|
ЖАВОБ: Ваалайкум салом.
Биринчидан, Луи ван Гал марказий ҳимоячи сотиб олишни истамаганди, деб ўйламайман. Трансферлар ҳам, аниқ футболчиларга эмас, бозордаги юқори савиядаги ўйинчиларга қаратилди. Кимни сотиб олиш мумкин бўлса, шуни сотиб олишди. Жамоада юқори савиялаи ўйинчилар танқислиги бор эди, қайси чизиқлигидан қатъи назар.
Иккинчидан. Юқори савиядаги ва Манчестерда юз фоиз ўйнаб кетиши аниқ бўлган марказий ярим ҳимоячилар бор эдими? Хюмелс. Ҳаракат қилишди, сотишмади. Тиаго Сильва. Сотишмади. Компани. Сотишмасди. Тамом. Бошқа вариант кўрмаяпман. Кейинчалик саналган Влар, Инди, Бенатия, Мангала каби футболчилар маҳорат бобида Жонс ва Смоллингдан яққол устун деб айтиш қийин. Таркибда, 6-7 нафар марказий ҳимоячиларнинг йиғиб олишдан нима наф? Жароҳатларнинг бунчалик кўпайиб кетишини билмасдан туриб, албатта.
Учинчидан. МЮ марказий ҳимоясининг бу қадар кучсиз бўлиб қолганининг асосий сабаби, Фердинанд ва Видичга ўринбосар чиқмаганидир. Юқорида айтганимдек, айнан уларни ўрнини боса оладиган ҳимоячилар бозорда йўқ эди. Смоллинг ёки Жонснинг олдига, яна улар навбати билан жаҳорат олиб туришса, ҳар қандай бошқа ҳимоячини олиб келишса ҳам, муаммо ечилмасди барибир. Масалан, АПЛ ни олинг, қайси жамоанинг марказий ҳимояси зўр? "Челси"? Челсида айнан тайёр Террининг олдига Кейхилнинг келгани фойда бўлган. Мана, "Сити" жуда катта пулга Мангалани олиб келди. У фақат Компани билан бирга ўйинга тушганида сал яхши ўйнаяпти. Настасич ёки Боята билан бирга қўйиб кўринг, саволлар жуда кўп бўларди, тўғрими?
Манчестер икки нафар узоқ йиллик марказий ҳимоячисидан бирданига айрилиб қолгани катта минус бўлди. Айтмоқчиманки, МЮ таркибида уч йил олдинги Видич ёки Фердинанд бўлганида, Рохо ҳам, Смоллинг ҳам ҳозир жуда кучли марказий ҳимоячилар бўлишарди. Муаммо деярли бўлмасди. Номи сал чиққан марказий ҳимоячилар кетидан қувмай, айнан етакчи либеро амплуасига мос келиши мумкин бўлган Хюмелсни кутишаётгани мантиқан тўғри, менимча. (Қайтараман, жароҳатларнинг кўплиги ҳам рол ўйнади, МЮ ҳеч бўлмаса, қаторасига 5-6 ўйин бир хил футболчилар билан ўйнаганда, вазият яхшироқ бўларди ҳозиргидан)
2) Янузайдаги пасайишдан кўра, Юнайтед ўйинида кучайиш борлиги учун шунақа туюлмоқда. Ўтган йили Янузай Клеверли, Кагава, Янг, Уелбеклар билан бирга ўйнаганда ўзини яхшироқ кўрсатган ва ҳатто етакчига айланганди. Ҳозир эса Ди Мария, Мата, ван Персилар фонидан баҳо беряпмиз. Фарқи бор албатта. Янузай типидаги футболчиларга шунчаки битта қанотни топшириб қўйиб, ундан фақат ижрочиликни кутиш тўғри эмас. Янузай кўпроқ ўйин системасига киритилганда, жамоа ўйинини ташкил қилганда фойдали. Ҳозирги таркибда эса, бу вазифа тажрибалироқ футболчиларга топширилган. Сиз Янузайнинг резерв жамоасидаги ўйинларини кўринг, ҳеч ўзгармаган, жуда яхши ўйин кўрсатяпти.
Иккинчидан, ҳимоячиларниг жароҳатлари туфайли ван Гал яна 3-5-2 га қайтишга мажбур бўлди. Бу ерда эса Янузайга жой топиш қийин. Қанотдаги ўйинчи ҳимояланишни ҳам билиш керак - Янузай эплай олмайди. ҳужумда эса, кучлироқ футболчилар бор. Шунинг учун ҳатто захирадан ҳам кам майдонга тушяпти. Қачонки, яна 4 ҳимоячили схемага қайтилса, Янузай қанот ҳужумчиси сифатида кўпроқ ўйнай бошласа керак. Эсингизда бўлса, 4-1-4-1 да, "Челси", "Сити" га қарши ўйинларда Янузай асосий таркибда қанотлардан бирини эгаллаганди.
Жавоб берилган сана: 05.01.2015 14:26
|