ОФК 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида янги мусобақани ташкил қилди ва унинг дастлабкиси Уммон давлатида ўтказилди. Ушбу ёш тоифасида навбатдаги мусобақа эса олимпиада йўлланмалари учун саралаш вазифасини бажаради.
Тожикистон футбол федерацияси расмий сайтининг хабар беришича, U22 қитъа чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этиш учун 44та терма жамоа ариза топширган. Саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими декабрь ойида бўлиб ўтади.
Ғарб минтақасида 24та жамоа иштирок этади: Афғонистон, Баҳрайн, Бангладеш, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Иордания, Кувайт, Қирғизистон, Ливан, Мальдив ороллари, Непал, Уммон, Покистан, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, Шри-Ланка, Сурия, Тожикистон, Туркманистон, БАА, Ўзбекистон ва Яман. Бу минтақа вакиллари 5та гуруҳга бўлинишади (3та гуруҳда 5тадан, 2та гуруҳда 4тадан жамоа).
Шарқ минтақасида эса саралашда 20та жамоа қатнашади: Австралия, Бруней, Камбожа, Хитой, Хитой Тайпейи, КХДР, Гонконг, Индонезия, Япония, Жанубий Корея, Лаос, Макао, Малайзия, Мўғулистон, Мьянма, Филиппин, Сингапур, Таиланд, Шарқий Тимор ва Вьетнам. 20та жамоа 5тадан 4та гуруҳга бўлинишади.
Демак, 9та саралаш гуруҳлари ғолиблари ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 6та жамоа финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишади.
Ҳозирча саралаш босқичига мезбонлик қилиш истагини 7та давлат билдирган. Улар: Бангладеш, Эрон, Покистон, Фаластин, Қатар (Ғарб минтақаси), Хитой Тайпейи ва Индонезия (Шарқ минтақаси). Саралаш босқичини ўзида истаган федерациялар 10 октябрга қадар ариза топширишлари мумкин. Қайсидир гуруҳда мезбонликни қўлга киритишни истаган жамоа бўлмаса, ОФК саралаш ўйинларини нейтрал майдонда ўтказади. Саралаш баҳслари 2015 йилнинг 23-31 март кунлари оралиғида ташкил қилинади.
Осиё чемпионатининг финал босқичи эса 2016 йилда ўтказалади. ОФК тақвим-режасига кўра, турнир январь ойида ўтказилиши керак. Финал босқичига мезбонлик қилиш учун 4та давлат ариза топширган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бу йўлда мамлакатимизга Эрон, Қатар ва Саудия Арабистони мамлакатлари рақиблик қилишади. Мезбон жамоа номи 28 ноябрь куни ОФКнинг Ижроқўмида аниқланади. Унгача эса ОФК комиссияси вакиллари ариза берган мамлакатларда текширув ишларини ўтказиб қайтишади.
ОФКдан олган маълумотларимизга кўра, U22 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлигини Ўзбекистон қўлга киритадиган бўлса, мусобақа январда эмас, март ойида бўлиб ўтади. ОФК ва ЎФФ ўртасида шундай келишув ўрнатилган.
Мезбон жамоа эса саралаш босқичидан озод этилади. Осиё чемпонати совриндорлари (3та жамоа) Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган олимпия ўйинлари ўйлланмасини қўлга киритишади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).