3 июнь куни Тошкентда Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА)нинг навбатдан ташқари Конгресси бўлиб ўтди. Хабарингиз бўлса, 2015 йилнинг январь ойида Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ОФК Конгресси йиғилган ва ўша йиғилиш доирасида янги, Марказий Осиё футбол ассоциацияси ташкил этиш қарори қабул қилинганди. Унга Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон ва Афғонистон футбол федерациялари аъзо сифатида киритилганини ҳам эшитгандирсиз. Эътиборли жиҳати, Марказий Осиё футбол ассоциацияси, яъни МОФА маркази ўрнида пойтахтимиз - Тошкент шаҳри танланди ва ЎФФ президенти Мираброр Усмонов янги ташкилотга раҳбар этиб тайинланди. Бу албатта, биз учун катта аҳамият касб этиши турган гап. Ўтган ҳафта ниҳоят, шу ташкилот Конгресси бўлиб ўтди.
КОНГРЕСС
Конгрессда ассоциацияга аъзо мамлакатлар футбол федерациялари вице-президентлари ва бош котиблари иштирок этдилар. Йиғилиш давомида бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Энг аввало, МОФА аъзолари минтақада футболни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, ташкилотнинг қўмиталари таркиблари ҳам тасдиқланди. Бизни қувонтирган томони, МОФА томонидан Марказий Осиёда 2та мусобақага асос солиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Демак, келишув ва режага кўра, ташкилотга аъзо 6та мамлакатнинг U-19 (йигитлар) ҳамда U-18 (қизлар) терма жамоалари ўртасида мусобақа ўтказиладиган бўлди. Режага киритилган ушбу турнирлар 2016 йилнинг иккинчи ярмида ташкил этилади. Буларнинг барчаси кишини хурсанд қилади, албатта. Чунки ён қўшнилар ўртасида кечадиган мусобақа ҳар доим катта қизиқиш уйғотиши тайин. Бундай учрашувларда стадионлар мухлислар билан анча гавжумлашади ва табиийки, футбол ривожи учун яхшигини шарт-шароит туғилади, туртки сезилади. Яна тажриба алмашишдек муҳим жиҳат бор. Шундай экан, биз қувонмасдан, яна ким қувонсин?
Аммо шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратишни маъқул кўрамиз, ҳар икки мусобақа ҳам ёшлар ўртасида йўлга қўйилади. Шунда ҳам бири қизларга мўлжалланган. Минтақамизда футболни яна-да ривожлантириш учун шунинг ўзи етарли бўлармикан? Келинг, ўз навбатида, Марказий Осиё футбол ассоциацияси бизга яна нималар бериши мумкинлигини кўриб чиқсак...
МО КУБОГИ
Билсангиз керак, бир вақтлар, юртимиз эндигина мустақилликка эришган йиллар Марказий Осиё давлатлари миллий жамоалари ўртасида ихчамгина футбол мусобақаси ташкил қилинарди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари иштирок этган ўша мусобақа доирасидаги ўйинлар жуда катта қизиқиш уйғотгани ҳам ҳали ёдимиздан кўтарилган эмас. У ёғини сўрасангиз, тилга олинган шу 5та мамлакат футболининг илк ривожланиш босқичи, қолаверса, мавқеи ошишида ушбу мусобақа ғоят муҳим ўрин тутган, деб ҳисоблаймиз. Чунки у вақтларда мамлакатлар футбол федерациялари ФИФАга янги қабул қилинган ва жаҳон чемпионати ҳамда Осиё кубоги каби мусобақалар режаси аввалдан тузиб қўйилгани боис, терма жамоалар халқаро учрашувларда майдонга тушмасдилар. Бундай шароитда Марказий Осиё кубоги қанчалик аҳамият касб этгани ҳақида гапириш ортиқча саналса керак. Дейлик, Рустам Акрамов бошқарувидаги терма жамоамиз айнан ён қўшниларга қарши кечган принципиал ўйинларда тобланган ва 1994 йили Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида оламшумул ғалабани қўлга киритган эди.
