклигини уқтирарди. Ҳаёт - имконият. Сен эса охирги кунгача имконларингни максимал даражада ишлатишга ҳаракат қилишинг шарт. Тўғри, бу гап ҳаётнинг иқтисодий қисмига тегишли эмас.
ДОННАРУММАГА МУНОСАБАТ
- Менимча, унда танқидчилари кўп эмас, фақат бошқаларга хатоларини кўрсатишдан завқланадиган одамлар бор. Ҳа, Жижио бундан азият чекмоқда, лекин у бундай лаҳзаларни кўп марта босиб ўтган тўлақонли профессионал!
АЛЛЕГРИНИНГ ИШИ
- Танқидми? Йўқ, бу ортиқча. Факт шуки, у клубга 2 йилдан сўнг қайтди, «Юве» эса шу вақт ичида кўплаб можаролар ўртасида қолди. Эҳтимолки, ҳамма «Ювентус»дек клубга қайтганида мислсиз даражада қувонар, аммо барчасини янгитдан бошлаб олиш жуда қийин. Орадаги 2 йил Аллегрига якуний тўхтамга келиш, ўзига жамоа танлаш ва балки 1-2 мавсумда ғалаба қозониш учун миясида нималарнидир пишитишга имкон бергандир...
«ЮВЕ» ВА СКУДЕТТО
- Иллюзия? Нима учун? Албатта, скудетто ҳозирги жамоанинг асосий мақсади эмас, лекин умиднинг ўзи олға бошлайди. Асосийси, жамоада кучли хоҳиш, ўз чегараларини узайтириш учун етарли қатъият бўлса, бас.
ЧЕМПИОНАТЛАР
- Ҳозиргача турли миллий чемпионатларни кузатиб бораман. Чунки мухлислик ҳам футболдаги йўлимни белгилайди. Дейлик, «C» сериясида «Каррарезе» ўйинлари, қолаверса, ҳаваскорлар лигаси баҳсларини тез-тез томоша қилишим мумкин. Кейин «А» ва «В» серия шарҳларига ўтаман, «Ювентус» ҳамда «Парма» ўйинларини ўзимча таҳлил қиламан. Ҳар доим шундай. Умуман, профессионаллар ва ҳаваскорлар баҳсларига бирдек қарайман. Албатта, терма жамоа футболчиларига ҳам асло бефарқ эмасман.
ЭНГ ЯХШИ ДАРВОЗАБОНЛАР
- 3 нафарини ажратиб кўрсатишим жуда қийин. Менга ўзгача жиҳатларини кўрсатишга улгурган, лекин ҳозир жароҳат туфайли ўйнолмаётган Куртуадан ташқари, яна 6-7 нафар ўта кучли кипер бор. Ўйлайманки, кўпчилик уларни билади...
МУҲАММАДХОН тайёрлади