Бокс. Яна 3 боксчимиз ярим финалга чиқишди
Бангкокдаги давом этаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида яна 3 нафар спортчимиз ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди.
56 кг.гача бўлган вазнда иштирок этаётган Муроджон Аҳмадалиев чорак финалда вьетнамлик Тран Пу Чуонг билан баҳс олиб борди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳакамларнинг барчаси ғалабани ўзбекистонлик боксчига тақдим этди.
64 кг. вазн тоифасида Лондон олимпиадасида чорак финалгача етиб борган Фазлиддин Ғоибназаров ярим финал йўлланмаси учун жангда ҳиндистонлик Манож Кумарни мағлуб этди. Ҳинд боксчиси Фазлиддинга қаршилик кўрсатишга уринди, аммо ҳамюртимиз тактик жиҳатда тўғри жанг олиб борди. Натижада у ҳам рингни ғолиб сифатида тарк этди.
Куннинг энг сўнгги жангида 91 кг. гача бўлган вазнда Рустам Тўлаганов ҳам ҳинд боксчисига қарши беллашди. Ҳакамларнинг барчаси ўзбек боксчиси Манприт Синх устидан ғалаба қозонганини қайд этишди.
Бугун бўлиб ўтган кундузги жангларда Ҳасанбой Дўсматов ва Бектемир Мелиқўзиев ҳам кейинги босқичга ўтгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Шу тариқа, бугун рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси ғолиб чиқиб, ярим финал йўлланмасига эга бўлишди. Ўзбекистон терма жамоасининг мазкур 5 нафар аъзоси медалларни қўлга киритишади. Эртага яна 4 нафар спортчимиз ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилишади.
Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:27, 01.09.2015. Ўқилди: 4380 марта. Фикрлар: 6 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар