Россиянинг “Краснодар” клуби аъзоси Николай Марков асли ўзбекистонлик эканлигини мухлисларимиз яхши билишса керак. Қибрай туманининг Мой қишлоғида туғилган Н.Марков ҳозирча Ўзбекистон миллий термаси таркибида майдонга тушмаган. Ҳатто термамиз йиғинларига ҳам жалб этилмаган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов бу борада шундай деди:
— Рости, аксарият мухлислар ҳатто мутахассислар ҳам уни миллий терма жамоада қачон кўрамиз деб сўрашади. Аслида, Николай Марковни яхши биламан. Бир пайтлар Тошкентнинг “Трактор” жамоасида ўйнаган. Ҳозирда “Краснодар” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Маълумки, ушбу мавсумда краснодарликлар Европа лигасида иштирок этмоқда. Шу боис клуб раҳбарияти жамоа таркибини янада кучайтириш мақсадида бир қатор тажрибали футболчилар таклиф этилди. Натижада, Николай Марков “Краснодар”нинг захира ўриндиғида қолиб, бироз ўйин амалиётини йўқотиб қўйди. Яқинда Николай билан боғланиб, йиғинларга чақиришимни айтгандим. У эса айни пайтда ўзига янги клуб излаётганини таъкидлади. Хабарингиз бор, термамиз ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ҳам Николайнинг жамоадоши саналади. Одил ҳам Марков билан учрашиб, бу борада гаплашган экан. Коля унга ҳам худди шу жавобни айтибди. Хуллас, Николай Марков ўз олдидаги муаммоларни ҳал этсин. Кейин албатта Ўзбекистон миллий терма жамоаси машғулотларига чақираман. Ишонаманки, Николай терма жамоамиз ўйинини кучайтира олади.
— Қайси клубга ўтишини биласизми?
— Россия премьер лигаси дебютанти “Уфа”дан таклиф бор экан. Яқин кунлар ичида Николай Марков “Уфа” жамоаси мутасаддилари билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритади.
Неъматжон Аҳмедов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).