Бироқ кейинчалик ён қўшниларимиз қатори ўзимиз ҳам қитъа ва жаҳон даражасидаги мусобақаларда иштирок эта бошладик ва Марказий Осиё кубоги вақт ўтгани сари мозий қаърига сингиб кетди. Ҳозир бу мусобақани ўрта ва катта ёшли мухлислар эслайдилар. Қизиқ, МО кубогини қайта тикланса, нима бўларкин? Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ, турнир аввалгидек, яна катта аҳамият касб этиши турган гап. Аслида бундай тажриба Осиё футболига бегона эмас. Биз араб давлатлари ўртасида ўтказиладиган турли кубок мусобақалари ҳақида эшитганмиз. Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳам мунтазам яхлит турнир доирасида ўзаро беллашиб турадилар. Улар учун бундай ўйинларнинг аҳамияти анча баланд. Чунки такрор айтамиз, ён қўшнилар - принципиал рақибларнинг ўзаро кураши аввало, мухлислар эътиборини тортади. Бу эса якунда яхшигина самара келтириши аниқ.
Шундай экан, МОФА томонидан қабул қилинган қарор жуда яхши, албатта. Аммо фақат шу билан чекланиб қолмаслик лозим. Ҳарқалай, ёшлар жамоалари ўртасидаги мусобақалар Марказий Осиё учун камлик қилади. Агар шундай мусобақа миллий терма жамоалар даражасида ҳам йўлга қўйилсами, нур устига тушган нур бўларди. Йўқ, ҳар йили ташкил қилиш шарт эмас, 2 ёки 3 йилда бир марта уюштириш кифоя қилади. Ахир асалнинг ҳам ози ширин...
БИЗНИНГ ФОЙДАМИЗ
МО кубогининг Ўзбекистон миллий жамоасига берадиган фойдаси ҳақида истаганча гапириш мумкин. Биз ушбу мусобақа ортидан энг аввало, 5та муносиб рақибни топамиз. Битта ўртоқлик ўйини қандай кўламда машмашалар келтириб чиқараётганини ўйласак, шу фактнинг ўзи салмоқли тош босиши турган гап. Айниқса, ТЖМ елкасига офтоб тегарди ва Марказий Осиё кубоги коримизга яраган бўларди. Эътиборли томони, бу мусобақада бирорта ўткинчи ўйин бўлмаслиги аниқ. Ҳаттоки, биз деярли билмайдиган Афғонистон терма жамоаси ҳам кутилмаган совға улашиши ҳеч гап эмас. Эрон термасига қарши кечадиган баҳсларда эса турли тактик ишланмаларни синовдан ўтказиш баробарида уларнинг кучли рақибга «ўтиш-ўтмаслиги»ни аниқлаш мумкин. Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон термалари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Зеро,бу жамоалар биз учун ашаддий рақиблар сирасига киришади ва улар билан ўйинларни томоша қилиш учун мухлислар ҳам стадион томон талпинишларини тахмин қилиш қийин эмас.
Шунингдек, Марказий Осиё кубогига меҳмон сифатида Қозоғистон терма жамоасини ҳам чақириш мумкин. Тўғри, қозоқлар анчадан буён УЕФА аъзоси ҳисобланадилар ва регламент нуқтаи-назаридан, мусобақада тўғридан-тўғри иштирок этолмайдилар. Аммо меҳмон сифатида, танловдан ташқари қатнашишларига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Ёдингиздами, КОНМЕБОЛ вақтида Америка кубогига Япония терма жамоасини меҳмон сифатида таклиф этиб турарди. Шундай экан, нимага энди Қозоғистон термаси Марказий Осиё кубогида иштирок этмаслиги лозим? Биз эса ўз навбатида, қозоқларга қарши ўйинларда терма жамоамизни чинакам синовдан ўтказиш имкониятини ҳосил қилган бўлардик. Шунингдек, Қозоғистон терма жамоаси учун ҳам Марказий Осиё кубоги фойдадан холи эмас. Умуман, нафақат Қозоғистон, балки турнирда иштирок этадиган барча жамоалар бундан катта манфаат олишлари тайин.
