Корейслар терма жамоамизга қарши сирпанчиқ ўйингоҳда тайёргарлик кўрмоқда
Жанубий Корея ОАВлари хабарларига кўра, жанубликлар олимпия терма жамоаси бош мураббийи Шин Тэ Йонг январь ойида Қатарда ўтадиган Осиё чемпионатининг илк баҳсида рўбарў келадиган Ўзбекистонни гуруҳдаги энг ҳавфли рақиб деб ҳисобламоқда.
Жанубий Кореянинг шарқий ҳудуди бўлган Улсанда қора терга ботиб машғулот олиб бораётган корейслар 23 декабрь куни Квангун Университети жамоаси, 24 декабрь куни эса Конкук Университети жамоаси каби ҳаваскор клубларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказишни режалаштирмоқда. 25 декабрь куни эса бош мураббий Шин Тэ Йонг Қатарга борадиган якуний 23 футболчидан иборат рўйхатни эълон қилади.
Жанубий Кореянинг “ОСEН” нашри шундай ёзаяпти:”Бош мураббий Шин Тэ Йонг гуруҳдаги илк рақиб Ўзбекистон билан ўйин ҳақида туну кун бош қотирмоқда. Осиё чемпионатига қуръа ташланган пайтдаёқ мураббийимиз ўзбеклар жамоасини жуда кучли рақиб деб баҳолаган эди. Гуруҳдаги илк ўйиндаги илк ғалаба жуда муҳимлигини у тушуниб турибди. Терма жамоа Жежудо ороли ва Улсанда йиғинлар ўтказган бўлса-да жамоа ҳозирча мусобақага 100% тайёр эмаслиги аён. Ўзбекистонга қарши тинмай машғулот ўтказиш орқалигина туриб бериш мумкин”.
Куни кеча корейслар бош мураббийи Шин Тэ Йонг маҳаллий матбуотга берган интервьюсида қуйидагиларни сўзлаб берди:
“Бу ерда 20 декабрдан буён машғулот ўтказяпмиз. Шогирдларимни қаттиқ тартибда шуғуллантиряпман. Ўзбекистонга қарши ўйинларда жисмоний тайёргарликдаги камчиликлар панд бериб қўйишидан хавотирдаман. Шунинг учун тайёргарликни сусайтиришимиз керак эмас”.
“ОСEН” нашри хабарига кўра, бугунги машғулотларда Жанубий Корея олимпия терма жамоаси сирпаниб йиқилиб кетадиган даражада сув сепилган майдонда бош мураббийнинг “Йиқилиш мумкин эмас!”, деган қичқириқлари остида шуғулланган. Бош мураббий Шин Тэ Йонг буни: “Об-ҳаво ёки майдон ноқулайликларига тезроқ мослашиш учун тайёргарлик”, — дея изоҳламоқда.
Корейс ОАВлари хабарлари асосида Отабeк ЙЎЛДОШEВ тайёрлади.
Манба: stadion.uz
Киритилди: 21:51, 22.12.2015. Ўқилди: 8007 марта. Фикрлар: 10 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).