БОШҚАЛАР ФОЙДАСИ
Яхши биламиз, Марказий Осиё футбол ассоциациясига аъзо давлатлар орасида 2таси бошқалардан яққол ажралиб туради - Ўзбекистон ва Эрон. Қолганларга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш лозим, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва айниқса, Афғонистон термалари ОФК бўйича анча камтар жамоалар сирасига кирадилар. Улар ҳар гал Осиё кубогига чиқолмасликлари сабабли, юқори савияли учрашувларда ўз кучларини синаб кўриш имкониятига кўпам эга бўлавермайдилар. Марказий Осиё кубоги эса айнан шундай имконият тақдим этиши билан аҳамиятли бўларди. Айтайлик, афғонлар учун Эрон ёки Ўзбекистон термасига қарши кечадиган баҳслар катта байрамга айланиб кетиши, шубҳасиз. Шунингдек, ён қўшниларимиз ҳам бундай ўйинлардан хурсанд бўлишлари аниқ. Қозоғистон термасига келсак, бироз бошқача ҳолатни кўришимиз мумкин. Бу юрт терма жамоаси УЕФА доирасидаги саралашларда иштирок этяпти ва кўпинча ўта кучли рақиблардан енгилади. Биз Англия ва Германия термалари билан бир бора ўйнашни орзу қилсак, қозоқлар уларга қарши курашларда енгилавериб, зада бўлишгандир... Шундай экан, Марказий Осиё кубоги қозоқлар учун (агар меҳмон сифатида иштирок этсалар) эркинроқ нафас олиш ва ўз мухлисларини хурсанд қилиш йўлида қўшимча имконият бериши турган гап. Табиийки, бундай ҳолатда улар ғалабага интиладилар ва ўз навбатида, мусобақа шиддати ошади.
КЛУБЛАР
Марказий Осиё кубоги - МОФА томонидан катталар ўртасида ташкил қилинадиган ягона мусобақа бўлиб қолмаслиги керак. Чунончи, ташкилот бошқа масалаларда ҳам янгилик қилишга уринади, бу аниқ. Мана шундай янгиликлардан бири клублар даражасида бўлса, зарар қилмасди. Яхши биламиз, Европада яқингача ҳам Интертото номли мусобақа бор эди. Унда Европанинг турли миллий чемпионатларида иштирок этадиган клублар майдонга тушишарди. Масалан, Италия «А» сериясида кучли учликка кирганлар Чемпионлар Лигасида, юқори олтиликдан жой олганлар эса Европа Лигасида иштирок этардилар. Шунингдек, 7-8-ўрин соҳиблари ўз бахтларини Интертото кубогида синаб кўришарди. Айнан шундай мусобақа аналогини Марказий Осиёда ҳам амалга татбиқ этиш мумкин. Мисол учун, келаси мавсумдан Ўзбекистоннинг фақат 3та клубига Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқи берилиши эҳтимоли катта. Ҳарқалай, ОЧЛда бизга «1Қ2» кўринишида жой ажратилиши кутилмоқда. Бу эса атиги 3та жамоамизга халқаро мусобақалар эшигини очишини англатади. Қолганлар эса...
Агар Марказий Осиё клублари ўртасида Интертотога ўхшаш мусобақа ташкил этилса, табиийки, у минтақада футбол ривожига иккинчи томондан жиддий таъсир ўтказиши турган гап. Масалан, ҳозир олий лигада кучли учликка киролмаган жамоалар учун 4 ёки 5-ўринни эгаллашнинг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Янги мусобақа эса шу томонлама чемпионатга шиддат киритармиди? Чунки жамоалар 5 ва 6-ўринлар учун ҳам жиддий кураш олиб боришади, ахир халқаро турнир барибир, бошқача-да. Айниқса, мухлислар учун. Улар ўйинга қизиқишдими, бу энди жамоа фойдасига хизмат қилади. Айтайлик, вилоятларда ҳам халқаро ўйинлар тафтини ҳис этиш имконияти туғилади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ўзимизнинг «Нефтчи» Тожикистоннинг «Истиқлол» клуби билан куч синашадиган бўлса, Фарғонадаги янги стадионга қанча мухлис кириши мумкин? Қандай «аншлаг» юзага келишини тасаввур қиляпсизми?
ЯКУНДА
Булар биз кўришни истаётган мусобақалар. Умид қиламизки, Марказий Осиё футбол ассоциацияси бундай тадбирларни албатта, қўллайди. Ахир ташкилот бежиз фаолият бошламади, унинг асл мақсади ҳам шундан иборат бўлиши керак эмасми? Биз эса фақат кутиш ва катта янгиликлар гувоҳига айланишга тайёр туришимиз керак. Қолгани эса вақт ҳукмида...
Умар БЕК
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).